МЕН СЕНИ КЎЗИМДА ЁШ БИЛАН СЕВДИМ…

0

 

БАҲОРИЙ СЕВГИ ИЗҲОРИ

 

Мен сени кўзимда ёш билан севдим,

Минг пора кўксимда тош билан севдим.

Ҳажру армонларинг муборак менга,

Дол қаддим, эгилган бош билан севдим.

 

 

Гулим, ифорингдан ўргилгим келар,

Бўйнингга чирмашиб бўғилгим келар.

Сен баҳорнинг қизи, ою юлдузи,

Пойингга шабнамдек тўкилгим келар.

 

 

Шунда ёруғ дунё гулга тўларди,

Кўнглимнинг кўчаси нурга тўларди.

Олтин дарвозали кўшку саройинг,

Мен каби яна бир қулга тўларди.

 

ЭРКАКЧА ТИЛЛАШУВ

(ҳазил шеър)

 

 

Истироҳат боғинда бир санамни учратдим,

Учратдим-у, «Оҳ» дедим ва сигарет тутатдим,

Юрак қурғур депсинди. Уни аранг юпатдим.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

 

 

Тор шим санам қоматин кўз-кўз қилиб қўярди,

Камина дод солишдан зўрға ўзни тиярди,

Эҳ, янганг билса борми, нақ кўзимни ўярди.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

 

 

Оврўпача кўйлакнинг тугмачаси қайдадир,

Қурмағур оппоқ сийна кўзга яқин жойдадир,

Ўйловдимки, кўркамлик осмондаги ойдадир.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

 

 

Илло, бундай санамнинг кўпин кўриб ўтгандим,

Бодом қовоқ деганин кўп бор кўзга сургандим,

Ғунча лабни бир қошиқ сутга солиб ютгандим.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

 

 

Хаёл кетди… Саҳронинг ўртасинда чодирмиш,

Шундоққина теграмда ўн беш чоғли шотирмиш,

Санамжон кўз сузганча нақ қўйнимда ётурмиш.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

 

 

Йўқ, йўқ… Ҳар бир йигитни ҳалолидан қўймасин,

Кўчадаги санамлар бегонани суймасин,

Бизни билган-билмаган девонага йўймасин.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

 

 

АРМАН АЁЛИ

(турмуш ўртоғимга ҳазил шеър)

 

 

Арман аёлини алдаб бўлмайди,

Арманча йўл билан авраб бўлмайди.

Қайсидир бир тилда мақташ мумкиндир,

Лекин арманчалаб қарғаб бўлмайди.

 

 

Арман аёлининг орига гап йўқ,

Меҳру муҳаббати, корига гап йўқ.

Хуфя хиёнатни осмоққа қодир,

Росмана арманча дорига гап йўқ.

 

 

Турфа «кундошлар»га сўзлаб ташлайди,

Бўзлаш керак бўлса, бўзлаб ташлайди.

Алам тоши оғир, манман деганни,

Нақ арманчасига тузлаб ташлайди.

 

 

Мен ҳам қувлигимни қўярмиканман,

Қайсар кўзларимни ўярмиканман.

Армани ёримни ёнимга олиб,

Арманча дўлмага тўярмиканман?

Олимжон ҲАЙИТ

loading...