Айдарсоч, айдартўй ҳақида эшитганмисиз?

0
Наврўз умумхалқ байрами арафасида кўплаб миллий урф-одат ва анъаналар янги талқинда намойиш қилинади. Қорақалпоқларнинг азалдан машҳур бўлиб келган айдартўй маросими ҳам ҳар йилги байрам дастурларидан алоҳида ўрин олади.
Қорақалпоқларда ўғил, баъзан қиз болаларга ҳам қўйиладиган айдар сочнинг маъноси нима? Нима учун унга атаб қорақалпоқлар айдартўй ўтказади?
Бу ҳақида қорақалпоғистонлик таниқли фольклоршунос олим Сейдин Амирлан ЎзА муҳбирига қуйидагиларни гапириб берди.
–Қорақалпоқ халқининг турмушида “соч хосияти”га оид тушунчалар кўп. Шу асосда ўғил болага айдар, кокил, ёл, тулум, қиз болага эса кокилча ва тулумчоқ қўйилади. Шунингдек, сочга алоҳида парвариш ҳам талаб қилинади. Чунки, «одам жонининг бир бўлаги сочда бўлади» деб тушунилган. Соч учиб кетса ёки қуш оғзига тушса, одамнинг боши оғрийди, касалликка чалинади, деган ҳар хил иримлар қилинган. Шу боис сочни ҳар ерга сочиб кетиш таъқиқланган.
Сочнинг парвариши ва уни олдиришнинг ўз қоидалари бор. Масалан, қиз боланинг сочини онаси, бувиси, опалари парвариш қилади, ўғил болаларнинг соч парваришига эса ҳамма масъул. Эътиборли томони шунда, қорақалпоқларда соч ўстириш ва уни тантанали равишда олдириш дастури билан боғлик халқ маросимлари ҳам юзага келган. Бу маросим турларининг асосийлари айдартўй, кокилтўй, зулфитўй (тулумчоқтўй).
Шулардан айдартўй маросими алоҳида ўрин тутади. Айдартўй – авлодни давом эттирувчи ўғил болага берилади. Бошқа тўйлар қўшнилар ва яқин-қариндошлар иштирокида кичикроқ маросим сифатида ўтказилган бўлса, айдартўй кенг омманинг бошини қўшадиган “улуғ тўй” ҳисобланган.
Айдарсоч қандай сабабларга кўра ўстирилади?
Биринчидан, узоқ вақт фарзанд доғида юриб, ўғил кўрганда, иккинчидан, фарзанди турмай келган уйнинг ўғил боласига айдар соч қўйилган. Учинчидан, қатор қиз болалардан кейин ўғил фарзанд кўрса, тўртинчидан, болага кўз тегмасин, умри узоқ бўлсин, ботир бўлсин деган маъноларда айдар соч ўстирилган. Яна бир сабаби бор, агар бола туғилганда тепасида бир уюм соч билан туғилса, унга ҳам айдар соч ўстирилган. Баъзида, ўғил ўрнида кўрилган қиз болага ҳам айдарсоч қўйилганлиги маълум.
Айдартўй – бола беш ёки етти ёшга чиққанда берилади. Анъанага кўра, айдартўйда болага махсус кийимлар кийдирилади ва айдарсочлари ўрилади. Боланинг айдари ҳар хил мунчоқлар, ҳосил тошлар ва зарли иплар билан безатилади. Тўй тантанасида бола хижолат бўлмаслиги учун махсус айтимлар айтилган.
Бола тўйга йиғилганларни бир айланиб чиқиб, ўртага тўшалган кигизнинг устидаги курсига ўтиради ва шу ерда тоғаларининг бири келиб, жиянига тилак билдириб, айдарсочини олади. Айдарсочини олгандан кейин дуо қилади ва бошига қалпоқ кийдириб, қўлига қамчи тутқазади ҳамда тоғалари олиб келган отга миндириб тўйхонани айлантириб олиб юради. Айдарсоч оқ матога туюлиб, онасига топширилади. Тўй тантанаси шу тариқа давом этади.
loading...