Сўнгги йигирма йилликнинг энг хавфли эпидемиялари

0

SARS – оғир ўткир респиратор синдром

Тожли вирус оиласига кирувчи ушбу эпидемия XXI аср бошланишида пайдо бўлди. 2002 йилда Хитой жанубидаги Гуандонг провинциясида аниқланган SARS-Cov вируси бутун жануби-шарқий Осиё, Шимолий Америка ва Европадаги 37 та давлатда кенг тарқалди. Асосий қурбонлар Хитой ва Гонгконг ҳисобига тўғри келди.

Бошида атипик пневмония дея ташхис қўйилган касаллик, кейинчалик оғир ўткир респиратор синдром (SARS) экани аниқланди. Франциядаги Paster институти маълумотларига кўра, касаллик XXI асрнинг илк хавфли эпидемияси эди. Касаллик Хитой бозорларида харидоргир бўлган, асосан, гўшти учун сотиладиган кўршапалаклардан инсонга ўтган.

ЖССТ хабарига кўра, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 15 фоиздан, баъзан 65 ёшдан юқори бўлган беморлар орасида 50 фоиздан ҳам ошиши мумкин. 2002–2003 йиллар давомида бу касаллик билан 8,5 мингга яқин инсон касалланган бўлса, шундан 800 га яқини вафот этган. Касалликнинг асосий белгилари кучли шамоллаш, нафас йўллари симптомлари, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик.

Унга қарши вакцина ҳалигача ишлаб чиқилмаган. ОАВ хабарига кўра, АҚШ, Канада, Россия ва Хитойда вакцина ишлаб чиқиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Парранда гриппи

2003–2004 йилларда жануби-шарқий Осиё давлатларида, жумладан, Гонгконгда жуда кўплаб паррандалар қирилиб кетишига олиб келган H5N1 вируси, бошқача айтганда, парранда гриппи шов-шувларга сабаб бўлди. Вирус дастлаб ҳайвонда пайдо бўлган бўлсада, унинг инсонга юқиши кузатилганидан кейин ЖССТ бутун дунёда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Ўша йили касалликдан ўлганлар сони 400 нафардан ошиб кетди. 2014 йилги ЖССТнинг маълумотларига кўра, касалланганлар орасида ўлим ҳолати 59 фоизга етди. Бутун дунё бўйлаб оммавий равишда паррандаларни йўқ қилиш амалиёти ўтказилди.

Грипп А (H5N1) ёки «чўчқа гриппи»

Яна бир ҳайвонлар билан боғлиқ касаллик 2009 йилнинг март ойи охирида Мексикада бошланди, кейинчалик, АҚШ, Ғарбий Европа ва Россияда кенг тарқалди. Шу йилнинг июнь ойига бориб ЖССТ жаҳон миқёсида фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Дастлабки аниқланган пайти уни чўчқа гриппи деб номлашди. Сабаби у чўчқаларда учрайдиган зоонотик штаммдан келиб чиққан деб ҳисобланди. Кейинчалик, олимлар H5N1 вирусини одам, парранда ва чўчқа грипплари вирусли генларининг бирикмасидан таркиб топганини аниқлади. Мазкур пандемия H5N1 туридаги вирус сабабидан келиб чиққан тарихдаги иккинчи йирик пандемия эди. Биринчиси, 1918 йилда Испан гриппи оқибатида эълон қилинган эди. 2009–2010 йилларда ЖССТ ва турли ташкилотлар берган статистик маълумотларга кўра, 18 мингдан 500 мингача одам ушбу вирусдан вафот этгани маълум бўлди.

Бутун дунёда оммавий чўчқа гриппига қарши эмлаш амалга оширилди. Бир қатор ғарб давлатлари ва ЖССТ ташкилоти вазиятни бўрттириб кўрсатишда айбланиб, танқидларга учради. Чунки оддий мавсумий гриппдан ҳар йили 250 мингдан 500 мингача одам вафот этиши, лекин бундай ваҳима кўтарилмаслиги кўп бор такрорланди.

Бугунги кунда Европада ушбу грипп оддий мавсумий грипп кўринишида ҳар йили такрорланади ва унга қарши эмлаш орқали ҳимояланиш мумкин.

Ғарбий Африкани қамраган Эбола

Биринчи марта 1976 йилда аниқланган ушбу вирусли касаллик 2013–2016 йилларда Ғарбий Африкада жуда кенг тарқалиб кетди. Гвинеяда бошланган касаллик Либерия ва Сьерра Леонега ҳам ўтиб кетди. Касалликнинг ўзига хос хавфли жиҳати унда касалланганлар орасида ўлим ҳолатининг юқорилигидадир. Ўша пайтда 11 315 киши ёки касалларнинг 50 фоизи вафот этди.

2019 йилнинг июль ойида Конго Демократик Республикасида қайд этилганидан кейин ЖССТ халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилди. Мамлакатда касаллик пайдо бўлганидан буён 2 200 киши вафот этди.

Бу касалликнинг ҳам манбаси кўршапалаклар экани айтилди. Кўршапалакдан инсонга, инсондан инсонга юқиш орқали тарқалади. Касалликнинг биринчи аломатлар – иситма, мушак огриғи, бош оғриғи, томоқ оғриғи – қусиш, диарея, буйрак ва жигар етишмовчилиги белгилари ва баъзи ҳолларда ички ва ташқи қон кетиш. Яқинда Эбола иситмаси билан курашиш учун бир нечта дорилар ва вакцина яратилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2019 йилда Конгода иккита дорини синовдан ўтказганини маълум қилди.

Зика – Лотин Америкаси бош оғриғи

Илк пайдо бўлган 1947 йилдан 2015 йилгача бор йўғи 15 та ҳолат қайд этилган мазкур вирусли касаллик, 2015 йилдан буён Жанубий ва Марказий Америкада ҳақиқий бош оғриғи бўлди.

2015 йилда эпидемиянинг энг юқори чўққисида Бразилияда Зика вирусини юқтирган оналарнинг 3 000 дан ортиқ болалари мия шикастланиши ва жуда кичик бош суяги билан туғилди. Баъзи болаларда эшитиш ва кўришдаги нуқсонлар ҳам кузатилди.

Вирус симптомлари қуйидагилар: бош оғриғи, тошмалар, бўғим ва мушак оғриқлари, конюнктивит. Симптомлар оғир кечмасада, аммо юқтирган одам миелит ва неврологик касалликларга чалиниш хавфига ҳам эга.

Бугунги кунга келиб Зика вирусига қарши ҳеч қандай вакцина ва дорилар мавжуд эмас. Фақатгина симптомларга қарши профилактика олиб бориш мумкин.

Денге вируси

1950 йилларда пайдо бўлган мазкур вирус тропик грипп ҳам деб номланади ва у 2016 йилда кенг авж олиб кетди. 2008–2015 йиллар оралиғида вирусни юқтирганлар сони ЖССТ маълумотларига кўра, 1,2 миллиондан, 3,2 миллионгача етди.

Асосан, тропик ва субтропик ҳудудларда учрайдиган вирус Европани ҳам четлаб ўтмади. 2012 йилда Португалиянинг Мадера архипелагида авж олган ва 2000 кишининг касалланишига олиб келганидан кейин қитъанинг бошқа  давлатларига ҳам тарқалиб кетди. Касаллик, асосан, ҳашаротлар орқали тарқалади ва гриппга ўхшайди. Аммо кучли қон кетишларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Маълумотларга қараганда, вирусдан ҳар йили 390 миллион одам касалланади, ўлим сони эса, 20 мингтани ташкил қилади. Вафот этганлар орасида болалар сонининг юқорилиги қайд этилган. Касалликни даволайдиган дори ҳали ҳануз топилган эмас.

Янги қизамиқ эпидемияси — «дунёдаги энг ёмони»

2019 йил ноябрь ойида ЖССТ ҳозирги қизамиқ эпидемиясини дунёдаги энг ёмони деб атади. Ташкилотнинг маълум қилишича, 2018 йилда дунёнинг 187 мамлакатида қизамиқ эпидемиясини юқтирган 410 000 ҳолат аниқланди, шундан 140 минг киши вафот этди.

2019 йилда Буюк Британия, Албания, Греция ва Чехия мазкур касалликдан ҳоли ҳудуд статусини йўқотди. Шунингдек, АҚШ ҳам 25 йилдан буён энг кўп касаллик аниқланганини эълон қилди.

Касалликнинг хавфли оқибатларини бартараф этиш учун қўлланиладиган вакцина мавжуд. 2019 йил декабрь ойида ЖССТ «сўнгги 10 йилликда эмлаш даражасининг турғун қолаётгани, олдинга силжиш йўқлиги» ни танқид қилди.

daryo.uz

loading...