АЛАМЗАДА… (28-қисм)

0

 

 

* * *

 

Машина чайқала-чайқала бориб қаердадир тўхтади. Шу заҳоти барзанги даст ўрнидан турди-да, эшик маҳкамланган узун темирни зулфиндан суғуриб олди.

— Қани, туш пастга! — буюрди у Ҳайдар сувчига. — Имиллама! Вақт жуда кам, бўл тез!

Ҳайдар сувчи эмаклаб бориб машинадан пастга сакради ва кўз ўнгида кенг, ҳайбатли дарё намоён бўлди.

Бу орада машинанинг олд тарафидан яна икки эркак тушиб келди. Улар барзангининг қулоғига нимадир деб, ўзлари нари кетишди.

Бу ҳаракат яна сувчининг юрагига ғулғула сола бошлаганди. Эркакларнинг ниманидир сир тутишаётгани Ҳайдар сувчини гумонсирашга, шубҳалар ботқоғига ботишга мажбур этди. Бир қаршисидаги барзангига, бир дарё соҳилига қараб кетган икки эркакка жавдиради.

— Тушир анавини! — тўнғиллаганча машинадаги Севинчга ишора қилди барзанги. — Кўтарволгин-да, дарё томонга олиб бор!

— Севинчними? — талмовсираб сўради сувчи. — Уни… Нима қилмоқчисизлар, иним? Тинчликми?

Ҳайдар сувчига жавобан барзанги яқинроқ келиб икки елкасини сиқимлади.

— Сенга боя айтмаганмидим? Тилингни тийиб юр демаганмидим? Тезроқ қимирла!

Дастлаб Севинчни машинада кўргач, Ҳайдар сувчи буткул бошқача хаёлга борганди. «Бошқа касалхонага олиб бориб ташлашмоқчи, шу йўл билан айбларини яширишмоқчи» деб ўйлаганди. Энди эса… Дарё бўйига келганларининг боисини тўлиқ англади. Демак, бу ярамаслар Севинчнинг ҳам бошига етишни мўлжаллашибди. Лекин нега? Қандай оғир айб қилибдики, бегуноҳ қизни сувга чўктиришса?..

На илож? Ҳеч ким жонини гаровга қўя олмайди. Шайтони лаин шу ишга ундаганда ҳам барибир жонини ўйлайди, қайғуради, ундан воз кечишни хоҳламайди.

Ҳайдар сувчи итоат билан ҳануз дори таъсирида пишиллаб ухлаётган Севинчни елкалади-да, барзанги кўрсатганидек, дарё соҳилига олиб борди.

— Энди уни ўзинг дарёга чўктирасан, — деди барзанги шерикларига қараб қўйиб. — Тезроқ бўлақол! Бўшашма, бобой! Ўртароғига обор, тезроқ чўкади!..

Бу буйруқ Ҳайдар сувчини адо қилаёзди. Мана шу қўллари билан жонидан азиз қизни, дўстининг ёлғизини ажал чангалига итқитиши лозимлигини ҳис этгани сайин ўлаёзди. Бахтга қарши орқада уч бирдек барваста, совуққон, шафқат нелигини билмас кимсалар тиш қайраб турибди. Башарти ортиқча ҳаракат содир этишга, қочишга, ё қарши сўз айтишга мойиллигини сезишса, сувчининг ўзи мана шу тубсиз дарёга ғарқ бўлади.

«Мундай олиб қараганда, — кўнглидан ўтказди аста-секинлик билан бўлса-да, шайтон йўриғига кира бошлаган Ҳайдар сувчи. — Отасиям ногирон, қизининг аҳволи манавинақанги чатоқ. Мелини кўраманми-йўқми, худо билади. Кўрмаслигим тайинроқ. Шундай бўлгандан кейин иккиланиб нима қилдим? Ҳар кимнинг жони ўзига ширин. Бу қизни чўктирмай, анавилар билан олишган тақдиримдаям, Мели келиб менга раҳмат демайди. Келгандаям мени тополмайди. Чунки ўзим мана шу дарё тубида бўламан… Йўқ, яхшиси, буйруқни бажараман-у, жонимни асраб қоламан. Мениям бола-чақам бор. Болаларимнинг онаси йўлимга кўз тикиб ўтиргандир. Каллакесарларнинг ишини битириб бераман-у, ҳайё-ҳуй деб қишлоққа жўнайман. Шаҳарларини елкамнинг чуқури кўрсин!..»

Шуларни хаёлидан кечириб, Ҳайдар сувчи тўсатдан бардам тортди ва Севинчни қайтадан елкасига ортди-да, дарёга тушди.

Ҳайдар сувчи пича ичкарилаб боргач, томоғига қадар сувга ботди. Соҳилда нотаниш кимсалар тайинлашганди. Сув иягигача етса, Севинчни ташлаб юбораверса бўларкан. Тўлқиннинг ўзи уни ичкарига тортиб кетаркан.

Сувчи елкасидаги Севинчни пастга туширишга шайланди-ю, юрагини ваҳм босди. Қайсидир томира тортишиб кетгандек қисиниб-қисиниб олди. Нималар қилаётгани, қандай қабиҳ ишга қўл уриб қўйганини сўнгги бор чуқур ҳис этди. Афсуски, вақт зиқ. Агар тезроқ елкасидагини ташлаб ортга қайтмаса, ўзи ҳам оёғи тойиб дарё домига кириши ҳеч гап эмас. Ҳайдар сувчи соҳилга яқин бўлса-да, оқимнинг тезлигидан адо бўлай деб эҳтиёткорлик билан пайпаслана-пайпаслана бир оёғини қиррали тошга тиради. Шундай қилса, қур-қур оғзи аралаш урилиб қайтаётган кичик тўлқинлар зуғум қилмайдигандек туюлди.

Шу маҳал соҳил тарафдан кимларнингдир бақир-чақири қулоғига чалинди. Кимдир кимнидир ҳақорат қилди. Кимларнингдир инграгани атрофни тутди. Ҳайдар сувчи юраги така-пука бўлиб Севинчни қайта елкалади-да, аста ортга бош бурди. Қоронғида ҳеч кимни аниқ кўриб бўлмасди.

Ҳали хаёлини бир жойга жамлаб улгурмай, аллакимнинг қичқириғи қулоқлари остида жаранглади.

— Қайт қирғоққа! Вей, қайт дедим, ифлос! Кимсан ўзи? Итдай отиб ташлайман! Қайтар Севинчни, қайтар, ит!

Ҳайдар сувчи бир муддат нима қилишни билмай гарангсиб қолди. Таҳдид такрорланавергач, яна эҳтиёткорликни қўлдан бермаган ҳолда инқиллай-инқиллай қирғоққа юрди.

Ҳолдан тойган экан. Аранг қирғоққача ета олди. Сувдан бир оёғини юқорига чиқарди-ю, Севинчни ерга қўйди. Ўзи эса тепасидаги кимсаларга-да қарашга ҳоли етмай юзтубан ётиб олди.

— Тур ўрнингдан! — кимдир биқинига тепди-ми, нафаси ичига тушган каби хириллаб бошини кўтарди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида Толиб гезарганча турарди. — Катта холангнинг уйими бу ер ястаниб олдинг? — қичқиришда давом этди у. — Тур!

Ҳайдар сувчи қўрқа-писа ўрнидан қўзғалди. Сал нарида машина чироқлари ёруғида ўзини олиб келган нотаниш кимсаларнинг думалаб ётганини кўрди. Атрофда изғиётган тўрт йигит Толибга тегишли эканини ҳам тушуниб етди.

— Мен… Мени… — дея олди Ҳайдар сувчи титраб. — Мажбурлаб… Қўрқитиб опкелишди… Анавилар… Ўлдирмоқчи бўлишди.

Толиб сувчининг сўзларига қулоқ тутмади. Бақира-бақира йигитларга Севинчни машинага жойлашни буюрди. Шундан кейингина Ҳайдар сувчига юзланди.

— Ие, ҳалиям ўлмаганмидинг? — сўради Толиб шундагина сувчини таниб. — Ҳали сен душманларимнинг югурдагига айланганмидинг?

— Й-йў-ўқ… Мени… Мажбурлашди, ҳа, мажбурлашди!..

— Шунақами? Сен, ифлос, Севинчни танирдинг-ку! Отаси оғайнинг эди шекилли адашмасам-а?

— Ҳ-ҳа, шундай. Мен…

— Нонкўр! Тузимни еб тузлиғимга тупурдингми ҳали? Севинчда нима айб бор эди? Унинг ўрнига ўзинг чўкиб ўла қолмадингми? Жон ширинлик қилган-да-а? Шунақами?..

— Ахир…

Ҳайдар сувчи шундагина барчасини англаб етгандек бўлди. Олиб келганлар, Севинчни ўлдириб юбормоқчи, укол қилдириб ҳақиқий телбага айлантирмоқчи бўлганлар аслида Толибга тегишли эмаслигини тушунди. Аммо кеч эди. Шу тобда нима демасин, қандай йўл тутмасин, ўзини оқлай олмайди. Сабаби, қилар ишни қилди. Шайтоннинг йўлига юрди. Ҳаммасига кўз юмди. Ўз жонини, ҳаловатини деб бир тупроқда ўсиб-улғайган қизни мана шу қўллари билан сувга чўктиришга уринди. Агар Толиб вақтида келиб қолмаса…

Ҳайдар сувчи кўзлари энди-энди очила бошлаган каби беихтиёр ўкириб йиғлаган кўйи Толибнинг теварагини айлана бошлади. Бу ҳаракатларини кўрди-ю, Толиб шартта икки билагидан тутиб ўзига қаратди.

— Ҳой, Сарвар! — қичқирди у ерда ётгганларни астойдил тепкилаётган шотирига қараб. — Тез кел олдимга!

Ҳаш-паш дегунча Сарвар Толибнинг қаршисида ҳозир бўлди.

— Ака, хизмат борми яна?

— Манавини нима қиламиз? — сўради Толиб афтини бужмайтириб. — Севинчни тамом қилаёзибди-ку! Чўктирмоқчи бўлибди-ку!

— Ўзини ўша сувга чўктирвориш керак, вассалом! — деди Сарвар пинагини бузмай. — Бунақаларнинг жазоси шу, ака!

— Ахир, жиноят қилиб қўямиз-ку тағин?

— Ака, — сўзлаш асносида Ҳайдар сувчининг белига мушт туширди Сарвар. Сувчи мушт зарбидан бир муддат яна нафаси қайтиб, қайта-қайта энтикиб олди. — Қанчасини кечирдингиз! Биронтаси билдими? Тузингизни оқладими? Ҳечам. Бунинг ўрнига сизни сотаверишди, сотаверишди. Энди бўлса…

— Сен ҳақсан, — деди Толиб асабий лаб тишлаб. — Бунақалар яхшиликни билмайди. Агар қишлоқдоши, яқин дўстининг кўзига чўп тиқмоқчи бўлибдими, эртага мениям сотади.

— Тўппа-тўғри, — унинг гапини маъқуллади Сарвар. — Сотқинларни кечириб ўтириш аҳмоқликдан бўлак нарсамас.

— Унда чақир Мўйдинни! Чўктирсин бу ит эмганни!

Сарвар ими-жимида машинада Севинчни қўриқлаб ўтирган шотирни Толибнинг олдига жўнатди. Ўзи эса унинг ўрнида қолди.

Ҳайдар сувчи қоронғиликда ўзига яқин келган барваста, шоп мўйловли йигитга жавдираб боқди. У қўлидаги тўппончани сувчига тўғрилаганча Толибнинг сўнгги буйруғини кутарди.

— Обор бу нонкўрни! — дарё томон ишора қилди Толиб нари кетаркан. — Агар ўз хоҳиши билан чўкмаса, отиб ташла!

Бу сўз Ҳайдар сувчи учун ўлимдан-да қўрқинчлироқ эди. У ўлимни қалбан ҳис этгани сайин дағ-дағ титрар, машина томон кетаётган Толибга нимадир дегиси келиб шайланар, шоп мўйловлидан тирик қолдиришини сўраб ёлворишга чоғланарди. Аммо тили айланмасди. Ҳалитдан гўё мурда қиёфасига кириб қолгандек эди. Фақат тик оёқда турарди холос.

— Қани, туш сувга! — буюрди йигит Ҳайдар сувчига ўқрайиб. — Йўқса итдай отиб ташлайман, туш дедим!

Ҳайдар сувчи итоаткорона дарёга тушди ва истар-истамас ичкарилай бошлади.

Дарё тобора чуқурлашиб боргани сайин Ҳайдар сувчининг вужудига чирмашган қўрқув негадир тумандек тарқалган каби ҳийла эркин нафас олди. Ҳатто сув томоғини ўпгач, бирдан тўхтаб, ортга ўгирилишга-да ўзида куч топа билди.

Шоп мўйловли барваста ҳануз тўппончани у томон тўғрилаганча тек турарди.

— Сенлар бекорга менинг бошимга етяпсанлар! — беихтиёр бақириб юборди сувчи алам аралаш. — Қишлоқда бола-чақам етим қоладиган бўлди. Ўшаларнинг уволига қоласан. Менинг қарғишим сениям бошингни ейди, хонасалот! Ҳалиям бу ниятингдан қайт! Балога гирифтор бўлмагин! Жувонмарг кетмагин!

Шоп мўйловли сувчининг ҳайқириғига жавобан тўппончани осмонга қаратиб, бир марта ўқ узди. Ўқнинг варанглаган овози оламни бузаёзди. Шу заҳоти таҳлика исканжасида қолган сувчининг миясига шайтон ўрлаб, йўл-йўриқ кўрсатишга тушди.

«Тўппончанинг ўқи баданингни тешиб ўтса, — деди шайтон. — Жонинг дўзах азобини тортади. Кўзингдан гўё ўт чақнайди. Беҳуда жонингни оғритиб зарилми сенга? Ундан кўра, олдинга юр. Барибир бошқа йўл йўқ. Чўкишинг шарт! Ишон, дарё домига тортдими, тамом, ичингга сув тўлади-ю, нафас олишдан тўхтайсан. Ҳеч нарсани сезмай қоласан. Бир неча дақиқа ичида уёқларда бўласан. Аҳмоқлик қилма! Қайсар феълингни ташла!..»

Ҳайдар сувчи кўзлари тўла ёш билан йўл-йўлакай худога нола қила-қила яна олдинга юрди. Тўлқинлар дарҳол боши оша урилди. Зум ўтмай сувчи кўринмай қолди. Шамол сабаб соҳилга пишқириб яқинлашган кучли тўлқин уни дарёнинг ўртасига суриб кетганди.

 

* * *

 

Сувчининг чўкиб кетганига тўлиқ амин бўлган зўравонлар бараварига юзларига фотиҳа тортишди-да, Толибнинг навбатдаги буйруғини кута бошлашди.

Толиб эса гапиришга шошилмасди. Пишиллаб ухлаётган Севинчнинг юзларига ғамгин тикилганча ўтирарди. У ҳатто яна бир қотилликка қўл урганидан сесканай демасди. Бўлиб ўтган ишлар хаёлига ҳам келмасди. Аксинча Севинчни энди қаерга олиб бориш, қандай ўзига келтириш хусусида бош қотирарди. Шу кўйи ўтира-ўтира, охири илкис бошини кўтарди.

— Сарвар, — деди сал нарида ўтирган шотирига. — Бош қотди, ука. Севинчни қаерга олиб борамиз? Ахир, уни оёққа турғазиш керак! Нима қиламиз энди?

— Фарғона шаҳрига олиб кета қолайлик, — Толибга яқинроқ ўтириб сўз қотди Сарвар. — Мўйдиннинг айтишича, ўша ёқда зўр дуохон табиб бор эмиш. Балки ўша тузатворар Севинчни?

— Ҳақсан. Қўл қовуштириб ўтиришдан наф чиқмайди. Қани, ўт олдирларинг моторни! Жўнаймиз. Таваккал қилиб кўрамиз.

Мени йўлда қолдириб кетасанлар. Кириб-чиқадиган жойларим бор. Орқаларингдан етволаман. Бўлларинг!

Машина жойидан жилди. Толиб ойнанинг бир қатини очди-да, чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди. Тутунни ташқарига пуфлаш асносида бўлиб ўтган ишларни бир-бир хаёлидан ўтказди. Пушаймон зўр келганда оғир-оғир хўрсиниш билан кифояланди. Ора-сирада Севинч томон ўгирилиб, қайта-қайта бош чайқаб олди…

Улар бир соатга яқин йўл юришди. Толиб ўзи тайинлаган манзилда машинадан тушиб қолганди. Севинч эса яқиндагина уйғонди. Уйғонди-ю, ҳеч нарсага тушунмай хиёл қаддини кўтарди ва атрофида нотаниш кимсалар ўтирганини кўриб, қайтадан бошини болишга қўйди.

Унинг алаҳсирашлари, қўрқув, ҳадик бироз нари чекингандек эди. Шу гал талмовсирашдан ўзини тия олди. Фақат кўзларини юмди дегунча сочлари ёйиқ алвастининг сиймоси гавдалана бошлар, Севинч бу башарадан қўрқиб, лабларини қаттиқ тишлашга мажбур бўларди. Аммо унини чиқармасди. Ўзини ҳануз касалхона ходимлари ёки қайсидир бегона одамлар қуршовида ҳис этиб, оғиз очишга чўчирди.

Машина шаҳар бўйлаб ўн дақиқача айлангач, тор кўчалардан бирига бурилди-да, кўримсиз, дарвоза ўрнига тахтали эшик ўрнатилган ҳовли рўпарасида тўхтади.

Агар биров қўлтиғидан олса, Севинч оёқда тик тура оладиган аҳволда эди. Аммо хаёлига чирмовуқ каби чирмашган алвастини қиёфаси тик туришга йўл бера қолмасди. Гўё юра бошласа, қаердандир номаълум тарафдан келиб томоғига чанг соладигандек туюларди. Шунинг учун атайин кўзларини юмганча ётаверди. Барзангилар ҳам, Сарвар ҳам унинг уйғонганини аллақачон пайқашган. Шунга қарамай, безовта қилишни хоҳлашмади. Толиб тайинлаганидек, Сарварнинг ўзи уни даст кўтариб олиб, ҳовлига кирди-да, уй бекасини чақирди.

— Тез бу қизни алоҳида хонага ётқизинг, Жаннат опа, — деди у жиккакдан келган, сочларига оқ оралаган ўрта яшар аёлга дўқ аралаш. — Толиб акам ҳали замон етиб келади. Бўлинг тез!

Жаннат опа пилдираганча бориб хоналардан бирининг эшигини очди.

— Мана шу хонага ётқиза қолинг, ўргилай!

Орадан икки соатча вақт ўтиб Толиб етиб келди. У ҳовлига кира солиб Сарвар орқали уй бекасини чақиртирди.

— Хўш, бизнинг қиз қандай? — сўради у жиддий ва таҳдидли оҳангда. — Қаерга жойлаштирдингиз?

— М-меҳмонхонага, ука, меҳмонхонага, — қўрқа-писа жавоб қилди Жаннат опа қисиниб. — С-сизгаям… Жой солиб берайми?

— Йўқ, — деди Толиб ерга чирт этиб тупуриб. — Ҳозир ухлайдиган вақт эмас. Сарвар, қани айтган ўша дуохонинг? Нимага кўринмаяпти?

— Ака, эрталабгача кутайликми девдим. Ҳарқалай…

— Э, бу нима деганинг? — уни жеркиб берди Толиб. — Эрталабинг нимаси? Севинч шу кеча тузалиши шарт. Сенга айтгандим-ку!

— Хўп, ҳозир ест қиламиз. Бир оғиз гапингиз.

— Тез етказиб келларинг ўша одамни! Билиб қўй, ўн дақиқа вақт бераман.

— Хўп, хўп! Жамшид, ҳов Жамшид! — Сарвар ичкари хонада ўтирган шотирлардан бирини чақирди.

— Нима дейсан? — шотир норозиланганча кавшаниб ташқарига чиқди-ю, Толибни кўриб бирдан ювош тортди. — Ие, узр, ака, узр! Келганингизни билмабман.

Толиб индамади. Қовоқ уйиб Жамшидга бошдан оёқ назар солди-да, нари кетди. Сарвар эса унинг қулоғига нималардир деб шивирлади. Шотир шу заҳоти кўчага отилди.

Ҳеч қанча ўтмай, пакана, чўққисоқол, ёши олтмишларга борган, бир оёғи оқсоқ татар домла кириб келди. Юрганда ҳам унинг ияги титраб қўярди.

Ҳойнаҳой, Толибни танимаса керак, кира солиб қичқирди:

— Ҳой «братишка», оқ эчки қани, оқ эчки? Нимага серрайиб турибсан? Сўрашмайсанми «братанинг» билан?

Толиб домланинг эси кирди-чиқдироқлигини дарҳол пайқаб беихтиёр кулгиси қистади. Лекин сездирмади. Шоша-пиша сўрашиш учун қўл узатди-да, ёнидаги юзини терс буриб кулишга чоғланган Сарварни туртди.

— Эчки сўраяпти, «братан»! Қани эчки?

Сарвар хожасига жавобан дераза қаршисида туриб қолган Жаннат опани қошига чорлади.

— Жаннат опа, оқ эчкингиз борми? Сотволамиз!

— Йўғиди-я, — деди Жаннат опа баттар қисиниб. — Уйимда умуман эчки йўғиди. Ринат оға, қора эчки бўлмайдими? Қўшнимда бориди. Эркагийди.

— Э, миянг суюлиб қопти сен хотиннинг! — дағдаға қилди Ринат домла. — Қора эчкини бошимга ураманми? Оқ эчки керак менга, оқ!

— Сарвар! — ҳовлини бошига кўтаргудек қичқирди Толиб. — Тезда оқ эчки топиб келинглар! Ернинг тагидан бўлсаям топинглар!

— «Братан», оқ эчки нимага керак ўзи? — атайин домланинг жиғига теккиси келдими, Сарвар ижикилади. — Бирор каромати борми?

— Ҳа, оқ эчкини сўйиб, гўштидан беморга едирамиз. Кейин қонини юз-кўзларига суртамиз. Ирими шунақа, бўтам, ирими!

— Яхши, — деди Сарвар баттар кулгиси қистаб. — Ҳозироқ топиб келамиз ўша оқ эчкингизни! Кутинг!

Барибир ана-мана дегунча тонг отди. Сарвар тонгга яқингина оппоқ эчкини қассобга етаклатганча ҳовлига кириб келди. Уни кутавериб Толибнинг бўлари бўлганди. Лекин аламини ичга ютди. Нима бўлмасин, Севинчнинг тезроқ тузалишига умид боғлаб, Ринат оға бошчилигидаги ҳаракатларни тек туриб кузатди.

Ҳамма иш битгач, Ринат оға Севинч ётган хонага кирди. Оқ эчкининг сувда қайнатилган бир бўлак гўшти, пиёлага қуйилган қонини Севинчнинг тепасига қўйди-да, бир Толибга, бир Жаннат опага ўқрайди.

— Магнитофон керак, — деди у зардали оҳангда. — Тезда менга магнитофон топинглар!

— Ие, жа оширвордингиз-ку, «братан»! — Толиб асаби қўзғаб Ринат оғага киноя аралаш сўз қотди. — Ҳали у дейсиз, ҳали бу… Э, бошламайсизми сеансингизни?

— Магнитофонсиз қандай бошлайман? — елка қисди домла. — Айт, қандай бошлайман? Ҳали бу хонага эрга тегмаган қизлардан беш-олтитасини олиб киришларинг керак! Ҳай Жаннат, бор, сен қўшни қизлардан етаклаб чиқ! Сен-чи, «братишка», ҳадеб маҳмадоналик қилавермай, магнитофон топиб кел! Бор, бор, бошимни қотирмаларинг! Йўқса, кетиб қоламан! Ўзи шундоғам жаҳлим чиқиб турибди!

На илож? Толиб яна ҳовлига чиқишга ва Сарварга топшириқ беришга мажбур бўлди.

Жаннат опа эса қўрққанидан оёғини қўлга олиб қўшни қизларни чақириш учун чиқиб кетди.

Тахминан ўн дақиқа вақт ўтиб, домланинг талаби қондирилди. Сарвар каттакон тасмали магнитофонни сандиқ устига қўйиб, токка улади. Жаннат опа узун-қисқа бўй қизларнинг олти нафарини Ринат оғанинг қаршисида саф торттирди.

— Хўш, «братан», энди кўнглингиз тўлдими? — масхараомуз кулимсираб сўради Толиб. — Ё тағин бирор нима керак бўладими?

— Эндими? — Ринат оға хонадагиларга бир-бир қараб олди-да, қўл силтади. — Эркакларнинг ҳаммаси бу ердан чиқиб кетсин! Ҳа, айтганча, сен бизга хориж ашулаларидан қўйиб бер! Сакратадиганидан бўлсин! Ҳалиги… Нимайди?.. Клубларда манавинақанги ёш-яланг сакраб ўйнайди-ку! Ўшанақасидан бўлсин!

— Ие, — Толиб ҳайрон бўлиб домлага яқин борди. — Тушунмадим, нима, бу ерда дискотека уюштирмоқчимисиз? «Куф-суф»ингизни бошласангиз-чи бошни қотирмай! Индамаган сари…

— Сен ўч! — деди Ринат оға Толибга еб қўйгудек тикилиб. — Нима қилаётганимни ўзим биламан. Қизлар ўша ашулага сакраб-сакраб ўйнайди. Хонанинг чанги чиқади. Ана шунда анави бемор қизга ёпишган жинлар тирақайлаб қочади. Уф-ф!.. Нима, бу ерга «атчўт» беришга келибмидим? Бор, бор, чиқларинг! Ўлдирдиларинг-ку бўлар-бўлмасни сўрайвериб! Менми домла бу ерда, ё сенми? Чиқ дедим!..

Толиб кўзларини юмган кўйи жимгина ётган Севинчга дардли боқди-да, қўл силтай-силтай хонани тарк этди.

— Қани, қақажонлар, — дея қизларга яқин борди домла. — Манави гўштдан бир чимдим, бир чимдим ейсизлар! Сен, Жаннат, ҳов анави пиёладаги қондан беморимизнинг юз-кўзларига суриб чиқ! Жинлар жазавага тушсин! Жазавага тушиши билан ашулани қўйворасан!..

Буйруқ бир зумда адо этилди. Домланинг ишораси билан Жаннат опа Толиб қўйиб кетган тасмани бир кўздан кечирган бўлди-да, магнитофоннинг тугмачасини босди. Хонада шўх хориж қўшиғи янграй бошлади.

— Қани, сакраб-сакраб ўйна! — бир-бир қизларнинг тирсагига туртиб рақс тушишга чорлай кетди домла. — Ҳа-а, икки қўлингни худди чет эл артистларидай баланд кўтариб ўйналаринг! Сенам, Жаннат, қўшил буларга! Уялма! Жинлар жазавага тушяпти, ана! Қўзғаляпти!..

Ринат оғанинг ўзи қўлига қамчини олди-да, хонани айланиб чопа бошлади.

— Ҳўв ялло, ҳўв ялло! Қоч-эй, қоч, қоч! Қарғайман-о, қарғайман! Уйингни куйдираман, жинваччалар, қоч! Ҳўв ялло-ю, ҳўв ялло! Ҳай-ё-ҳув-о, ҳай-ё, ҳув! Ҳов ялло! Қочсин жинлар, қочсин-о, домлага йўл очсин-о! Ҳўв ялло-ю, ҳўв ялло!..

Ёши ўтиб қолган эмасми, Жаннат опанинг аъзойи бадани қора терга ботган, сакрашга холи қолмаганди. Лекин домладан қўрққани сабабли тўхташга ҳадди сиғмас, йиқилай деганда қайсидир қизнинг тирсагидан маҳкам ушлаб қоларди.

Севинч бўлса, аллақачон кўзларини очиб, тепасида уёқдан буёққа телбаларча чопаётган Ринат оғага, дискотекадаги каби берилиб рақс тушаётган қизларга ҳайратли назар ташларди. Ҳануз ҳуши ўзига келиб улгурмагани боис, қўрқув, ҳадикка қалби бегона эди. Бўлиб ўтаётган ишларни сокин кузатарди.

Ринат оға кутилмаганда қийқиришдан тийилиб, қўлидаги қамчини ўйнатганча Севинчнинг тепасида пайдо бўлди. Кўзлари аланг-жаланг гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга телбанамо боқди. Сўнгра қамчини силкитиб уч-тўрт карра Севинчни айланиб югурди. Югуриш асносида рақс тушаётган қизларга урилиб ҳам кетди. Қизлар рақс тушишарди-ю, домланинг беўхшов ҳаракатларидан қотиб-қотиб кулишарди. Аммо Ринат оға кулгуларга эътибор қилмасди. Астойдил югурарди. Югуриш баҳонасида тез-тез қамчисини силкитиб-силкитиб қўярди.

Нақ бир соатча давом этган бу «сеанс» ниҳоят домланинг ишораси билан тўхтатилди. Мусиқа шовқини тиниши билан биринчи бўлиб Жаннат опа полга ўтириб олди. Ринат оға эса Севинчнинг тепасига чўккалаб шивир-шивир қилганча нималардир деди. Шивирлашдан тўхтагач, Севинчни ўрнидан туришга ундай бошлади.

— Туравер, қизим, туравер, — деди у бошини силкита-силкита эснаркан. — Жинлар қочди, қочди! Тур!

Бахтга қарши Севинч тура қолай демасди. Ҳамон шифтга тикилганча сукут сақларди.

— Оббо-о-о! — ҳафсаласи пир бўлди чоғи, Ринат оға сапчиб ўрнидан турди. — Юзсиз, қайсар жин экан жинларинг! Бўлмайди, бўлмайди!.. Жаннат, «братишка»ни чақиравер! Ўхшамади! Мен бунақа жинлар билан тиллаша олмайман! Яна битта оқ эчки сўймаса иложи йўқ!

— Вой, оға, энди эчкини қаердан оламан? — Жаннат опа энсаси қотиб қўл силтади. — Қўймасакансиз-да ўзингизам! Бу ер шаҳар бўлса! Боқиб қўйган қатор эчкиларим бўлсайкан…

Шу орада ичкари эшик очилиб, Толиб Сарвар ҳамроҳлигида кириб келди. Кўрдики, ҳеч нарса ўзгармаган. Устига-устак домланинг Жаннат опа билан эчки масаласида тортишаётгани қулоғига кириб, жазавага тушди.

— Вей, дуохон, — дея Ринат оғанинг тепасига яқин борди Толиб. — Қанақа «аферист»сан-а ўзи? Қани тузалгани?

— М-мен… Менга дўқ урманг, укам, — даъфатан паст тушиб бош эгди домла. — Мен… Қўлимдан келганини қилдим. Фақат… Бу қизни қайсар жинлар босибди. Шунга…

— Э, сур-э беттан! — Толиб Ринат оғани бир тирсаклаб юборди-да, Севинчга яқинлашди. У ҳеч бир ҳаракат содир этмас, сўз қотишга чоғланмасди. Ҳолсизланган кўйи Толибга тикилганча ётарди.

— Сарвар, — шотири томон ўгирилди Толиб. — Машинани чақир! Сенам ғирт анқов экансан. Қаёқдаги дуохонларга ишониб, Севинчни толиқтирдинг. Бўл тез, машина чақир!

— Қ-қаерга борамиз энди? — сўради Сарвар тутилиб. — Балки…

— Бошимни қотирма дедим! — жеркиб берди уни Толиб. — Қўлингдан келмадими, энди жи-им тур! Шаҳарга олиб борамиз Севинчни!..

Толибнинг сўнгги гапи Севинчни ўрнидан қўзғалишга мажбур этганди. У беихтиёр сергаклангандек қўлларини икки ёнга тираган ҳолда қаддини кўтарди. Бу гал унинг нигоҳлари ҳиссиз эмасди. Толибга нафрат аралаш боқарди.

— Ие, турдингми, Севинч? — Толиб югура бориб Севинчнинг қаршисида тиз чўкди. — Яхши бўлдингми? Опошмисан энди?..

Севинч сўзлашга шошилмади. Гўё Толибнинг сўзларини эшитмаган каби индамай ўрнидан турди ва деворга суяниб олди.

— Нега индамайсан? — уни сўроққа тутишда давом этди Толиб. — Бирор нима десанг-чи, жоним!..

Шундагина Севинч тилга кирди. Гарчи ҳайқира олмаса-да, аламли шивирлади:

— Мени жоним дема, ифлос! Жонинг чиқиб бўлган сенинг! Сен… Мурдасан! Тирик мурдасан!..

— Севинч! Бу нима деганинг?.. — Толиб унинг ҳақоратларига эътибор бермай, елкасидан қучиш мақсадида қўл чўзди. Бироқ шу заҳоти Севинч ўзини четга олди ва бир неча маротаба хўрсина-хўрсина, тўсатдан бақирди:

— Йўқол! Ифлослар! Маразлар! Қотиллар! Мени тинч қўйларинг!..

Афсуски, бу қичқириғи инобатга олинмади. Толиб асабларини босиш ниятида хонани айланган бўлди-да, Сарварга юзланиб, Севинчдан-да, қаттиқроқ ҳайқирди:

— Нега қараб турибсан! Куч билан машинага опчиқ уни! Шаҳарга кетади Севинч, шаҳарга! Дуохонни… Нимайди? «Братан»ниям топиб кел шу ерга! Севинч тузаляпти, тузаляпти! Тезроқ домлани топиб кел, ука, тезроқ! Уям биз билан кетади! Жаннат опа, сизам отланинг! Севинчнинг тепасида бўласиз! Э, нега бақрайиб турибсиз? Бўлмайсизми?

Жаннат опа Толибнинг дўқларидан жони чиққудек қўрқиб апил-тапил бошига оқ рўмолини ташлади ва ташқарига зипиллади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...