20 март — Халқаро бахт куни

0
Инсониятнинг асосий мақсади бахтдир. БМТ Бош Ассамблеясининг 2012 йил 28 июнь куни қабул қилган резолюциясига биноан сайёрамиздаги ҳар бир инсоннинг бахтга интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили 20 март куни Халқаро бахт куни (International Day of Happiness) нишонланади. 
Бутан, Бирлашган Араб Амирликлари, Венесуэла, Эквадор ва Шотландияда Бахт вазирлиги бор. “Бахтга интилиш дунёдаги барча одамларнинг умумий туйғуси” деган фикрни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маъқуллади. Бутан қироллиги таклиф қилган мазкур ғоя БМТ Бош Ассамблеясида халқаро ҳамжамиятга аъзо барча 193 та мамлакат томонидан қўллаб-қувватланди. Шу тариқа A/RES/66/281 рақамли резолюция қабул қилинди. Ҳужжатда барча мамлакатларни ҳар бир одамнинг фаровонлигини яхшилашга чақирилади.
Байрамдан кўзланган асосий мақсад ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли эканини кўрсатишдан иборат. Бунинг учун фақат ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат зарур. Бахтли бўлиш эса жуда ҳам осондир.
Халқаро Gallup International WIN тадқиқот агентликлари мустақил уюшмаси ҳар йили сайёрамиз аҳолиси ўртасида “Йил якуни” (End of the Year) мавзуида ижтимоий сўров ўтказади. Респондентларга бериладиган саволлар орасида аньанавий тарзда бахтли экани ҳақида ҳам сўралади. Сўров натижаларини таҳлил қилган мутахассисларнинг фикрича, сайёрамиз аҳолисининг 66 фоизи, тўғрироғи ҳар уч инсоннинг иккитаси ўзини бахтли ҳисоблайди. Ўзини бахтсиз ҳисобловчилар атиги 10 фоизни ташкил қилади. Респондентларнинг 23 фоизи бахт нималигини ҳис қилмасликларини, шахсий ҳаётларида бахт йўқлигини айтишган.
Қаерда тараққиёт ва умид бўлса, ўша ерда бахт мавжуд бўлиши ўз исботини топмоқда. Ўзини бахтли ҳисобловчи инсонлар асосан Осиё ва Жанубий Америкада истиқомат қилиши аниқланди. Ғарбий Европа аҳолиси эса тушкун кайфиятда экани ойдинлашди. Кузатувчиларнинг фикрича, аҳолининг қўлидаги бойлик бахтни англатмайди. Бахтга тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган юртдагина эришилади. Даромади юқори бўлган мамлакатларга нисбатан даромади пастроқ бўлган давлатларда яшаётган инсонлар ўзларини бахтли санаши бахт пулда эмас деган мақолнинг нечоғли тўғрилигини исботламоқда.
АҚШнинг Принстон университети олимларининг фикрича, бахт мутлақо пулга боғлиқ эмас. Чунки бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди. Бу тадқиқотни энг таниқли икки олим – психолог, Нобель мукофоти совриндори, профессор Даниэль Кознман ҳамда иқтисодчи Алан Крюгер амалга оширган. Уларнинг хулосасига кўра, бойлар бошқаларга нисбатан бахтлироқ эмас ва бўлолмайдилар ҳам!..
Gallup International WIN вице-президенти ва Ромир тадқиқот холдинги президенти Андрей Милехиннинг айтишича, бахтга эришиш тушунчаси у ёки бу миллатнинг маданиятидан далолатдир. Яъни қаерда эртанги кунга ишонч ва умид бўлса, ўша ерда энг бахтли инсонлар истиқомат қилади.
Сўнгги ярим аср мобайнида дунё мамлакатлари иқтисодиёти сезиларли даражада юксалган бўлса-да, “Бахт кўрсаткичи” ҳамон ўзгармай қоляпти. Даромади жуда ошиб кетган кишилар ўзларини бошқаларга нисбатан бахтлироқ ҳис этишмаяпти. Аксинча, бойларнинг ишлари бошларидан ошиб-тошиб ётибди ва улар ўзлари учун яшаш вақтига эгалик қилолмаяпти.
Бахт фақат мол-дунё, амал, мартаба ёки ўткинчи ҳис-туйғулардан иборат эмас. Инсонга берилган ҳар бир неъмат бахтдир. Кишининг оиласи, бола-чақаси тинч-хотиржам бўлса, танаси соғ-саломат бўлиб, овқатлангани таоми бўлса, бундай инсон ўзини бахтли ҳисобласа бўлади.
Тўғри бахтга осонлик билан эришилмайди. Бунинг учун меҳнат қилиш ва унга интилиш керак. Донишмандлардан бири айтганидек, инсонлар бахтли бўлишга ҳақли ва шу билан бирга бахтли бўлишга мажбур.

 

478
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
loading...