Қурилишда энди “ака-укачилик” кетмайди

0

Одамлар турмуш шароитлари яхшиланишида қурилиш соҳасининг ҳам ўз ўрни бор. Бинобарин, давлатимиз раҳбари бир қатор чиқишларида мамлакатимиздаги қурилиш ишларини жадаллаштириш, бу жараёнда, аввало, сифат ва самарадорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, қурилишни коррупциясиз соҳага айлантириш, шаффофликни кучайтириш, ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар бергани бежиз эмас.

Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 13 мартидаги “Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳада шаффофликни таъминлаш, ҳалол қурилиш пудрат-ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Фармонда қурилиш соҳасида ўтказиладиган давлат харидларида электрон рейтингларга киритилган ва тегишли мезонлар (иш тажрибаси, молиявий барқарорлиги, штатида малакали ходимларнинг мавжудлиги ва бошқа мезонлар) бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг иштирок этишига йўл қўйилиши алоҳида таъкидланган. Шунингдек, қурилиш соҳасидаги давлат харидлари доирасида харид тартиб-таомиллари электрон шаклда, онлайн режимида амалга оширилади.

2021 йилдан бошлаб амал қиладиган мазкур меъёрлар, энг аввало, қурилиш-пудрат ташкилотларида ҳалол рақобатни таъминлайди. Энди мазкур ташкилотлар кўпроқ бино қуришга эмас, биноларни сифатли қилиб қуришга эътибор қаратади. Чунки сифатли қурилиш янги “объект” олишнинг энг муҳим шартига айланмоқда. Шунингдек, мазкур меъёр қурилишни коррупция чангалидан озод қилиш йўлидаги навбатдаги қадамдир.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз раҳбарининг мазкур фармони қурилиш соҳасида ҳалол рақобатни кафолатлайди.

Жамолиддин МЕЛИБОЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент

шаҳар Кенгаши депутати

loading...