БИР ЛАҲЗАЛИК КУЛГИ…

0

 

 

ШОИРНИНГ МУҲАББАТИ

 

* * *

 

Шоирасини жонидан ҳам ортиқ севиб қолган, қоронғи тунларда осмондаги ой-юлдузларга термилганча фақат шоирасига атаб шеърлар битишдан тийила олмас, деярли телба қиёфасига кириб бўлган шоир романтик учрашувига ҳадеганда ўзгалар халал бераверишидан куйганди. Шоираси билан ширин-ширин суҳбатлар қуришга ошифта бўлиб турган маҳал шоираси йўлидан чиқиб қолди. Азбаройи тўлқинланиб кетган шоир тун бўйи эсидан чиқиб қолмаслиги учун миясига қуйиб олган жумлаларни шоирасининг киприклари пирпираб турган кўзларига минг бир ҳаяжон ила боқиб тилига кўчирди:

— О, ҳаётим! О кўнглимнинг маликаси шоирам! Мен сизни Мажнун Лайлини севгандан триллион марта кучлироқ севаман! Мен сизга Фарҳод Ширинга зор бўлгандан миллиардлаб марта кўпроқ зорман! Нима қилай? Пашшахўрдалар кўпайиб кетди-да! Жамолингизга тўйишга халал беришгани беришган. Мен ғариб шоир шоираси билан гаплашиб қўймаслиги учун йўлимизга кўндаланг бўлишгани бўлишган. Ҳозир ҳам сизнинг қаршингизда турибман-у, яна қайсидир ноинсоф ғойибдан пайдо бўлиб учрашувимизни бузиб қўйишидан чўчимоқдаман. Ғарибгина қалбим сиз томон талпинмоқда. Дўзах оловидан-да минг чандон кучлироқ муҳаббатингиз ўти куйдирмоқда, адо қилмоқда! Шоирам, меҳрибоним! Ҳозирги лаҳзаларда менинг истагим ҳам, орзуим ҳам битта. Қанийди, сиз коронавирусга учраб қолсангиз-у, карантинни баҳона қилиб сизни Гоби чўлларига опқочиб кетсам!..

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...