СИРДАРЁ ВИЛОЯТ ДАВЛАТ СОЛИҚ БОШҚАРМАСИ СОБИҚ БОШЛИҒИ ВА УНИНГ ЎРИНБОСАРИ ОҚЛАНДИ

0

 

Биринчи босқич судининг ҳукмига кўра, Б.Умарханов Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, 2016 йил 3 август куни соат 2200ларда ўзининг хизмат хонасида ўзига бевосита бўйсунадиган Гулистон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишловчи К.Сулаймоновдан 600 АҚШ долларини пора тариқасида олганидан сўнг ДХХ Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда СВОЖ ва ЖДЛҚК Департаментининг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган ва ундан 600 АҚШ доллари холисларнинг иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Шунингдек, У.Ахмедов Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, 2016 йил 3 август куни соат 2200ларда ўзининг хизмат хонасида Гулистон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишловчи К.Сулаймоновдан 400 АҚШ долларини пора тариқасида олганидан сўнг ДХХ Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда СВОЖ ва ЖДЛҚК Департаментининг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган ва ундан 400 АҚШ доллари холисларнинг иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Бироқ, биринчи босқич суди мазкур жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқишда, ишнинг ҳақиқий ҳолатларига етарлича баҳо бермасдан, суд терговини тўлиқ ўтказмаган ҳолда иш бўйича аниқланиши лозим бўлган барча ҳолатларни аниқлашга қаратилган чораларни кўрмасдан, процесс иштирокчиларининг ҳар бирининг важларини чуқур ва ҳар томонлама текширмасдан, иш ҳолатларига ойдинлик киритмасдан туриб, Б.Умарханов ва У.Ахмедовларни пора олганликда айбдор деб топиб, нотўғри тўхтамга келган.
Кассация инстанцияси суди эса, ушбу камчиликларни бартараф этиб, суд қарорида кўрсатилган ҳолатлар ишнинг ҳақиқий ҳолатига тўғри келмаслигини, дастлабки тергов ва биринчи босқич суди томонидан жиноят-процессуал қонун нормаларига амал қилмаганлигини ва айбланувчиларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқлигини инобатга олиб, Б.Умархонов ва У.Ахмедовларни айбсиз деб топиб, уларга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди.

Жиноят ишлари бўйича
Сирдарё вилоят судининг судьяси
А.Кураматов

Жиноят ишлари бўйича
Ховос туман судининг судьяси
Б.Мамадаминов

loading...