АЛАМЗАДА… (26-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бу сўқмоқ ўз қилмишларини мелисалардан беркитиш, шу йўл билан ҳаром пул орттириш илинжида бўлган қора ниятли кимсалар учун атайин барпо этилгандек эди. Тутзор оралаб борасан-у, назорат постидаги мелисалар, машиналар узоқдан аниқ кўриниб туради. Аммо сўқмоқнинг ваҳимаси етарлича. Тун сокинлиги боисми, ҳар бир тиқ этган товуш қулоғингни қоматга келтирай дейди. Бу ҳам етмагандек, сўқмоқ анча узун, зулмат қаъридан гўё ажина ё арвоҳ чиқиб қоладигандек одамни титрашга, юрак ҳовучлашга мажбур қилади.

Севинч қўрқа-писа юриб борарди-ю, ўзи билмаган ҳолда болалигида бобосидан эшитган бир қалтис ҳазил воқеани эсларди. Бобосининг айтишича, эллигинчи йиллар экан. Маҳаллада Мўмин кал деган одам бор экан-у, ҳадеганда одамларга «Мен балоданам қўрқмайман! Юрагим отнинг калласидай! Мени қўрқитаман деганнинг ўзи эрта-кунда лабига учуқ тошиб адо бўлади» деявераркан. Бир-икки ҳазилкашлар атайин Мўмин кални қўрқитиб, попугини пасайтириб қўймоқчи бўлишибди. У ҳар куни ярим тунда далага яхоб бериб бўлгач, шошилмасдан икки ён бағри манави каби тутзордан иборат сўқмоқ бўйлаб уйига қайтаркан. Икки тенгқури шу кеча ухламабди. Тутнинг йўғонроқ новдаларидан тобут ясашибди ва устини оппоқ мато билан ёпишибди. Сўнгра тобутни айни Мўмин кал юриб келадиган сўқмоққа кўндаланг қилиб қўйишибди. Ўзлари эса бир четда пойлаб ўтиришибди…

Мўмин кал ўшанда шу қадар қаттиқ қўрққан эканки, бир ҳафта маҳалла имоми тепасида ўтириб куф-суф қилиб чиққан экан. Тузалишга тузалибди-ю, сувчилигиниям ташлабди, қайтиб бировга мақтанмайдиган, бемаҳалда уйдан кўчага чиқмайдиган бўлибди…

Хотирасига ўрнашиб қолиб, айнан шу лаҳзаларда хаёлига чиппа ёпишган бу воқеа Севинчнинг қалбидаги қўрқувни минг чандон ошириб юборди. Ҳатто қадам ташлашга-да чўчиб қолди ва вужуди дағ-дағ титраганча ортга ўгирилди.

Не кўз билан кўрсинки, ўзидан тахминан беш метрча нарида оппоқ кийимли, сочлари тўзғиб кетган бир аёл турарди.

Севинчнинг жон-пони чиқиб кетаёзди. Лаблари кўкариб, тутларнинг бирига маҳкам ёпишиб олди.

Аёлнинг турқи совуқлигини қоронғиликда ҳам илғаш мушкул эмасди. У турган ерида тез-тез жуссасини қимирлатиб-қимирлатиб қўяр, ҳар қимирлаганда, ёйиқ сочлари денгиз тўлқини янглиғ чайқаларди.

Севинч дарахтга ёпишганча нима қилишни билмай тек тураверди. Оқ кийимли аёл ҳам ҳадеганда кетай демасди. Фақат Севинчга тикилган кўйи сукут сақларди.

Севинч азбаройи қўрққанидан тут устига чиқиб олишга уринди. Энди бир оёғини дарахат танасига қўйганди, оқ кийимли аёл беўхшов, лекин баланд овозда кулиб юборди. Кулги бутун чор атрофни тутиб кетгандек бўлди. Бироқ бу шовқинга жавобан тиқ этган товуш эшитилмади. Агар ҳақиқатан шовқин кўтарилса, Сарвар ҳамтовоқларини ёнига олиб Севинч томон чопқиллаши тайин эди. Шунга қарамай, Севинч жазавага тушди. Ув торта-торта кафтлари билан икки қулоғини маҳкам бекитиб олди.

Аёл яна бир карра кулгисини такрорлади ва аста Севинч томон юрди.

— Йўқол, ажина, йўқол! — хириллаб, қўлларини олдинга чўзди Севинч. — Яқинлашма!..

Бу гапидан сўнг кулги қаторасига уч-тўрт марта такрорланди. Шу галгиси худди укки товушини эслатарди. Айниқса, охирги кулги Севинчнинг миясига мисоли ханжар каби урилди. Бошдан кечирилган аламли, армонли, асабий лаҳзалар қўзғолон кўтарди. Қизнинг асаб томирлари торайгандек, бирдан эти увишди. Танаси қизиб, мияси лўқиллаб бораётганини ҳис этди. Икки-уч марта ўқчиб-ўқчиб олди. Сал ўтмай, қалбидаги қўрқувлар қаёққадир ғойиб бўлди. Кайфияти кўтарилиб кетди. Аёлнинг туриш-турмуши, ҳатто ўзи ёпишиб олган тут дарахти, новдалар шитирлаши ҳам кулгисини қистатаверди.

Севинч куч билан кўйлаги ёқасини йиртиб ташлади-да, бошидаги рўмолни ечди. Сочлари тўзғиб, юз-кўзларига қадар ёпди. Шу аҳволда ерга ўтириб олди.

— Ажинамисан, кел, кел, — дея аёлни чорлай бошлади Севинч ерни шапатилаб. — Биргалашиб «лойпишталак» ўйнаймиз! Ё «тўптош» ўйнаймизми-а? Менга ўртоқ бўласанми? Айт, бўласанми? Э, тўптошга данак йўқ-да! Нима қиламиз? Тош топибам ўйнайверамизми? Кел, ўртоқжон, келақол!..

Аёл гавдасини у ёндан бу ёнга ташлаб, ўзича Севинчни масхаралади. Кейин эса тўсатдан ерга эгилиб, ниманидир қўлига олди-да, унга қарата ирғитди. Бу тошмиди, темирмиди, номаълум, тўппа-тўғри Севинчнинг пешонасига келиб тегди. У додлаганча пешонасини чангаллади-ю, жон аччиғида ўрнидан туриб кетди.

— Вой боши-им!..

Севинч турган ерида айлана-айлана беихтиёр ерга юзтубан йиқилди ва ҳушидан кетди…

Шу маҳал назорат пости томондан кимлардир келаётганди. Кела солиб бараварига беҳуш ётган Севинчнинг тепасига энгашишди.

Уларнинг бири Ҳайдар сувчи эди. Мелибой миробга қўшилиб Россияга поезддаги ёғочларни қўриқлаб келиш учун кетиб, кучли ёнғин содир бўлгач, амал-тақал қочган, жонини сақлаган ва шу ерларгача етиб келиб, ярим кечалари бекитиқча тирикчилик қиларди. Кўп бора қишлоғига бормоқчи, яқинлари, бола-чақасини кўрмоқчи бўлди. Сўнгги қилмишлари туфайли фикридан қайтди. Қишлоқдагилар қилиб юрган ишидан хабар топган чиқса, шарманда бўлишдан чўчиди.

— Ие, тўхта, бу Севинч-ку, — деди Ҳайдар сувчи ҳовлиқиб шеригига. — Ҳа, худди ўзи. Оғайнимнинг қизи бу! Севинч, кўзингни оч! Сенга нима бўлди? Бу ёқларда нима қилиб юрибсан? Кўзингни очсанг-чи!..

— Шу қизмикан биздан «мол» оладиган? — сўради шериги Ҳайдар сувчидан. — Ҳали жудаям ёш-ку!

— Э, қайдам? Каллам ишламай қолди, — деди Ҳайдар сувчи асабий лаб тишлаб. — Бу қиз қишлоқдошим бўлади. Отаси яқин дўстим эди. Нима қилиб бу ерларга келиб юрибдийкан? Вей, вақтни ўтказмайлик, қизни касалхонага обориш керак, Малик!

— Ўлиб қолмаганмикан ишқилиб?

— Э, нафасингни ел олсин! Ҳушдан кетган. Ана, нафас оляпти-ку! Ма, манави халтани ушла, ўзим кўтарволаман уни!

Ҳайдар сувчи қўлидаги халтани шеригига тутқазди-да, Севинчни даст кўтариб Сарварнинг машинаси тўхтаган тарафга жадал юриб кетди…

 

* * *

 

Бандасининг қисмати қора, манглайи шўр бўлса, ҳар қадамда қоқилишдан тийила олмаскан.

Севинчнинг бу сафарги қатъий қарори — Толибдан отаси ва ўзи учун ўч олиш нияти ҳам саробга айлангандек эди.

Врачлар текшириб кўриб кучли руҳий зўриқишга учраганини айтишди. Севинчни шу атрофдаги руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизиб қўйишди…

Палатада Севинч билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт аёл ётарди. Мана, вақт тонгга яқинлабдики, Ҳайдар сувчи ҳануз қишлоқдошининг тепасидан жилмади. Ҳушига келишини кутди. Дўстининг қизи тузалиб кўз очишига, бўлиб ўтган ишларни айтишига, отаси ҳақида гапириб беришига умид боғлади. Шу тахлит анча ўтирди. Чарчоқ енгибдими, ё ёш кета бошлаганиданми, кўзи илинган экан. Аллакимнинг қичқириғидан уйғониб кетди.

Нариги каравотдаги чўпдек озиб кетган, ўрта яшар, юзлари шилинган бемор аёл ўрнидан туриб шундоқ сувчининг тепасида ҳозир бўлибди. Аёл кўз қарашлари бежолигини айтмаса, туппа-тузук хонадоннинг бекасига ўхшарди. Ҳайдар сувчи ҳайрон бўлиб, елка қисганча аёлга боқди.

— Ҳ-ҳа, синглим, сизга нима бўлди? — сўради тутилиброқ аста ўрнидан қўзғалиб. — Бирор ерингиз оғрияптими?

Аёл сувчининг саволига жавобан икки қўлини белига тиради-да, лаб буриб тиржайди.

— Ҳа-а, отажониси, ҳалиям мендан хафамисиз? — деди у. — Ўшанучун бошқасига ўтволдингизми?

Шундай деди-ю, аёл беихтиёр йиғламсираб, кўз ёшларини енгига артиб-артиб олди.

— Мен… Тушунмадим, — Ҳайдар сувчи баттар ҳайрати ортиб эҳтиёткорлик билан ортга тисланди. — Б-бировга ўхшатдингизми дейман, синглим?

— Вой-бў-ў, — дея каравотда ҳануз беҳуш ётган Севинчга нафратли нигоҳ ташлади аёл. — Шу мегажиннинг мендан қандай ортиқ ери боракан? Уялмайсизми қартайган чоғингизда ёш қизларга илиқишга?

Аёлнинг ҳайқириғидан қолган икки бемор ҳам уйғониб кетди. Улар бараварига ўринларидан туриб ўтиришди. Аммо негадир дарҳол бошларини кўрпа билан маҳкам ёпиб олишди.

— Ахир, мен мушукчамни эркалаётгандим! — энди росткамига йиғлаб сувчи томон талпинди аёл. — Эшитяпсизми, отаси, мушукчамни эркалаётгандим холос!?.

Очиғи, Ҳайдар сувчи умри бино бўлиб руҳий хасталар билан тиллашиб кўрмаганди. Бир томондан кулгиси қистаб, кафти билан аранг оғзини ёпар, иккинчи томондан бу бемор аёлга ич-ичдан ачинарди.

Аччиқ кўз ёшлари кўнглини буздими, сувчи аёлга ҳазиллашгиси келди. Шундай қилса, аёлнинг кўнгли кўтарилармикан, тинчланармикан, деб хаёл қилди.

— Ҳа энди, ўша куни биз ичиб келгандик-да, онаси, — деди Ҳайдар сувчи ёлғондакам кулимсираб. — Сиз бўлсангиз, ичкарида нуқул «эркам, арслоним» деб аллакимга эркаланаётганакансиз. Хафа бўлдик-да ким экан биздан яхшироқ арслони деб, пари!

— Ҳалиям менга ишонмайсиз, мени ёмон кўрасиз, — дийдиё қила бошлади аёл бирдан йиғлашни бас қилиб. — Биласиз-ку, мушукчамни яхши кўраман. Кириб келганингиздаям уни қучоқлаб ўтиргандим-ку! Сиз бўлсангиз, «Ўйнашингни қайси деразадан қочириб юбординг?» деявериб ҳоли жонимга қўймадингиз. Қаранг, юзларим кўкариб кетди, кўкариб!..

Бу гап сувчини боши берк кўчага киритиб қўйгандек бўлди. Сал қурса, қовун тушириб қўяёзганини англаб, қалбан надомат чекди. Аёлга жавобан нима дейишни билмай гарангсиди. Яхшики, шу маҳал палатага ҳамшира кириб келди ва Ҳайдар сувчидан узр сўраб аёлни каравоти томон бошлади.

— Келинг, жоним, ёта қолинг! Ҳозир ўзим сизга уколча қип қўяман! Маза қилиб ухлайсиз! Ёта қолинг!..

Ҳайдар сувчи ҳамширага ўгирилиб, бу аёлнинг касали сабабларини сўрамоққа шайланди. Аммо истиҳола қилди. Бош чайқай-чайқай, Севинч ётган каравот томонга юзланди.

Не кўз билан кўрсинки, Севинч кўзларини очибди. У лаблари хиёл титраганча шифтга термилиб ётарди.

Тепасида сувчини кўриб, мийиғида жилмайди.

— Ҳайдар амаки, сизмисиз? — сўради шивирлаб. — Дадажонимнинг яқин дўстимисиз?

— Ҳа, асал қизим, менман, Ҳайдар амакингман, — деди сувчи йиғламоқдан бери бўлиб. — Тузукмисан?

— Жаннатдамисиз? — сўради Севинч талмовсираб. — Амаки, сиздан сўраяпман, жаннатдамисиз?

— Ҳ-ҳа, сенам, менам жаннатдамиз, — таваккал қизнинг кўнглига қараган ҳолда жавоб берди сувчи эҳтиёт шарт бояги бемор аёл тарафга ўғринча кўз ташлаб қўйиб. — Тинчлан, ўзингни зўриқтирма!

— Мен дўзахдаман, амаки, — деди Севинч Ҳайдар сувчининг овутишига эътибор қилмай. — Вужудим ёниб кетяпти! Мени дўзахга ташлашди… Айтганча, амаки, дадажоним ногирон бўп қолган! Қарайдигани йўқ энди! Кўриб қолсангиз, қишлоққа опкети-инг, жон амаки!

— Хўп, қизим, хўп, — деди сувчи тиззасига билинар-билинмас муштлаб. — Опкетаман. Икковларингниям опкетаман. Асосийси, тирик экансизлар, менга шуниси катта давлат, қизим!

— Мени маликаликка сайлашди-и, — яна талмовсирашда давом этди Севинч. — Толиб акамниям опкеламан дўзахга яқинда. У киши-чи, ҳаммамизга бошлиқ бўлади, ҳа!

— Қўй, унақа гапларни гапирмагин, қизим, — деди Ҳайдар сувчи тепасида кулимсираганча тек турган ҳамширага қараб олиб. — Сен ҳали соғайиб кетасан. Ўзим келиб опкетаман.

— Мен алвастини енгдим! Сочларини битталаб юлволдим. Кейин мени дўзахга опкетишди.

Ҳайдар сувчининг тоқати етмади. Оғир хўрсинган кўйи нари кетди-да, ҳамширага умидвор тикилди.

— Қўяверинг, эътибор қилманг, — деди ҳамшира унинг нима демоқчилигини англагандек қўл силтаб. — Бу ерни касалхона деб қўйишибди, амаки! Қизингиз тузалади, касали унақа оғирмас. Қаттиқ сиқилган шекилли. Ҳа, айтганча, оғир беморларимиз бошқа палаталарда ётишади. Хотирингиз жам бўлсин!

— Илойим айтганингиз келсин, — деди сувчи ичига туфлай-туфлай. — Бу қизим энг яқин дўстимнинг ёлғизи, тушуняпсизми?!. Шунақа ақлли, фаросатли, одобли қиз эди. Қайси ярамас бу аҳволга солдийкин, билолмай қолдим!

— Кўргилик-да энди! Бандасининг қўлидан нимаям келарди?.. Дарвоқе, амаки, анави опа нима деб бошингизни қотираётганди?

Ҳайдар сувчи пайқади. Ҳамшира жуда фаросатли, ҳушёр экан. Сиқилаётганини пайқаб, атайин чалғитмоқчи бўляпти. Аслида ҳаммасини кириб келганда ўзи эшитган, кўрган.

«Шуларнинг борига шукр, — кўнглидан ўтказди сувчи ер чизиб. — Йўқса, бу палатада бир-икки кун ўтириб қолган одам ҳам ғирт жинни бўп қолади… Худо асрасин!..»

Ҳайдар сувчи эндигина ҳамширага нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, палата эшиги очилди-да, остонада ўн тўққиз-йигирма ёшлар атрофидаги келишган бир йигит пайдо бўлди.

— Севинч Мелибой қизи шу палатадами? — сўради у гоҳ ҳамширага, гоҳ сувчига боқиб.

— Худди шу ерда, — жавоб қелди ҳамшира йигитга пешвоз чиқаркан. — Тинчликми, ука? Кимлари бўласиз?

— Йўқ, мени Толиб ака деган одам юборди. Манави уколларни бериб юборди. «Срочно» беморга шу уколларни қилиш керак экан.

Йигит шундай деб қўлидаги қоғоз халтачани ҳамширага узатди. Бироқ ҳамшира халтачани олишга шошилмади.

— Тушунмадим, — деди у янада жиддий тортиб. — Ким у Толиб акангиз? Мен… Таниёлмадим. Қолаверса, биз ҳеч кимга укол олиб келишни буюрмаганмиз. Давлат ҳамма дори-дармонлар билан бизни таъминлаб қўйган.

— Танишингиз шартмас, — деди йигит. — У киши Севинч Мелибой қизининг яқин одами. Кейин… Опажон, Толиб ака қарорини муҳокама қиладиганларни хушламайди. Шуниям унутманг!..

Бу гапни эшитган Ҳайдар сувчи беихтиёр жонланди. Толибнинг кимлигини қайта-қайта тасаввур этиб оғзининг таноби қочди. Шу аснода Севинчга ғурурли назар ташлаб қўйди ва ҳамширага юзланди.

— Синглим, олаверинг, — деди сувчи кулимсираб. — Толиббой деганлари каттаконлардан, ҳа! Жа мартабали, обрўталаб одам. Олинг, тезроқ олинг! Севинч қизимни тезроқ тузатинг! Бу ерларда хор бўлиб ётмасин Севинчимиз!..

Ҳамшира ҳам табиатан қайсарроқ эканми, барибир халтачани қўлига олишга шошилмай, бир муддат фикрлаган каби туриб қолди. Афтидан бошлиқлари билан маслаҳатлашишни хаёл қилди. Буни сувчи ҳамшира қур-қур йўлак томон қараб-қараб олганидан пайқади.

Аммо бу ҳолат узоққа чўзилмади. Ҳамшира ниҳоят паст тушди. Ўзига еб қўйгудек совуқ тикилиб турган йигитга ер остидан қараб қўйди-ю, халтачани қўлига олиб эмлаш хонасига йўл олди. Чиқиб кетаётиб, совуққон оҳангда луқма ташлади:

— Олдин бу дори нималигини текшириб кўрамиз!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...