БИЛАСИЗМИ?..

0

 

 

 

САБЗИНИНГ ФОЙДА ВА ЗАРАРИ

 

 

Сабзининг таркибида В, РР, С, Е, К гуруҳларига кирувчи барча витаминлар мавжуд. Бундан ташқари, сабзи темир, фосфор, магний, калий кабиларни ҳам ўзида мужассам этган. Асосийси, унда бета-каротин бор. Бу модда организмга киргач, А витаминга айланади. Ваҳоланки, бу витамин тури тўқималарни турли хасталиклардан ҳимоя қилади, онкологик хасталиклар профилактикасида, кўз, тери касалликларини даволашда асқотади.

Клетчаткалар овқат ҳазм бўлишида муҳим аҳамиятга эга. 100 грамм сабзида 32-40 килокалория бор. Демак, озишни истовчилар бемалол сабзи парҳезига ўтсалар бўлади.

Бир дона пиширилмаган, қайнатилмаган сабзи одамнинг бир кеча-кундузлик каротинга бўлган талабини қондиради.

Сабзи қопқоғи ёпиқ қозонда қайнатилса, ўз хусусиятларини борлигича сақлаб қолади. Аммо шу нарса эслатиб ўтиладики, сабзининг кундалик меъёри врач томонидан тавсия этилиши лозим.

Хомлигича ейилган сабзи тишларни мустаҳкамлашда ҳам аҳамиятлидир. Болаларга тез-тез сабзи едириб турилса, бўйлари тезроқ чўзилади. Сабзи таркибидаги фитонцидлар оғиз бўшлиғи соғлом бўлишини таъминлайди.

Кўриш имкониятлари йўқолганда ёки бошқа кўз касалликларини даволашда албатта сабзини киритиш лозим. Сабзидаги А витамини кўриш қобилиятингизни яхшилайди.

Сабзи қондаги холестеринни сиқиб чиқаради. Юрак фаолиятини меъёрлаштиради. Инсульт, варикоз хавфини камайтиради. Атеросклероздан асрайди. Қондаги қанд миқдорини назорат қилади. Ўт қопида тошлар ҳосил бўлишига йўл қўймайди. Сабзини тўғри тановул қилинганда, ошқозонда овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Ич қотишларнинг олдини олади. Ичаклардаги дисбактериозни даволайди. Клетчаткалар организмдаги заҳарли моддаларни, оғир металларни ташқарига ҳайдайди. Ҳомиладор аёлларнинг бошқоронғилик даври тинч ўтишини таъминлайди. Иммунитетни кўтаради. Сочларни, тирноқларни мустаҳкам торттиради.

Фақат сабзи айрим одамларда таркибида эфир мойи мавжудлиги боис аллергия қўзғатиши мумкин. Сурункали хасталиклар қўзғалган пайт сабзи истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Айниқса, сурункали хасталикка йўлиққан жигар бета-каротин таъсирини кўтара олмайди. 12 бармоқли ичак, ошқозонида яраси борларга ҳам сабзини эҳтиёткорлик билан, яхшиси, врач тавсиясига амал қилган ҳолда ейиш тавсия этилади.

Саломат бўлинг!!!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...