Камбағал ва ишсиз фуқароларни ўқитишга қаратилган умуммиллий тизим жорий этилади – Президент қарори лойиҳаси

0

Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинади

Президентнинг “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўқитишга қаратилган умуммиллий тизим жорий этилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туман (шаҳар)ларида жойлашган ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;

Тошкент шаҳрининг туманларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги ўрта махсус таълим муассасаларида ишсиз ёшлар, хотин-қизлар ҳамда ўз малакасини оширмоқчи бўлган фуқаролар учун ташкил этиладиган қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари;

маҳалла гузарларида, маҳалла ҳудудларидаги ўқув муассасалар, корхона ва ташкилотлар, ташаббускор тадбиркорлик субъектлари биноларида, бошқа бўш турган жойларда ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарларга ўқитиш марказлари ҳузурида ташкил этилган маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки ой муддатда ишсиз ва камбағал аҳолини “маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари – касб-ҳунарга ўқитиш марказлари – “Ишга марҳамат” мономарказлари” механизми асосида ўқитиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар “Ишга марҳамат” мономарказларининг тўлиқ ишга туширилишини таъминлайди. Бунда:

“Ишга марҳамат” мономарказлари касб-ҳунар, тадбиркорлик, хорижий тиллар, касбий малакани баҳолаш, ишга жойлаштириш ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига юбориш йўналишларини ўз ичига олади;

қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари буюртмачиси сифатида тегишли ҳудудлар “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси этиб белгиланади, шунингдек, қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари қонунчиликка мувофиқ тартибда амалга оширилади;

ўқув жараёнида фойдаланиш учун асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш “Ишчи касбларни оммалаштириш ва ривожлантириш Words Skills Uzbekistan ассоциация”си буюртмаси асосида белгиланган тартибда Вазирлик томонидан амалга оширилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда туман (шаҳар)лардаги ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказларида фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этади. Бунда:

касб-ҳунарга ўқитиш жараёнида маҳаллий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга, шунингдек, тадбиркорлик ва хорижий тилларга қисқа муддатли ўқитиш қамраб олинади;

касб-ҳунарга ўқитиш марказлари учун тасдиқланган йўналишлар бўйича ўқув жараёни учун асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш тегишлилиги бўйича Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларида фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этади. Бунда:

касб-ҳунарга ўқитиш курслари улар жойлашган туманларда эҳтиёж юқори бўлган ишчи касб-ҳунарларга, айниқса хизмат кўрсатиш, қурилиш, коммунал соҳалар бўйича қамраб олинади;

ўқитиш курслари муддати 3 ой бўлиб, курслар кечки пайт ёки аҳолига қулай бўлган бошқа вақтларда ўтказилади;

касб-ҳунарга ўқитиш курслари Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ректорлари томонидан доимий назорат қилиб борилади, курсларда ўқитиш жараёнига олий таълим муассасалари ўқитувчилари кенг жалб қилинади;

касб-ҳунарга ўқитиш курсларининг моддий-техника базасини таъминлаш, шу жумладан замонавий асбоб-ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

касб-ҳунарга ўқитиш курсларида ишсиз фуқароларнинг ўқиши учун тўлов Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

г) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида ишсиз ва камбағал аҳолини касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этади. Бунда:

касб-ҳунарга ўқитишнинг тикувчилик, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик асослари ва бошқа мураккаб асбоб-ускуналар талаб этилмайдиган йўналишлар бўйича қисқа муддатли (кўпи билан 3 ой) ўқув курслари ташкил этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларини ташкил этиш учун маҳаллаларда жойлашган маҳалла идоралари, гузарлар, маҳалла ҳудудларидаги ўқув муассасалари, корхона ва ташкилотлар, ташаббускор тадбиркорлик субъектлари бинолари ҳамда бошқа бўш турган жойлар ажратилишини ва зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланишини таъминлайди;

касб-ҳунарга ўқитадиган касбий-таълим усталари одатда ҳунарга ўқитиш масканлари жойлашган ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар таркибидан танлаб олинади ҳамда ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари билан шартнома асосида иш фаолиятини олиб бориши белгиланади;

маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларининг касб-ҳунарга ўқитадиган касбий-таълим усталарини ўқитиш ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан амалга оширилади;

Вазирлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан келишган ҳолда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ўқув дастурларини тасдиқлайди;

маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида ишсиз ва камбағал аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан зарур хом ашё ва материаллар билан таъминлаш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида касб-ҳунарга ўқитиладиган шахсларга меҳнат стажини ҳисоблаш учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси расмийлаштириб берилади.

Молия вазирлиги “Ишга марҳамат” мономарказларини, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказларини қайта таъмирлаш, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Республика бюджетидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 200 миллиард сўм маблағ ажратади.

Вазирлик:

Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги “Ишга марҳамат” мономарказларида 2020-2021 йилларда иш қидирувчи шахслар, хорижга меҳнат миграциясига кетмоқчи бўлган фуқаролар, нодавлат ўқув марказлари битирувчилари ва бошқа аҳоли тоифалари учун WorldSkills стандартлари асосида Ишчи касблар бўйича касбий малакани баҳолаш марказларини ташкил этади;

2020 йил давомида “Ишга марҳамат” мономарказлари, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва бошқа нодавлат таълим муассасалари ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталарини халқаро стандартлар асосида малакасини ошириш мақсадида халқаро экспертлар ёрдамида нодавлат таълим муассасаси шаклидаги “Worldskills Академияси”ни ташкил этади;

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб “Ишга марҳамат” мономарказлари битирувчиларининг касбий малакасини Worldskills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатда ва Россия Федерацияси ҳудудида тан олинадиган Skills паспорти берилишини йўлга қўяди ва касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг Ягона реестрини шакллантиради;

Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази таркибида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари учун ўқув дастурлари, ўқув қўлланмалари ва методик материалларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи “Методик таъминлаш маркази” ташкил этилишини таъминлайди.

Белгиланишича, “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари:

давлат муассасалари ҳисобланади ҳамда бевосита Вазирлик, шунингдек жойлашган ҳудудига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаларига бўйсунади;

фаолияти йўналишлари ҳудудлардаги меҳнат бозорининг эҳтиёжлари, аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда Вазирлик томонидан белгиланади, уларнинг фаолияти билан боғлиқ харажатлар, яъни моддий-техник таъминлаш ва сақлаб туриш ҳамда бошқа харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, хўжалик фаолияти натижасида топилган маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

раҳбар, ўқитувчи ва бошқа барча ходимларининг таркибий тузилмаси, штат таркиби ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори Вазирлик томонидан тасдиқланади;

ўз битирувчиларига берган ўқишни тамомлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Words Skills стандартлари асосида топширилган имтиҳон натижаси билан берилган Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилиб, эгаллаган билимларини меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради, бироқ, таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмайди;

ўқув фаолияти учун зарур бўлган, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдоридаги эҳтиёт қисмлар ва хом ашё материалларини етказиб берувчи ва чакана савдо ташкилотлари орқали харид қилиши мумкин;

ўқув жараёнида ишлаб чиқарилган ярим тайёр, тайёр маҳсулот (товар, иш, хизмат)ларни ушбу марказлар ҳудудида жойлашган кўргазмали павильонлар ва ярмаркалар ҳамда электрон тижорат (E-commerce) йўналишида намойиш қилиши ва сотиши (тушган тушумларни ўқув жараёни учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва хом ашё материалларини харид қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва уларни рағбатлантириш учун сарфлашга йўналтириш шарти билан) мумкин.

Вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили 1 апрелга қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан “Энг яхши касбга тайёрлаш дастури” бўйича нодавлат ташкилотлари ўртасида танлов ўтказади. Бунда танлов қуйидаги шартларда амалга оширилиши назарда тутилади:

танлов ғолиби сифатида қонунчиликда белгиланган тартибда таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга, ҳудуднинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олган ҳолда энг кўп ишсиз ва камбағал фуқароларни, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга, чет тилига ва тадбиркорликка ўқитиш зиммасини олган, ўқув дастури ва қўлланмаларига эга, ўқиш жараёнида ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланадиган нодавлат ўқув маркази аниқланади;

ажратиладиган грант миқдори ҳар бир ўқитиладиган ишсиз ва камбағал фуқаро учун ўқиш жараёнининг ҳар ойи учун энг кўпи билан базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт ярим баравари миқдоридан ошмаслиги керак.

Молия вазирлиги “Энг яхши касбга тайёрлаш дастури” танлови ғолиблари лойиҳаларини молиялаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Республика бюджетидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 50 миллиард сўм маблағ ажратади.

Вазирлик танлов ғолиби аниқлангандан кейин 3 кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига танлов ғолиблари тўғрисида маълумот тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига танлов ғолибларини 15 кун муддатда бинолар билан таъминлаш чораларини кўриб боради.

Вазирлик Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:

2020 йил 1 сентябрга қадар Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитишни ташкил этади;

Ўзбекистон фуқароларининг сони кўп бўлган Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Новосибирск шаҳарларида ва бошқа ҳудудларда давлат ҳамда нодавлат таълим муассасалари ва марказлари билан музокара олиб борсин, шунингдек, мазкур ҳудудларда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилга, айниқса кечки пайт (иш вақтидан кейин) ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан ўқитиш учун жой, ўқув қўлланма ва ўқув қуроллари билан таъминлаш бўйича ўзаро келишувлар тузади;

Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитишни ташкил этишда Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН), “Молодие профессионалы (Ворлдскиллс Россия)” иттифоқи ҳамда бошқа таълим ва касбий малакани баҳолаш муассасалари билан кенг ҳамкорлик ўрнатади.

Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясида касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш харажатларини Вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш назарда тутилади.

kun.uz

loading...