МИБда мажлисбозлик?! Кечирасиз, бугунги огоҳлик чораларини кечиктириб бўлмайди!

0

Бугун, 18 март куни ижтимоий тармоқларда “Эҳтиёткорлик чоралари кучайтирилаётган бир пайтда МИБда мажлисбозлик давом этмоқда” номли хабарлар тарқалди. Хабарда Коронавирус сабаб эҳтиёткорлик чоралари кучайтирилаётган бир пайтда Бюронинг Сирдарё вилоят бошқармаси маҳкамаси томонидан йиғилиш қилинаётгани танқидга олинган.

Аниқланишича, Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан 2020 йилнинг 16 март куни Бюронинг туман ва шаҳар бўлим ходимлари иштирокида видеоселектор (масофадан туриб) тарзида йиғилиш ўтказилган.

Мазкур тезкор йиғилишда асосий масала  —  жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон бош вазири А.Арипов иштирокида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларга бағишлаган матбуот анжуманидан келиб чиқиб, ҳукуматимиз томонидан бу борада белгиланган вазифаларни ходимлар эътиборига етказиш, шунингдек, кунлик иш фаолиятини олиб боришда, фуқаролар ва ходимларнинг мулоқот хавфсизлиги чораларини кўриш, ходимлар томонидан Коронавирус (COVID-19) инфекциясидан сақланиш юзасидан муҳим профилактика чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган эди.

Йиғилишда кўрилиши лозим бўлган масалаларнинг долзарблилиги ва зудликда ходимлар эътиборига етказилиши учун соат 20:00га белгиланган.

Ҳозирда бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан  Коронавирус инфекциясидан сақланиш ва бу борада қатъий амал қилиш лозим бўлган тавсия, кўргазмали воситалар ва чоралар кўрилди.

Биламизки, МИБ аҳоли билан энг кўп ишлайдиган соҳа ходимлари ҳисобланади. Айниқса, карантин вақтида ҳар биримизнинг соғлиғимиз ҳар қачонгидан эътиборли бўлишимиз талаб этилади. Ана шуларни ҳисобга олиб ходимларга мулоқот ва иш фаолиятида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган оддий қоидаларга риоя қилиш тушунтирилган. Бу эса кечиктириб бўлмайдиган ишдир.

Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармаси

 

loading...