Тошкент ва Андижон вилоятларида фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

0

ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Паркент-Қорасув” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи “Б.Б.” мазкур бошқарма тасарруфидаги “0” қийматда тендер савдоларига қўйилган, Паркент тумани Қорақалпоқ қишлоғи “Ёшлик” қўрғонида жойлашган икки қаватли маъмурий бинони маҳаллий МЧЖлардан бирига берилиши ва уни бошқа тадбиркорга бериб юборилмаслигига кўмаклашиш учун 30.000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Савдо-саноат палатасининг Хонобод шаҳар тадбиркорликка кўмаклашиш маркази раҳбари “М.А.” шаҳар марказида “Fast food” кафеси қуриш учун 4 сотих ер майдони ажратиб берилишига кўмаклашиш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан Жиноят Кодексининг 168- ва 28,211-моддаларига мувофиқ жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...