Толибон вакили ўзбек тилида интервю берди (видео)

0

Аввал хабар қилганимиздек, АҚШ Толибон билан тинчлик шартномаси ва америкалик ҳарбийларнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши битимини имзолади.

Келишув 20 йилдан бери давом этаётган можарони ҳал қилишда муҳим старт бўлиши мумкин. АҚШ ва унинг НАТОдаги шериклари 135 кун ичида Афғонистондаги ҳарбий контингентини 8,6 минг кишигача қисқартиради. Агар Толибон келишув шартларига риоя қилса, 14 ой ичида барча қўшинлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилади.

Тинчлик битими 29 феврал Доҳа шаҳри (Қатар)да Ҳиндистон, Индонезия, Покистон, Қатар, Туркия, Тожикистон, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида имзоланган.

Битим имзоланишида қатнашган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва у бошчилигидаги делегация Қатардаги “Толибон” ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан учрашди.

Учрашувда Мулла Бародар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Афғонистон муаммоларига доимий эътибор қаратгани учун самимий миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли афғон можароси яна халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида эканлигини эътироф этди.

“Толибон” ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари, тарихнинг мураккаб машаққатларига қарамай Ўзбекистон афғон халқининг энг ишончли дўсти бўлгани ва эканлигини таъкидлади, бу айниқса Афғонистон тинчлик ва иқтисодий кўмакка жуда муҳтож бўлган ҳозирги вақтда яққол намоён бўлди, дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, Толибон ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий ўзбек тилида интервью берди.

Толибон вакили ўзбек ва афғон халқлари ака-укадек эканлигини, улар доимо тинч ва осойишта яшашларини, икки давлат хавфсизлиги бир-бирларига боғлиқ эканлигини айтиб ўтди.

loading...