Тошкентда карантиндан қочган шахсга жиноий иш қўзғатилди

0

Тошкент вилояти ИИББ Паркент тумани ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд вилоятида карантинда бўлиб туриб, белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай қочган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 19 март куни Россиянинг Самара шаҳридан Ўзбекистонга кириб келган поезд йўловчилари, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда, Самарқанд вилоятига ташкил этилган карантин марказларига жойлаштирилган. Аммо Паркент туманида яшовчи, 1954 йилда туғилган фуқаро Топган Э. белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмай карантиндан қочган.

Ҳозирда ушбу шахс ўз уйида ушланган ва эҳтиёт чораси сифатида изоляцияга олинган. Шунингдек, фуқаро Топган Э.га нисбатан Жиноят Кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади. Жумладан, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11,1 миллион сўмдан 22,3 миллион сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

loading...