Мурожаатнома: партиявий масъулият ва жавобгарлик

0

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси кенг қамровлилиги, режа ва мақсадлар аниқлиги, муҳими ҳаётбахшлиги билан юртимиз ҳаётида катта воқеликка айланди. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига даҳлдор бўлган тарихий Мурожаатномада белгиланган вазифалар сиёсий партиялар фаолиятида ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Яъни бугун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда сиёсий партияларнинг ўрни қандай бўлиши керак? Ушбу ёндашувдан келиб чиқиб ҳозирда уларнинг олдида кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим бўлган қандай устувор вазифалар турибди? Шу ва шунга ўхшаш сиёсий партиялар учун долзарб ҳисобланган кўплаб саволларга жавоб топишда айнан Мурожаатномада тегишли йўналишлар аниқ ва лўнда акс этган.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг жорий йил 12 март куни чоп этилган навбатдаги сонида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Б.Якубовнинг ушбу долзарб масалага бағишланган мақоласи эълон қилинди. Мазкур мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Дунё мамлакатлари тажрибасида кенг ва самарали ишлатилиб келинаётган Президентнинг мамлакат парламентига Мурожаатномаси институти Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилганига кўп бўлгани йўқ. Лекин шу қисқа  вақт ичида мамлакат сиёсий ҳаётида муносиб ўринни эгаллади.

Президентимизнинг парламентга навбатдаги Мурожаатномасидаги ҳар бир йўналиш ўз мантиқий асосларига эга. Унда жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар юзасидан мавжуд вазиятга объектив баҳо берилган. Ҳар бир соҳадаги муаммоларни ҳал этиш ҳамда тинчлик ва осойишталик, барқарор ривожланиш, ҳалқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи устувор вазифаларни амалга ошириш йўллари, ғоявий асослари очиб берилган.

Партиявий нуқтаи назардан келиб чиқиб, биз учун Мурожаатномадаги асосий ғоя – Янги Ўзбекистонни буюк тарих, давлат ва маданият яратган, меҳнаткаш, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқимиз билан биргаликда барпо этиш эканлигини таъкидлаш даркор. Бунда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя барча партиявий фаолиятимизнинг негизида туради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжат моҳиятан давлат раҳбарининг “халқ вакиллари” орқали бевосита халққа мурожаати, келгусидаги режалари хусусида ҳам халқ билан маслаҳатлашув олиб боришининг ўзига хос шакли ҳисобланади. Мурожаатнома орқали давлат раҳбари ютуқлар ва камчиликлар хусусида халқ билан фикрлашади, юрт, миллат олдида турган муҳим масалаларни белгилаб олиш ва ҳал қилишда барчани бирлаштиради.

Мурожаатномада илгари сурилган ҳар бир ғоя халқнинг доимий эътиборида, назоратида турган масалаларнинг ижросига жиддий масъулият билан ёндашишни талаб этади. Бир пайтнинг ўзида уларнинг амалга оширилиши борасида сиёсий, иқтисодий институтларнинг жавобгарлигини беқиёс даражада оширади.

Ушбу тузилмалар орасида сиёсий партияларнинг алоҳида ўрни бор. Бу уларнинг бир томондан фуқаролик жамияти институти сифатида фаолият юритиши, бошқа томондан – давлат ҳокимияти фаолиятида вакиллик ва ижро ҳокимияти органларидаги ўз вакиллари орқали иштирок этиши билан белгиланади. Яъни сиёсий партиялар фуқаролик жамияти ва давлат органлари ўртасидаги ўзига хос кўприк десак муболаға бўлмайди.

Шу маънода 2017 йилнинг 22 декабридаги илк Мурожаатномадаёқ “барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш” масалаларига алоҳида эътибор қаратилганди. Президентимиз томонидан ушбу масалага тизимли равишда этибор берилаётгани мамлакат раҳбарининг бошқа чиқишлари, қолаверса “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” каби муҳим хужжатларда  ўз аксини топганлигида ҳам яна бир бор ўз исботини топади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг партиявий тизим ривожи масаласига алоҳида эътибор бераётгани бежиз эмас. У давлат раҳбари сифатида иш бошлаганидан буён ўз сиёсий фаолиятида аҳоли муаммоларини яқиндан ўрганиш ва тезда ҳал қилиш борасида самарали чораларни кўришга устуворлик бериб келмоқда. “Одамларни рози қилиш” давлат бошқарувининг асосий принципларидан бирига айланди. Бу сиёсий партиялар учун ҳам устувор вазифалардан бирига айланиши, улар мазкур жараённинг фаол иштирокчиси бўлиши лозимлигини англатади.

Давлатимиз раҳбари парламентга илк Мурожаатномасидаёқ ўртага ташланган ушбу тезисда бугунги кунда сиёсий партиялар кўрсатилган йўналишда кутилган даражада ишлаши учун икки жиҳат етишмаётгани таъкидланган:

– мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг асосий йўналишларидаги мавжуд вазиятни объектив ўрганиш, аниқроғи, таҳлил тизимининг етарли эмаслиги;

– аниқланган муаммоли вазиятларга таъсир қилиш механизмлари, бу борада таъсирчан чораларнинг мавжуд эмаслигидир ҳамда ушбу йўналишларга алоҳида урғу берилиши лозимлиги эътироф этилган.

Президент Мурожаатномасида сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликларнинг айнан шу тарзда белгиланиши бугун уларнинг фаолиятидан одамларнинг норозилигини келтириб чиқараётган омилларни ҳам ўзида акс эттирган, десак муболаға бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда ҳам сиёсий партиялар фаолияти оддий фуқаролар муаммоларидан узоқлиги билан асосланган ҳолда танқид қилинаётир. Демак, Мурожаатномада илгари сурилган вазифаларнинг бажарилиши нафақат сиёсий партияларнинг бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги ўрнини янада мустаҳкамлашга, балки уларга нисбатан фуқароларнинг ишончи ортишига ҳам хизмат қилган бўлар эди.

O‘zLiDeP мисолида ушбу камчиликларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтиш мумкин. Хусусан, партия марказий аппаратида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларнинг мутахассисларидан иборат доимий асосда ишловчи Экспертлар гуруҳи ташкил этилгани, қолаверса, партия фаолларини ўқитиш ва муҳим ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар борасида таҳлилий ишларни амалга оширадиган Сиёсий таълим ва таҳлил маркази фаолияти йўлга қўйилгани муҳим қадамлардан бўлди.

Европа давлатлари сиёсий партиялари фаолиятидан ҳам яхши маълумки, партия қошида тузилган турли фондлар ва марказлар таҳлилий маълумотлар билан таъминлаш, кадрларни ўқитиш билан шуғулланади. Бу O‘zLiDePнинг Президент Мурожаатномасидаги вазифаларни амалга ошириш борасида танлаган йўли дунёнинг етакчи давлатлари илғор тажрибаларига ҳам мос келишини кўрсатади. Лекин айтиб ўтиш керакки, бундай ҳаракатлар партия томонидан ташланган дастлабки қадамлар бўлиб, ҳали бу борада амалга оширилиши лозим бўлган тизимли ишлар кўлами катта.

Мурожаатномада илгари сурилган мамлакатда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришга дахлдор масалалардан яна бири қуйидаги тезисда ўз ифодасини топди: “Партиялараро рақобатни таъминлаш, барча сиёсий субъектлар учун тенг шароитлар яратиш парламент ролини кучайтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади”. Албатта, ўтган йиллар давомида партиялараро рақобатнинг сустлиги фуқаролар томонидан ушбу сиёсий институтга нисбатан ишончнинг паст даражада сақланиб қолишига сабаб бўлаётган, мамлакатда реал кўппартиявийлик муҳитининг қарор топишига салбий таъсир кўрсатиб келаётган омиллардан эди. Ҳар қандай демократиянинг, энг аввало, фикрлар хилма хиллигига, кўппартиявийлик тамойилларига таяниши яхши маълум. Фикрлар хилма-хиллиги ва кўппартиявийлик эса айнан улар ўртасидаги рақобат, ўзаро тортишувлар муҳитидагина вужудга келади ва ривожланади.

2019 йилги парламент сайловлари даврида жамиятда кузатилган партиялараро тортишувларнинг даражаси бугун Ўзбекистондаги мавжуд партиялар рақобат муҳитида фаолият олиб бориш учун етарли мафкуравий ва ташкилий асосларга эга эканини кўрсатди.

Мурожаатномада бўлиб ўтган сайлов якунлари асосида сиёсий партиялар фаолиятида кузатилган айрим камчиликларга эътибор берилганини ҳам эслаш лозим. Унда “…сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир”, деган фикрга урғу берилгани бежиз эмас.

Айнан сайловлар жараёнида, яъни аҳолининг сиёсий партиялар фаолиятига эътибори бирмунча кучайган бир паллада уларнинг ўз электорати билан ишларни қанчалик тизимли равишда йўлга қўя олгани яққол кўзга ташланади. Партиялар ўзининг ижтимоий базаси деб ҳисоблаган аҳоли қатламлари орзу-интилишларидан бир қадар узоқлашиб қолгани, илгари сураётган ғояларида ўз электорати муаммоларини аниқроқ акс эттиришдан кўра кўпроқ умумий характердаги режаларга урғу бериб юбораётгани кузатилди.

Мавжуд вазиятни ўнглаш борасида ўз вақтида тегишли ҳаракатларнинг амалга оширилмаслиги партияларнинг аҳоли қатламларига таъсири сусайишига, демакки, ислоҳотлар жараёнидаги ўрнининг тушиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Мурожаатномада  мамлакат раҳбарининг “… бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”, деган чақириғига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Президент томонидан демократик ислоҳотлар йўлининг ягона ва энг тўғри йўл сифатида эълон қилиниши мамлакатда кўппартиявийлик тизимининг янада ривож топиб боришини стратегик вазифалар қаторига олиб чиқади.

Бу, ўз навбатида, сиёсий партияларнинг жамиятда аҳолининг турли қатламлари манфаатлари ифодачиси сифатидаги, уларни сиёсий жараёнларда, ҳокимият органларида акс эттириши керак бўлган институт сифатидаги ролини янада кучайтиришни тақозо этади. Ушбу вазифа реал воқеликка айланмас экан, сиёсий партияларнинг мамлакатда демократик ўзгаришлар драйверига айланиши мураккаблигича қолаверади.

2017 йилдан бери парламентга йўлланган Мурожаатномалардаги кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришга оид масалалар таҳлили қуйидаги хулосаларга олиб келади:

Биринчидан, Мурожаатномаларда мамлакат ижтимоий-иқтисодий хаётини модернизациялашдаги вазифалар ижтимоий-сиёсий ҳаётни янада демократлаштириш борасидаги вазифаларни амалга ошириш билан бирга бажаришни назарада тутади, яъни жамиятни ислоҳ қилишга комплекс ёндошув яққол кўзга ташланади. Бу эса мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўринга эга сиёсий партияларнинг ислоҳотлардаги муҳим ролини белгилайди.

Иккинчидан, ҳар бир Мурожаатномада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мавжуд даражасидан келиб чиққан ҳолда сиёсий партиялар олдида турган вазифалар кўлами ҳам аниқ белгилаб берилган. Сиёсий партиялар фаолиятида кўзга ташланаётган камчиликларга эътибор қаратилиб, тегишли йўналишларда фаолиятни такомиллаштириш борасида тавсиялар берилган.

Учинчидан, Мурожаатномалардан келиб чиққан ҳолда ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг ривожи учун зарур вазифаларни алоҳида белгилаб олиш мумкин. Булар:

– сиёсий партиялар тизимида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг асосий йўналишларидаги мавжуд вазиятни объектив ўрганиш, таҳлил қилиш тизимини шакллантириш зарурлиги;

– аҳоли томонидан кўтарилаётган, шунингдек, ўз таҳлиллари асосида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида кўзга ташланаётган муаммоларни ҳал этувчи таъсир механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада амалдаги қонунчиликка зарур ўзгаришлар киритиш лозимлиги;

– жамият тараққиётининг муҳим масалалари, парламентда қонун лойиҳалари муҳокамалари жараёнида партиялараро рақобат муҳитини ривожлантириш зарурияти;

  • сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, бу борада замонавий технологияларни кенгроқ жорий этиш вазифаси;
  • мамлакат ривожи учун муҳим стратегик масалалардан бири бўлган демократик ислоҳотлар йўлини амалга оширишда сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини кучайтиришга қаратилган тизимли ишларни бажариш.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакат раҳбарининг парламентга Мурожаатномалари нафақат ҳокимиятнинг асосий тармоқлари, балки мамлакат сиёсий тизимининг муҳим қисми бўлган сиёсий партиялар ривожининг ҳам асосий векторларини белгилаб берувчи дастурий ҳужжат бўлди. Мурожаатномаларда қўйилган аниқ вазифаларнинг ижроси партияларнинг мамлакатни модернизация қилиш жараёнида муҳим сиёсий факторлар сифатида муносиб ўрин тутиши, функционал жиҳатдан халқ билан, ўз электорати билан яқиндан ишловчи субъектлар сифатида шаклланиши, қолаверса, демократик ўзгаришларни янги даражада олиб чиқилишнинг ўзига хос йўлига айланишига асос яратади.

loading...