Олий суддан кутилмаган тадбир: Шикоятчи аёллар гул билан қарши олинди!

0

Олий судга ҳар куни кўплаб фуқаролар турли мазмундаги шикоятлар билан келади. Улар орасида мунис аёлларимиз ҳам бор, албатта.

6 март куни Олий суд биносига шикоят билан келган аёлларни Мурожаатлар бошқармаси ходимлари, Олий суд раҳбарияти, судьялар гуллар билан қарши олди. Майли-да, гап мурожаатда эмас, фуқаронинг аёллигида, зеро, байрам арафасида хотин-қизларга меҳр кўрсатиш халқимизга хос фазилатлардан бири. Шоир айтганидек, “…аёлга бахт беринг, саодат беринг. Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да.”

Қабулда бўлган аёллардан бири 81 ёшли Мунаввархон Абдуллаева Андижон шаҳридан келган экан. Аяни икки фирибгар эркак чув тушириб, биносини ўзиники қилиб олган. Фуқаро иши бўйича Олий суд адолатли қарор чиқариб беришидан умидвор.

– Ҳаёт экан-да, қариганимда бошимга шундай ишлар тушди. Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров мени яхши кутиб олди. Ҳатто гул ҳам совға қилди. Буни кутмагандим. Хурсанд бўлдим. Аёлга озгина меҳр ҳам кўнгилни кўтаради-да! — дейди мрожаатчи қувончини баҳам кўраркан.

Шу куни Олий судга турли масалаларда шикоят билан келган юртдошларимиз — Н.Тўраева, Е.Шатуновская, М.Содиқова ва бошқа аёллар ҳам қабул қилиниб, мурожаатлари тингланди, уларга ҳам гуллар совға қилинди. Мурожаатлари қонун доирасида кўриб чиқилиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

Бу ўзига хос ёндошувдан аёллар хурсанд бўлишди, албатта.

З. Қўзибоев,

Олий суд матбуот хизмати катта консультанти

 

 

loading...