АЛАМЗАДА… (24-қисм)

0

 

 

* * *

 

Толиб уни туман марказидаги аллакимнинг шоҳона уйига олиб борди. Бу уйни Севинч умри бино бўлиб кўрмаганди. Эгаларини ҳам танимади.

Фақат алоҳида хонага кира бошлашганда, юраги беихтиёр ғаш тортди.

Қандайдир фалокатни кўнгли олдиндан сезган каби эти жимирлаб кетди.

Севинч таҳлика исканжасида ер остидан Толибга боқди. Унинг кўз қарашлари, ўзини тутишида ҳеч қандай ўзгариш сезмагач, пича тинчлангандек бўлди.

Хона ўртасига хонтахта қўйилиб, турли ноз-неъмат, ичкиликлар билан безатилибди.

Толиб уни тўрга таклиф этди.

— Қани, ўтир, — деди ҳамон совуққонлик билан. — Мана шу ерда ҳаммасини гаплашиб оламиз!

Севинч баттар ҳайрати ортиб итоат билан кўрсатилган жойга чўкди.

Толиб эса шоша-пиша эгнидаги костюмни ечиб, шкафга илди-да, ортга қайтиб, шампан шароби тўла шиша қопқоғини жуда усталик билан очди ва иккита қадаҳга қуйди.

— Ма, буни қўлингга ол! — қадаҳни Севинчга узатди Толиб. — Олавер, қўрқма! Бу шампан виноси холос.

— Йў-ўқ, мен… Ичмайман унақа нарсаларни! — гавдасини орқага ташлади Севинч. — Й-йўқ…

— Хўп, қўлингга ол ҳеч бўлмаса!

Севинч мажбуран қадаҳни қўлига олиб хонтахта устига қўйди.

— Сен бир гапимни яхшилаб ёдлаб ол, — деди Толиб қовоқ уйиб. — Қўлга олган нарсани ҳеч қачон қайтиб ерга ташлашга одатланма! Бу бахтсизлик, омадсизлик белгиси! Шуни биласанми?

Севинч елка қисиб бош эгди.

— Унда ол, — тезлашда давом этди Толиб. — Қадаҳни қўлингга ол!

— Йўқ, — деди Севинч ер чизиб. — Мен… Сиз ўйлаган қизларданмасман.

— Мени севасанми?

Бу савол қулоқлари остида жаранглагани ҳамоно Севинч тўсатдан бошини кўтариб, Толибга боқди. Аммо шу заҳоти нигоҳларини тортиб олиб, қайтадан бош эгди. Юзлари лов-лов ёниб, ёноқларигача қизариб кетди. Толиб эса жавоб кутарди. Ахир… Қандай айтсин? Қай юз билан тўғри жавобни берсин? Нима десин? Бундай лаҳзаларда одобли қизлар қандай йўл тутадилар? Юраги тўкилай деяпти-ку! Толибнинг бир оғиз саволи аъзойи баданини титратиб юборди-ку! Бу савол кўнглига мойдек ёқиб тушди-ку! Қанийди ихтиёри қўлида бўлса, шартта ростини айтса! «Ҳа, севаман» деса-ю, ёввойи, қайсар муҳаббатининг кўксига бош қўйиб олса! Афсуски, ундай қила олмайди. Ибо, андиша сира йўл бермайди. Бироқ «йўқ» дейишга-да, чўчимоқда. Чунки бу саволни жуда узоқ кутган…

Севинч айтажак жавобини тилига кўчирмай, амалда кўрсатишга қарор қилди. Қадаҳни таваккал қўлига олди-да, шаробни ичди.

— Ў, раҳмат, раҳмат! — шаробнинг аччиқ таъми кўнглини бузган қизнинг ўқчиганига эътибор қилмай, чапак чалиб юборди Толиб. — Билардим, ишонардим! Баракалла!

Шундай деди-да, ўзи ҳам қадаҳни охиригача бўшатди. Сўнгра бир четда турган коньякни қўлига олиб қадаҳларга қуйди.

— Севинч, — деди яримлатиб коньяк қуйилган қадаҳни тутқазаркан Толиб. — Жавобинг негадир ишонарли чиқмади. Очиғи, унчалигам ишонқирамадим. Масалан… Менга келсак, сени севаман, ишон! Агар севмасам, шунча жойдан сени қидириб келмасдим. Феълимни биласан-ку!..

Эҳ, бунчалар тотли бўлмаса севги изҳори? Севинч учун икки қултум шароб кучидан сархушлар дунёсида кеза бошлагани бир тараф, Толибнинг кўнгил изҳори сабабли гўё еттинчи осмонига парвоз қила бошлагани бир тараф бўлди. Ярим, нозик, ўксик кўнгли шу қадар тез фурсатда эриб кетдики, Толиб тутқазган коньякдан ҳам ҳўплаб қўйганини сезмай қолди. Ҳўплади-ю, тағин ўқчиб, бошини пастга эгиб олди. Шунда узун сочлари ичра чумоли каби оҳиста ўрмалаётган бармоқлар тафтини туйди.

Бу Толиб эди. У Севинчни маҳкам қучганча сочларини сийпалар, ҳирс билан ўпарди…

Тонг аста-секинлик билан ёришиб кела бошлади. Дунё уйғонганидан қувониб, дарахт, буталардаги инидан чиққан қушлар чуғурлаб қолди.

Шу тобда Севинч азадор аёл каби сочлари ёйилган, юзлари синиққан, қовоқлари шишган, қадди эгилган ҳолда каравотда пишиллаб ухлаётган Толибга алам билан термиларди. Вужудига чиппа ёпишган қора доғ аъзойи баданини қийноққа солар, ҳали замон жони чиқиб кетиши муқаррар бемор каби нуқул чор атрофга жавдираб, ияк қоқарди.

Бу ўтириши узоққа чўзилмади. Тонг билан ҳамнафас қалби беихтиёр уйғониб, қайта-қайта энтикди. Кутилмаганда ўпкаси тўлиб келди. Унсиз йиғламоқчи бўлди. Вужудини чирмаб турган қора доғ бўғзига тиқилди.

Севинч телбаларча ўрнидан қўзғалди-да, Толибнинг тепасига борди. Шайтон амрига бўйсунмоққа, бахтининг, келажагининг кушандасини бўғиб ўлдирмоққа шайланди. Аммо қўрқув устунлик қилди. Уни бўғишга, жон таслим қилаётганига гувоҳ бўлишга юраги дов бермади.

Нима қилишни, қандай йўл тутишни идрок эта олмай, хона ичини айлана бошлади. Қур-қур хона деворларига бошини ура-ура ёришни, қора қонга бўялишни хоҳлади. Бу фикридан ҳам қайтди. Айлана-айлана яна Толибнинг тепасига борди. Қақшаганча бир муддат унга тикилиб турди-да, жаҳд билан устидаги кўрпачани юлқиб олди. Толиб сесканиб уйғонди ва кўзларини ишқалай-ишқалай, Севинчга ҳайрон бўлиб боқди. Афтидан ҳаммасини тушуниб етди. Лекин сездирмади. Ўзини анқовланганга олиб бош ирғаган кўйи «Нима қилди сенга?» демоқчидек бўлди. Севинч эса ҳануз қақшарди. Узун сочлари ёйилгандан ёйилиб берганди. Улар юзларига қадар тўсиб, бекасининг нафратини, аламини, армонларини ошкор этиб турарди.

— Ифло-ос!!! — тўсатдан, қичқириб юборди Севинч. — Нималар қилиб қўйдинг? Нега? Қайси гуноҳим учун? Бет борми ўзи сенда, мараз? Энди нима қиламан? Кимга дод дейман? Отажонимнинг кўзига қандай қарайман? Кимга керакма-ан, кимга-а???

— Жим! Жим! Секинроқ! — Толиб унинг қичқириғидан чўчиб уйғонди-ю, шартта ўрнидан турди-да, ҳовлиқиб Севинчнинг оғзини кафтлари билан ёпиб, мажбуран каравотга ўтқазди. — Эшитиб қолишмасин! Ҳаммасини ҳал қиламиз! Ҳаммаси яхши бўлади, жоним!

— Мени жоним дема! — оғзи ёпиқ бўлса-да, аламини амал-тақал Толибга соча олди Севинч. — Қ-қўйвор!..

— Бақирмасанг, қўйвораман! Бақирмайсанми? Ахир, ёш боламассан-ку! Кап-катта қизсан-ку! Ўзингни босгин!

Севинч ортиқ кучи қолмаганиданми, ё Толибнинг овутиши таъсир қилдими, жим бўлди. Шундан кейингина Толиб унинг оғзидан кафтларини тортиб олди.

— Тушунгин, — уқтира бошлади Толиб Севинчнинг тинчланганидан фойдаланиб. — Биз сен ўйлаганчалик қўрқинчли иш қилмадик. Эркак билан аёл ўртасида бўлиши керак бунақа иш. «Тем более» биз бир-биримизни севамиз. Ё нотўғрими? Айт, севасанми мени? Севмайсанми?

— Сиз мени расво қилдингиз, — деди йиғи аралаш Севинч. — Шарманда бўлдим! Абгор бўлдим! Худойим, сенга нима ёмонлик қилгандим? Нимага нуқул шўримга шўрва тўкаверасан? Ундан кўра жонимни олиб қўя қолсанг бўлмайдими?

— Бўлди, бўлди, тинчлан! — унинг елкасидан қучиб олди Толиб. — Мана кўрасан, ҳаммаси яхши бўлади. Мен сенинг юзингни қора қилиб қўймайман, ишон!

— Сиз-а? — Толибга ялт этиб боқди Севинч. Бу боқиш ортидан қаҳратондан-да қаттолроқ нафрат уфурарди. — Сиз юзимни қора қилмайсизми? Қора қилиб бўлдингиз-ку!

— Сенга уйланаман, — деди Толиб гавдасини хиёл орқага ташлаб. — Ишонмайсанми уйланишимга?

Шу биргина гап Севинчнинг дарз кетган қалбига малҳам сурган каби жуда ёқимли кечди.

Кўзлари катта-катта очилиб, Толиб томон бош бурди. Узун киприклари тезроқ пирпирай бошлади. Йиғлашдан тўхтади. Юрак уриши янада тезлашди. Кўнглининг аллақаерида ёввойи умид учқунлагандек бўлди.

Тўпори тасаввурида бир зумдаёқ бўй етган қизлар орзусидаги оппоқ келин кўйлак, кўрганга кўз-кўз қилса арзигулик серсавлат куёв, ўзгача ҳавас билан боқиб турган оломон чир-чир айланаверди. Ҳатто, вужудини чирмаган ваҳима, таҳлика, тушкунлик, нафрат азоби нари чекинди.

— Ростданми? — сўради соддаларча кўз ёшларини артиб. — Ростдан уйланасизми?

— Қизиқсан-а, Севинч, — деди Толиб унинг кўзларига тик боқиб. — Албатта уйланаман. Шунинг учун ҳалигидай… Умуман, мақсадим ҳам шу эди. Мана, ҳаммаси равшан бўлди. Фақат… Бир «но» тарафи бор-да!

— У нима дегани? Тушунмадим.

— Муаммо бор демоқчиман.

— Қанақа муаммо? Нимайкан?

— Дадангдан хавотирдаман. У билса, хабар топса, нима деркин? Рози бўлармикан?

— Рози бўлади дадам, — деди Севинч ишонч билан бошини баланд кўтариб. — Дадам бебаҳо одам. Ҳеч қачон менга ёмонлик тиламайди.

— Шундай-ку-я, лекин ҳозир вазият бошқа-да! Мен отдан тушганман, бойликлар ҳам жойини топиб кетди ҳисоб. Қисқаси, илгариги Толиб эмасман. Агар олдинги ҳолим бўлганда, ишонишим мумкин эди. Чунки бобой иложсиз рози бўларди.

— Дадам ҳеч қачон бировнинг зўрлиги, бойлигига қараб иш тутмаган, — гапни кесди Севинч. — Менинг дадам мағрур одам. Бировдан қўрқмаганам.

— Ўзинг-чи? Ўзинг қанақасан? Бойликка ўчмисан?

— Мени ҳақорат қилманг!

— Узр, бир сўрадим-да!.. Майли, энди гапни эшит, хуллас, тўйни янаги йилга қолдириб турамиз.

— Нега? Тинчликми?

— Бу йил ўтиб бўлди ҳисоб. Нари борса, уч ой қолди-да! Вақт жуда қисқа. Мен шу муддат ичида ўзимни қайтадан ўнглаб олишим керак. Тушуняпсанми? Мавқеимни қайтармасам бўлмайди.

— Мен-чи? — қошларини чимириб Толибга боқди Севинч. — Мен нима қиламан? Ахир…

— Сенми? — Толиб бирпас бош қашиб турди-да, Севинчнинг икки елкасидан тутди. — Даданг билан бирга меникига кетасизлар. Ўша ерда яшаб турасизлар. Баҳор келиши билан тўйни бошлаймиз. Унгача менам ишларимни йўлга қўйволаман.

— Алдамайсизми?

Толиб бу саволни эшитиб, Севинчни қўйиб юборди-да, ўрнидан туриб кетди.

— Ҳаддингдан ошма, Севинч, — деди у бош чайқаб. — Ҳалиям мени таниб ололмадингми?

— Тушундим, бўлди, бошқа сўрамайман! Ишондим, ишондим!

Севинч беихтиёр эриб ўрнидан қўзғалди ва Толибнинг бўйнига осилди.

— Билиб қўйинг, бошқа қизларга қараш йў-ўқ!

Толиб унга жавобан зўрға тиржайиш қилди ва оғир хўрсиниб нари кетди.

 

* * *

 

Севинч Толибга қаттиқ ишонарди. Аммо ичидан зил кетарди. Муҳаббатнинг бу тахлит тугашини сира кутмаганди. Ҳадеганда кўз ўнгида отасининг маъюс ва дардли чеҳраси, синфдош, тенгқур қизлар гавдаланарди. Улар нуқул Севинчга узоқдан бармоқ ўқталишар, ўзаро пичир-пичир қилишар, шу йўл билан уни масхаралашарди. Қўшни хотинлар эса Севинчни қоралаб, танбеҳ бериб, айблаб чарчашмасди.

Тасаввури қишлоқ кўчаларини кезишга мажбур этарди. Кезарди-ю, гўё ҳеч ким у томонга қарашни, саломлашишни, дардлашишни хоҳламаётгандек туюларди. Тасодифан дуч келган жажжи қизалоқ ҳам худди Севинчнинг фожиасидан хабардордек шартта юз ўгириб кетарди…

«Энди нима қиламан? — яна хўрсиниқ аралаш қайғуга ботганча ўйлай бошлади Севинч. — Энам раҳматли хабар топгандир қилмишимдан. Гўрида тик тургандир. Қандай қабиҳ эканман-а! Номусимни ўз қўлларим билан поймол қилдим. Қишлоқдагиларнинг кўзига қандай қарайман? Ранг-рўйимдан сезиб қолишса, бу шармандаликка қандай чидайман? Йўқ, қолмайман қищлоқда, қолмайман. Дадамга ялинаман, ёлвораман, нима қилиб бўлмасин, Толиб аканикига кетишга кўндираман. Бундан бошқа йўл йўқ. То юзим ёруғ бўлмагунча қайтмайман. Шаҳарда юравераман. Толиб акам айтди-ку, ишонтирди-ку! Ташлаб қўймайди. Мени севади, ҳа, севади. Акс ҳолда ростданам шунча жойдан мени қидириб келмасди. Демак, севади, севади, севади!!!»

— Толиб ака, бизни тезроқ олиб кетинг, — деди даъфатан Севинч. — Илтимос, тезроқ кетайлик шаҳарга!

— Нима бўлди? Нега пайтавангга қурт тушиб қолди? — сўради Толиб масхаомузроқ оҳангда. — Тинчликми? Ё ўйлаб қўйган режаларинг борми?

— Йўқ, шунчаки… Қишлоқдан тезроқ кетгим бор. Одамлардан… Э, сиз қишлоқ одамларини билмайсиз. Гап-сўз қилиб юборишади!

— Тушундим, — деди Толиб бирдан жиддийлашиб. — Сен ҳақсан. Олиб кетаман, албатта кетамиз. Қани, уёқ-буёғингни тўғрилаб ол! Тезроқ бўл! Ҳозироқ бориб бобойни оламиз-у, жўнаймиз! Қолган гапларни йўл-йўлакай гаплашиб олаверамиз. Тўхта, анави нусхага қўнғироқ қилай-чи!

Толиб залга ўтди-да, гўшакни кўтариб Фарғона шаҳридаги эски ҳамтовоғига қўнғироқ қилди. Бахтга қарши жавоб бўлмади.

— Ифлос! — тиззасига муштлаб сўкинди Толиб. — Кўрдингми, отдан тушсанг, тамом экан!?. Кечагина ялоғимни ялашга шай турганларга энди гўшакни кўтаришам малол келяпти. Ўзича менсимаяпти. Итдан тарқаган, маразлар! Ҳали қараб турсин булар! Оёғимни ўптирмасамми!?.

— Қўяверинг, — Севинч ўтирган ерида Толибга далда берган бўлди. — Одамлар ўзи шунақа бўлишади. Парво қилманг! Иккимиз иттифоқ бўлсак, бас, ҳаммаси жойига тушади.

Толиб илкис бош буриб Севинчга совуқ боқди. Нимадир демоқчи, афтидан койимоқчи бўлди. Лекин тилига кўчирмади. Аламини муштлари ёрдамида ошкор этмоқчидек, дераза токчасини зарб билан муштлаб-муштлаб олди. Шундан кейингина ташқарига юрди. Севинч ҳам бир сўз демай унга эргашди.

Ҳовлидаги манзара Севинч тасаввур қилгандан-да бешбаттар эди. Ток остига қўйилган сўри рўпарасидан Мелибой мироб жой олибди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлган, песлик нуқси урган қўлларини оқ чит рўмол билан ёпиб, тасбеҳ ўгирар, қур-қур хўрсиниб оларди.

Сўрида эса яқин қариндош, қўшни аёллар давра қуриб ўтиришарди. Севинч Толибга эргашиб кириб келганини кўришди-ю, биринчи бўлиб Фахриниса холаси сўридан тушди. У Севинчнинг олдини тўсди-да, икки қўлини белига тиради. Аёлнинг кўзларидан ёш думалар, кўкси билинар-билинмас титрарди.

— Қай гўрда санғиб юрибсан? — дағдаға аралаш сўради холаси лаб буриб. — Гапир, саёқ, гапир!

Шу орада Мелибой мироб аравачасини секин ғилдиратиб келди-да, хола-жияннинг орасига кирди ва Фахринисага жавдираб, ғўдирлаганча қизини уришмасликка ундай бошлади.

— Почча, сиз тек туринг, — асабий шивирлади Фахриниса. — Қизингизнинг бошида тегирмон тош юргизмаяпман-ку! Ё сўраб ҳам бўлмайдими? Ахир, ўзингизам туни билан мижжа қоқмадингиз! Нега энди ҳимоя қиляпсиз?

Мироб бошини эгган кўйи ер остидан Толибга ғазабнок нигоҳ ташлади-ю, Фахринисани тушунган каби аравачасини ортга сурди.

— Хўш, гапирмайсанми? — жиянини тергашда давом этди Фахриниса. — Қайларда юрибсан? Бизни ўйламадингми? Сен ҳали шунақа беҳаёмидинг?

— Сиз, кеннойи, ўзингизни босволинг, — Толиб кутилмаганда Севинчнинг олдини тўсди. — Намунча қичқираверасиз? Шаллақилик ҳам эви билан-да! Севинч мен билан биргайди! Хўш, гап борми?

Фахриниса Толибни ўтган гал кўргани, кимлигидан хабардор бўлгани боисми, ҳийла паст тушди. Аммо сўзини ҳам бериб қўйгиси келмади.

— Сиз билан бирга бўлса, нима қилганини билсак бўлар, ахир, иним! Ҳар ҳолда жигаримиз! Бу ерда бўларимиз бўлди-ку!

Ҳақиқатан, ҳозирги вазият жуда қалтис эди. Гарчи шаҳарда улғайган, умрида бу каби ҳолатларга дуч келиб ўрганмаган, маҳалла, қариндош-уруғ, номус нелигини билмай ўсган бўлса-да, Толиб ниманидир тушунгандек эди. Ҳеч бўлмаганда Севинчнинг шарманда бўлиши муқаррарлигини англаб етганди. Шу сабабли ҳовлидагиларга сир бой беришни хоҳламади. Аввал сўридагиларга бир-бир совуқ тикилиб олди. Бу билан важоҳатини, қайтмаслигини, қудратини қишлоқликларга намойиш қилган бўлди. Сўнгра қайтадан Фахринисага юзланди.

— Нима қилганини билгингиз келяптими жудаям? — мағрур савол ташлади у. — Айтинг, жудаям билгингиз келяптими?

— Ҳа, — жавоб қилди Фахриниса юзини терс буриб. — Билгимиз келяпти.

— Севинч менинг яқин қариндошларимникида қиз ошидайди. У ерга казо-казоларнинг хотинлари, сингиллари келишган. Менам Севинчни синглим деб таништирдим. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Кўнгил ёзди, яйради, дам олди. Бир умр шу каталакдай ҳовлида биқиниб ўтирмайди-ку!..

Сўрида ўтирган қўшни кампирларнинг бири Толибнинг дағдағасидан аччиқландими, беихтиёр ўтирган ерида жавраб берди:

— Бизнинг қишлоқ қизлари-чи, дуч келганга сингил тутиниб кетавермасди, билдингизми?! Оғзингизга келган гапни гапиравераркансиз-да!

Толиб кампирнинг гапини эшитгани ҳамоно сўри томон бир қадам ташлади. Унинг важоҳатини кўриб юраги ёрилаёзган Фахриниса бир ҳатлаб йўлини тўсди.

— Иним, кечиринг энамизни! Билмай гапириб қўйди-да! Нима бўлсаям қари одам-да, иним! Сизга ишонамиз, ишонамиз! Яхшиям сиз боракансиз!

Толиб индамади. Илкис мироб тарафга бурилди-да, аравачанинг икки тутқичини чангаллади.

— Бобой, қани, отланинг, — деди қовоғидан қор ёғилаётган миробга тик боқиб. — Сезиб турибман, мени Кўришга кўзингиз, отишга ўқингиз йўқ. Аммо ҳозир кетмасак бўлмайди. Меникида яшаб турасизлар! Ҳамма нарса бор. Нимайди?.. Ҳа, касалингизниям катта дўхтирларга кўрсатамиз! Қани, бўла қолинг, бобой!

Мелибой мироб бир неча ўн сония Толибга совуқ қараб турди-да, ёнбошдан қоғоз-қалам олиб, қуйидаги жумлаларни битди:

«Иним, майли, қилар ишни қилиб бўлдингиз! Бу ҳунарингиз учун ўла ўлгунимча сизни қарғаб ўтаман, ҳа. Аммо таклифингизга йўқ демайман. Қизимнинг кўнгли ўксиса, чидай олмайман. Фақат айтиб қўяй, жуда тез фурсатда яна қудратингиз ўзингизга қайтай деб турибди. Башарти шунда қизим шўрликнинг кўзидан бир томчи ёш думалатсангиз, икки қўлим ёқангизда бўлади! Шу гапларимни ҳеч қачон эсингиздан чиқарманг! Энди бизни бошланг ўша шаҳрингизга!»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...