АЛАМЗАДА… (18-қисм)

0

 

 

***

 

— Пул! — ҳайқирди эркак миробга кўзлари чақнаганча боқиб. — Бўлишамиз! Менам кўрдим уни! Юринг, акам, бўламиз, арра қиламиз!..

Ҳали эркакка арзирли жавоб қайтаришга улгурмай, қаердандир ўша узун сочли йигит етиб келиб миробнинг елкасини сиқимлади.

— Ўғри! — дея совуқ тикилди узун сочли. — Пулимни ўғирладинг! Қани, юр, мелисага кирамиз! Пул ўғирлашни кўрсатиб қўяман сенга!..

Мелибой мироб уларнинг қай бирига нима дейишни билмай ҳайрон эди. Бир тарафдан йигит тортқилаб мелисага судракламоқчи, иккинчи тарафдан эса юзлари ичга ботган эркак «Пулни бўлишасан» деганча бошқа билагини силкилаяпти. Мироб бир муддат улар қуршовида гарангсиб турди. Нималар бўлаётганини англашга, фикрлашга уринди. Охири иккови ҳам аслида фирибгар, шерик экани, чув тушириш илинжида атайин чўнтагидан пулини тушириб кетганини тушуниб етди. Тушунди-ю, дарҳол сергакланди ва нимадир ёдига тушган каби дадиллик билан узун сочлини ҳам, юзлари ичга ботган эркакни ҳам силтаб ташлади.

— Вей, кимга дўқ қиляпсан ўзи-а? — ўшқирди у. — Кимсанлар ўзинг? Қанақа мелиса? Мени биласанми, кимман?

— Ким бўлардинг? — миробга жавобан пишқирди узун сочли йигит. — Қишлақисан, билдингми, қишлақи!

— Нима? Ҳўв, оғзингга қараб гапир, бола! — деди мироб икки қўлини белига тираб. — Мен-чи, Толиббойнинг одами бўламан. Танийсанми Толиббойни? Ҳозир бир сим қоқсам, етиб келади. Энангни Тўрақўрғондан кўрсатади. Ие, буларнинг ҳаддидан ошишини қаранглар-а! Қишлақиймиш! Нима ўзи қишлақи-а? Нима? Гапингга жавоб берасанми?

Фирибгарлар Толибнинг номини эшитгандаёқ тамом бўлаёзганди. Айниқса, юзлари ичга ботгани типирчилаб қолди. На ими-жимида жўнаб қолишни, на тураверишни билди. Мироб эса уларнинг қўрқиб кетганидан илҳомланиб, янада қаттиқроқ қичқирди.

— Қани ўша мелисанг? Қани, бошла-чи, занғар! Бошламайсанми?

— Бўлди, отам, бўлди, — узун сочли йигит ранги оқаринқираганча бош қашиб ортга тисланди. — Биз… Соқовмиз, кўрмиз! Ҳеч ким ҳеч нарса йўқотмади, ҳеч ким олмади! Тамом! Биз кетдик, отам, кетдик! Кечириб қўясиз! Толиббой акамизга саломимизни етказарсиз!

— Ҳай, тўхта, қаерга қочяпсан? Ҳозир сим қоқаман инимга, тўхта!..

Мелибой мироб аслида ҳеч кимга сим қоқа олмаслигини биларди. Қўрқув, ҳадик шундай йўл тутишга уни мажбур этгани боис ичини ит тирмаласа-да, бўш келмасликка интилар, олдинма-кетин номаълум тарафга йўрғалаб қолган икки фирибгарнинг ортидан шунчаки йўлига қичқирарди.

Улар узоқлашиб ниҳоят кўздан ғойиб бўлгач, Яратганга беадад шукрлар айтиб, киссасидаги 25 талик қоғоз пулни қўлига олди ва қайта-қайта кўзга сурди.

— Илойим, душманларим даф бўлсин! — шивирлади қалби сокин тортиб автовокзал томон кетиб бораркан. — Худойим, меҳрингдан ўргилай! Ўзинг кўриб турган экансан-а! Раҳмимни единг! Мени кўчада қўймадинг! Илойим, иймонимдан айирмагин!

Мелибой мироб ярим соат деганда юртига қатновчи бошқа бир автобусга чипта олди-да, ўз ўрнига ўтириб, кўзларини юмди.

У қош қорая бошлаганда қадрдон қишлоғига етиб келди. Уйи томон йўл олишдан олдин қишлоқнинг мусаффо, сеҳрли ҳавосидан тўйиб-тўйиб симирди. Кўм-кўк либосга бурканган далаларни, ажриқ кемириб қорнини тўйдиргач, қишлоқ ичкарисига ирғишлаганча кетиб бораётган қўй-қўзиларни томоша қилди. Сўнгра қизи Севинчни хаёлан тасаввур этди. Қайнсинглисиникига кириб борса қай ҳолатга тушиши мумкинлигини кўз олдига келтирди. Уни ғойибона эркалаб, сочларини силади, қизига қўшилиб кўз ёш қилди. Биргалашиб паловхонтўра пиширишди, ўчоқбошида раҳматли хотинини, қизининг онасини ёдга олишди.

Ана шундай ёқимли туйғулар оғушида Мелибой мироб қайнсинглиси Фахринисаникига етди. Дарвоза қулф эди. Бир-икки тақиллатди. Отини айтиб чақирди. Жавоб бўлмади. Қўни-қўшнилардан сўрамоқчи бўлди. Хоҳиши бўлмади. Кеч тушганда бировларнинг эшигини қоқишга истиҳола қилди. «Балки бизникига кетишгандир?» деган ўйга бориб, ўз уйи томон жўнади…

Адашмаган экан. Ҳовли дарвозасини қия очиқ қолдиришибди. Мироб юраги ҳовлиқиб ичкарига кирди. Севинч Фахриниса холаси билан бирга ток остидаги сўрида ўтирганча чой ичар, холасига нималарнидир астойдил тушунтирарди.

Мелибой мироб таққа тўхтади-да, бир муддат тек туриб қолди. Шу баҳонада қизининг ҳақиқатан тинчлиги, саломатлигини яна бир карра кўздан ўтказди. Аммо бу туриши узоққа чўзилмади. Севинч беихтиёр ортга ўгирилди-ю, отасини кўриб ток урган каби ўрнидан сапчиб кетди.

— Отажон! Келдингизми? Бормисиз?..

Севинчнинг бор йўғи айтганлари шу бўлди. Югура келиб миробнинг бўйнига осилди ва йиғлаб юборди.

— Қизим-эй, — аранг сўз қота олди мироб кўз ёшларини тия олмай. — Ўзимнинг эна қизим-эй! Юракларим қон бўлди-ку сени соғиниб! Х-хайрият, саломат экансан! Жоним қизим, айт, сени ҳеч ким ранжитмадими? Хафа қилмадими? Дилингни оғритмадими? Тўрт мучанг соғми, болам?

Севинч гапира олмасди. Нуқул йиғлар, хўрсиниб-хўрсиниб, ўксиниб-ўксиниб йиғларди…

Хуфтонга яқин қайнсинглиси ва қизи биргалашиб дамлаган паловхонтўрани ҳасратлаша-ҳасратлаша ейишди. Ота-бола бир-бирларига тикилиш, бир-бирларининг ҳолини сўрашдан тийила олишмади. Фахриниса ҳам уларга қараб туриб ўзини тута олмас, раҳматли опасини қур-қур тилга олиб, ота-болага дардини тўкиб соларди.

— Отажон, мен холамни уйигача кузатиб қўяй энди, — деди Севинч идишлар йиғиштирилгач, эркаланиб. — Кузатаман-у қайтаман. Майлими, отажон?

— Албатта, мен ёта тураман, қизим, — деди мироб Севинчнинг сочларини силаб. — Фақат узоқ қолиб кетмагин, хавотир оламан! Тўхта, менам бирга бора қолай! Ҳарқалай кеч бўлиб қолди. Ёлғиз ўзингни жўнатаманми?

— Мени ит ермиди, ота? — деди Севинч қайсарланиб. — Ҳар куни юрадиган йўлим-ку! Сиз чарчагансиз, ётиб дам олинг! Мен дарров келаман.

— Унда ҳаяллаб кетмагин! Хавотир оламан-а!

— Хўп бўлади! Дарров келаман! Эшикни қулфлаб кета қоламан, ота, тағин қўшнилар келганингизни эшитишган бўлса, чиқиб беезовта қилишмасин!

— Ўзинг биласан! Тезроқ келсанг бўлди!

Қайнсинглиси қизи етагида хайрлашиб чиқиб кетгач, мироб буткул хотиржам тортиб кўрпачага чўзилди. Айни лаҳзаларда бундан-да лаззатлироқ ором йўқ эди. Барча балолардан, хавф, таҳлика, сарсонгарчиликлардан қутулганига шукр қилди. Чўнтагида мўмай пул билан қайтмаса-да, ачинмади. Қизини саломат кўриш насиб этганига қувонди. Чарчоқ енгибдими, ўрмондаги саргузаштларни бир-бир хаёлидан ўтказиб ёти-иб кўзи илинибди…

Қанча ухлади, билмайди. Балки ярим соатдир, балки бир соат… Қотиб ухлаган экан. Қандайдир аччиқ, бадбўй ис димоғига урилиши, бўғилиб-бўғилиб йўталишдан уйғониб кетди. Аксига олгандек, кўзини очгани ҳамоно шифтдаги ёғочларнинг бир бўлаги нақ тиззасига тушди. Мироб додлаганча ўрнидан қўзғалишга тутинди. Тура олмади. Оғриқлар, аччиқ тутун забтига олди. Ҳуши ўзига келиб кўрдики, уй аланга ичида қолибди. Аланга мўри малахдек ўрлаб теварагини эгаллаб бўлибди.

— Қизи-им! Қайдасан, Севинч? — қичқирди мироб ётган ерида йўтала-йўтала ўқчиб. — Товуш берсанг-чи, жон қизим! Қаердасан? Ҳой, ёрдам беринглар! Қизи-им! Қутқаринглар бизни!..

Шу орада дераза ойналари кетма-кет синиб тушди. Ташқарида кимларнингдир ҳайқириғи қулоғига чалинди. Бироқ кеч эди. Аланга кўз очиб юмгунча миробнинг кийимига ўралашди. Қанча силтаниб, олов таъқибидан қочишга уринмасин, иложини топа билмади. Ўрнидан қўзғалишга ўзида куч топа олмади.

Сал ўтмай нафаси бутунлай бўғилди. Қичқиришдан тўхтади. Дунё гир айланиб, миробни гўё осмону фалакка олиб чиқиб кета бошлади. Руҳи баландлагани сайин танасидаги оғриқлар пасайиб борди…

 

* * *

 

… Ойлар кетидан ойлар ўтиб, яна қиш қиличини яланғочлади. Азим дарахтлар, қум кўчалар, ҳатто суви қуриб қолаёзган ариқларни қалин қор босди. Изғирин ғийбатчи хотин каби кўча кеза бошлади. Ўтган-кетганнинг жонини узиб олай деди.

Севинчнинг қалби эса қаҳратондан-да қаттолроқ эди. У олти ойдан бери уззукун касалхона палатасида отаси Мелибой миробга тикилганча кўз ёш тўкар, ёруғ дунёни унутган, карахт эди. Нуқул аъзойи бадани дока билан танғиб ташланган миробга қараб ич-этини ерди. Ҳануз уй қандай ёниб кетгани-ю, бу ишда кимнинг қўли борлигини тушуна олмасди. Буни отасидан сўраш, айбдорни топишга умид боғларди. Аксига олгандек мироб ҳали комадан чиқа қолмади. Врачлар қанча чопмасин, йўқ жойдан қимматбаҳо дориларни топиб келишмасин, фойдаси сезилмаяпти. Мелибой мироб ўша ётганича қимир этмайди. Устига устак, иккала оёғи ҳам деярли куйиб битган экан. Танадаги бошқа аъзоларга заҳри ўтмасин деб врачлар оёқларини кесиб ташлашди. Севинч икки дунё орасида қолиб кетган отасининг ногиронга айланганига яна куйди. Бироқ на илож? Ҳаёт давом этавераркан. У чарчоқ енгган онларда кўзи илинади-ю, ҳеч қанча ўтмай, сесканиб уйғонади. Қўрқинчли тушлар тинч ухлашга қўймайди. Куни кеча Фахриниса холаси келганди. «Жуда озиб-тўзиб кетибсан, ўрнингга мен тура қолай шу ерда» деб қолди. Отасини кўз қиймади. Худди палатадан чиқса ўлиб қоладигандек, қайтиб кўриш насиб этмайдигандек туйилиб холасининг тергашларига қулоқ осмади…

Орадан яна бир ҳафта ўтди. Севинч бўларича бўлганди. Аста-секинлик билан бўлса-да, қадрдон отасининг ўлимига ишона бошлаганди. Ҳатто хаёлан таъзия масаласида бош қотирди, холаси билан маслаҳатлашишни кўнглига тугди. Қарангки, эрта тонгда, одатига кўра кўзи илина бошлаганда миробнинг қимирлаётганини кўриб қолди. Кўрди-ю, ток урган каби ўрнидан сапчиб турди ва йўлакка чопди.

— Дўхтир! Қаердасизлар? Ким бор? Отам… Отам уйғонди! Ўзига келди…

Ҳа, умридан бор экан, мироб олти ойдан кейин комадан чиқди. Фақат… Гапира олмаскан. Врачларнинг айтишича, ёнғин уни тилдан ҳам айирибди чоғи. Лекин Севинч сира қайғуга йўл бермади. Отажонисининг кўз очганига қувонди. Энди ўлмаслигига ўзини ишонтирди. Касалхонадан чиқса, албатта парвариш қилишни, ўтидан кириб, сувидан чиқишни ният қилди…

Бахтга қарши тушга яқин ҳамширалардан бири унинг қўлига конверт тутқазди. Ҳовлида узун бўйли, бақувват бир йигит ташлаб кетганмиш.

Севинч ҳайрон бўлиб ҳануз докага ўралган кўйи чалқанча ётган отаси томон бир қараб қўйди-ю, конвертни очиб ичидаги қоғозни чиқарди ва ўқий бошлади. Хатда шундай жумлалар битилганди:

«Севинч, отанг аҳмоқлик қилиб қўйди. Ўт билан ўйнашди. Мендек ҳурматли, обрўли, қайсар ва чўрткесар бир йигитнинг жонига қасд қилмоқчи бўлди. Мана, интиқом қурбонига айланаёзди. Яъни, менинг буйруғим билан йигитларим уйингизга ўт қўйди. Шу йўл билан мен бобойга кимлигимни яна бир марта кўрсатиб қўйдим. Аммо сен мелисага чопиб овора бўлма. Чунки мени мелисага берсанг, отангниям тортиб кетаман. Ногиронлигига қараб ўтирмайди ҳукумат. У билан бирга кўп марта гуноҳ ишларга қўл урганмиз. Буни ўзи жуда яхши билади. Қолаверса, сен ҳам ҳали жуда ёшсан. Ёш жонингга жабр қилишни хоҳламассан? Келажакдан умидларинг каттадир? Орзу-ҳавас билан яшаётгандирсан? Шундай экан, ўзингни қўлга ол-да, ногирон отангни жимгина парваришлайвер. У жуда яхши инсон. Соддадил, очиқкўнгил, ҳазилкаш, камсуқум. Бундай отани кафтингда кўтариб юрсанг арзийди. Бир қарорга келишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўр, Севинч! Салом билан: Толиб.»

Севинч хатни ўқиб бўлди-ю, беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Ҳеч қачон жаҳли чиқса, ғазабнок ҳолатга тушса муштлари тугилмаганди. Бу гал шундай бўлди.

Асабий муштларини тугиб отаси томон кўз ташлади. Мироб эшитилар-эшитилмас иҳлаганча шифтга тикилиб ётарди.

«Аблаҳ, қонхўр! — деди Севинч хаёлан додлашдан ўзини аранг тийиб. — Ҳали сенмидинг уйимизни хонавайрон қиладиган? Отажонимни ногирон қилиб, энди хат орқали қўрқитишга ўтдингми? Сен ҳали шунақамидинг? Қотил, каллакесармидинг? Йўқ, мен ҳам энди илгариги Севинч эмасман. У аллақачон ўлган. Ҳозирги Севинч эса сендақанги ифлослардан қўрқиб ўтирмайди. Ўлса-ўладики, албатта ўч олади. Сендан ўч оламан, Толиб! Ўч олмагунча қалбимдаги алам ўти сўнмайди! Тайёр тур!»

 

* * *

 

Қишнинг қировли кунлари ўтиб борарди. Севинч кўз ўнгида деярли жонсиз ҳайкалга айланиб қолган отасига тикилгани сайин ич-ичдан эзилар, қай деворга бош уришни билмай ҳалак эди.

Бу ҳам етмагандек, олов ичида қолиб вайронага айланиб бўлган уй эндигина ўн еттига кирган қизни ҳам ташвиш чекишга, ўйланиш, афсусланишга мажбур этарди. Ўзига қолса, Турдимат биргаднинг таклифини жон-жон деб қабул қилар, уйни қайта тиклатиб оларди. Мироб кўнмади. Гапира олмаса-да, биргаднинг гапини эшитгани ҳамоно бош чайқаб, норозилик билдиришга тушди. Ҳойнаҳой, тузалиб кетишидан, бир кун ўз қўллари билан янги уй қуришдан умидвор бўлди. Севинчга отасининг мана шу қайсарликлари алам қиларди.

Сониялар, дақиқалар, соатлар ўтгани сайин Севинчнинг фикри, дунёга, атрофдагиларга муносабати тобора совуқлашиб борарди. Кечагина уялибгина тургувчи, ҳатто ёш гўдакни кўриб қолса майин жилмайиб қўйгувчи қизнинг нигоҳлари ёвқурлашиб қолгандек эди. У энди ҳеч кимни ҳурматлаш, қадрлашни хоҳламаётганди. Одам деб аталгувчи зот тасаввурида ваҳший ҳайвондан-да қўрқинчлироқ, даҳшатлироқ туюларди.

Шу кунларда қачонлардир нуқул ортидан пойлайверадиган, дуч келиб қолса, нимадир дейишга интиладиган, ўзига ўтли боқиб, то узоқлашиб кетгунча тикилиб туришни канда қилмайдиган синфдоши Эркинни ҳам ёмон кўриб қола бошлаганини ҳис этди. Бу ҳаётда муҳаббат деган туйғу йўқлигига ўзини ишонтирди. Агар қўйиб беришса, Эркин ҳам уни боши берк кўчага олиб киришга тайёр деб билди.

«Худойим, нега фақат зўрларнинг ёнини оласан? — зорланарди қоронғи кечаларда кўкка боқиб. — Онамнинг жонини олдинг, ёлғиз қизи ўксийди демадинг. Чидадим. Хўрласалар ҳам, устимдан кулсалар ҳам бардош қилдим. Энди отамни ярим жон қилиб қўйишинг нимаси? Шафқатинг борми ўзи? Кунимизни зўрға кечириб турувдик, шуниям бизга кўп кўрдингми? Гуноҳимиз нима? Мен шўрликнинг айби нима? Йўқ, энди қўл қовуштириб ўтира олмайман. Ўзинг дунёни қасосга, ўчга булғадингми, менам оёққа тураман. Қиз болалигимга, ожизалигимга қараб ўтирмайман. Нима қилай? Отажонимнинг ҳар иҳлаши жонимни узиб олай деяпти. Биламан, у бир кун тузалишига, Толибдан аламини олишига қаттиқ ишонади. Аммо бу саробдан бўлак нарса эмаслигини ўзинг биласан-ку! Шундай экан, менинг йўлимни тўсма! Ундан кўра, менга бир сиқим омад ҳадя қил. Қасосни қиёматга қолдирма!.. Аммо қандай йўл тутаман? Зўрларга, ёвузларга қандай бас келаман? Қайга бораман-у, кимнинг эшигини тақиллатаман? Отам, отажоним-чи? Мен кетиб қолсам, унинг ҳоли не кечади? Кимнинг кўзига мўлтирайди? Ўзини қандай уддалайди?..»

Шундай саволлар исканжасида гарангсиб ўтирганда, тушга яқин Султон дўкончининг ўзидан икки синф юқори ўқиган арзандаси Шуҳрат келиб қолди. У ёзда юридик институтга ўқишга кирган. Қишлоққа қайтгач, ҳаммани йиғиб зиёфат берганди. Севинч ҳам ўша зиёфатда пича ўтириб қайтган. Узоқ ўтириш юрагига сиғмаган. Ўшанда отасидан хавотирланиб юрган кунлар эди.

Дўхтирликдан сал хабари ҳам борлиги боис миробни касалхонадан олиб келишганда ярасини ҳар куни эринмай келиб бойлаб турган, саломатлигини текшириб турган ҳам худди шу Шуҳрат эди.

Уни кўриб беихтиёр Севинчнинг чеҳраси ёришди. Даст ўрнидан турди-да, Шуҳратга пешвоз чиқди.

— Келинг, Шуҳрат ака, яхшимисиз? — ҳол сўраш баҳонасида кўрпачани янгилашга улгурди Севинч. — Келинг, ўтиринг! Аянгиз яхши юрибдими?

Шуҳрат Севинчнинг саволларига бош ирғаб жавоб қилган бўлди-да, ногиронлар аравачасида ўтирган Мелибой миробга яқинлашиб тиз чўкди.

— Бува, кўз тегмасин, бугун отдайсиз, — деди кўнгил учун Шуҳрат жилмайиб. — Қаранг, юзларингиз Чуст аноридай қип-қизил. Бу яхшилик белгиси. Юрак безовта қилмаяптими энди?

Мироб бош чайқаб «Йўқ» жавобини қилди.

— Безовта қилмайдиям, — деди Шуҳрат Севинчга билинар-билинмас кўз қисиб. — Бува, сизни шаҳарга олиб кетайми? Ҳарқалай, ҳаво алмаштирардингиз, шаҳарни томоша қилдирардим. Нима дейсиз?

Мелибой мироб яна норози бош чайқади.

— Хўп дея қолинг, бува, — зорланган оҳангда давом этди Шуҳрат. — Қаранг, Севинчингиз анчадан бери институтга кираман деб юрибди. Врач бўлмоқчи, сизни ўзи оёққа турғазмоқчи. Бунинг нимаси ёмон, бува?

— Жинни бўлманг, Шуҳрат ака, — йигитга танбеҳ берди Севинч. Танбеҳ беришга берди-ю, азалий орзуси қайта кўз очгандек юраги орзиқди. Болаликдан невролог бўлишни ният қилганлари, шу ният сабаб тунларни бедор ўтказганлари ёдига тушди. Лекин Шуҳратга сир бой бергиси келмади. Отасининг аҳволига кўзи тушгани ҳамоно ниятларини қалбининг тубига қайтадан яшириб қўйди. — Қийнайверманг отамни! Ўзи зўрға ўтирибди.

— Мен чин юракдан айтдим, — Шуҳрат истар-истамас ўрнидан қўзғалди-да, қовоқ уйиб Севинчга норози боқди. — Қишлоқда қачонгача шу аҳволда олиб ўтирасан? Ўзинг ўқишга кириш ниятинг борлигини айтгандинг-ку! Эсингдан чиқдими? Ё ниятингдан қайтдингми?

— Ҳа, қайтдим, — юзини терс бурди Севинч кўзларида ёш ғилтиллаб. — Отам касал, ўқиш юрагимга сиғмайди.

— Бекор қиласан, — деди Шуҳрат лаб тишлаб. — Тақдирни ўзгартириб бўлмайди. Ёш бола эмассан-ку! Келажакни ўйлаб иш тутиш кераклигини биласан-ку!

— Энди менга барибир, — деди Севинч кўз ёшларини дастрўмолчасига артиб. — Мен учун келажак тугади. Буёғига отажоним омон юрса, кўз ўнгимда бўлса бас. Бошқасининг қизиғи йўқ.

— Аҳмоқ экансан, — норозиланиб ўрнидан қўзғалди Шуҳрат. — Умрингни хазонга айлантирмоқчисан. Орзудан воз кечмайдилар, Севинч, ўйлаб кўр! Агар бир қарорга келсанг, хабар қиларсан.

Севинч индамади. Тирналган яралари бардамалаб кетмаслиги учун тишни тишга босди-ю, Шуҳратни дарвозахонагача сўзсиз кузатиб қўйди.

Ҳали ортга ўгирилиб улгурмай, миробнинг безовталана бошлаганини кўрди ва оғир хўрсинди. Ё ҳожатга боришни ё чой ичишни хоҳлаётганига амин бўлиб қадамини тезлатди. Аслида бу анчадан бери Севинчнинг кундалик юмушига айланиб қолган. Аммо у сира оғринмасди. Отасига азбаройи меҳри баландлиги, унга ачинганидан қаттиқ эзиларди. Тезроқ тузалишини, оёққа туришини, ҳеч бўлмаса бир оғиз сўз айта олишини тилаб хаёлан худога ёлворарди.

Миробнинг бу галги ҳаракати эса негадир аввалгиларига ўхшамади. У песлик нуқси урган қўлларини олдинга чўзганча ниманидир сўрамоқчи бўлар, нуқул тили ғўлдирарди.

— Нима қилай, ота? — сўради Севинч миробнинг тепасига келиб. — Чарчадингизми? Уйга опкириб ётқизайми? Ё Фахриниса холамни айттириб келайми?

Мироб норози бош чайқади. Қизининг ҳеч нарсага тушунмаганини кўриб, қўллари ёрдамида ручка ва қоғоз сўраётганига белги берди.

— Ҳа-а, қоғоз-қалам керакмиди, отажон? — мамнун жилмайди Севинч. — Вой, сизга нима бўлди, ота? Илҳом кеп қолдими шу тобда? Бунақа одатингиз йўғиди-ку! Шоир бўп кетинг-э!

Мироб қизининг ҳазилини тушунди. Аранг оғиз очиб тиржайди-ю, айбдорона бош эгди.

— Хўп, сиз ўтира туринг, мен ҳозир опчиқаман, — деди Севинч отасини ранжитиб қўйишдан қўрқиб. — Ҳаялламайман, кираман-у, тортмадан олиб чиқаман!..

Мироб қизи олиб чиққан қоғозни китобча устига қўйди-да, нималарнидир ёза бошлади. Севинч атайин у томонга қарамасликка уринар, гарчи жуда қизиқсиниб кетаётган бўлса-да, бардош қилар, отасининг ёзишдан тўхташини кутарди.

Ниҳоят мироб қоғоз қоралаб бўлди ва оғзини каппа-каппа очиб «ҳап-ҳап»лаганча, Севинчни қошига чорлади.

У отасининг қўлидан қоғозни олди-да, терс ўгирилганча ўқий бошлади. Қоғозга шундай жумлалар битилганди:

«Қизалоғим, бекор Шуҳратнинг раъйини қайтардик. Ўзи жуда яхши йигит, ота-онасиям ўқимишли одамлар. Инсонни тушунади улар. Мен энди одам бўлмайман. Бу ҳар куни тушимга киради. Шу аҳволда ўлиб кетсам керак. Сен ўзингни, келажагингни ўйласанг дуруст эди, жоним болам. Қара, Шуҳрат аканг мениям шаҳарга обориб ҳаво алмаштиргизмоқчи. Ҳаво алмаштиришда маъни кўп-да! Одам дарров тетиклашиб қолади. Йўқ дема, ажабмас, шу баҳонада ўқишга кириб кетсанг. Мени қайғурма. Жин урмайди мени. Сен ўқийсан, мен бўлсам, Шуҳрат топиб берган кавартирда сени кути-иб ўтираман. Жон қизим, ўйлаб кўр, ҳали ҳаётинг олдинда. Қанийди, кўзим очиқлигида сени дўхтирхоналарда катта дўхтир бўлганингни кўрсам, қувонсам, ҳаммага кўз-кўз қилсам!..»

Севинч ушбу сатрларни ўқиб чиқди-ю, миробнинг пойида тиз чўкди. Ярим жон оёқларига бош қўйган кўйи сукутга толди. Шу тобда нима қилишни, отасига нима деб жавоб қилишни, қандай йўл тутишни билмади. Ўзини қўлга олиб мулоҳаза қилишга тутинди. Мияси ишламади. Тасаввури юз кўрсата қолмади. Аммо таваккал нимадир дейиши, отасининг кўнглини кўтариши, зарур бўлса, кўнглига қараши, ҳар бир истагини сўзсиз адо этиши лозимлигини англаб етди. Шунда отаси армонлар, андуҳлардан нари бўлишини ҳис эта олди.

— Отажоним-эй, — шивирлади Севинч йиғламсираб. — Бизни қай кўйларга солиб қўйишди-я! Ўзингиз бир аҳволда бўла турибам мен ҳақимда қайғурасиз-а, ота!?. Ахир, пича ўзингизни ўйласангиз бўлади-ку!.. Майли, отажон, сиз айтгандек бўлади. Мен албатта ўқийман. Ажабмас, ўқисам, оқ халатда юрганимни, беморларни даволаётганимни, ўйнаб-кулиб юрганимни кўриб сизам тузалиб кетсангиз. Қанийди шундай бўлса!..

Мелибой мироб қизининг сўзларини тинглаб туриб икки қўлини аравача тутқичига ура-ура мамнунлик изҳор эта бошлади. Севинч эса отасининг севинганини кўрди-ю, уни маҳкам қучоқлаб олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...