Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

«ҲА БЕТИНГДАН БУЗИЛГУР, ЙЎЛНИСА!»

(ҳажвия)

 

Йигирма йил олдинги ҳуснимни кўз олдимга келтирсам, юракларим увишиб кетади. Қандай эдим-а ўшанда! Икки юзимдан нур ёғиларди. Баҳорми, кузми, қишми, фарқи йўқ, ҳатто дайди шамол ҳам юзларимни майингина силаб ўтар, мабодо ул ер, бул еримга хас-хашак тушган бўлса, аста тозалаб қўярди.

Манаман деган окахонлар рўпарамга келарди-да, ҳайратдан ёқа ушлашарди. Сира ёнимдан кетгилари келмасди. Нуқул ҳусни жамолимни томоша қилишар, бир-бирларига оғиз кўпиртириб мени мақташарди. Башарти бирор еримда қора доғ сезишса борми, дунёга жар солишарди. Ўша лаҳзадаёқ Европанинг энг сўнгги модадаги бўёқларидан топтириб, доғимга чаплашарди. Кўрибсизки, яна чеҳрам очилиб, кайфим чоғланарди. Ишонасизми, ўша манаман деган окахонлар чет элдаги оғайниларига ҳам фақат мени мақташарди, кўз-кўз қилишарди. Эҳтиёткорликни қаранг, улар-чи, оғайнилари кетиши билан исириқми, ишқилиб, нимадир тутатиб қўйишарди. Кейин-чи, шишада қандайдир оқимтир суюқликни олиб келишарди-ю, қопқоғини очишарди. Суюқлик кўпириб-кўпириб юзларимга қуйиларди. Окахонларим қолганини ичиб, юзларимни оҳиста силаб қўйишарди ва истар-истамас ортга қайтишарди.

Ярим кечасиям юзимдан ёғилаётган нур йўқолмасди. Ой шуъласида янада ярқиллаб кетарди. Фақат бу ойга ёқмасди, билардим, сезардим. У азбаройи алам ўтида ёнганиданми, қора булутлар билан дарҳол тилни бир қилиб, ёмғирми, дўлми ёғдирарди. Кўрибсизки, шу заҳоти аъзойи баданим шаллабо бўларди. Ярамас, ҳасадгўй ой, эртаси куниям тинчимасди. Худди ўшанинг чақириғи билан бўлса керак, жонимни олгудек ўкириб «Камаз», тракторлар устимга бостириб келишарди. Бир зумда қалбимни тирнашарди-ю, кўксимни парча-парча қилиб кетишарди. Аммо бу дард узоққа бормасди. Чунки окахонларим мендан тез-тез хабар олиб туришарди. Парчаланган кўксимга боқиб муштларини тугишарди-да, тағин Европада модага айланган бўёқлардан, малҳамлардан олиб келиб суришарди. Айбдорларни эса узоқ вақт мени оёқости қилмасликка мажбур этишарди. Ҳа, мен ўша пайтларда ой деса дегудек, бир қошиқ сут билан ютса ютгудек ҳусн эгаси Йўлниса эдим.

Афсус… Худоё худовандо ғийбатчиларни, ҳасадгўйларни, меҳрсиз, эшаксифатларни ер ютси-ин!.. Биз тарафларга чет элликларнинг келиши кўпайган бир маҳал шўримга шўрва тўкишди қўйишди. Ҳойнаҳой, ўша оймома қуриб кеткурнинг ишидир бу. «Камаз», тракторларни йўлдан урибди. Қуёш бобонинг айтишига қараганда, улар гаражга йиғилиб, бир овоздан «Йўлниса бетидан бузилсин!» деб қарғашибди. Кўпнинг қарғиши ўқ-да! Қай гўрдан пайдо бўлди, билмайман, орадан бир неча кун ўтиб- ўтмай, «Камаз»га иккита келадиган ғалати, турқидан от ҳурккилик машиналар устимга бостириб келди. Додладим, ёлвордим, тавалло қилдим, қулоқ осишмади. Ҳали юзларимни, ҳали кўксимни босиб ўтаверишди, ўтаверишди…

Окахонлар ҳам анчадан бери юз долларликдай кўринмай қолишган. Қамалиб кетишганми, ё катта пул топиш илинжида ўзлари билан ўзлари овора бўлиб кетишдими, менга буниси қоронғи. Ҳар куни, ҳатто ярим тунлари бедор бўлиб кутаман уларни. Қачонлардир мени бўянтирган ўша Европача бўёқларини, мойдай майин малҳамларини қўмсайман. Надоматлар бўлсинки, улардан ҳам дарак йўқ. Ўйиқдан ўйиқ кўксимни қучганча зор қақшаб тонг отишини қўрқа-қўрқа кутаман. Чунки янги чиққан машиналар тонг ёришганданоқ гуриллаб кела бошлашади. Шундоғам ўйиқ кўксимга оёқ босиб, мени топтаб, эзғилаб-эзғилаб ўтишади. Тўхтаб бир оғиз узр сўрашни-да билишмайди. Ўйиқ кўксимга шундоғам ботиб азоб бераётган тошлар уларнинг юки тушганда жонимни узиб олар каби бағримга қадалади. Дод дейман, қани биров эшитса!..

Ҳушларига келса, қандайдир бегонадан бегона одамлар келишади-да, кўксимдаги ўйиқларнинг баъзиларига ўзимизда ишлаб чиқарилган тош аралаш малҳамдан суриб қўйишади. Бу малҳам дардимга даво бўлмайди. Аксинча касалимни кучайтиради. Ўйиқлар чуқурлашса чуқурлашадики, битмайди, эгачи!..

Яхшиям бир-биридан гўзал, ҳашамдор, қоматлари хипчадан-хипча енгил машиналар бор экан. Ўшалар ўйиқ кўксимни жуда эҳтиёткорлик билан босиб ўтаётиб, бир марта бўлса-да, юзларимни сийпалаб қўйишади. Айниқса, кўксимнинг лой чапланган ўйиқларидан ўтаётганда менга таскин бериб, бир муддат сукутга ҳам толишади. Илоё худо хайрларини берсин!..

Лекин барибир ўша гўзал ва ажойиб дамларни қўмсайвераман. Яна гўзал, кўзга яқин, ҳурилиқо Йўлнисага айланиш истаги қалбимни сира тарк этмайди. Ўзимнинг окахонларимни кутишдан чарчамайман. Уларнинг пули кўпайгандан кўпайишини худодан қайта-қайта сўрайман. Пуллари кўпайиб кетса, менга Европанинг энг сўнгги модадаги бўёқларидан, малҳамларидан олиб беришарди. Окахонларим, қаердасиз? Йўлнисани қарғаганларнинг додини бермайсизми? Қачонгача қарғишлар остида қолиб кетама-ан?

Олимжон ҲАЙИТ

loading...