«БОМЖ»ЛАР МАНЬЯГИ…

0

 

Бундан анча йил аввал Россия шаҳарларидан бирида даҳшатли жиноятлар серияси амалга оширилди. Бу албатта қотиллик билан боғлиқ эди. Энг ачинарлиси, жиноятчи маньяк ҳар сафар изсиз ғойиб бўларди…

 

МАНЬЯК ИЗИДАН

 

2003 йил ёзида бешинчи синфда ўқийдиган болалар ўзлари яшайдиган уй ҳовлиси атрофида ўйнаб юриб, нотаниш эркакнинг тана қисмларини топиб олишди. Воқеа бундай бўлганди:

Болалар қувлашмачоқ ўйнашарди. Қочаётганлари тезроқ кўздан ғойиб бўлиш мақсадида гаражларни оралаб чопишди. Шу пайт улардан бири нимагадир қоқилиб кетди ва йиқилиб тушди. Ўрнидан тураётиб ерда ётган одам бўлагига кўзи тушди-ю, жонҳолатда уйига қараб югурди. Тез орада бу ерга 51-милиция бўлими ходимлари етиб келишди…

Милиционерлар ишни аввал тананинг бошқа қисмларини ҳам излашдан бошлашди. (Ерда фақат одамнинг қўллари ва қовурғалари бор эди)

Ва топишди. Қачонлардир ёниб кетган машинанинг ичидан марҳумнинг боши топилди…

Тезкор гуруҳ аъзолари бу иш билан нақ уч ой шуғулланишди. Шу муддат орасида маълум бўлдики, ўлдириб кетилган одам бомж экан. Милиционерлар уни таниган, билган одамларни қидириб, сўроқ қилишди. Фақат бир нарсани аниқлашди. Марҳум Ғалаба боғи ичида айланиб юришни хуш кўраркан.

— Бирор маст-аласт пиёниста ўлдириб кетгандир-да! — деб қўя қолишди улар…

 

БИР ОЙДАН СЎНГ

 

Юқоридаги жиноий иш охирига етказилмай, янги хабар келди. Худди ўша ҳовлида яна бир бомжнинг мурдаси топилган. Маълум бўлишича, ахлатхона атрофида икки бомж нималарнидир ковлаштириб юриб, кутилмаганда ахлат идишида ётган каллага кўзлари тушган. Икковлари ҳам дарров милицияга хабар беришган.

Бу гал тезкор гуруҳ аъзолари қидирувни кенгроқ миқёсда олиб боришга аҳд қилишди. Чунки иккала қотиллик ҳам бир ҳовлида содир этилган. Иккала мурданинг ҳам танаси майдалаб ташланган. Демак, қотил шу яқин атрофда бўлиши керак.

Энди икки нафар тезкор гуруҳ аъзосига маҳаллий участка нозири қўшилди. Биргалашиб излай бошлашди. Қўшниларни, қўшни уйларда яшайдиганларни сўроқ қилиб юриб бир бомждан негадир гумонсираб қолишди. У қотиллик содир этилгунча ўша ҳовлида дайдиб юрган. Икки соатлардан сўнг Вадим исмли бомж милиция бўлимига олиб кетилди. Уни узоқ вақт сўроқ қилишди. Бомж жуда хотиржам эди. Барча саволларга босиқлик билан жавоб берар, ахлат идишдаги одам бўлаги, қотиллик хусусига келганда эса, жим бўлиб қолаверарди. Қийноқлардан кейингина у бир нарсани айтиб қолди.

— Мен айбдор эмасман. Яхшиси… Боринглар, ўша уйда бир жиннисифат одам яшайди. Ўшани ушланглар!..

Тезкор гуруҳ аъзолари бу ахборотни ҳам назардан четда қолдиришмади. Лекин бошқачароқ йўл билан ўша жиннисифатни тутиш лозим эди. Улар сантехник кийимини кийиб, қўлларига керакли асбобларни олиб яна қотиллик содир этилган ердаги уйга келишди.

Эркакнинг исми Валерий экан. Эшикни дарров очмади. Айниқса, сантехниклар келганини эшитгандан кейин эшик ортидан туриб уларни ҳайдашга интилди.

— Квартирамда ҳамма нарса жойида. — деди у ичкаридан туриб. — Ҳеч қаердан сув оқмайди, трубалар ҳали янги…

Бироқ бу ҳийласи ўтмади. «Сантехниклар» то эшикни очмагунча қўйишмади…

 

«ТУШЛИК» ЖОЙЛАНГАН ЧЕЛАК

 

Милиция ходимлари квартирага кирибоқ қотиллик изларини топамиз деб ўйлашганди. Бироз адашишибди. Ваннахона, ошхона, ҳожатхона, балкон… Ҳеч қаерда қон излари ҳам, умуман, қотилликка алоқадор излар ҳам йўқ эди. Улар квартирада узоқ вақт айланиб юришди. Шу пайт милиционерлардан бирининг кўзи бир четда турган челакка тушиб қолди. Челакни очди-ю…

Ичида қайнатилган гўшт ва бир неча қовурғалар бор экан. Ана шу нарса милиция ходимларини ҳушёр торттирди. Кираверишдаги шкафдан бир сумка топишди. Сумкага одам қўл-оёқлари солинган эди…

Маньяк бунгача ҳам жуда кўплаб ваҳшиёна қотилликлар содир этиб улгурган экан. Тергов давомида барчасини бўйнига олди. Аммо экспертиза уни руҳий касал деб топди ва ҳозирда жиноятчи жиннихонада даволанмоқда.

Сергей КУСКОВ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

loading...