АЛАМЗАДА… (25-қисм)

0

 

 

* * *

 

… Мана, шаҳарга келганларига ҳам бир ҳафтадан ошди. Бироқ бу ташриф Севинчга қувонч бахш этмади. Толиб унга нисбатан янада совуққон бўлиб қолди. Деярли эътибор ҳам бермай қўйди. Қаерларгадир чиқиб кетиб, ярим тунда қайтса-да, биринчи палладаги каби дераза қаршисида тўхтамади, сигарет тутатмади, қалби муҳаббат оловида куяётган қизнинг вужудига титроқ солмади.

«У бошқасини топиб олган! Аблаҳ! Айтганлари, ваъдалари, овутишлари бекор экан-да! Нима бўлади энди? Кимга додимни айтаман? Қай деворга бош уриб йиғлайман?..»

Севинчнинг миясини фақат шундай ўйлар банд этганди. Турли ваҳималар бағрини эзиб, ич-этини ерди.

Шу аҳволда ярим кечаси деразадан ташқарига ҳиссиз тикилиб ўтирганда, тўсатдан ташқарида Толибнинг қораси кўринди. У дарвозани тамбалаб, атайинми, ё ўзи сезмаган ҳолдами, Севинчлар жойлашган хона деразаси томон юрди.

Қизнинг юраги потирлаб даст ўрнидан турди ва ҳиқиллай бошлади. Қўйиб беришса, дераза ойнасини синдириб, ўзини ташқарига отар бўлди.

Толиб аста юриб келди-да, қоронғиликда ичкаридаги Севинчни таниб ташқарига имлади.

Қандай рад этсин?!. Бир зумда яна кўнглидаги туманлар тарқаб, беихтиёр жилмайди-ю, эҳтиёт шарт отаси ухлаётган каравотга назар ташлаб қўйиб ўзини ташқарига урди.

— Мендан хафамисан? — сўради Толиб қоронғиликда Севинчнинг икки елкасидан тутиб. — Нега жимсан?

— Й-йўқ, хафамасман, — дея олди аранг Севинч бу гал негадир Толибнинг елкасига бош қўйишга ийманиб. — Сизни кутаётгандим, холос.

— Сенга зўр топшириқ бор, — деди Толиб энди қизни қўйиб юбориб. — Айт, бажарасанми?

— Нимайкан? Тинчликми?

— Тинчлик бўлса қанийди?!. Биласан-ку, ҳамма оғайнилар юз ўгирган. Мана, бугун уй дарвозасиниям ўзим ёпдим. Эшитяпсанми, ўзим ёпдим!?. Ҳаётда дарвоза ёпган одаммасийдим. Нима қилай? Ҳозир шундай қилишга мажбурман. Бўпти, буни қўйиб турайлик. Сен ўзингдан гапир. Бажарасанми топшириқни?

— Албатта бажараман, — деди Севинч ер чизиб. — Сиз айтасиз-у, йўқ дерканманми?.. Ўзи нима иш, Толиб ака?

— Баракалла, — деди Толиб Севинчнинг елкасига қоқиб. — Бу жавобинг зўр бўлди. Қани, юр энди менинг хонамга!

— Вой, нега? — Севинч савол беришга берди-ю, юраги шув этди. Ишонган, суянган муҳаббатини ранжитиб қўйиши хаёлига келмаганини англаб қўрқиб кетди. Шоша-пиша гапини тўғрилади. — Кечиринг, хаёлим жойидамасийди. Бошлай қолинг, Толиб ака!

Ташна кўнгиллар висол лаззатига қонди. Лекин хавотирлар, ҳадик, номус азоби яна Севинчнинг бағрини тиғлай бошлади. Ҳар Толибга ер остидан қараганда, ўзидан нафратланаверди. Фариштадек пок отасига боқишни хаёллагани сайин тўкилаверди. Шунга қарамай, қалби сокин тортди. Ўзига шундай шеркелбат ёрни йўллагани учун яратганга хаёлан шукр қилди. Қалбан дунёдаги барча ошиқ-маъшуқлар улар каби бахтли онларга ошно бўлишларини тилади. Икки юзини кафтлари орасига олганча қайта-қайта хўрсинди. Бу каби хўрсиниқлар ҳам фақат севги уммонини макон тутган маъшуқаларгагина хос эди.

— Энди асосий гапга ўтамиз, — кутилмаганда ўрнидан туриб келиб Севинчнинг ёнидан жой олди Толиб. — Тайёрмисан?

— Тайёрман, — соддаларча кулимсираб жавоб қилди Севинч. — Айтаверинг!

— Сен бугуноқ қўшни давлатга жўнашинг керак.

— Н-нима? — Севинч Толибнинг нима демоқчилигини тушунмай, бақрайди. — Жўнаш? Нимага?

Толиб жавоб беришдан олдин унинг иягини сиқимлади. Шу аснода бошини ўзига яқинлаштирди-да, қалин қошларига бир неча марта «пуф»лаб қўйди.

— Уёқда мижозлар кутишяпти.

— Қанақа мижоз? Нима қилишим керак ўзи?

— Жуда билгинг келяптими?

— Албатта. Жудаям билгим келяпти, Толиб ака.

— Унда қулоғингга қуйиб ол. Қўшни давлатдан сен яширинча наркотик олиб ўтасан.

— Нима? Наркотиги нима ўзи?

Толиб Севинчнинг бу қадар соддалигидан энсаси қотган кўйи бошини чангаллаганча совуқ кулимсиради. Аммо дарров қаддини ростлаб давом этди.

— Буниси билан ишинг бўлмасин. Мен айтган ишни қил. Ахир… Севган одам яқин кишисига ёрдам қилиши керак-ку! Ё нотўғрими?

— Тўғри-ку-я, лекин ўша нарсанинг нималигини айтмадингиз-ку! Мен… Билмасам…

— Қўлингга олгандан кейин биласан. У ерда сени керакли одамлар кутиб олишади.

— М-мени қандай танишади? Мен-чи?

— Уёғи гаплашилган. Чегарага борсанг, бас, ўзлари сени топишади.

— Сиз-чи? Сиз бормайсизми?

— Вей, Севинч, кейинги пайтда жа сергап бўп кетяпсан-да! Бу гапинг нимаси? Мен борадиган бўлсам, сенинг нима заруратинг бор? Қааранглар, мен-а, мен! Мен боришим керакмиш! Ҳалиям кимлигимни билмади-я бу қиз! Ўйлаб гапиряпсанми? Мен кимман ўзи, кимман? Намунча ғалча бўлмасанг?

— Хўп, хўп, тушундим, бошқа савол бермайман! — деди Севинч мажбуран жилмайиш қилиб. — Сизнинг ким эканингизни жуда яхши биламан! Сиз-чи, дунёдаги энг зўр одамсиз! Сизга тенг келадигани йўқ! Энди кетсам бўладими?

— Ҳа, тайёр бўлиб тур, ярим кечаси машина келади. Сени чегарагача олиб бориб қўяди. Уёғига кўрамиз, қандай абжир экансан. Билиб қўй, башарти қўлга тушсанг, мени сотиш йўқ. Менинг исмимни умуман оғзингга олма!

Севинч бу гапдан сўнг янада кўнгли чўкиб аста ташқарига юрди. Бироқ ҳовлига чиққач, бироз юмшади. Хаёлида Толибнинг тунда эркалаб айтган сўзлари, севги изҳорлари жонланиб, кулимсираб қўйди.

 

* * *

 

Севинч бўшишибгина хонага кирди. Отаси яна йиғлашга тушибди. Унинг аҳволини кўриб, кўнгли бузилди. Илк бор қандай юпатишни, кўнглига таскин беришни билмай гаранг бўлди. Тиз чўкиб отасининг икки қўлини маҳкам ушлади-да, юзларига босди. Бу ҳолат Севинчга ўтган кунларни эслатди, уни келажак ҳақида қайта қайғуришга мажбур этди. Қалбидаги армонлар кўз ёшларга эврилиб, юзларини ювиб тушди. Вужудида мудрай бошлаган нафрат кўз очди. Хаёлан қисматга, тақдир чархпалагига лаънатлар ўқиди. Худодан отасига яна тил, оёқ ато этишини ёлвориб сўради. Мелибой мироб эса қизининг эзилаётганини пайқаб, аста бошини кўтарди ва кўз ёшларини терс бурилган ҳолда енгига арта-арта ёнбошдаги қоғозни олди-да, Севинчга тутқазди.

«Қизим, бошингга тушган ташвишлар менга аён, — дейилганди битикда. — Нима қилай? Худойим мени тилдан, оёқдан қисиб қўйди. Сени хўрлаган, номусингни ер билан битта қилганларга қарши қўл кўтара олмайман. Бироқ ҳалиям сени жонимдан яхши кўраман. Шунинг учун айтиб қўяй, Толибга ишонма. У сени севмайди, қизим, севмайди. Сен шўрлик нафс ва наҳс қурбонига айландинг холос. Мана, бугунги гапи, топшириғидан ҳам ниятини англаб олсанг бўлади. Наркотик дегани оқ оғу, қизим! Қўлга тушсанг, қамалиб кетасан. У ифлосга эса бунинг қизиғи йўқ. Сенинг панангда бойишни, беркинишни, сендан қулдек фойдаланишни истайди. Бирдан бир мақсади шу.. Жон қизим, кўзингни оч, ҳали жуда ёшсан. Интиқом пайти етганини идрок эт. Бу сафар сен учун ростакамига имкон эшиги очилди. Фурсатни қўлдан берма! Ўзингни эҳтиёт қил!..»

Севинч мактубни ўқиб бўлди-ю, бўшашганча полга ўтириб қолди. Қайтадан Толибнинг бирга вақт ўтказгандаги ташқи қиёфаси, ўзини тутиши, гап-сўзларини эсга олди. Негадир унга ишонгиси келаверди. Отасининг битикларини аламга йўяверди. «Дадам мана бундай аҳволга тушиб қолганига куяди, Толибни кечира олмайди. Шу сабабли менинг у билан турмуш қуришимни хоҳламайди», деган ўй миясида айланаверди. Лекин қалб алдамайди. Севинчнинг қалби уйғониш палласида эди. Бу галги уйғониш ҳали оқни қорадан ажрата олмайдиган ҳуркак қизни буткул бошқа қиёфага киритиши, йўлга отлантириши, мироб тайинлаганидек, интиқом сари ундаши тайин эди. Шундай бўлди ҳам. Севинч даъфатан сергак тортди. Қизлик номуси бой берилганини сўнгги бор тасаввур этди. Алам ва хўрлик туфайли тўкилган кўз ёшлари бошқатдан киприкларига қўнгандек бўлди. Даст ўрнидан турди-да, дераза қаршисига борди. Шу тобда дунё кўзларига жуда-жуда тордек кўриниб кетди. Ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис этди. Қиз боши билан муштлари тугилиб келди. Юраги тезроқ урди. Лаблари қимтинди. Бўғзига тиқила бошлаган хўрсиниқлар унсиз фарёдга айланди. Оҳ тортиш баҳонасида Толибнинг асл башарасини бир неча маротаба чамалаб кўрди. Ҳеч қачон тўй бўлмаслиги, у фақат кўнгилхушлик учун, шахсий мақсади йўлида бирга бўлиш тарафдори эканига амин бўла борди. Бора-бора ички туғён кучайгандан кучайди. Севинч қўлига қурол олиш, олдинга интилишга шай аскар каби беихтиёр эшик томон талпинди. Аммо дарҳол ортга қайтиб отасининг аравачасига яқинлашди. Миробнинг кўзларидан қалби берган садолар ҳақиқат эканини уқмоқни истади. Ота бу ниятини пайқадими, қизига хомуш тикилганча бош ирғаб қўйди.

— Дадажон, сиз ҳақсиз, — деди ниҳоят Севинч йиғламсираб. — Бу зўравон иккимизниям бадном қилди. Биз ҳеч кимга кераксиз бўлдик. Бироқ у чучварани хом санабди. Уйимиз ёнган куни айтган гапларим гап, дада! Фақат мени дуо қилиб туринг! Шундай дуо қилингки, мен ифлослар қуршовида қолмай, пасткашларга тутқун бўлмай, зўрлар қўйган тўсиқларга қоқилмай! Менсиз хафа бўлмай ўтиринг, жон дада! Мен албатта ғолиб бўламан! Энам раҳматлининг арвоҳи ҳурмати, сиз ва ўзим учун Толибдан албатта ўч оламан. Ўшанда у итдай хор бўлади, пойингизга тиз чўкиб бир бурда нон сўратмасам, одам эмасман, дада!

Шундай деди-ю, Севинч йиғлаб юборди. Отасининг қўл чўзиб юпатишлари, сочларини асабий силашларига-да эътибор қилмади. Эътибор қила билмади. Шу кўйи узоқ вақт юм-юм йиғлади. Кейин эса ҳушёрланиб, отасининг кўксига бирпас бош қўйиб ўтирган бўлди-да, ўрнидан турди ва йўл тадоригини кўриш илинжида бошқа хонага ўтди…

Тун чўкди. Ташқарида машинанинг бир марта чўзиб сигнал чалгани қулоқни қоматга келтираёзди. Севинч учун бу товуш гўё қиёматдан дарак берувчи ёқимсиз ва совуқ сасни эслатарди. Шу сабаблими, эшитгани ҳамоно бир неча маротаба сесканиб қўйди. Кейин эса Толибнинг талабига кўра бир тўпга йиғилиб, устидан рўмол танғиб ўралган сочларини сўнгги бор кўзгуда текшириб олди-да, аравачада жавдираганча ўтирган отасига дардли нигоҳ ташлади. Шу тобда отаси билан охирги маротаба кўришиб тургандек бўлди. Бир муддат тек қотиб тургач, югура келиб миробнинг бўйнини қучиб олди. Шу кўйи унсиз хайрлашди. Киприкларини намлай бошлаган кўз ёшлари сирни очиб қўймаслиги учун даст ўрнидан турди-да, ташқарига ўзини урди.

Чиқиб кетаётиб, отаси қолиб кетган хона деразасига қайта-қайта қаради. Шу йўл билан безовта, ўксик қалбини овутди. Ташқарига зипилламоқчи эди, тўсатдан хона эшиги очилди-ю, мироб кўринди. У товуш чиқармаган ҳолда қизини қошига чорларди.

— Ҳа, дадажон, нима бўлди? — Севинч отасига яқин бориб тиз чўкди-да, кўзларига умидвор термилди. — Бирор гап айтмоқчимидингиз?

Жавоб ўрнига мироб бир парча қоғозни орқасига қўйилган ёстиқ орасидан чиқарди ва қизига узатди. Чамаси, бу хайрлашув мактуби эди.

— Одам боласи азалдан мушкул аҳволда қолганда ўтганларни ёдга олади, — дейилганди мактубда. — Сен ҳам худди шундай вазиятдасан, қизалоғим. Ёлвориб сўрайман, йўлда албатта онанг раҳматлини ёдга ол, ундан ойдин йўл сўра, кўмак беришига умид боғла! Онажонинг безовта, гўрида тик турган кўринади, эркам! Бошинг тошдан бўлсин!

Севинч бу сатрларни ўқиди-ю, ялт этиб отасига боқди. Боқиш асносида вужудидаги жами меҳрини падарига ҳадя қилган бўлди.

— Отажоним-эй, — дея шивирлади у. — Ҳамманинг отасиям шунақа меҳрибонмикан? Қанийди шундай бўлса! Бебошлик қилдим, юзингизни ерга қаратгудай ёмон ишлар қилдим, барибир бошимни силаяпсиз-а, дада! Бунинг ўрнига қарғаб юборсангиз, қаршингиздан ҳайдаб солсангиз бўлмайдими? Нега бунақа меҳрибонсиз? Мен… Арзийманми шунга?..

Севинчга жавобан мироб икки қўлини олдинга чўзиб қизининг бошини кафтлари орасига олди. Бироқ бир оғиз сўз демади. Жуссаси дағ-дағ титраганча пешонасидан чўлп этиб ўпиб, Севинчни йўлга отланишга ундади…

Ташқарида қора «Волга»да икки йигит пойлаб турарди. Чиқиши билан йигитлардан бири ўтирган ерида машинанинг орқа эшигини очди. Севинч сўзсиз машинага чиқиб ўтирди. Ҳайдовчи дарҳол моторга ўт қўйиб газни босди.

Севинч қоронғиликда ҳайдовчига, ёнидаги йигитга зимдан разм солди. Ҳайдовчини таниди. У Толибнинг ишонган шотирларидан бири Сарвар эди. Ёнидагиси эса негадир нотанишдек туюлди.

— Қаерга кетяпмиз ўзи? — эҳтиёт шарт савол ташлади Севинч Сарварга. — Билсам бўладими?

— Боргандан кейин биласан, — совуқ жавоб қилди Сарвар. — Бўлар-бўлмас саволлар берма, илтимос! Ака шундай тайинлаган…

Севинч жим бўлди. Бошини орқадаги юмшоқ чарм ёстиқчага қўйди-да, кўзларини юмди. Шу ондаёқ хаёлида онаси раҳматлининг ғамгин сиймоси гавдаланди. Икковлон хаёлан дардлаша бошлашди. Олдинига онаси қизи тутиб қўйган ишдан норозилигини сир тутолмай койинди. Кейин йўл-йўриқ кўрсатишга, маслаҳат беришга ўтди. Бу мавҳум манзара Севинчни хаёлнинг олис манзилларига олиб кетгандек эди.

«Сен жуда узоқ йўл юрасан, — дерди марҳума онаси бошидаги қордек оппоқ рўмоли учини асабий тишлаб. — Чарчоқлар томоғингдан олади. Сўзлашга ҳолинг қолмаган каби мадорсизлана бошлайсан. Ёнингдагилар сени хилват бир кўчага ташлаб кетишади. Яқин атрофда уй-жойлар йўқ. Катта кўча, ваҳшати аждаҳодек зулмат қўйнида ёлғиз қоласан. Ана ўшанда сира бўшашма! Турли бўлар-бўлмас таҳлика, ваҳималарга ён берма! Фақат ёдингдан чиқмасин! Бу сен учун жуда муҳим, ойим!..»

Бу сўзлар худди қулоқлари остида жаранглагандек туюлиб, Севинч илкис бошини кўтарди-да, деразадан ташқарига боқди. Машина ҳали шаҳардан чиқмабди. У ўзи сезмаган ҳолда ташқаридан онасини қидирди. Топа билмагач, хаёлидан кечган ўйларни, қалбини кемира бошлаган она ўгитларини идрок этишга уринди. Уддасидан чиқмади. Нималар бўлаётгани, қай йўлдан бораётганига фаҳми етмади. Бирпас аланглаб ўтирди-да, таваккал қайтадан кўзларини юмиб олди. Шундай қилса, тинчийдигандек, ҳаловат топадигандек кўринди.

 

* * *

 

Машина беш соатга яқин йўл юрди. Тун ярмидан оғганда ниҳоят Сарвар рулни чапдаги қайсидир кўчага бурди.

Кўча ҳақиқатан хилват дейилганича бор экан. Бу ерда на уй, на бир бино бор. Икки ён бағир яйдоқ дала, четлари тутзорлардангина иборат. Ҳар бир тут танаси қулоч етмас даражада йўғон. Новдаларнинг шабада таъсирида шитир-шитир қилиши унча-мунча қўрқоқ одамнинг юрагини тушириши тайин эди.

— Қўрқмайсанми нари боришга? — сўради Сарвар Севинчга анча наридаги назорат постини кўрсатиб. — Агар қўрқсанг…

Севинч ҳақиқатни айтишга негадир чўчиди. Ёнидагилар инсофли, диёнатли кимсалар эмаслиги ёдига тушиб, бир қадам ортга тисланди-да, қоронғиликда Сарварнинг кўзларига тик боқди. Шу баҳонада қиз бола бўлса-да, ботирликда унча-мунча йигитдан қолишмаслигини исботламоқчи бўлди.

— Қўрққанимда келмасдим, — жавоб қилди у тап тортмай. — Мени ким деб ўйлаяпсиз?

— Билардим, билардим, — тиржайиб ер чизди Сарвар. — Гап йўқ, акам бунақа ишларга кимни юборишни билади!

— Хўш, яна савол борми? — бу гал кескинроқ оҳангда сўради Севинч. — Агар савол бўлмаса, менга топшириқни тушунтиринг!

— Топшириқми? Акам айтмаганмиди? Тушунтирмаганмиди?

— Йўқ, сизлар йўл-йўриқ кўрсатишингизни тайинлаган.

— Унда яхшилаб эшит, — Сарвар қайтадан назорат пости томон қараб, чумоли каби ғимир-ғимир қилаётган одамлар, машиналар шарпаларига ишора қилди. — Сен ҳув ўша машиналарга яқин борасан. Тутзор оралаб борасан. Машиналарга етмасингдан сени икки эркак кутиб олади. Бирининг оти Малик, иккинчиси… Қари бир одам. Унинг сенга қизиғи йўқ. Шунчаки шерик холос. Хуллас, сенга ўша Малик қоғоз халта беради. Халтачада «товар» бор. Оласан-у, орқага қайтасан. Билиб қўй, бу сен ўйлаганчалик осон ишмас. Кутилмаганда мелисалар келиб қўлингга кишан солиши ҳеч гапмас. Чунки улар ҳар қадамимизни пойлаб юришади. Жуда ҳушёр, дилгир бўлиш керак бунақа пайтда. Қолаверса, Малик ўзича сени текшириб кўриши ёки қаёқдаги гапларни гапириб асабингга тегиши мумкин. Шунгаям тайёр тур. Ҳар ҳолда уларгаям ишониб бўлмайди. Бизнинг иш шунақа қалтис, синглим.

— Хўш, ўша халтани опкелиб сизга топшираманми?

— Албатта менга топширасан. Катта холангга топширармидинг?

— Вей, жа оғзингга эрк бераверма! — кутилмаганда Сарварни «сен»лаб, жеркиб берди Севинч. — Ким билан гаплашаётганингни биласанми ўзинг? Ҳали шаҳарга қайтишингни ўйла, эркак!

— Нима? Шу… Сенми?.. — Сарвар бундай кескин ва таҳдидли муомалани айнан Севинчдан кутмаган эканми, кўзлари чақчайганча турган ерида тош қотиб қолди. Бир неча дақиқа нима дейишни билмай каловланди. Қиз боладан ўзи учун шундай ҳақоратли сўзларни эшитишга одатланмаган зўравон икки қўлини мушт қилганча олдинга юришга, беихтиёр Севинчни дўппослаб ташлашга тараддудланди. Аммо нимадир ёдига тушиб илкис ортга тисланди ва асабий ҳиринглади. — Шу… Ўзингми?.. Севинч, узр, «просто» кутмагандим сендан, кутмагандим!.. Бўлди, ортиқча гап-сўз йўқ! Ярашамиз, ярашамиз!.. Кечириб қўясан!

— Шундай бўлсин! — бўш келмади Севинч. — Ҳар бир гапингни ўйлаб гапир бундан кейин! Мен-чи, жонимни тикиб йўлга чиққанман! Йўқотадиган ҳеч нимам йўқ.

— Хўп дедим-ку, синглим, — паст тушиб Севинчнинг атрофида капалак каби бир неча марта айланиб ялтоқланди Сарвар. — Аканинг ҳурмати баланд мен учун! Бўпти… Бошқа қайтарилмайди! Бас!.. Илтимос, Севинч, шу гап орамизда қолсин! Ақлли қиз бўлгин энди!..

Севинч унга жавобан ҳеч нарса демади. Бир қовоқ уйиб олди-да, кўрсатилган тарафга жадал юра кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...