«Сиз Аллоҳдан қўрқмайсизми?»

0

Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади:

«Ибн Умар розиёллоҳу анҳунинг ходимлари бир гуноҳ қилди. Ибн Умар розиёллоҳу анҳу унинг гуноҳи учун жазоламоқчи бўлдилар. Ходим деди:

– Саййидим! Сизнинг гуноҳингиз йўқми? Сиз хожангиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқмайсизми?

Ибн Умар:

– Қўрқаман.

Ходим:

– Сизга муҳлат берган зотнинг номи билан сўрайман, менга ҳам муҳлат беринг!

Ходим бир қанча вақт ўтиб яна гуноҳ қилди. Ибн Умар розиёллоҳу анҳу жазоламоқчи бўлганларида яна аввалги гапини айтди. Яна ходимни авф қилдилар.

Ходим анча вақтдан кейин учинчи бор гуноҳ қилди. Ибн Умар розиёллоҳу анҳу уни жазоламоқчи бўлдилар. Аммо ходим бу сафар индамай турди. Шунда Ибн Умар розиёллоҳу анҳу ундан сўрадилар:

– Сенга нима бўлди? Нега аввалги гапингни айтмаяпсан?!

Ходим деди:

– Саййидим! Гуноҳни такрор-такрор қилсамда менга юмшоқ бўлдингиз. Шундан хижолат қилиб индамай турибман.

Ибн Умар розиёллоҳу анҳу йиғлаб юбориб дедилар:

– Сендан кўра мен Роббимдан хижолат қилишга ҳақлироқман. Боравер, сени Аллоҳ учун озод қилдим!

«Ал-бидая ван ниҳая» китобидан

loading...