БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

 

 

* * *

 

Уч йигит кўчада кетиб боришарди. Улардан бири келаётган таксини кўрди-ю, ёнидагининг орқасига беркиниб олди.

— Сенга нима бўлди? — сўрашди ундан.

— Кеча биз кинотеатрдан чиқсак, шу таксида учтаси хотинимнинг қўлларини қайириб таксига ўтқазди ва жўнаб кетди… Ҳозир… Қайтариб олиб келишдими деб қўрқяпман.

 

* * *

 

— Ёмон туш кўрдим. Тушимда келишган, гўзал бир миллионер қиз мени талашиб хотиним билан роса уришганмиш.

— Бу тушнинг нимаси ёмон?

— Хотиним ғолиб бўлди, овсар!

 

* * *

 

— Дугонажон, Меҳрига ишониб сир айтса бўлармикан?

— Ҳа. Уч йил олдин унга бобосидан катта миқдорда пул мерос қолган. Ҳалиям бу ҳақда эри билмайди.

 

* * *

 

— Дугонажон, ишонасанми, кеча меҳмонга боргандим, собиқ эримни учратиб қолдим.

— Нима бўпти?

— Мен унинг шу қадар ёқимтой суҳбатдош эканини илгари билмаган эканман.

 

* * *

 

Жанжалкаш аёлдан таниши сўради:

— Эшитишимча, сен иккинчи марта турмушга чиққанмишсан, ростми?

— Ҳа, аммо у мендан анча ёш экан. Шундан хавотирдаман.

— Хавотир олма. Сен билан бир йил яшасин, қандай қариганини ўзиям билмай қолади.

 

* * *

 

Меҳмонда хотин эрини туртди.

— Тез қизиқроқ латифа айтинг! Мен баҳонада кулай ва йиғилганларга ўзимнинг янги қўйдирган тилла тишларимни кўз-кўз қилай!

 

* * *

 

— Биласанми, ўртоқжон, айтишларича, страуснинг кўриш қобилияти жуда суст экан. Аммо ошқозони ҳар қандай нарсаниям ҳазм қилиб юборавераркан.

— Ў, одам бўлганда, зўр эр чиқаркан-да ўша страусдан!

 

* * *

 

Йигит жуда тортинчоқ эди. Шунга қарамасдан, севгилиси Салимани дарвозаси олдида интизор кутарди. Бир маҳал дарвоза очилиб қизнинг онаси пайдо бўлди ва йигитдан сўради:

— Кимни кутяпсиз бу ерда?

— С-салимани…

— Шунақами?.. Йўқ, сиз Салимага сира тўғри келмайсиз. Негаки, отаси менинг кетимдан чопиб юрган пайтларда учрашувга чиқмасам, боғдан айланиб ичкарига кирган, вовиллаб шовқин кўтараётган итни бўғиб ўлдирган, сўнгра ичкаридаги отамнинг устидан эшикни қулфлаб менинг бармоғимга никоҳ узугини таққан ва ҳозироқ никоҳдан ўтиш зарурлигини айтган. Салимага ҳам худди ўшанақанги қаллиқ керак.

 

loading...