ЖУМБОҚ: “ТАРТЕСС ХАЗИНАСИ…”

0

 

XIX аср бошлариданоқ тарихчилар, археологлар ва хазина қидирувчилар афсонавий, қадимий Тартесс шаҳри аслида қаерда жойлашгани билан қизиқа бошлашди. Чунки илгари антик ёзувчилар бу шаҳарни ҳақиқий хазина экани ҳақида кўплаб асарлар битишгани, афсоналар тўқилгани уларга маълум эди…

Тартесс шаҳри жойлашган манзил хусусида узоқ вақт баҳслар кетди. Аммо бу бойликларга мўл-кўл шаҳарни топиш ҳеч кимга насиб этмади. Кимдир Гибралтар бўғозидаги оролларни кўрсатса, бошқалар Тартесс Атлантик океан соҳилларида жойлашганини таъкидлади. Ҳатто, баъзилар Тартесс Атлантиданинг бир қисми, табиий офат туфайли океан тубига чўкиб кетган, деган фикрларни ўртага ташлади.

Грецияликлар эса уни ғарбдаги кўринмас ва афсонавий масканга менгзаб, енгилмас Геракл ўша ёққа олтин олмалар қидириш учун борганлигини эътироф этишган.

Тарихчи Геродотнинг ёзишича, эрамиздан аввалги 660 йили савдогарлардан бири Колей Тартесс шаҳрига бориб қолди. Шаҳарни шоҳ Аргантион бошқарарди. Колей бу шаҳардан қуруқ қайтмади. Ўзи билан ватанига 1, 5 тонна кумуш олиб кетишга эришди. Ўшанда бирор юнон бу қадар кўп даромад ололмасди. Бу ҳам, шубҳасиз, Тартесс ҳақиқатан қимматбаҳо тошлар хазинаси эканидан далолатдир.

Тартесс хазинасидан хабар топган юнонлар тез-тез экспедицияга мутахассислар юборадиган бўлди. Бунинг натижасида улар ўзлари учун алоҳида ярим орол очишди ва ҳукмронлик ўрнатишди. Лекин тартессликларни доимий равишда бошқариш, у ерда савдо-сотиқ ишларини амалга оширишнинг иложи йўқ эди. Юнонларга финикийликлар халал берарди. Улар ҳам ярим оролда ўз монополиясига эга бўлишни хоҳларди.

Тўғри, аслида финикийликлар Ўрта ер денгизи бўйлаб кезиб, Тартесс шаҳрини юнонлардан олдинроқ топишган. Бу масканга ўзлари ном беришган. Узоқ вақт испанлар билан ўзаро савдо-сотиқ ишларини олиб боришган. Портллар бунёд этишган. Портлардан бири Гадес деб номланиб, Тартесс бўғозини ташқи ҳужумлардан ҳимоя этиш учун мўлжалланганди. Бора-бора бу порт энг бой масканлардан бирига айланди. Ҳатто кемалар елканлари ҳам тоза кумушдан тайёрлана бошланди. Бир сўз билан айтганда, Гадес порти энг бой ҳудуд сифатида дунёга машҳур бўлди.

Финикияликлар Тартессга олиб борадиган барча йўлларни ёпиб қўйишди. Аммо уларнинг ҳукмронлиги Тартесс аҳолисига ёқмасди. Маҳаллий қабилалар мустақил бўлишни истарди. Шу сабабли кўп маротаба финикиялик ҳамда тартессликлар ўртасида қонли урушлар юзага келди. Бахтга қарши тиш-тирноғигача қуролланган финикияликлар ҳар сафар уларнинг ҳужумларини муваффақиятли бартараф эта билди.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, эрамиздан олдинги 3000 йилларда тартессликлар Шимолий Африкадан Испанияга Гибралтар бўғозини кечган ҳолда кириб келган ва соҳилда умргузаронлик қила бошлаган. Улар ўзлари яшаб турган ҳудудни деворлар билан ўраб олган. Сўнгра кумуш, олтин қазиш ишлари билан фаол шуғулланган.

География мутахассисларидан бири Стабоннинг айтишига қараганда, ўзларига «иберлар» деб ном берган бу тартесс қабилалари асосан меҳмондўстлиги, шу жумладан, димоғдорлиги, ташқи ҳужумларга тоқатсизлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, улар аллақачон Тартесс қабилалари сифатида шаклланиб улгурган. Шу сабабли ҳам ташқи босқинчиларнинг ташрифини ёқламаган. Айнан ўша қабилаларнинг оғир меҳнати туфайли катта-катта кумуш, олтин конлари очилган. Кейинчалик иберлар Шимоли-Ғарбий Европа, Шимолий Африка ва Скандинавия билан савдо-сотиқ қилган.

ХХ аср бошларида немис археологи Адольф Шультен қадимий Тартесс шаҳрини чуқур ўрганишга киришди. Археолог бу ишни деярли умрининг охирига қадар давом эттирди. У аниқладики, Тартесс йирик бир давлатнинг марказий шаҳри ҳисобланиб, ҳозирги Португалия ҳудудларигача бўлган масофани ўзида мужассамлаштирган. Бу ҳудудлардан Шультен ва унинг ёрдамчилари қадимий цивилизация қолдиқларини, яъни, гидротехника ускуналари, меъморлик санъати асарлари, булоқлар, қимматбаҳо тошларни қайта ишловчи устахоналарни топишга эришишди.

1958 йили Севилья яқинидаги Эл-Карамболо деган жойда олтин ва кумушдан ясалган қимматбаҳо тақинчоқлар топилди. Бу тартессликларга тегишли эканига ҳеч бир мутахассисда шубҳа йўқ эди. Негаки, афсоналар бекорга тўқилмаган. Тартесс шаҳри ўз даврида ростакамига олтин, кумуш, мис каби қимматли металларга бурканган. Тартесс мутахассисларининг санъати бутун Ўрта ер денгизи атрофида яшовчи халқларни ўзига ром этган. Қолаверса, бойлик Тартесс маданияти, одамларнинг яшаш шароитига ҳам ижобий таъсир этмай қолмаган. Юнон мутахассисларининг айтишига кўра, Тартесс шу қадар ривожланган давлат, шаҳар бўлганки, ҳатто қонунлари ҳам шеърий кўринишда битилган. Бундай ёзувларни Шультен етакчилигидаги археологлар топишга муваффақ бўлишган. Аммо Шультен барибир шаҳарнинг бутунлигича топа олмади. Шаҳар ўрнига Шультен ўз даврида балиқчилик билан шуғулланган аҳоли қолдиқлари, юнон тилида дастхат қўйилган олтин узук топди, холос. Шундан сўнг у Тартесс қачонлардир океан остида қолиб кетган бўлса керак, деган хулосага келди. Бунга Шультенда асос ҳам бор эди. Тарихий маълумотларни ўрганаркан, у шундай ёзувларга дуч келди. Ёзилишича, эрамиздан аввалга 520-509 йиллар оралиғида Атлантик океанининг очиқ бўғози Кариз — Пиреней ярим оролига яқин ҳудудда кучли ер силкиниши содир бўлди. Айни зилзила марказида Тартесс жойлашган эди. Оқибатда афсонавий шаҳар вайронага айланди. Аниқроғи, шаҳар ўз бойликларини бағрига олган ҳолда океан тубига равона бўлди. Афсуски, ҳамон Тартесс шаҳри бутун, ҳеч бўлмаса ярим сақланган ҳолатда мутахассислар тарафидан топилмади. Унга тегишли минглаб хусусиятлар, Тартессни дунёга машҳур қилган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган даражадаги кўп бойликлар қаерда беркиниб ётгани жумбоқлигича қолмоқда.

Замонавий олимлар Тартесс ҳақидаги аниқ маълумотлар, шу жумладан, унинг олтин-у кумушлари минг-икки минг йиллардан сўнг топилиши мумкинлигига умид боғлашган.

«100 великих тайн мира» китобидан олинди.

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

loading...