АЛАМЗАДА… (27-қисм)

0

 

 

* * *

 

Йигит ҳамшира чиқиб кетгани ҳамоно бир неча марта каравотлардан бирининг четига муштлаб-муштлаб олди. Афтидан қаттиқ асабийлашди. Ҳайдар сувчига юзланиб нимадир демоқчи бўлди. Лекин фикридан қайтди. У томон бир қадам ташлади-ю, дарҳол ортга тисланди.

Орадан беш дақиқача вақт ўтиб ҳамшира палатага кирди. Унинг ранги оқаринқираган, ер остидан дори олиб келган йигитга хўмраярди.

— Хўш, қачон қиласиз уколни? — сўради йигит бетоқатланиб. — Нега жим турибсиз? Эмламайсизми беморни?

— Ука, — деди ҳамшира иложи борича ўзини босиб. — Кимлигингизни, қандай одамлигингизни билмадим-у, аммо бу уколни Севинч Мелибой қизига сира қила олмайман. Ҳақим йўқ.

— Нима? — йигит бу гапни эшитибоқ бир ҳатлаб ҳамширанинг тепасида ҳозир бўлди. — Нима дедингиз? Ҳақим йўқ? Нимага? Ким айтди? Ўйлаб гапиряпсизми, опа?

— Илтимос, ташқарига чиқайлик, — деди мулойимлик билан ҳамшира. — Беморларимизни қўрқитиб юбормайлик! Юринг!

Йигит баттар жаҳли қўзғаб, ҳамширага эргашганча йўлакка чиқди.

— Хўш, опа, нима гап? Нима халал беряпти сизга? Бирор муаммо борми?

— Муаммо бўлгандаям қанақа муаммо! — шивирлади ҳамшира йўлакнинг икки тарафига эҳтиёт шарт қараб олиб. — Ахир, уколингиз беморни баттар қилади-ку! Ғирт жинни қилиб қўяди-ку! Умрининг охиригачаям одам бўлмай ўлиб кетади-ку! Нима қасдингиз бор бу қизда, барака топкур?

Йигит лаб тишлаганча ҳамширага еб қўйгудек тикилди.

— Мен сизни бошида огоҳлантирдим-а? — деди у дағдаға аралаш. — Дори кимдан эканиниям айтдим шекилли. Ё йўқми?

— Хўш, нима бўпти?

— Унда бажаринг айтилган ишни! Агар Толиб аканинг ўзи келадиган бўлса, сизга жуд-даям ёмон бўлади, опа! Ҳойнаҳой, оилангиз, бола-чақангиз бордир. Уларнинг етим қолишини хоҳламассиз?

— Нима? — ҳамшира йигитнинг сўнгги таҳдидидан ростакамига қўрқиб кетганди. Буни ранги оқариши, лабларининг гезариши ошкор қилиб қўйди. — Н-нимага?.. Сизлар…

— Қўрқманг, — уни овутган каби билагидан оҳиста тутди йигит. — Ҳамма нарсанинг иложи бор. Буни биласиз. Нима қилай? Хўжайин шунақа жиддий одам. Буйруғини бажармаганларни аяб ўтирмайди. Локигин келишиб ишлаганларни қуруқ ҳам қўймайди.

Йигит шундай деб киссасини ковлади-да, иккита элликталик чиқариб ҳамширанинг халати чўнтагига солди.

— В-вой, бу… Нима қилганингиз? — ҳамшира баттар ваҳимаси ортиб шоша-пиша чўнтагидаги пулни олди-да, йигитнинг қўлига тутқазишга уринди. Аммо раъйи қайтарилди. Йигит пулларни олиб қайтадан халат киссасига жойлади. — Бу хамир учидан патир, холос, опа, — деди у совуққонлик билан. — Келишиб ишласак, Толиб ака ҳали кў-ўп марта рози қилади сизни. Айтинг, бекорга ўлиб кетгандан, манавинақанги пулларни киссага солган маъқул-ку! Тўғрими? Бу пулни-чи, бир ой бурнингизни ерга ишқаб ишлагандаям тополмайсиз. Хўш, келишдикми?

Ҳамшира бошқа йўл қолмаганини қайта англаган каби бош ирғаб йигитнинг саволига маъқул жавобини берди-да, ер чизган кўйи сўради:

— Ука, менга… Ҳеч нима бўлмасмикан ишқилиб?

— Хотиржам бўлинг, — шивирлади йигит. — Толиб акам сизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайди. Хўш, қачон эмлайсиз беморимизни?

— Ҳ-ҳозироқ, — деди ҳамшира хиёл титраб. — К-кираман-у…

— Жуда соз. Қани, бора қолинг унда! Мен Толиб акамга хушхабарни етказай! Кўришгунча, опа!

Ҳамшира зўрма-зўраки жилмайиш қилиб, палата томон юрди. Йигит эса бирпас унинг ортидан масхараомуз тикилиб турди-да, ташқарига йўл олди.

Ҳамшира палатага кирди-ю, беморларга ҳиссиз назар ташлаб олгач, бир четда мунғайибгина ўтирган Ҳайдар сувчига юзланди.

— Амаки, сиз кетаверсангизам бўлади, — деди у қўлидаги дорилар жойланган халтачани кўрсатиб. — Мана, қизингизни ҳозир эмлаб қўяман. Тез кунда тузалиб кетади, худо хоҳласа!

— Қизим, алдамаяпсизми? — сувчи даст ўрнидан турди-да, шифтга тикилганча тек ётган Севинч томонга ишора қилди. — Қизалоғим тузаладими ростдан?

— Ҳа дедим-ку, — сал жеркиганроқ оҳангда жавоб берди ҳамшира. — Тузалади. Мени танимасангиз таниволинг. Исмим Дилнура. Юз фоиз кафолот бераман тузалишига.

— Илоё қўлингиз дард кўрмасин, Дилнурахон, — дуога қўл очди сувчи. — Қизим тузалиб кетса, сизни ўзим рози қиламан, ҳа! Албатта рози қиламан.

— Энди палатадан чиқинг! — деди Дилнура тоқати тоқ бўлиб халтача ичидаги дориларни чиқариб оларкан. — Менга халал беряпсиз!

— Х-хўп, хўп, — дея йўлак томон юришга чоғланди Ҳайдар сувчи. — Мен… Касалхонангиз ҳовлисида юра тураман! Ҳар ҳолда хавотир оламан-да! Лекин… Сиз сира сиқилманг, умуман халал бермайман, бошингизни қотирмайман, кўзингизга кўринмайманам!

Дилнура индамади. Шаффоф идишчадаги дорини қўлига олди-да, бир муддат тикилиб қолди. Бу орада сувчи йўлакка чиқиб улгурганди.

— Ҳой амаки, — турган ерида қичқирди Дилнура. — Қайтинг!

Сувчи қайтадан палата эшигини очиб, остонада ҳозир бўлди.

— Лаббай, қизим, бирор нима демоқчидингиз?

— Буёққа киринг, — деди Дилнура намланган кўзларини катта-катта очиб. — Сизда гапим бор, амаки!

Ҳайдар сувчи унга яқин келди-да, савол назари билан боқди.

— Манавини кўряпсизми, — Дилнура халати киссасидаги иккита элликталик пулни чиқарди-да, сувчига кўрсатди. — Пулларни кўряпсизми?

— Албатта кўряпман. Нимайди?

— Буни боя келган йигит ташлаб кетди. Биласизми ниманинг эвазига?

Ҳайдар сувчи ҳайрон бўлиб елка қисиш билан чекланди.

— Мана бу дорини Севинчга беришим керак экан. Биласизми бу қанақа дори? Заҳар, заққум. Агар шу дорини томирига юборсам, қиз шўрлик умрининг охиригачаям одам бўлмайди. Ростакамига жинни бўлади-ю, шу кўйи ўлиб кетади. Мана шу ишим учун менга юз сўм пора бериб кетишди.

— Н-нима-а? — Ҳайдар сувчи ранги бўзарганча Дилнурага яқин келди ва қўлидаги дори тўла идишчани тортиб олди. — Ахир… Шундай замондаям гуноҳ ишлар қилинарканми? Ахир, Севинчим кимга ёмонлик қилибди? К-ким берибди бу дорини ўзи?..

— Ўзингизам биласиз-ку ким берганини! Толиб деган одам-да! Ким бўларди? Аммо шу гўдакда нима қасди боракан, сира каллам етмай қолди, амаки!..

— Хўш, қиласизми шу уколни қизимга? — жавдираб сўради сувчи. — Айтинг, билиб-кўриб туриб шу ишга қўл урасизми?

— Ўзингизам қон қилиб юбордингиз одамни! — Дилнура зарда аралаш нари кетди. — Шу ишни қилсам, сизни тўхтатиб ўтирармидим? Индамай уколимни қилиб чиқиб кетаверардим-да! Амаки, сизни маслаҳатга чақирдим, ахир! Нима қиламиз энди? Агар айтганини қилмасам, ўлдириб юборишармиш мени, тушуняпсизми? Мениям икки болам бор! Қўрқиб кетяпман!

Ҳайдар сувчи ҳамширанинг титраб кетаётганини кўрди-ю, пилдираганча бориб икки билагини сиқимлади. Кўз ёшларини қўлидаги чит рўмол четига артиб қўйди.

— Ит эмган-эй, — нари кетди сувчи лаби учиб. — Шундай қизни бадном қилмоқчи бўлибди-да! Отасини ногирон қилгани етмасмиди?

— Ногирон? — Дилнура ажабланиб сувчига қаттиқроқ тикилди. — Қ-қанақасига?

— Э, қишлоқдагиларнинг биридан эшитувдим. Дўстимнинг уйига ўт қўйиб кетишибди баччағарлар. Мели олов орасидан чиқолмай қолган. Иккала оёғиям куйиб кетгандан кейин дўхтирлар кесиб ташлашибди-да, қизим! Энди буниси… Падарингга лаънат сендақа ҳезалакларнинг!

— Ишонинг, мен қўрқиб кетяпман, — деди Дилнура вужудидаги титроқлар кучайгандек. — Демак, ўша Толиб дегани ёмон одамакан-да! Унақалардан ҳамма нарсани кутса бўлади.

— Қўрқманг, — Ҳайдар сувчи елка учириб олиб дераза қаршисига борди. — Бизам қараб турмаймиз. Бир бошга бир ўлим-да энди!

— Илтимос, амаки, мени қўрқитманг, — дея югуриб бориб сувчининг елкасига ёпишди Дилнура. — Ҳозир…

— Йўқ, йўқ, хотиржам бўлинг, ўзингизни босинг. Биз бир йўлини топишимиз керак. Шундай қилайликки, сих ҳам, кабоб ҳам куймасин.

— Нима қиламиз? — елка қисди Дилнура. — Билмасам…

— Унда менга қулоқ солинг! — Ҳайдар сувчи эндигина ҳамширага нималарнидир уқтиришга чоғланганди, ўрта яшар бемор аёл уйғониб, аста ўрнидан туриб ўтирди-да, сувчига бақрайганча қараб қолди. Ҳайдар сувчи унинг бежо тикилишини кўриб, беихтиёр безовталана бошлади. Бир аёлга, бир ҳамширага боқди. Дилнура унинг ҳолатини пайқадими, бемор томон кўз ташлаб олди-да, бош чайқади.

— Хавотирга тушманг, амаки, — деди у аёлни кўрсатиб. — Мен палатада бўлсам, сизга ҳеч нарса қила олмайди. Бемор-да, нимаям қилардик?..

— Унда эшитинг, — деди сувчи яна бир карра эҳтиёт шарт бемор аёл томонга ўғринча кўз ташлаб. — Менам жа ўқимишли одаммасман ўзи. Локигин унақа баччағарларни алдаш қўлимдан келаров! Нима дейсиз?

— Қайдам?

— Келади. Хуллас, мундай қиламиз. Севинчимнинг аҳволини қаранг. Ҳалиям ўсал ётибди. Нималардир деб талмовсираяпти. Сиз-чи, уйқу доридан кўпроқ бериб қўйинг. Ухласин. Анавилар келса, кўрсатасиз. «Мана, шунинг билан уч кун ухлайди, уйғонганда, бутунлай томи кетган бўлади» дейсиз. Унгача худо пошшо. Ажабмаски, қизим шунгача тузалиб қолса-ю, гапимга қулоқ соладиган бўлса. Тушунтирардим, уқтирардим.

— Сезиб қолишмасмикан? — сўради Дилнура дераза тарафга кўз ташлаб қўйиб. — Шарманда бўлсак-чи, амаки?

— Ҳаммаси рисоладагидай бўлади. Мен Толибнинг қандайлигини биламан. Жа сиз ўйлаганчалик ақллимас. Менга қолса, ўзиниям шу ерга ётқизиб адабини берардим… Анчагина томи кетган йигит-да, қизим, ишонинг!

— Бўпти, унда мен муолажа хонасига кирай-да, манави дориларни тўкиб, идишини бўшатай. Кейин… Севинчга сал дозасини ошириб уйқу дори бераман.

— Шошилинг! Фурсат борида отни қамчилайлик! Бўла қолинг!

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча кеч тушди. Иш хамирдан қил суғургандек силлиқ битганидан Дилнуранинг кўнгли анча равшан тортди. Энди бемалол қолган беморларнинг ҳолидан хабар ола бошлади. Шу орада Ҳайдар сувчини ҳам бекитиқча бўлса-да, кўздан панароқдаги кимсасиз палатага жойлаштирди…

Ҳайдар сувчи ҳам юраги пича сокин тортган каби беморлардан холи палатада тек ўтирар, буёғига қандай йўл тутиш ҳақида бош қотирарди.

Шу маҳал кутилмаганда чироқ ўчиб қолди. Сувчи ҳайрон бўлиб эҳтиёткорона ўрнидан турди-да, палата эшигини очиб йўлакни кўздан кечирмоқчи бўлди. Улгурмади. Тутқичга қўл чўзгани ҳамоно эшик очилди-ю, барваста эркак бир ҳатлаб ичкарига кирди ва Ҳайдар сувчининг томоғига пичоқ тиради.

— К-кимсиз? — қоронғиликда пайпасланиб эркакнинг қўлидан халос бўлишга уринди сувчи. — Қ-қўйворинг!..

— Ўч! — буюрди номаълум кимса тиғни сувчининг томоғига сал қаттиқроқ тираб. — Товуш чиқарсанг, сўйвораман, ит! Ҳозир аста олдимга тушасан-у, кўчага чиқасан. Айтиб қўяй, унингни чиқарма! Тушундингми ё…

— Т-тушундим, — деди хириллаб Ҳайдар сувчи. — И-илтимос… Тиғни олинг!..

— Товуш чиқарсанг-чи? — сўради эҳтиёт шарт номаълум кимса. — Балки бирор нимани режалаштириб улгургандирсан?

— Йўқ, гап битта, — деди сувчи титраб. — Қимир этмай чиқаман. Қ-қайга бошласангиз…

— Унда юр, шошилмасдан, хотиржам қадам ташла! Кулимсирашни унутма! Гўёки мен яқин танишингман, гаплаши-иб аста чиқиб кетамиз!

— Хўп бўлади!

Пичоқ томоғидан тортиб олинди. Ҳайдар сувчи кимсанинг башарасига қарашга-да қўрқиб, олдига тушди-да, йўлакка чиқди.

Улар барзанги тайинлаганидек, ўта хотиржам ҳолатда касалхона ҳовлисини тарк этишди. Ҳайдар сувчи шу қадар қаттиқ қўрқиб кетгандики, фикрлаш, қайғуриш, Севинчнинг тақдири билан қизиқиш хаёлига келмасди. Нималар бўлаётганига ақли етмай, тезроқ ёнидаги каллакесарнинг қўлидан қутулишни хоҳларди.

Катта кўчага чиқишгач, барзанги сувчини қўлтиқлаб олди. Шу йўл билан ўтган-кетганни чалғитишга уринди ва тўғри йўлнинг нариги юзида турган машина томон бошлади.

Машина худди «Тез ёрдам» машинасига ўхшаш узун, фақат ранги бошқа, ёзувлардан холи эди.

— Қани, бобой, машинага чиқсинлар-чи, — ўдағайлади барзанги орқадаги икки тавақали эшикни очаркан. — Ичкарида яқин танишингизам бор. Бўлинг тез!

Ҳайдар сувчи барзангининг ёрдамида машинага чиқиб олди. Ичкарига кимнидир ётқизиб қўйишган экан. Сал қурса, ётганнинг оёғини босиб олаёзди. Яхшики, сал нарида бошқа бир эркак ўтирган чиқди-ю, сувчининг билагига чанг солиб ўзи томон тортди.

— Вей, кўзингга қара, бобой, буёққа ўтир! Кўрмисан?

Ҳайдар сувчи эркакнинг ёнига ўтириши билан машина жойидан қўзғалди.

— Хўш, бобой, кўнгил жойига тушдими энди? — дағдаға аралаш сўради барзанги қоронғиликда сувчининг кўзларига тик боқиб. — Сендан сўраяпман?

Ўзига қолса, фарзанди тенги йигитни «сен»лагани учун тумшуғига туширарди. Афсуски, ҳозир шунинг қўлида банди каби қисиниб ўтирибди. Қаерга олиб кетишаётганини, келгуси тақдири қандай кечишини ҳам билмайди. Демак, қўл кўтариш тугул бир оғиз қарши сўз айтишга-да ҳадди сиғмайди. Ҳар ҳолда қаршисидаги нусха навқирон, бунинг устига безори ва босқинчиларнинг ҳамтовоғи бўлса керак. Кучи етармиди…

— Мен… Билмадим, — деди Ҳайдар сувчи елка қисиб. — Бизда кўнгил нима қилсин, иним.

— Танишингни кўргинг келяптими жудаям? — сўради барзанги ерда ётган кимсани кўрсатиб. — Очиғини айт, йўқса бир уриб жағингни эзиб қўяман!

— Ҳ-ҳа, — дея олди зўрға сувчи қўрқиб. — Кўрсатсангиз…

— Унда юзини ўзинг оч! Фақат эҳтиёт бўл, у ер бу ерини босиб олма довдираб!

Ҳайдар сувчи жуда эҳтиёткорлик билан ерда ётган кимсанинг юзига ёпилган матони кўтариб олди. Не кўз билан кўрсинки, ётган Севинч экан. Қўрқиб кетдими, ё бошқа сабабданми, жонҳолатда ўзини орқага олди.

— Хўш, қўрқиб кетдингми? Гапир!

— Ахир… Бу Севинч-ку! — деди сувчи йиғлагудек бўлиб. — У… Касал эди-ку, касал!..

— Менга қара, — барзанги Ҳайдар сувчига яқинроқ ўтирди-да, томоғига чанг солди. — Кўп валдирайверма! Гапир, валдирайсанми-йўқми?

— Й-йўқ, албатта, — сувчи барзангининг билагига ёпишиб билинар-билинмас силтаниб қўйди. — Товуш чиқармайман, ишонинг! Соқовман, соқов!..

Шундан кейингина барзанги қўлини тортиб олиб, нари сурилди. Сувчи эса беихтиёр ҳамшира ёдига тушиб беихтиёр безовталана бошлади. Барзангининг сокин тортганидан унумли фойдалангиси келдими, у томон ўгирилишга ўзида куч топа билди.

— Иним, — сўради у сал дадилланган бўлиб. — Анави… Нима демоқчийдим-а?.. Ҳа-а, Дилнура қани? Уни… Олиб кетмаяпсизларми?

— Нима? Ким у Дилнура?

— Ҳалиги… Ҳамшира-да! Севинчга укол қилган…

— Ҳа-а, уми? — совуқ тиржайди барзанги. — Ҳамшира, бобой, ҳозир ҳойнаҳой ҳури ғилмонларга укол қилаётган бўлса керак, хи-хи-хи-хи!..

Бу гап қулоқлари остида жаранглагандаёқ, сувчининг эти музлаб бўлганди. Юрагини мўри малах каби босиб олган таҳлика-ю, ваҳималар қўзғолон қила бошлади. Боягина бир кулимсираб, бир қовоқ уйиб сўзлаган Дилнуранинг чеҳраси кўз ўнгида гавдаланди. Бу моҳичеҳрани тасаввур этгани сайин ўлганига, мана бу босқинчиларнинг қўлида жон берганига сира ишонгиси кела қолмади. Аммо барзанги алдаётганга ўхшамади. Хабарни жиддий туриб айтди. Бир туки сесканмай масхарали ҳиринглади. Демак…

«Қандай кунларга қолдим? — ўйлади Ҳайдар сувчи иложи борича танасида зоҳир титроқларни барзангига сездириб қўймасликка интилиб. — Сал бўлмаса олов чангалида қолаёзганман. Жин урмаган мени. Саломат юртга қайтиб, тирикчилик қила бошлаганман. Қайси шайтон йўлдан урди-ю, буларга илакишдим? Нега Толиблигини билиб туриб, ўша ифлос ишга боришга рози бўлдим? Бош тортсам биров мени ўлдирмасди-ку! Тинчгина бир-икки сўмимни топи-иб юргандим. Тағин пича чидаганимда, бола-чақамнинг қучоғига борардим. Наҳотки, пешонамга шундай кунлар ёзилган бўлса? Энди манави ит эмганларнинг қўлида ўлиб кетаманми? Ўлигим-чи? Қайларда қолиб кетади? Итларга, қузғунларга ем бўладими? Қандай даҳшат!.. Ялинсам-чи? Шу барзангининг оёғига йиқилиб ёлворсам, нима деркин? Машинадан тушириб юборармикан? Тўхта, киссамда пулим бориди-ку! Ўша пулларнинг ҳаммасини қўлига тутқазсам, кўнар! Ўлибдими? Булар пул деса ўзини томдан ташлайди-ку!.. Эҳ, Мели, Мели! Сен фалокатга йўлиқдинг-у, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлди-я! Мени судраб нима қилардинг, хонасалот? Мана, ўзинг ногирон бўлсангам иссиқ уйда ўтиргандирсан. Буёқда қизинг, мен сарсонмиз. Ҳадемай ўлиб кетсак шаминг ёнар, баччағар?.. Расво бўлдим, расво! Бир вақтлар оёқ чалиштириб паловхонтўра еган чойхоналар, гап-гаштакларнинг ҳаммаси қулоғини ушлайдиган бўлди. Хотин-бола-чақа-ю, қариндош-уруғларам чапак чалиб қолаверади энди… Пешонам қурсин!..»

— Иним, — қўрқа-писа савол беришга тутинди сувчи. — Мени ўлдирманглар! Мана, пича пулим бор, ҳаммасини бераман. Ўлдирманглар, илтимос, жўжабирдай жонман, ахир!

— Вей, анқов чол, — деди барзанги сал қаддини кўтариб. — Ким сени ўлдираман деяпти?

— Ахир… Дилнурани…

— У айтганни қилмади. Шунинг учун тинчитиб қўя қолишибди йигитлар. Агар сенам қайсарлик қиладиган бўлсанг, унда ўлишинг аниқ.

— Қайсарлик?.. Нега? Нима қилишим керак ўзи?

Буларнинг ўлдириш нияти йўқлигини пайқабоқ Ҳайдар сувчига даъфатан жон кирди. Пешонасини қоплаган муз тер қуригандек бўлди. Танасидаги титроқлар ариди. Қалбида қайтадан умид учқунлай бошлади.

— Кўп билган тез қарийди, бобой, — кулиб жавоб қилди барзанги. — Боргандан кейин биласан! Ҳозирча дамингни чиқармай жим ўтир!

— Хўп, хўп, — Ҳайдар сувчи ҳарқалай ўлмаслиги муқаррарлигига яна бир карра амин бўлиб дарров тилини тия қолди. — Индамайман! Жимман!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...