Коронавирусдан ҳимояланиш: ҳаммаси оддий ва бироз кулгили ҳам

0

Ўзбек хушчақчақ миллат. Кўча куйда коронавирус билан боғлиқ кўплаб ҳазилларни эшитишга улгурдик. Шундай экан, бу касалликдан ҳимояланишда ҳам шу услубдан фойдаландик.

• Қўл бериб саломлашманг (тўғри тушунишади);
• Қўлларни совунлаб ювинг (кир совунми, атир совунми, фарқи йўқ);
• Вақти-вақти билан антисептик салфетка ёки гель билан тозаланг (ҳа, шунақа нарсалар ҳам бор, шунчаки биз уларни ишлатишга ўрганмаганмиз);
• Зарурат бўлмаганда юз-кўзингизни қўл билан ушлашдан воз кечинг (баҳонада юмшоқ юзимиз дағал қўлларимиздан дам олсин);
• Йўталаётган, аксираётган одам билан масофа сақланг (шартта қочиб кетманг, кўнглига келади);
• Телефон, пульт, компьютер ва шунга ўхшаш кўп ишлатиладиган буюмларингизни тозалаб туринг (ўзи бу қоидага коронавирус келмасидан олдин ҳам амал қилиш керак эди. Майли, ҳечдан кўра кеч);
• Йўталганингизда ёки аксирганингизда оғзингиз ва бурнингизни тўсинг (бу ҳам азалий қоида, коронавирус туфайли долзарб бўлиб қолди холос);
• Ниқоб тақинг, аммо уни тез-тез алмаштириб туринг (дорихоналарда топилмагани баҳона бўлмасин, оддий воситалардан оддий ниқоблар тайёрлаш бўйича ўнлаб усуллар кўрсатилди);
• Одам кўп жойга борманг (чойхона кутиб туради);
• Оч қолмасликка, яхши овқатланишга ҳаракат қилинг (барибир чойхонага борилади шекилли…);
• Мунтазам қайнатилган сув ичинг, газли ичимликларни чекланг (ҳа, колани ҳам);
• Ҳайвонлар билан муносабатда эҳтиёт бўлинг (албатта, Ҳиндистон тажрибасини қайтармайсиз, лекин жониворларни парваришлашда юқиш хавфи борлигини унутмаслик лозим);
• Хоналарни тез-тез шамоллатинг, ташқарига чиқишга қўрқманг, тоза ҳавода сайр қилинг, чекишни чекланг (ташламайсиз, ташлолмайсиз барибир);
• Йўтал, ҳарорат, нафас қисиши каби белгилар кузатилса, саросимага тушмай, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг ва бошқалар билан контактни чеклаб туринг (катта эҳтимол билан оддийгина тумов ёки гриппга чалингансиз, лекин барибир коронавирус айбдор туйилаверади);
• Унутманг, айни кунларда Сизнинг коронавирусга чалиниш эҳтимолингиз миллиондан бир ҳам эмас, ҳатто бу касаллик кўпайиб, 100 000/1 нисбатга келганда ҳам бир ўйлаб кўринг, ваҳимага арзийдими?

Саломат бўлинг! Бу вирус Сизни ва яқинларингизни четлаб ўтсин!!!

 

kun.uz

loading...