АЛАМЗАДА… (29-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кўз очиб юмгунча қиш кирди. Шаҳарни оппоқ қор қоплади. Қишли-қировли кунларда одамлар яна танча атрофини тўлдирганча гурунгбозлик, чойхўрлик қиладиган бўлди. Эрта тонгда ишга, ўқишга қатнайдиганлар қайтадан ёмғирпўшларни қўлга олди. Кимдир ёши ўтиброқ қолган қариянинг музда сирпаниб йиқилганини кўрса, дарров ёрдамга чопди. Яна биров қўрқувдан титрай-титрай, сирпанчиқ кўча бўйлаб худди гўдак каби эҳтиёткорона қадам босаётган кампирларнинг қўлтиғига кирди. Барчаси шу давр одамларининг пок қалби, диёнатидан дарак бўлса, ажаб эмас…

Шу қиш Севинч учун ҳам ёмон бошланмади. Толиб чўрткесарлигига борди. Дуохон домла жуфтакни ростлаб қолгач, ўша куниёқ Севинчни шаҳардаги энг нуфузли касалхонага олиб келди. Атайин ўзи четда турган ҳолда Севинчни даволатди. Хабарини шотирлари орқали билиб турди. Мана, худога айтгани бор экан, анчадан бери тушлари булғанмай қўйди. Уйқусизлик, ваҳима, васвасалардан азобланмаяпти. Фақат кўнглини қамраган алам нари кетай демайди. Отасини соғинганда, Толибга айтиб-айтиб ташлагиси келади. Қарғаниб-қарғаниб, хумордан чиқишга ошиқади. Аммо зўравон қорасини кўрсатмаяпти. Икки ойдан бери касалхона деразасидан ташқарига мўлтирайди-ю, бироқ нияти амалга ошмайди. Толиб гўё изсиз ғойиб бўлгандек…

Севинч ўтира-ўтира аслида нималар бўлганини эслашга уринди. Тасаввурида зулмат қаъридан, бўшлиқдан бўлак ҳеч нарса намоён бўлмади.

Не сабабдан бу касалхонада ётганини англашга ҳаракат қилди. Тумбочка устидаги укол-дориларга синчиклаб тикилди. Қайси касалга қарши мўлжалланганини идрок эта билмади.

«Ҳушимдан кетибман шекилли, — кўнглидан ўтказди у бошини чангаллаб. — Мени бир кишилик палатага жойлаштирибди Толиб. Лекин нега? Наҳотки, камқон касалим тағин қўзғалган бўлса? Ахир, «тузалиб кетдинг, энди касалинг қайталанмайди», дейишганди-ку!.. Нима бўлди ўзи? Эсимда, Толиб мени олис манзилга юборди. Ёнимда Сарвар бор эди. Ҳушимдан кетгач, ташлаб қочдими у шериги билан? Йўқ, Толибдан ўлгудай қўрқади. Ундай қила олмайди Сарвар. Унда мени касалхонага ким олиб келди? Нима учун ҳар куни Сарварнинг ўрнига бегона кишилар мендан хабар оляпти? Нега Толибнинг ўзи юз кўрсатмайди? Сабаби нимада? Ёки ташлаб кетдими? Энди ҳеч қачон қайтмайдими? Номусим-чи? Кимга керакман? Қаерга бораман?.. Худойим, дадажоним-чи?.. Ҳа-я, дадам қани? Нимага келмаяпти мени кўришга? Толиб ҳайдаб юборганмикан униям? Ногирон аҳволи билан қаерга боради? Кимларнинг кўзига мўлтирайди? Ким уни парвариш қилади?.. Дадам… Дадамни кўришим шарт!..»

Севинч даст ўрнидан турди-да, касалхонадалигини ҳам унутиб буюмларини йиғиштира бошлади. Шу пайт палата эшиги оҳиста очилди ва ичкарига даволовчи врач — бўйдор, сочига оқ оралаган, қирқ ёшлар атрофидаги эркак кириб келди. У Севинчнинг нарса йиғиштиришга тушганини кўриб мийиғида жилмайди. Сўнгра яқин борди.

— Ҳа, синглим, қаерга отландингиз? — сўради врач мулойимлик билан. — Тинчликми?

— Мен… Дадамни кўришим керак, — деди Севинч врачга у қадар эътибор қилмай. — Дадам касал. Ундан хавотир оляпман.

— Ҳали сизга рухсат берилмади-ку кетиш учун! — кулди врач бош қашиб. — Нимага бунча шошиляпсиз?

— М-мен тузукман, — деди Севинч ер чизиб. — Мана, соғайдим, дўхтир!

— Майли, майли, — врач халати киссасини ковлаб, касаллик варақасини чиқарди-да, Севинчга узатди. — Ўзи бугун сизга рухсат бермоқчийдим. Ҳазиллашдим-да, синглим! Энди ҳеч қачон касал бўлманг, хўпми?! Айтганча, манавиниям олиб қўйинг! Омонат!

Врач бошқа киссасидан бир даста пул олиб Севинчга тутқазди.

— Акангизми, қариндошингизми, бериб кетувди боя. Айтдики, кўчага чиқавераркансиз, машина кутиб тураркан. Сизни уйингизга олиб кетаркан.

Севинч дарров илғади. Бу Толиб. Демак, яна ўзи келишни хоҳламаган. Гумашталарини юборган. Аммо нега? Бу нимаси? Шу ерга опкелиб ётқизибди, даволатибди. Энди қочиб юришини қандай тушунса бўлади? Балки қочиб юрмагандир? Ғурури баландлик қилгандир? Севинчни менсимаётгандир? Ё ўсал ётганида билиб-билмай уни ранжитиб қўйганмикан? Бирор бемаъни гап айтиб юборганмикан? Шундай бўлган тақдирда ҳам тушуниши керак эди-ку! Касал, гоҳ ҳушли, гоҳ беҳуш ётган одам нима деётганини ўзи билмайди-ку! Шуни тушунмадими?..

«Ўлиб кетсин ҳаммаси, — ўйлади Севинч аста юриб катта кўчага чиқаркан. — Дадажонимни тезроқ кўрсам, тиззасига бош қўйиб тин олсам бас. Бошқаси қизиқтирмайди. Дадамни жудаям соғиндим. Ишқилиб, касалланмаган бўлсин. Ўзининг аҳволи етарли эди. Шунинг устига хасталанса, кўтара олмайман…»

Севинч кўчанинг нариги юзидаги қора «Волга»га кўзи тушиб таққа тўхтади. Машина Толибга тегишли эди.

Ҳайдовчи ҳам уни кўрди ва шоша-пиша машинадан тушди-да, пешвоз чиқди.

— Синглим, опошмисиз? Толиб акам уйда бетоқат кутяпти сизни! Кета қолайлик!

Толибнинг ҳовлисида одатдагидек сукунат ҳукмрон эди. Ҳовли ўртасидаги сўрини қор босибди. Негадир қорни ҳеч ким тозаламабди. Ҳатто, ҳовлига дид билан териб чиқилган қора мармарлар қор остида қолибди.

Бу манзарани кўриб Севинч баттар ҳайратланди. Чунки Толиб ҳеч қачон ўз ҳовлисига нисбатан бу қадар эътиборсиз эмасди. Ерда бир дона дарахт япроғини кўрса, хизматчиларини сиқувга оларди. Ҳеч қачон уйида ноорасталик бўлишига йўл қўймасди.

Шуларни хаёлидан кечирса-да, отасига бўлган соғинч ҳисси зўр келиб Севинч ўзлари учун Толиб ажратган хона томон шошилди. Аввало уй эгасига учраши лозимлиги, ҳол сўраш, керак бўлса ҳисоб бериш зарурлиги ҳақида ўйлаб ўтирмади. Буни шарт эмас деб билди.

Аммо хонагача етиб боролмади. Меҳмонлар учун ажратилган алоҳида хона эшиги очилиб, олдин Толиб, кетидан Севинчни олиб келган ҳайдовчи ташқарига чиқди.

— Ие, Севинч келибди-ку! — дея у томон юрди Толиб ҳеч нарса бўлмагандек тиржайиб. — Қани, кел, жоним, кўришайлик! Соғинтириб юбординг-ку одамни!

Севинчнинг юраги беихтиёр ғаш тортди. Негадир ижирғангиси келиб ўзини орқага олди.

— Дадам қани? — салом-алик ўрнига қовоқ уйиб сўради у. — Дадамни кўришим керак.

— Бу нимаси? — Толиб бирдан ранги ўзгариб Севинчга яқинлашди. — Олдин саломлашишади одат бўйича. Бу қандай тарбиясизлик, асалим?

— Менга пахта қўймай қўя қолинг, — зардали оҳангда сўз қотди Севинч. — Нима қилсангиз, қилиб бўлдингиз. Энди хушомадлар нимаси? Ундан кўра дадамнинг қаердалигини айтинг!

— Ҳали шунақами? Мен билан кўришмайсанми? Охирги марта сўраяпман!

Севинч хомуш тортиб қолди. Афтидан кўз ўнгида Толиб билан ўтказган энг бахтли ва мазмунли онлар гавдаланган каби бош эгди. Қаршисидаги Толибнинг қайноқ нафасини димоғида туйиб, вужуди билинар-билинмас титради. Бояги зардалари, шаштидан асар қолмади. Қалбини таниш ва қадрдон илиқлик чулғади. Қўйиб берса, ҳозироқ Толибнинг кўксига бош қўйишга тайёр турди. Андиша устун келиб ўзини тийди.

— Мени қийнаманг, Толиб ака, — шивирлади у йиғламсираб. — Ростданам дадамни соғингандим.

Толиб Севинчнинг паст туша бошлаганини дарҳол пайқаб, икки елкасидан тутди. Шу кўйи ими-жимида ҳайдовчига «кет» ишорасини қилган бўлди-да, Севинчнинг майин ва қоп-қора, узун сочларини тўйиб-тўйиб ҳидлади. Бир неча маротаба чуқур хўрсинди.

— Аҳмоққинам, овсаргинам, — уни эркалаб юзларидан бўса олди Толиб. — Сен биринчи навбатда мени соғинишинг керак! «Дада»лашинг нимаси чақалоқларга ўхшаб?

— Йў-ўқ, керакмас, — ўзини олиб қочишга тутинди Севинч. — Дадамни кўришим шарт. Қўйворинг!

Толиб уни қўйиб юборди-да, бир қадам ортга тисланди.

— Шунақами? Дадангни кўришинг керакми? Яхши, бор, борақол! Кирмайсанми?

Севинч Толибга бир муддат аланг-жаланг қараб турди-да, хона тарафга чопди. Лекин сал ўтмай йиғламсираганча қайтиб чиқди.

— Ҳа, йўғаканми дадажонинг? — сўради Толиб масхараомуз кулимсираб. — Балки беркиниб олгандир?

— Масхара қилманг! — беихтиёр бақириб берди Севинч аламини жиловлай олмай. — Топиб беринг дадамни, топиб беринг!

— Яхши топиб бераман, — деди Толиб совуққонлик билан. — Қачон топиб берай? Ҳозирми?

Севинч жавоб ўрнига Толибга яқин келди-да, кўзларига тик боқди. Бу боқиш замирида узоқ йиллик нафрат ва ёввойи муҳаббат қоришиқ эди. Нигоҳларга яширинган икки қарама-қарши туйғу ўзаро кураш олиб борар, бир-бирига йўл бермасликка, биринчи бўлишга интиларди. Барибир нафрат муҳаббатга вақтинча бўлса-да, йўл берма қолмади. У биринчи бўлди.

— Сиз бизни ким деб ўйлаяпсиз? — сўз қотди Севинч лаблари титраб. — Қишлоқи деб хўрлайверасизми? Устимиздан қачонгача кулиб ўтасиз? Кимсиз ўзи? Худомисиз, пайғамбармисиз?

— Ў, жа дадилсан-ку-а? — Толиб бир туки сесканмай Севинчнинг бошини кафтлари орасига олди-да, куч билан ўзига яқинлаштирди. — Аҳмоқвой! Бу нима деганинг? Сен меникисан! Фақат ўзимникисан! Айтдим-ку, сен фақат мени соғинишинг керак, мени! Бошқа ҳеч кимни!

Толибнинг кафтларидан таралган қайноқ тафт нафратни бир зумда ёввойи муҳаббатга алмаштириб қўйгандек эди… У бўшашди. Бир муддат лом-мим деёлмай сукутга толди. Нигоҳлари ерга қадалди. Вужуди чумоли ўрмалаган каби билинар-билинмас сесканди. Қалби эса бу шеркелбат йигит қаршисида ожиз қолиши муқаррарлигини қайта туйиб, юмшади.

— Илтимос, дадамни кўрсатинг! Қаерга беркитган бўлсангизам кўрсатинг! Йўқса, ўлиб қоламан, Толиб ака! Ҳазилам эви билан-да!..

— Ана энди ўзингга келдинг! — Толиб уни қўйиб юборди-да, бир қадам ортга тисланди. — Бўларкан-ку! Келар-келмасингдан дўқ қилишинг нимаси, жоним? Яхшиликчасига айтсанг ҳам бўлади-ку!

— Хўп, хўп, — Севинч янада мулойимлашди. Боқишларида меҳр жилвалангандек бўлди. — Майли, кечиринг! Сал оширвордим. Энди кўрсатасизми дадамни?

Толиб жавоб беришга шошилмади. Оғир хўрсинганча нари кетди. Шу орада хизматчиларга ўқрайиб, аллакимларга танбеҳ берди. Кейин сал нарига бориб, Севинчга маъноли боқди. Нималарнидир ўйлади, ўзича хомчўт қилди, бош қашиб, турган ерида бир неча марта айланиб олди. Афтидан миробни кўрсатиш ё кўрсатмаслик ҳақида бош қотирди.

Кейин… Аста Севинчга яқин келди. Икки қўлидан тутиб, маъюс жилмайди.

— Хўш, кўрсатасизми? — сўради Севинч унинг ҳийла юмшаганидан жонланиб. — Нега индамай қолдингиз?

— Кўрсатаман, — дея юзини терс бурди Толиб Севинчнинг қўлларини бўшатиб. — Юр, машинага чиқ! Ҳозир борамиз ўша ерга!

— Раҳмат сизга! Билардим, ишонардим! Унутмайман! Ҳеч қачон унутмайман!

— Юр, нега қараб турибсан? — бу гал сал дўқлаганроқ оҳангда сўз қотди Толиб. — Майдалашмагин-да, машинага чиқ!

Севинч бу гапни эшитибоқ кўнгли яйраб Толибнинг олдига тушди.

 

* * *

 

Машина шаҳар кўчалари бўйлаб елдек учиб борарди. Севинчнинг қувончи дунёга сиғмайди. Азоблар вақтинча бўлса-да, унутилгандек ойнадан ташқарига мамнун боқарди. Кўз олдидан отасининг қачонлардир айтган ҳазиломуз сўзлари, эркалашлари, мактуб битишлари-ю, дунёга мағрур боқишлари маржон каби тизилиб ўтарди. У йўл-йўлакай миробга нималар дейишни хаёлига жамларди. «Ишқилиб, йиғлаб юбормайин» дея худодан сабр сўрарди.

Ниҳоят машина секинлаб, ўнгдаги кўчага бурилди. Кўчанинг чапида узундан узун қабристон бор экан. Ўнгига эса қатор маиший хизмат дўконлари қурилибди. Севинч ўтганлар ҳақига дуо ўқиб юзига фотиҳа тортди-да, дўконлар томон бош бурди. Шу маҳал Толиб машинани негадир қабристон ичкарисига ҳайдади. Севинч «Бирор яқин кишисининг қабри бўлса керак. Зиёратга кирмоқчи шекилли»,, деб ўйлади-ю, индамай ўтираверди. Машина оҳиста юриб бориб қабристон ўртасида тўхтади. Толиб миқ этмай пастга тушди ва бошини кафтлари орасига олган кўйи бир нуқтага тикилганча туриб қолди.

— Толиб ака, нега бу ерга кирдик? — сўради Севинч кута-кута тоқати тоқ бўлгач. — Бора қолмаймизми?

— Туш пастга! — буюрди таҳдид аралаш Толиб. — Анқайма, тезроқ туш!

Севинч юраги ғаш торта бошлагандек маъюсланганча пастга тушди.

— Энди ортимдан юр, — деди Толиб олдинга ишора қилиб. — Юр, Севинч! Қўрқмасдан юр!

— Тинчликми? Намунча сирли-сирли ишлар қилаверасиз? Мундай очиғини айтсангиз-чи!

— Борганда биласан. Сен ҳозир юришингни бил!

Улар олдинма кетин қабристон охиригача юриб боришди. Чапроққа кирилган ерда тепасига оқ мармардан ёдгорлик тоши ўрнатилган қабр бор эди. Толиб айни ўша қабр қаршисида тўхтади. Тўхтади-ю, Севинчнинг йўлини тўсмаслик ниятида ўзини нари олди.

Қиз ёдгорлик тошига биркитилган суратни, сурат остидаги ёзувларни кўрди. Кўрди-ю…

Ранги бўзарди. Тили танглайига ёпишгандек бўлди. Нафаси қайта бошлаган каби ҳарсиллай бошлади.

Толиб ҳамон унга ер остидан ўғринча кўз ташлар, лабларини қаттиқ тишлаб олганди. Аммо миқ этмасди. Фақат Севинчни кузатарди.

— Бу… нима? — кўзлари косасидан чиққудек Толибга юзланди. — Мени… Мен тушунмадим. — Севинч шундай деб туриб кутилмаганда қичқириб юборди: — Дадам қани-и-и, ифлос, қани-и-и???

— Ўзингни бос! — Толиб югуриб келди-да, Севинчни маҳкам қучоқлади ва нари судради. Шу орада нарироқда турган икки шотирига «кет» ишорасини қилди. — Бу ер қандай жойлигини унутма, аҳмоқ!

— Қўйвор мени, қўйвор. қотил! Сендан ҳазар қиламан! Йўқол!..

— Бақирма дедим, овсар, бақирма! Қабристонда бақириб бўлмайди-и-и!!!

Толиб куч билан Севинчни анча нарига судраклаб борди-да, мажбуран бетон тўсиқча устига ўтқазди.

— Ўзингни бос, — уни тинчлантиришга тушди Толиб чор атрофга ўғринча кўз ташлаб. — Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман! Фақат дод солмагин, илтимос!

Энди Севинчнинг дод соладиган ҳоли қолмаганди. Суюкли отасининг қабрини кўргандан сўнг адойи тамом бўлаёзганди. Сиқиб кела бошлаган юрагини чангаллаганча телбаларча бошини у ёндан бу ёнга ташлаб йиғлар, базўр шивирлаб қарғанар, нима қилиб бўлмасин Толибнинг қўлидан халос бўлишга уринарди. Шу тобда бу зўравон кўзига худди аждаҳодек қўрқинчли ва жирканч кўринарди. Кучи етмагани сабабли аламини силтаниш ва қарғишлардан оларди.

— Илоё отинг ўчсин! Отамнинг арвоҳи урсин илойим! Вой-вой-ей-й, энди нима қиламан? Мени ғафлатда қўйиб кетган отам! Ёлғиз қизини кўролмай кетган отам! Сизнинг гуноҳингиз нимайди, жон дада? Нега манави маразлар сизниям бошингизга етди, нега? Нимага худо буларнинг жонини ола қолмайди? Мениям ёнингизга олинг, дада! Бу дунёга сиғмайман сизсиз, сиғмайман! Чақира қолинг мениям!

— Бас қилсанг-чи! Ёш бола бўлмасанг-чи! — Севинчни овутиш пайида бўлди Толиб гўё ҳеч нарса бўлмагандек босиқлик билан. — Намунча дунёга жар солмасанг, ахир? Ё додласанг даданг қайтиб чиқадими гўридан?

Севинч даъфатан ўрнидан турди-да, Толибнинг томоғига чанг солди.

Бундай бўлишини кутмаган эканми, Толиб довдираб қолди. На Севинчнинг қўлларини томоғидан олиб ташлашни, на тек тураверишни билди.

— Топиб бер дадамни, ифлос! — телбанамо хириллаб Толибни қаттиқроқ бўғишга интиларди Севинч. — Қассоб, қотил! Дадажонимни қайтариб бер!

Толиб бир муддат гарангсиб турди-ю, нозик билакларни маҳкам қисиб қолди.

— Чиранаверма ҳадеб! — тобора Севинчнинг билакларини маҳкамроқ сиқиб шивирлади у. — Ҳаддингдан ошаверсанг-чи, сенам дадангнинг ёнига ётасан ҳозир! Ё тушунмадингми?

— Тиқ ўша гўрга! — бўш келмасди Севинч кўзлари ёниб. — Қани, зўрсан-ку! Одамхўрсан-ку! Тиқмайсанми шу гўрга мениям? Нимага қараб турибсан? Қўрқяпсанми? Бўлақол!..

Толиб жавоб ўрнига Севинчни судраклаганча машина қўйилган томонга қараб юрди. Қизнинг қаршиликларига, инграшларига-да қараб ўтирмади. Уни худди бир қоп буюм каби судрай-судрай бориб машинага ўтқазди.

— Мен тушунаман, — деди ўзи ҳам Севинчнинг ёнидан жой олиб машина эшигини ёпгач Толиб. — Сенга осонмас ҳозир. Нима бўлгандаям падарингдан айрилдинг. Худо раҳматига олсин бобойни! Энди менга қара, қулоқ сол, ўзингни қўлга ол, ҳозир ҳаммасини тушунтираман! Кейин… Кейин билганингни қилавер, Севинч! Хуллас, даданг сен кетганингдан кейин жанжал кўтарди. Нуқул «у-у»лаб миямни қотириб ташлади. Индамадим. Қарасам, мелисага отланибди. Нимаймиш, менинг ҳамма кирдикорларимни айтиб қаматармиш. Шундан кейин… Кечира олмадим уни. Чунки менгаям тинчлик керак. Қаёқдаги ногиронни деб…

— Ҳақорат қилма дадамни! — уни силтаб ташлади Севинч. — Ҳ-ҳали кўраман, бир кунмас бир кун ўзингам дадамдан баттар аҳволга тушасан. Ўшанда сени етаклайдиган одамнинг ўзи бўлмайди. Хорланиб ўласан. Худо жонингни олсин, одамхўр! Мен…

Севинч ортиқ сўзлай олмади. Тўсатдан боши айланаётганини ҳис қилди. Сал ўтмай кўнгли айниди. Ўқчиб-ўқчиб, бир неча ўн сониялардан кейин ҳушидан кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...