АЛАМЗАДА… (21-қисм)

0

 

 

* * *

 

Эртаси куни кечгача Севинч хаёлан турли режалар тузиш билан банд бўлди. Аввало Толибни кўрса, пинагини бузмасликка, хотиржам бўлишга, қалбига қулоқ тутмасдан, жиддий туришга онт ичди. Шундай қилса, ўйлаб қўйган режасини амалга ошириш осон кечиши муқаррардек туюлди.

Режаси эса одатий режалардан деярли фарқ қилмасди. Биринчи бўлиб Толибга ёлғондакам ишқий мактублар бита бошлайди. Шубҳасиз, Толиб мактубларни ўқийди-ю, юрагига ўт тушиб уни қидириш пайида бўлади. Рўбарў бўлишганда эса Севинч тониб тураверади. Худди Толибнинг ўзи ёнғиндан сўнг ёзган хатидан тонган каби сўзида туриб олади. Севинч душманни руҳан қийнашнинг ажойиб усули шу эканига амин бўлди. Қолган ишларни йўл-йўлакай пухталаштиришга қарор қилди-ю, вақт хуфтонга яқинлаганда, хонанинг бўғиқ ҳавосидан димиқиб ҳовли айланиш илинжида ташқарига чиқди.

Толиб келмабди. Ҳовлида шотирлар, уй йиғиштириш, овқат пишириш учун келиб кетадиган қиз-жувонлар ҳам кўринмади. Фақат дарвозахона рўпарасидаги гулзорда пакана, қориндор, чўққисоқол қоровул чол чўнқайган кўйи ой шуъласида нимадир терарди. Уни кўриб беихтиёр Севинчнинг кулгиси қистади. Чунки чол ҳар чўнқайиб қаддини кўтарганда пастга осилиб тушаёзган қорни чайқалиб-чайқалиб қўярди. Бу Севинчга бўш қорилган хамирдек туюлиб кетди.

«Тавба, — кўнглидан ўтказди кулиб юборишдан аранг ўзини тийиб. — Бало бормикан бу семиз чолга бу ерда? Туришидан роса хўрага ўхшайди. Йўқса, қорни бунақа каттариб кетмасди. Нон цехида қоровуллик қилса бўларкан. Чала пишган бўлка нондан кўп еб қўйиб, думалаб-думалаб юраверарди…»

Бир маҳал кўча тарафда машинанинг чўзиб сигнал чалгани қулоғига чалинди. Кутганидек қоровул чол думалагудек пилдираб ҳарсиллаганча ўша ёққа чопди. Севинч эса бирдан юраги ғаш тортиб ўзини икки қадам орқага олди-да, қулоғини динг қилди.

Зум ўтмай дарвоза очилиб, беш-олти шотир етагида Толиб ҳовлига кирди. Севинч чироқ ёруғида аниқ кўрди. Унинг юз-кўзлари, кийимларигача қонга ботган, қон баъзи шотирларнинг кийимида ҳам кўзга ташланарди. Қоровул чол ҳам бир четга ўтиб ранги бўзарганча турарди.

Бу ҳолатни кўриб Севинчнинг жони чиқиб кетаёзди. Қандай Толиб томон отилганини сезмай қолди.

— Сизга нима бўлди, Толиб ака? — қичқирди унга яқинлашибоқ Севинч. — Қайси мараз сизни бу аҳволга солди, қайси?

Толиб тўхташга тўхтади-ю, момоталоқ юз-кўзларини кафтлари билан беркитишга тутинди ва бошини эгганча чайқала бошлади.

— Сен… Хонангга кир, — деди шу ҳолатини йўқотмаган кўйи Севинчга. — Б-бизнинг ишга аралашма! Бор, кир!..

— Нега? — қайсарларча Толибга қаттиқроқ тикилиб сўрашда давом этди Севинч. — Нега киришим керак? Ахир… Аҳволингизни қаранг!.. Мен…

Бу гал Толибнинг ўрнига барзанги шотирлардан бири Севинчнинг сўзини кесди.

— Бор, сингил, айтганни қил, — деди у совуққонлик билан. — Сен аралашма бизнинг ишга! Кир хонангга, дамингни ол, кеч бўлиб қолди!..

Шундай деди-ю, шерикларига «кетдик» ишорасини қилди. Улар Толибни қўли бўш пайтларда истироҳат қиладиган хонаси томон етаклай кетишди.

Севинч эса ҳамон бир ерда қотиб турар, аламдан додлагудек бўларди.

Унга Толибнинг рад жавоби, шотирнинг совуққон муомаласи алам қилмасди. Севинчнинг қалби юм-юм йиғларди. Толибнинг калтакланганини кўрган лаҳзаданоқ, жони оғриётганини чуқур ҳис этиб унсиз фарёд чекарди.

Аксига олгандек, хона эшигига етмай, Толиб жазава аралаш шотирларга қичқира бошлади. Унинг қичқириғи Севинчнинг жонини узиб-узиб олар бўлди.

— Мени беркитларинг, — дерди Толиб хириллаб. — Ертўлагами, ернинг тагигами кўмиб, яшириб ташлаларинг! Ҳозир ментлар етиб келади, ментлар! Тезроқ бўлларинг! Мени топа олмасликлари керак! Мен ғойиб бўлишим шарт!

Шотирлар уни ўртага олганча ертўлага тушиб кетишди. Севинч эса нималар бўлаётганини, Толиб қайси милиция ҳақида гапирганини сира идрок эта олмасди.

Ҳали хаёлларини бир нуқтага жамлаб улгурмай, ҳақиқатан ҳовлига юзларига қора ниқоб тортган, қўлларида автомат, фонарлар тутган олти-етти нафар барваста-барваста милиционерлар чопиб кирди.

— Тўхталаринг! — буюрди улардан бири қоровул чол ва Севинчга. — Тез ерга юзтубан ётларинг, тез!

Севинч умри бино бўлиб бегона эркаклар қаршисида чўзилиб ётиб кўрмаганди. Юраги қўрқувдан тўхтагудек бўлса-да, иккиланиб қолди. Девдек йигитлар олдида ётиб олишга истиҳола қилди.

— Сенга нима дейилди? — ўшқирди унга яқин келиб милиционерлардан бири билагини маҳкам сиққанча ётишга ундаркан. — Бўл дедим!

Севинч буйруққа бўйсунишга мажбур эди. Кўзларини чирт юмди-ю, қоровул чолдан сал нарироққа юзтубан ётди.

— Уй ичларини титиб ташлаларинг! — буюрди Севинчни ётишга мажбурлаган мелиса. — Биронтаям ковак-тешик қолмасин! У шу ерда! Қочиб кетолмайди!..

Шу тобда ҳув наридаги хона эшиги очилиб, Мелибой мироб аравачасини қўллари ёрдамида ғилдиратган кўйи чиқиб қолди. Қизининг ерда юзтубан ётганини, милиционерлар қуршовида қолганини ўша ердан туриб бўлса-да, кўриб икки қўлини баланд кўтарди-да, ув торта бошлади.

— Ким у пес? — дағдаға аралаш ерда ётган Севинчдан сўради мелисалар каттаси. — Гапир, ким у?

— О-отам, — дея олди зўрға Севинч. — У… Касал… Касал.

— Бу ерда нима қиляпти касал бўлса? Пишириб қўйганмиди ўғриникида?

— Даволатишга опкелгандим, — жавоб қилди Севинч таваккал. — Куни кеча келдик.

— Шунақами? — мелисалар каттаси мироб томонга менсимайгина қараб тургач, Севинчга буюрди. — Тур ўрнингдан!

Севинч турди ва унга савол назари билан боқди.

— Даволатишга келган бўлсанг, бу уйда нима қиляпсанлар? — сўрашда давом этди мелисалар каттаси. — Ё мени чалғитмоқчимисан? Гапир!

— Й-йўқ, бизга бир одам шу уйни ижарага топиб берди.

— Талмовсирама! — жеркиб берди милиционер. — Вей, мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми? Шу баттол ўғри уйига ижарачи қўярканми?

У Севинчга яқин келиб иягини сиқимлади.

— Айт, қақажон қиз, Толиб ким бўлади сенларга, ким? Агар ростини айтсанг, қўйвораман!

— Толиб? — ростакамига талмовсираётган каби елка қисди Севинч. — Танимайман унақа одамни. Бизни-чи, Ҳайдар сувчи деган қишлоқдошимиз шу ерга опкелганди. Жойлаштирди-ю, ўзи жўнаб кетди.

— Қишлоқданмисан? — сўради милиционер. — Қайси…

У саволини охирига етказмай, шериклари Толиб ва шотирларини қўллари кишанланган ҳолда ертўладан юқорига олиб чиқишди. Милиционер улар томонга нафрат аралаш қараб турди-да, қоровул чол ва Севинчга дағдаға қилди.

— Даф бўлларинг! Ичкарига кирларинг! Керак бўлсанг, ўзимиз олиб кетамиз! Тез бўлларинг дедим!

Севинч бир балодан халос бўлганига хаёлан шукр қилиб югурганча борди-ю, отаси ўтирган аравачани ими-жимида ичкарига хонага олиб кириб кетди.

Аммо барибир юрагидаги ғашлик тарқалмади. Толибнинг бошига не кўргилик тушганини англашга уринаверди. Шу ҳақда ҳар ўйлаганда тўкилай деяверди.

Хавотирлар уни яна дераза қаршисига етаклади. Ташқарида Толиб милиционерларга ҳақлигини исботламоқчи бўларди.

— Биз ҳеч қандай айб қилмадик, — дерди у бошини ҳийла эгиб. — Анавиларнинг ўзи нариватса қилди-ку, камандир! Нима қилсин бизнинг оғайнилар? Жаҳли чиқиб кетди, уриб ташлашди!

— Бозор-чи, бозор? — дўқ аралаш уни саволга тутди милиционер. — Катта холанг бормиди бозорда сенларга? Нима қилиб ўралашиб юргандиларинг? Нимага бозорчилардан улуш талаб қилдиларинг? Ким ҳуқуқ берди сенларга?

— Хўп, — совуқ тиржайди Толиб. — Келишиб кетамиз, камандир! Еча қолинг энди кишанингизни!

— Бўлимга борайлик, ўша ерда ечамиз! Қани, ортларинг ҳаммасини машинага!..

 

* * *

 

Орадан ярим соат ўтдими-йўқми, дарвоза шарақлаб очилиб, ҳовлига Толиб шотирларини эргаштирганча кириб келди. Кийимларини ҳам алмаштириб олибди. Юзидаги тилинган, шилинган жойларга лекопластир ёпиштирибди.

Севинч уни кўрди дегунча ўзи сезмаган ҳолда ҳовлиқиб ташқарига отилди. Мелибой миробнинг қўл силтаб қайтаришига-да қараб ўтирмади. Бир неча марта киприк қоқгулик вақт ичида ҳовлида — Толибнинг қаршисида ҳозир бўлди. Толиб эсон-омон қайтганига, мелисалар таъқибидан қутулганига шукр қилди. Толиб эса уни кўриб негадир афтини бужмайтириб олди. Гарчи юришдан тўхтаган бўлса-да, бир оғиз ширин сўз демади. Аксинча бир неча марта мироб ўтирган хона томон кўз ташлаб олгач, шотирлардан бирига юзланди.

— Вей, манавиларни эрталаб отаси билан бирга Шўртепадаги фермамизга обориб қўйларинг, — деди у оғир хўрсиниб. — Ферма жа ифлосланиб кетибди. Итдан тарқаган қоровулам ичкиликка берилиб молларга қарамай қўйганди.

— Чолниям-а? — жавдираб Толибга боқди шотир. — Ахир…

— Обор, кўп гапирма, — деди Толиб шотирнинг гапини кесиб. — Фермага борса, қишлоғида юргандай бўлади. Касал бўлмайди.

Толибнинг кутилмаган қарорини эшитиб, Севинч сал қурса додлаб юбораёзди. Шу заҳоти юрагини ваҳм босди. Алами келди. Отаси иккови буларнинг олдида ҳеч ким эмаслигини яна бир карра ҳис этиб, боягина қалбини чулғаб турган ёқимли ҳислардан жудо бўлди.

— Сингил, сен мени тўғри тушун, — ҳийла ўзини босиб уқтирди Толиб Севинчнинг норозилана бошлаганини дарров пайқаб. — Фермада тинч бўласизлар. Бобой ҳам тоза ҳаводан нафас олиб, анча ўзига кеп қолади. Қўрқма, сизлардан хабар олиб туришади.

— Мен сиз ўйлаганчалик қўрқоқмасман, — жавоб қилди қайсарлик билан Севинч. — Фақат бу шаҳарга ўқиш ва отажонимни оёққа турғазиш учун келгандим. Умуман тушунмай қолдим, олдинига мажбурлаб бизни уйингизга опкелдингиз, энди бўлса, қандайдир фермага жўнатишни хоҳлаб қопсиз. Биздан нима истайсиз ўзи?

Толиб Севинчнинг мардона жавобига қойил қолдими, қур-қур оғриқ бераётган жароҳатларни ҳам унутиб, унга яқинроқ келди.

— Жуда дадилсан-у-а? — Севинчнинг қулоғига шивирлади Толиб. — Мендай одам билан шунақа оҳангда гаплашяпсан. Тағин кўнгилчангни оғритиб қўймаймин!

— Кўнгилчам оғриб-оғриб чарчаган, — деди Севинч сал ўзини орқага олиб. — Бемалол айтаверсинлар айтадиганларини! Ўрганибам қолдим дўқларингизга!

— Маладес, — дея совуқ кулимсиради Толиб. — Ўрганганинг мақтовга лойиқ. Сендақа қизлар узоққа боради, ишон… Майли, хонангга кирақол! Ўқишингга тайёргарлик кўр, отангга қара! Фақат… Бўпти, қолганини кейин гаплашамиз. Айтганча, ферма ҳақидаги гапларимни унут! Шунчаки сени синаш учун айтгандим. Аслида у ер сен борадиган жоймас. Бор, сингил, бор!

— Перевязка керакмасми мабодо? — сўради Севинч Толибнинг жароҳатига ишора қилиб. — Ҳамширалик келади қўлимдан. Агар…

— Шунақами? Зўр-ку! Хўп, агар керак бўлиб қолса, дўхтир чақириб юрмайдиган бўпмиз. Борақол!

Севинчнинг кўнгли ёришиб кетди. Толибнинг бир оғиз юмшоқ сўзлагани, унга ёш қиз эмас, катталардек муносабатда бўлиши кайфиятини кўтариб юборди. Бир муддатга бўлса-да, вужудига мўри малах каби ўрлашни бас қилмаётган алам нари сурилиб, югурганча хонага кирди.

Севинч шу кеча бошқа кунлардагига нисбатан анча тинч ухлади. Отаси ҳам ҳадеб безовталанавермади чоғи. Шу ухлаганча эрталаб соат тўққизларга яқин уйғонди. Қараса, хона эшиги ёнида Мелибой мироб аравачаси тутқичларини чангаллаганча ўтирибди. Кўз қарашларидан, ранги оқаринқираганидан унинг асабийлигини, нимадандир ранжиганини илғаб олиш мушкул эмасди.

Севинч тура солиб тиз чўккан ҳолда отасига термилди.

— Ҳа, дадажон, ким сизни хафа қилди? — сўради меҳр билан отасининг жонсиз тиззаларини силаб. — Нега хафасиз? Нима бўлди? Ёмон туш кўрдингизми?

Мироб юзини терс буриб олди. Лекин дарров қизи томон юзланиб, қўли билан ёзув ишорасини қилди.

— Қоғоз, ручка берайми? — сўради Севинч унинг нима демоқчилигини дарҳол англаб.

Мироб боши билан қизининг саволини маъқуллаб қўйди.

— Вой, дадажон-эй, — деди Севинч маъюс кулимсираб. — Хаста бўлганингиздан бери қўлингиздан ручка тушмай қолди-я! Имласангизам тушунади-ку қизингиз! Ҳозир… Ҳозир олиб бераман!

Севинч истар-истамас ўрнидан қўзғалди-да, жавон ичидан ручка ва бир дона оқ қоғоз, остига қўйиш учун қалин китоб келтириб миробга тутқазди.

— Қарамай турайми? — сўради эҳтиёткорлик билан ручкани олибоқ ёзишга тараддудланган отасига тик боқиб. — Ё ташқарига чиқиб турайми?

Мелибой мироб бош чайқаб норозиланди ва қўли ёрдамида «ҳув нарида ўтира тур» ишорасини қилди.

Севинч итоаткорлик билан отаси кўрсатган ерга бориб ўтирди. Мироб эса шоша-пиша нималарнидир қоғозга туширди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, ёзишдан тўхтаб, Севинч томон бош бурди ва «А-а» лаган кўйи қоғозни унга узатди. Узатиш асносида мамнун жилмайиб қўйди. Бундан Севинчнинг чеҳраси ёришиб, тезроқ қоғозга битилган битикларни ўқишга тутинди. Оппоқ қоғозга мироб шундай жумлаларни туширганди:

— Бугун офтобшувоқнинг авзойи бузилади. У қаҳрини Толибнинг елкасига игнадек санчиб-санчиб олади. Унинг ишлари орқага кетиш арафасида турибди. Биз сарсон бўлишимиз, ота-бола тиланчилик қилиб кун кўришимиз мумкин. Аммо бу вақтинча бўлса керак. Олдимизда ёруғлик юз кўрсатмоқда. Биз сал ўтмай яна шу уйга қайтсак ажабмас. Сен Толибдан оладиган ўч муҳаббатга қоришиқ, қизим. Эҳтиёт бўл, ён бериб қўйма. Сенинг тақдир йўлингдаям қора чизиқлар кўриняпти. Ҳушёр бўл, онам!

Севинч аввалига отасининг нима демоқчи бўлганини тушунмай, унга савол назари билан боқди. Бироқ қалб садоси унга дарров битик маънисидан белги берди. Қиз отасида башоратчиликка ўхшаш пинҳоний қобилият юз кўрсата бошлаганини пайқади. Пайқади-ю, қўрқиб кетди. Кўз ўнгида бурноғи йили бировларга фол очиб кун кўриб юрган Сожида фолчи намоён бўлди. У охирги марта қўшни маҳаллада яшайдиган уч жувонга фол очгандан сўнг телба бўлиб қолганди. Ҳануз касалхонадан чиқаришмайди. Бир марта икки кунга жавоб беришганди. Уйига келгандан сўнг ярим тунда хоналардаги жами қимматбаҳо буюмларни ташқарига ирғита бошлаган. У синдирмаган чинни идишнинг ўзи қолмаган.

— Дада, нега ундай қилдингиз? — қўрқув аралаш сўради Севинч миробга яқинлашиб. — Жинни бўлиб қоласиз-ку! Нега фолбинликка қўл уряпсиз?

Мелибой мироб қизининг қўлидаги қоғозни тортиб олди-да, яна нималарнидир ёзиб, қайтадан Севинчга тутқазди. Бу гал у қуйидагиларни қоғозга туширганди:

— Тушимга Хизр бува кирибди. У мени узоқ вақт дуо қилди. Сўнгра бўйнимга ялтироқ тумор осиб: «Сен тенги йўқ башоратчи бўласан. Одамларнинг ҳожатини чиқарасан» деди…

— Бу нимаси-и? — беихтиёр йиғлаб юборди Севинч. — Кўриб турган кунимиз каммиди, отажон? Қанақа Хизр бува? Ким сизни йўлдан ура қолди? Қайси дуохон домла олдингизга кириб миянгизни айнитди? Айтинг, мен йўғимда ким кирди олдингизга?

Мелибой мироб «Ҳеч ким кирмади» демоқчидек бошини сарак-сарак қилди. Кейин… Улар сўзсиз бир-бирларига термилганча узоқ вақт ўтириб қолишди. Мироб мудрай бошлагандагина, Севинч ҳушёр тортиб ташқарига боқди. Вақт пешинга яқинлабди. У шоша-пиша аравачани каравот томон ғилдиратишга тутинди. Шу маҳал хона эшиги оҳиста очилиб, ичкарига калта сочли, шаҳар урфига кўра этаги тиззасигача тушиб-тушмаган кўйлак кийган, Севинчдан икки-уч ёш каттароқ қиз кирди.

Мелибой мироб ҳам қизи билан баравар ўша томонга бош бурди.

— Салом! — деди қиз русийнамо оҳангда. — Менинг исмим Бернара. Касбим ҳамшира. Толиб акам атайин чақиртириб келиб, сизларнинг ёнингизга киришимни тайинловдилар.

— Нимага? — даст ўрнидан турди-да, қизга яқин борди Севинч. — Тинчликми?

— Отангизга қараб турарканман.

— Вой, нега? Мен-чи? Ўзим қараб турибман-ку!

— Сиз ҳозироқ уларнинг ҳузурига кираркансиз. Кутяптилар.

— Нима бўлди ўзи? Нимага кутади? Айта қолсангиз-чи!

— Афсуски, у киши менга ҳисоб бермайдилар. Кирганингизда билиб оларсиз, синглим!

— Шунақами? Б-бўпти, сиз ўта қолинг! Мен… Ҳозир…

Севинч Бернарани ичкарига ўтказди-да, апил-тапил сочларини тўғрилади ва оёғига шиппагини илиб ташқарига зипиллади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...