Коронавирус хавфи: Ўзбекистон захираси нечта беморни қабул қилишга етади?

0

Ўзбекистоннинг COVID-19 коронавируси пандемиясига қарши туриш учун яратган захираси бир вақтнинг ўзида 1000 нафар беморга хизмат кўрсатиш имконини беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

 

“Касаллик бўйича эпидемик вазият ноҳуш бўлган пайтдан бошлаб, эътибор қаратилган. Касалликни Хитой давлатида мураккаблашганидан бошлаб, республика комиссияси тузилди. Биз бугунги кунда дори-дармонлар, диагностикумлар, реагентлар, ҳимоя воситалари, дезинфекцион воситалар, шифо ўринларигача захира яратганмиз. Захирамиз бир пайтнинг ўзида 1000 беморни қабул қилиш, даволаш, ташхис қўйиш ва улар билан мулоқотда бўлганларни ҳимоялашга етади”, деди Нурмат Отабеков.

 

У бунга эҳтиёж бўлмаслигига умид билдирди ва барча масъуллар коронавирус бўйича сафарбар қилинганини қўшимча қилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Шундан кейин ҳар куни – 16, 17, 18, 19 март кунлари коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар аниқланди.

 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг.

 

Суннатилла Абдуллаев

loading...