АЛАМЗАДА… (32-қисм)

0

 

 

* * *

 

Она кутилмаганда юришдан тўхтади. Сочларидан оқиб тушаётган кўкимтир сув юзларигача ювиб ўтди. У Севинч томонга қовоқ уйган ҳолда тикилиб турди-да, унсиз йиғлай бошлади. Севинчнинг юрагини ваҳимага тўлдириб, кўзларидан оққан ёш тўқ яшил рангда эди. Кўз ёшлар онанинг юзлари оша ерга томчилаган кўл сувига қўшилиб, қирмизи рангга кирди.

— Эна, нега тўхтаб қолдингиз? — титраб-қақшаб сўради Севинч турган ерида. — Мени соғинмаганмидингиз? Дадажоним қани?

Она миқ этмади. Шу кўйи пиқиллаб, силкиниб-силкиниб йиғлади. Айланасига майсазор кўл суви ҳамда кўз ёшлар қоришмасини бағрига олгач, чўғ каби қирмизи рангга кирди. Она шундан кейингина йиғидан тийилди ва икки қўлини баланд кўтарди.

— Келма! — ҳайқирди бошидаги қордек оппоқ рўмолини тўғрилай-тўғрилай. — Кўлнинг суви қутурибди! Сени домига тортиб кетади. Неварамдан айиради! Келма, жон қизим, келма!

— Нега ундай дейсиз? Ахир, сизни жудаям соғинганман, эна! Ёруғ дунёда менга кун беришмади. Мана, қочиб келдим хўрликлардан! Эна, мени бағрингизга олинг! Йўқса, орқамдан қувиб келишади! Тутиб олишади! Қамаб қўйишади мени!

— Аҳмоқ бўлма! Менинг дуоларим сени асрайди! Қизим кўз ўнгимда кўлга чўкиб кетишини хоҳламайман! Қайт орқангга, қайт!

Севинч бу гаплардан сўнг беихтиёр хотиржам тортди. Кўз ёшлари тийилди. Тафаккури тиниқлашгандек бир қадам ортга тисланди. Аммо онадан кўзларини узмади. Унга умидвор термилганча пича сукут сақлади. Кейин эса нимадир ёдига тушиб, энтика-энтика тилга кирди.

— Эна, дадажоним кўринмаяптими? — сўради у атрофга аланглаб. — Нега у киши йўқ ёнингизда?

Она жавоб беришга шошилмади. Олдин чуқур хўрсинди. Самога боқиб нималардир дея шивирлади.

— Дадангга нима бор бу ерда? — деди ниҳоят кинояли оҳангда. — Бир марта бўлсин ҳақимга дуо ўқий демайди. Эсламайди, соғинмайди, зулматли кечаларда ҳеч қурса тушига кирай, тиллашай, ҳасратлашай дейман. У қурмағур мундай туш ҳам кўрмайди. Нималар билан оворайкан, худо билади.

— Бу… Нима деганингиз? — қичқирди Севинч турган ерида. — Ахир, дадам ўлган! Сизнинг ёнингизда бўлиши керакмасми? Нега ундай деяпсиз?

— Билмайман, билишниям истамайман! Бор энди, бошимни қотираверма! Мен чарчадим! Тезроқ кет! Ҳали замон дўл ёғади, бошинг ёрилиб абгор бўлмагин! Ўзингга ачинмасанг, неварамга ачин, аҳмоқ қиз! Кетақол энди!

Бир маҳал она айтганидек, тўсатдан шамол турди. Тим қора булутлар тўдаси катта тезликда яқинлашиб келиб, Севинчнинг тепасида тўхтади. Севинч вужудини нимадир қисгандек юраги ҳаприқди, нафас олиши қийинлашиб, бошида кучли оғриқ туйди. Кўзларини чирт юмган ҳолда икки кафти билан бошини чангаллади дегунча бир неча марта юраги шув этди-ю, қулоқлари остида кимнингдир шанғиллаётгани қулоғига чалинди. Мияси тиниқ тортиб, ўзининг қаердалигини тахмин қилди.

Ҳа, у нариги дунёдамас, Толибнинг хонадонида экан. Ана, зўравон нималардир деб уни уйғонишга мажбур этмоқда. Нима қилсин? Кўзларини очсинми? Нега? Кейин нима бўлади? Тағин Толиб ташланиб қолса-чи? Ўласи қилиб калтакласа-чи? Нега калтаклаши керак ўзи? Нима гуноҳ қилди?

Севинч таваккал кўзини очди. Ҳақиқатан тепасида Толиб қаққайиб турар, нуқул уф тортарди.

Ҳушига келганини кўриб шоша-пиша тиз чўкди. Севинчнинг сочларини оҳиста сийпалаб, сал нарида ўтирган Сарварга юзланди.

— Бор, дўхтиримизни чақириб кел! — деди дўқ аралаш. — Ранги оқариб кетган! Кўнглиям айнияпти шекилли. Тоғора опкириб беришсин, анавиларга тайинла! Тез бўл, Сарвар!..

Кўз очиб юмгунча ўрта яшар, қалин сочлари оқаринқираган эркак кириб келди.

— Тўхтабой ака, келдингизми? — аста ўрнидан турди Толиб афтини бужмайтириб. — Кўриб қўйинг бу қизни! Фақат аниқ ташхис қўйинг! Олди-қочди гапларни қилманг менга!

— Хўп бўлади, ука, — деди Тўхтабой ака сумкасидан зарур ускуналарни чиқариб оларкан. — Мени биласиз-ку, унча-мунчага чалғимайман.

Шундай деб у Севинчни обдон текширди. Кейин бош чайқаганча ўрнидан қўзғалиб Толибга яқин борди.

— Сингил ҳомиладорга ўхшаяпти, Толиббой, — деди Тўхтабой ака. — Бу аниқ.

— Нима? Ҳомиладор? — Толиб кўзлари ёниб врачга тикилди. — Қ-қанақасига? Ўйлаб гапиряпсизми?..

— Мен бор гапни айтдим. Тағин билмадим, балки гинекологга кўрсатиш керакдир. Адашгандирман. Лекин… Бу тахминмас, ишонинг!

— Бўпти, гапни калта қилайлик! Унисиниям текширтирамиз. Ўзи-чи? Ўзи қалай?

— Анчагина асабийлашган. Фақат шуни айтишим керакки, ҳомиладорлик аломати бўлмаса, ҳушидан кетмасди. Шу нарса сингилни ҳолдан тойдириб қўйган.

— Адашаётган бўлсангиз, мени биласиз-а? — таҳдид аралаш кўрсаткич бармоғини олдинга чўзди Толиб. — Ёмон бўлади, ёмон!

— Олдин гинекологга кўрсатинг, кейин бир гап бўлар.

— Яхши, ҳозироқ бу иш бўлади. Энди менга қулоқ солинг, дўхтир, бу ерда кўрганларингиз, беморни текширганингизни бировга гуллаб юрманг! Башарти гуллаб қўйсангиз…

— Соқовман! — икки кафти билан оғзини ёпди Тўхтабой ака. — Кўчага чиқаман-у, тамом, ҳаммасини унутаман.

— Шундай бўлсин! Майли, сиз бўшсиз! Ҳақингизни Сарвардан оласиз.

— Ҳ-ҳақ шартмас, Толиббой! Ҳар ҳолда ака-укачилик дегандай…

Тўхтабой ака қуллуқ қила-қила хонани тарк этди. Толиб эса зипиллаб бориб телефон гўшагини қўлига олди-да, аллакимга қўнғироқ қилди. Нималарнидир уқтирди. Орадан ярим соатча вақт ўтиб, ёши ўттизга етиб-етмаган, келишгангина таниш гинеколог аёл кириб келди. У хонада Севинч иккаласи ёлғиз қолгач, текширишни бошлади. Бу иш ҳам ўн дақиқача давом этди.

— Толиб ака, киринг! — хонадан туриб дераза орқали қичқирди у текшириб бўлгач. — Тугатдим!

Толиб кўз очиб юмгунча Сарвар билан бирга ичкарига кириб, врач қаршисида ҳозир бўлди.

— Ака, суюнчини чўзаверинг, — деди врач кулимсираб. — Синглимиз ҳомиладор.

Ота бўлиш орзуси ҳатто Толибдек зўравон, қаҳри қаттиқ, совуққон йигитни ҳам довдиратиб қўйганди. Азбаройи ҳаяжонланганидан бир Сарварга, бир врачга жавдиради. Қур-қур кулимсираб, бош қашиб олди.

— Р-ростданми? — сўради ишонқирамаётганини сир тута олмай. — Алдамаяпсизми?

— Сизни алдаб бўларканми? Рост!

— Н-неча ойлик экан унда?

— Тахминан уч-уч ярим ойлик. Бошқоронғилик бошланибди-ку! Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Фақат сингилни ниҳоятда эҳтиёт қилмасангиз бўлмайди. Қаранг, мазаси қочибди!..

Шу гапни эшитгандан кейингина Толиб бўлиб ўтган ишлар ёдига тушиб, бирдан жиддий тортди. Беихтиёр қовоғи уйилиб, ёнидаги Сарварга ўқрайди.

— Майли, бажарамиз, — деди у гапни қисқароқ қилишга уриниб. — Сарвар, сингилни рози қилворларинг! Уйигача обориб қўйишам эсларингдан чиқмасин! Кейин-чи, мен тайинлагандек йўл-йўриқларни тушунтириб қўй!

— Хўп бўлади, ака, — икки қўлини кўксига қўйиб бош эгди Сарвар. — Қани, опажон, кетдик унда!

Улар чиқиб кетишгач, Толиб аста Севинчнинг тепасига яқин бориб чўк тушди. Бир муддат сочларини силаган бўлди. Яқиндагина қотиллик рўй берган бурчакка нафрат аралаш назар ташлаб қўйди. Сўнгра яна юмшади. Қалбини қайтадан оталик ҳисси чулғаб, энтикди.

— Сен қўрқма, — деди Севинчнинг икки юзини кафтлари орасига олиб. — Бу иш босди-босди бўлади. Ҳеч ким билмайди, эшитмайди. Боламни эҳтиёт қил, у албатта дунёга келиши керак, тушуняпсанми? Бусиз бўлмайди.

— Мен… Менинг яшагим келмаяпти, — даъфатан йиғламсираб шивирлади Севинч. — Илтимос, мени ўлдиринг! Ҳеч нарса керакмас менга!

— Жинни бўпсан, Севинч! — кўзлари косасидан чиққудек ўқрайди Толиб. — Айтдим-ку, ҳаммаси жойида бўлади. Кўксингда менинг зурриёдим нафас оляпти. Уни ўлдиришга ҳақинг йўқ. У туғилиши керак, туғилиши!

— Нима? — Севинч жисмида қувват пайдо бўла бошлаган каби ҳийла сергак тортиб, қаддини кўтариб ўтирди. — Туғиш?… Кимни туғишим керак?

— Ўзингни гўлликка солма, Севинч, — деди Толиб юзини терс буриб. — Ҳомиладорлигингни биласан, ҳаммасини кўриб, эшитиб турибсан. Айтдим-ку, анави ярамасни ўлдириб қўйган бўлсанг, тинчитворамиз бу ишни. Ҳадеб сиқилаверасанми энди?

— Сизга… Ишонмайман! Сиз… Дадамгача ўлдириб ерга кўмган одамсиз. Мениям…

— Ўчир чакагингни! Ҳаддингдан ошаверма! Хоҳлаганимда, сендан қутулиш ниятим бўлганда, ҳозир уйимда ўтирмасдинг. Гапиравераркансан-да тилим бор деб!

— Нима, ёлғонми? Дадамни ўлдирганингиз ёлғонми? Кўрсатдингиз-ку гўрини! «Мана, қудратимни кўриб қўй» дегандай куйишимни томоша қилмадингизми?

Бу гапни эшитиб, Толиб ўрнидан сакраб турди-да, дераза қаршисига борди. Шу кўйи ташқарига сассиз тикилиб қолди. Пича тургандан сўнг киссасидан сигарет чиқариб тутатди. Ора-сирада пичирлаб сўкинди. Бир неча марта бош буриб Севинчни зимдан кузатиб олди.

Севинч ҳам миқ этмасди. Туши ўнгидан келмагани алам қилиб, хаёлан ўзини лаънатларди. Қисматига қарғишлар ёғдирарди.

«Мана, ниятимга етдим, — ўйларди у бошини чангаллаганча ер чизиб. — Товуқмия эканим маълум бўлди-қўйди. Дадажоним раҳматлининг гапига қулоқ тутмадим. Ўзбошимчалик қилдим. Эҳтиросларга эрк бердим. Анави лаънатига ишониб қўйдим. Энди-чи? Ҳализамон қорним кўриниб қолса, манави ер юткур бетайин шартта кўчага ҳайдаб солса-чи? Унда қаерга бораман? Жийронбекнинг ишиниям дўндиришим амри маҳол. Бу зўравоннинг сирларини мендай бир ожиза, калтафаҳм қиз қандай аниқласин-у, Жийронбекка етказсин? Қишлоққа қорнимни қаппайтириб кириб борсам, расво бўламан-ку! Ҳамманинг қарғишига қоламан. Ёшиям, қарисиям мени қўли билан кўрсатадиган бўлади. Ҳеч ким мени давраларга қўшмай қўяди. Ҳаммадан айрилиб, яккамоховга айланаман-қоламан. Худойим, нега жонимни ола қолмайсан? Қанча-қанчанинг жонини осонгина олгувчи ўзинг-ку! Мендан шу қудратингниям дариғ тутяпсанми? Баттар қийналиб, эзилиб, шармандаи-шармисор ҳаёт кечиришимни истаяпсанми? Дўзахга ташласангам розийдим, жонимни олсанг, мени ёруғ дунёнинг азобларидан қутқарсанг бўлдийди… Йўқ, бола туғилмайди. Бир умр унга ҳароми деган тамға уришларини хоҳламайман. Қолаверса, душманим, суюкли отамнинг қотилидан туғилган бола менга нима каромат кўрсатарди?!. Улғайса, шунга ўхшаб зўравон бўлади-да! Ҳа, болани олдириб ташлайман. Ана ундан кейин режаларимни амалга ошираман. Бунинг учун Толибни қандай бўлмасин кўндиришим, ёки чалғитишим, алдашим лозим. Шундай қилайки, менга зуғум ўтказмасин, тақдирга тан берсин…»

Толибнинг миясида эса буткул қарама-қарши ўйлар ғужғон ўйнарди.

«Наҳотки, менам ота бўлсам? — ўйларди у қалби жунбишга келиб. — Қанақа бўларкин-а ўз болангни қўлингга олиш? Сира тасаввуримга сиғмаяпти. Ғалати бўлса керак… Ҳа, менинг болам ҳаммадан зўр бўлади. Худо хоҳласа чет элда ўқитаман. Ўғлим унча-мунчасига бўйсунмайдиган, унча-мунчанинг гапини кесиб ташлай оладиган йигитга айланади… У… албатта ўғил бўлади, ҳа! Мен бунга ишонаман. Айтганча, онасини эҳтиётлашим керак. Нима қилсам экан? Ё санаторийга жўнатсаммикан? Йўқ, жўнатмайман. Тағин қочиб кетади. Яхшиси, мана шу хонада яшайди. Ҳамма шароитни қилиб бераман. Қочиб қолмаслиги учун қўриқчи йигитлардан қўяман. Ишқилиб, ўғлим саломат туғилса, кўнглимни шод қилса, обрўйимни оширса, меросхўр бўлиб ёнимда юрса бас. Қолгани чикора…»

— Менга қара, Севинч, — илкис ортга бурилиб сўз қотди Толиб. — Сен ҳар хил хаёлларга бориб ўзингни қийнама! Мени биласан, сўзимни икки қилганларни ёмон кўраман. Хуллас, мана шу хонада яшайсан. Бугуноқ ҳамма шароитларни қилиб бераман. Ҳеч нарсадан каминг бўлмайди. Ўтган гап-сўзларни, яхши-ёмон ишларни унутасан. Сиқилмайсан, нимадир зарур бўлса, ўзимга айтасан. Вазифанг аниқ. Менинг фарзандим саломат дунёга келиши лозим. Тушунтиролдимми?

Севинч Толибнинг таъкидларини тек туриб эшитди. Гарчи қалби бу гапларнинг тескарисини айтаётган бўлса-да, сездирмади. Қарши сўзлашга чоғланмади.

— Тушундим, — деди атайин бош эгиб. — Лекин сизам бир нарсани билиб қўйинг. Мен шахсан болам ҳароми деган тамға олишини истамайман. Илтимос, шунинг тараддудини кўриб қўйсангиз.

— Бу нимаси? — сўради Толиб ҳайрон бўлиб. — Кимнинг ҳадди сиғаркан уни ҳароми дейишга?

— Ахир… Никоҳсиз туғилади-ку бу бола! Шуни назарда тутдим.

— Оббо, — норози қўл силтади Толиб. — Ҳалиям эскича фикрлашинг қолмабди-да! Бўпти, бугун кечқурун домлани чақиртираман. Шуям муаммо бўптими? Хўш, гапларимни қулоғингга қуйволдингми?

— Қуйволдим. Англадим, уқдим…

Севинч шу тобда Толибга қарши гап айтиш бефойдалигини сезиб турарди. Барчасига вақт ҳакам эканини тушуниб етганди.

«Ҳали шошмай тур, каллакесар, — ўйларди у Толибга ер остидан кўз ташлаб қўяркан. — Сенгаям боққан бало бор. Нозик ерингни топволай, ўшанда кўрамиз. Мен аҳд қилдимми, барибир қайтмайман. Сениям дадам раҳматлидай аравачага ўтқазиб, мана шу қўлларим билан ўзим етаклаб юрмасам, аламдан чиқмайман. Кўнглимнинг чигали ёзилмайди. Майли, ҳаракатингни қилавер, ел, югур, менга шароит қилиб бер, айт, мазали таомлар пиширишсин! Мен бўлсам, ими-жимида иш тутаман. Балки ниятга етарман…»

 

* * *

 

Орадан уч кун ўтди. Афсусланишга, дард чекишга ўрин қолмаганди. Толиб сўз берганидек, Севинч учун барча шарт-шароитларни яратиб берди. Ҳеч нарсадан камини қўймади. Аммо Севинчга бу ҳашамдорлик сира татимасди. Икки хаёли Жийронбек акага берган ваъдасида эди. Қандай қилиб бўлмасин, Толибнинг айбини топиш, чув тушириш, пайтини топиб, болани олдириш илинжида куйиб-ёнарди.

Ана шундай хаёлда хона айланиб юрганда, стол тортмасидан қандайдир юзи сарғайганроқ конверт топиб олди. Ҳайрон бўлиб, ичини очганди, тўрт буклоғлик қоғоз чиқди. Қоғозга атиги «Толиб ака, анави зормандадан яна эллик килосини топтириб қўйдим. Нархи ўша-ўша. Фалон куни фалон соатда ўзимиз келишган писмадон кўчадаги омборда учрашайлик, салом-алик қилволамиз. Фотиҳ.», деган жумлаларгина битилганди.

Севинч «зорманда» сўзи жуда таниш туюлиб, дарров ҳушёр тортди. Сарварга қўшилиб қўшни давлат чегарасига кетишаётганда, у ким биландир гаплашаётиб, худди шу сўзни ишлатганди.

«Тўхта, — кўнглидан ўтказди Севинч қоғоздан кўз узмай. — Бу нусха наркотикни назарда тутмадимикан? Умуман ким экан ўзи Фотиҳ деганлари? Ҳа-а, Толибнинг мижозларидан бўлса керак. Олди-сотди қилишмоқчи шекилли бугун кечаси. Вой маразлар-эй, қўрқишмайдиям-а! Эллик кило наркотик ҳазилакамми?!. Вой, энди нима қилдим? Бу қоғозни қаерга беркитай? Толиб атайин шу ерга яширган бўлса-чи? Кела солиб қидириб қолса-я! Унда нима қиламан? Балки қидирмас-а? Эсидан чиқиб кетган бўлса, эътибор бермас балки? Ҳа, ҳозироқ Жийронбек акага қўнғироқ қиламан. Айтаман. Кейин… Ҳеч нима бўлмагандай жим ўтиравераман. Билиб ўтирибдими Толиб?!. Агар ишим ўнгидан келса, бу зиндондан чиқишга, болани олдиришга имкон топиларди…»

Севинч даст ўрнидан турди-да, гўшакни қўлига олиб, керакли рақамларни терди. Гўшакдан таниш овоз келди.

— Бу… Мен… Севинчман, — деди салом-аликдан сўнг ҳаяжонданми, қўрқувданми, титраб. — Ҳалиги…

— Танидим, — деди Жийронбек ака кулиб. — Хўш, синглим, ишлар қалай? Бизга бирор янги гап борми?

— Бир нарса топгандим, — деди Севинч ийманиб. — Билмадим… Шу сизларга кераклими-йўқми…

— Нимайкан? Маълумотми?

— Конверт. Ичида қоғозга озгина хат ёзишибди. Ўқиб берайми?

— Албатта ўқинг. Тезроқ!

Севинч қоғозга битилган хатни шивирлаб ўқиб берди.

— Ў, мана буни маълумот деса бўлади, — қувониб кетди Жийронбек ака. — Қаердан олдингиз буни?

— Тасодифан топиб олдим. Очиғи, жуда қўрқиб кетяпман.

— Нимадан қўрқасиз? Нега қўрқасиз?

— Толиб ака хатни қидириб қолса…

— Тезда жойига қўйинг! Мен кўчириб олдим ҳисоб. Энди конверт жойида турсаям бўлаверади. Хў-ўш, ўзингизда нима гап?

— Мендами? — Севинч иккиланиб қолди. «Айтсамми-айтмасамми?» деган хаёл уни каловланишга мажбур этди. Аммо ўйлашга фурсат йўқ. Телефон гўшагини тезроқ жойига қўйиши шартлигини билади. Худо кўрсатмасин, Толиб келиб қолса, тамом бўлиши ҳам унга аён!..

— Илтимос, мени тезроқ бу зиндондан қутқаринглар, амаки! — деди у беихтиёр йиғламсираб. — Қийналиб кетдим. Бошим…

— Сабр қилинг, — сал дағалроқ оҳангда жавоб қилди Жийронбек ака. — Ҳали ҳаммаси олдинда. Ишонинг, у ерда яшашингиз узоққа чўзилмайди. Тез орада сизниям чиқариб оламиз. Бугунги маълумотингиз учун бизнинг одамимиз ҳақингизни тўлайди. Қанча олишингиз иш қандай якун топишига боғлиқ бўлади, унутманг! Агар маълумот жуда қимматли чиқса, сўз бериб айтаманки, анча-мунча пул оласиз. Розимисиз?

— Билмадим, — деди Севинч тортинганнамо. — Шартмасийди…

— Майли, омон бўлинг! Сиздан янги маълумотлар кутиб қоламиз!

Гўшакни жойига қўйгач, Севинч ўйга толди…

Нима қилиб қўйди? Маълумот эски бўлса-чи? Шарманда бўлади-ку! Толиб хабар топса, нақ бўғизлайди. Бу аниқ. Лекин… Агар текшириб кўрса-чи? Ўша Фотиҳ деганига қўнғироқ қилса, сўраса, ёлғондан суриштирса, нима бўларкин? Телефон орқали ҳеч нарса қила олмайди-ку!.. Йўқ, бундай қилмайди. Кутади. Ишнинг охирига назар солади. Кечқурун ҳаммаси маълум бўлади. Агар маълумоти тўғри бўлса, Толибнинг чув тушиши тайин. Қани, сабр қилсин-чи!..

— Қуриб кетсин, кечирилмас гуноҳга ботдим, — ўзига ўзи сўзланганча конвертни жойига қўйишга тутинди Севинч. — Ота-боболарим раҳматлиларнинг арвоҳиям қарғайдиган бўлди мени. Ҳароми болани кўксимда кўтариб юрганим етмай, энди сотқинликкаям қўл уряпманми? Йўқ, бу сотқинликмас. Дадамнинг қотилидан ўч олмоқчиман, холос. Буни худоям кечирса, ажабмас. Бироқ ҳомилани олдирмасам, барибир виждон азобида адо бўламан. Кошкийди, эркинликда яшасам, тиланиб бўлсаям пул топиб олдирардим уни.

Шу аснода қизиқиш зўр келдими, тортмадаги қоғозларни титкилай бошлади. Титкилаб туриб не кўз билан кўрсинки, бир даста элликталик қоғоз пулга кўзи тушди. Умрида бунча пулга рўбарў бўлмаган Севинч юраги орқага тортиб шоша-пиша тортмани ёпди. Сал ўтиб тағин очди ва пулларни қўлига олди.

— Мунча кўп пулакан? — дея жонҳолатда дераза томонга ўгирилди у. — Кимники? Толибникими? Албатта ўшаники! Ҳаромдан топган пуллари-да! Вой худойим, шунча пулни қаердан олади у ўзи? Қандай олади? Бировларни ўлдириб оладими?.. Тўхта, Севинч, шунча хўрликларинг ўша зўравоннинг орқасидан бошингга келди. Нега энди бу пулларни олиб қўймаслигинг керак? Ахир, ҳароми боласини кўксингда кўтариб юрибсан-ку! Шуни рўкач қилсанг, нима дерди? Ҳеч нарса. Ҳа, «бозорга бордим, ул-бул харид қилдим», дейсан. Болани баҳона қиласан. Аслида эса тўппа-тўғри бирор поликлиникага борасан-у, ҳомилани олдирасан. Шунда ҳаммасидан қутуласан. Ёнингда шунча пулинг бўлгандан кейин ҳамманикига сиғиб кетаверасан. Ҳеч қачон дар қолмайсан. Шундай қиламан. Ҳозир ҳовлига чиқаман-да, қўриқчиларини алдаб кўраман. Ажаб эмас кўндирсам. Ростакамига озод қушга айланардим…

Севинч янги кийимларини кийди-да, сумкачасига пулларни жойлаб, оҳиста ҳовлига чиқди. Ҳовлида уч-тўрт чоғли хизматчи йигитлар қандайдир ходаларни уёқдан-буёққа ташир, қизлар эса ошхонада куймаланишарди.

«Хайрият, Сарвар чақимчиси йўғакан, — хаёлидан кечирди Севинч дарвоза тарафга йўл оларкан. — Манави нусхалар унчалик эътибор бермайди. Дарвозахонадаги барзангисини алдай олсам, бемалол такси тутиб поликлиникага кетаверардим…»

Шундай хаёллар билан дарвозахонагача етиб борди. Бунга қадар ҳеч ким йўлига тўғаноқ бўлмади, сўроққа тутмади. Афсуски, шу пайт дарвоза қабатидаги кичик эшик шаҳд билан очилди-ю, ичкарига олдин Толиб, кетидан Сарвар, яна икки нафар шотир ҳовлиқиб киришди. Барчаларининг рангида ранг қолмаган, айниқса, Толибнинг гезариши оламни бузай дерди.

— Ҳой Мўйдин, нега Севинч ҳовлида юрибди? — дарвозахонадаги қўриқчининг ёқасидан олди Толиб. — Ким рухсат берди? Нимага ҳеч ким қарамади? Қай гўрга йўл олди?

Мўйдин миқ этмасди. Ҳайкал каби қотиб турар, ҳатто ёқасига ёпишган кучли қўлларни олиб ташлашга-да уринмасди.

Толиб унинг ёқасини қўйиб юборди — да, Севинчга яқинлашди.

— Мен сенга нима дегандим? — овозини пасайтириброқ сўради у ёнидагиларга «нари кет» ишорасини қилиб. — Гапир, Севинч, уйдан ташқарига чиқмайсан демаганмидим?

— Нима, мен сизга тутқундаманми? — бўш келмади Севинч. — Мундай кўча айланишгаям қўймайсизми?

— Ҳа, қўймайман! То менинг боламни саломат дунёга келтирмагунингча уйдан чиқмайсан! Менга қара, нима етмайди-а ўзи сенга? Ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўйган бўлсам! Тағин нима истайсан мендан?

— Бозорга бориб бўлғуси фарзандингизга ул-бул харид қилмоқчийдим.

— Нима?.. Тентак бўлганмисан? Ҳали туғилмаган болага ким…

— Туғилади! — Толибнинг гапини кесди Севинч. — У албатта туғилади. Гапиравераркансиз-да!..

Ўзига қолса, Севинч ҳаётда унга ҳозиргидек тўнглик қила олмасди. «Фарзандининг онасиман-ку» деган ўй унга куч бағишлади ва айни лаҳзаларда бақириб ташласа ҳам Толиб илгаригидек жазолай олмаслигига ишонди.

— Хўп, майлиям дейлик, — пича юмшаб, Севинчга янада яқинроқ келди Толиб. — Қайси пулингга олмоқчийдинг? Мендан пул сўрамадинг-ку!

— Ўзимдаям пул бор, — ер чизди Севинч. — Етади.

— Шунақами? Сенга ким пул бера қолди? Қани, сумкачангни менга бер-чи!

Севинч бу гапни эшитиб, азбаройи қўрқиб кетганидан сумкачани орқасига яширди.

— Йўқ, бермайман!

— Нега?

— Чунки…

Толиб бир силтаб сумкачани унинг қўлидан тортиб олди-да, ичини ковлаштириб, бир даста элликталик қоғоз пул чиқариб олди. Пуллар ўзиники эканини англагандан сўнг баттар гезариб Севинчга нафрат аралаш тикилди. Кўзлари олайгандан олайиб атрофдагиларга ўқрай. ди. Аламдан тишлари ғижирлаб кетди. Даъфатан пулларни кафтлари орасига олиб маҳкам ғижимлади-ю, иккинчи қўлини Севинчнинг томоғига юборди. Сўнгра жазавасини жиловлай олмай, оғзидан тупук сачратиб қичқирди:

— Бу тағин нима бало, Севинч? Ҳали сен ўғримисан???

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here