АЛАМЗАДА… (33-қисм)

0

 

 

* * *

 

Севинч қўрқувдан юраги ёрилгудек жавдираб Толибга боқди. Боқиш асносида лаблари титраб кетди. Хаёлида Жийронбекка етказган маълумотидан Толиб хабар топган каби вужудига ваҳм ўрлади. Аммо дарҳол ўзини қўлга ола билди. Толиб томоғини қаттиқ чангалламаганди. Бир силтаниб, унинг қўлларини томоғидан олиб ташлади. Ҳомиладорлиги Севинчга шундай куч ҳадя этди.

— Нега бақирасиз менга? — тап тортмай Толибни қайириб ташлади у. — Ким ўғрийкан? Ҳали менга бу туҳматингизам борми? Бўлғуси фарзандингизнинг онасига-я? Хайф-э сизга, ҳайф! Мен сизни…

Толиб ҳеч қачон пул масаласида ҳазиллашмасди. Шу сабабли айни лаҳзаларда ўта асабий эди. Севинчни худди ёвуз маҳлуқ янглиғ икки ямлаб бир ютишга тайёр турарди-ю, аммо фарзанди кўз ўнгида намоён бўлибми, муштларини тугиш, лаб тишлашдан нарига ўта олмасди.

Дунёда кутилмаган воқеалар, вазиятлар кўп бўларкан. Толиб Севинчни алоҳида хонага судраб кириб гаплашиб қўйишни мўлжаллаб турганди. Тўсатдан дарвоза қия очилиб, ҳовлига икки шотири ҳовлиққанча кириб келди. Уларнинг бири пилдираганча келиб Толибнинг қулоғига алланималар дея пичирлади.

— Нима? — Толиб шотирнинг хабарини эшитибоқ беихтиёр бошини чангаллади. — Эҳ, Мўйдин, Мўйдин! Нима қип қўйдинг, овсар? Энди нима бўлади? Қовун туширибсан-ку, ифлос!..

— Ака, кўпам хавотирга тушаверманг, — деди хабар етказган шотир қўлини кўксига қўйиб. — Мўйдин сотмайди ҳеч кимни! Жавоб, ака, жавоб!..

— Э, мен сотиш-сотмаслигини айтмаяпман, — уни жеркиб берди Толиб.

У ҳозир Севинчни буткул унутган, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолганди. Севинч эса хабар нелигини аллақачон англаб улгурганди. Мўйдин дегани ҳозир Жийронбекнинг идорасида ўтирганига, сўроқ-савол бераётганига шубҳаси йўқ эди.

«Толиб айё-ёр, тулки, — ўйларди у. — Ўзи бормайди унақа жойларга. Бу тулкининг энасига дарс берадиган хилидан, ҳа! Илоё шўринг қурисин сенларнинг!..»

— Шунча мол ҳавога совурилди, — давом этди Толиб ҳовлини асабий айланаркан. — Энди нима қиламиз? Чув туширди-ку бизни Мўйдин! Менга қара, Ҳошим, сен биласанми? Ким сотган бўлиши мумкин — а? Ўша юқоридагилар ўз-ўзидан келиб қолмагандир? Кимдир шипшитгандир? Наҳотки, орамизда сотқин бўлса-а?

Шотир бирпас елка қисиб турди. Шу орада орқароқда тургани Севинч тарафга бир қараб қўйди-да, Толибга яқин келиб пичир-пичир қилганча нималарнидир уқтирди.

— Йўғ-э, — дея Севинч томон илкис ўгирилиб ўқрайди Толиб. — Бўлиши мумкинмас! Адашма, братишка! Балки бошқа одамдир?

— Қанийди шундай бўлса, — шотир юзини терс буриб қовоқ уйди. — Севинчни мелисалар, яна қандайдир фуқаро кийимидагилар олиб кетишганини қўшнилар кўришганакан. Ўзингиз бир суриштириб била қолинг! Балки ростданам мен адашгандирман!..

Толиб кутилмаганда Севинчнинг билагига чанг солди-да, хонаси томон судраб кетди.

— Қани, буёққа юр! Сен билан алоҳида гаплашволайлик!

Севинч тамом бўлаёзди. Юраги ғаш тортиб, томирлари тортиша бошлагандек ғижина бошлади. Танасида Толибнинг оғир муштларини ҳалитдан ҳис этиб, талвасаланди. Хаёлан ўзини, тақдирини лаънатлади. Қисматнинг гўрига ғишт қалади.

Улар хонага киришди. Толиб ўйлаб ўтирмай, эшикни ичкаридан тамбалади. Сўнгра яна Севинчнинг қаршисига келди.

— Хўш, хоним, нега индамайсан? — дўқ аралаш савол ташлади у. — Тилинг танглайингга ёпишганми? Гапир!

— Нимани гапираман, — деди Севинч атайин гапни айлантиришга уриниб. — Пулни ўғирлабмас, шунчаки олдим. Ҳақим бор. Нима олсам ҳам сизнинг болангиз учун оламан. Буни яхши биласиз.

— Мен бошқа нарсани сўраяпман сендан, — бақирди Толиб. — Мелисага тушганмишсан, камерада ўтирибсан, қанақадир шубҳали одамлар билан гаплашибсан. Нега менга айтмадинг?

— Айтгим келмади, — ер чизди Севинч. — Шартмас деб ҳисобладим.

— Шунақами? Демак, сен сотгансан бизни. Лекин қандай қилиб? Қачон? Нимага? Қайси айбимиз учун?

— Тушунмадим, — ўзини гўлликка солиб сўради Севинч. — Қанақа сотиш? Ким кимни сотибди?

— Айёрса-ан, — бир қадам ортга тисланди Толиб. — Ўша… Отангнинг қизисан-да! Биласан кийдириб кетишни, биласа-ан!

— Менга туҳмат қилманг! Ҳақингиз йўқ.

— Майли, — Толиб ниманидир ўйлаб олган бўлиб бир неча марта хонани айланди ва бир қарорга келдими, деразага яқин бориб, бир қаватини очди-да, бор овозда қичқирди:

— Сарвар! Ҳов Сарвар!

— Ҳа, ака, бу ердаман! — овоз келди ташқаридан.

— Тез кир ёнимга!

— Хўп бўлади!

Кўз очиб юмгунча хонага Сарвар кирди.

Толиб гапиришга шошилмай, чўнтагидан бояги элликталик пулларни чиқарди.

— Ма, ол, — дея пулларни Севинчга узатди у. — Мен номард эмасман. Мана шу пулга ҳозироқ бориб болани олдирасан. Бош тортсанг, мендан хафа бўлиб юрма! Кейин эса… Кейин ўзим сени қидириб топмагунча, кўзимга кўринмай тур!

— Болани олдираман? — Толибга бақрайди Севинч, — Нимага олдиришим керак? Бегуноҳ гўдакни ўз қўлларим билан ўлдираманми? Ичингиз ачимайдими?

— Э, менга ўғри хотин туғиб берадиган бола керакмас! Олдирасан дедимми, тамом! Шу бугуноқ! Тушундингми, ё яна такрорлайми?

Севинч жавоб беришга тутинди. Аммо сўз айтишга оғиз жуфтлаб улгурмай, хона эшиги очилди-ю, ичкарига Орзиниса кампир кириб келди. Толиб кампирни кўриб баттар фиғони ошди. Уни сўроқсиз ҳовлига киритган қўриқчиларни уришишга шайланди-ю, негадир индамади. Орзиниса кампирнинг саломига норози бош ирғаб алик олган бўлди.

— Жон болам, қизимни кечира қолинг, — ялинган оҳангда сўз қотди кампир. — Ёшлик қип қўйгандир-да! Ҳарқалай, жигарингиз. Ўзиям пушаймон қилиб турибди, қаранг!

— Э, опоқи, сиз аралашмасангиз-чи! — Орзиниса кампирни жеркиб ташлади Толиб. — Ишингиз бўлса, ана, ёрдамчи болларга айтинг, битириб беришади.

— Ҳай, ҳай, болажоним, — гарчи невараси тенги йигитнинг муомаласидан дили оғриса-да, ўзини босиб насиҳат қилишга ўтди кампир. — Қўйинг, ундай қилманг! Ундан кўра, шу қизим бугун меникига борсин, айланай, нима иш бажариш зарур бўлса, мана, мен турибман. Ўзим бош бўламан, жон болам!

— Уф-ф! — Толиб тоқати тоқ бўлиб сигарет тутатди ва Севинчга нафрат аралаш назар ташлади. — Нимага бош бўлмоқчисиз, опоқи? Ўйлаб гапиряпсизми ўзи? Биз нима ташвишда-ю, сизнинг гапингизни қаранг!

— Мен мияси суйилган кампирни кечирасиз-у, тойчоғим, локигин ҳаммасини эшитдим. Истиҳола қилиб хонангизга киролмай тургандим-да эшик орқасида!

— Шунақами? — кампирга яқинроқ келди Толиб. — Ҳали гап пойлаётгандим денг? Яхшимас, яхшимас!

— Нима қилай? Бу тешик қулоқ ўлгур эшита қолди-да гапларингизни! Пахтаям йўғакан киссам қурғурда. Бўлмаса, пахта тиқволардим қулоғимга, болам.

— Бўпти, ҳадеб кесатаверманг!.. Демак, бош бўласиз, шундайми?

— Албатта, қизим шўрликни хафа қилмасангиз бўлди. Нима қийинчилик бўлса, туриб бераман. Мени биласиз-ку! Сиздай ўғлим учун…

Қисқа суҳбат давомида Толиб бир нарсага тўлиқ амин бўлгандек эди. У Орзиниса кампирнинг Севинч иккалалари орасидаги яқин муносабат, никоҳ ўқилганидан бехабар эканини англади. Кампирга меҳри ўзгача экани сабабми, шу нарса қалбига бироз таскин бергандек бўлди.

— Майли, унда эшитинг, — деди у сал паст тушиб. — Ҳозир буни поликлиникага ўзингиз бошлаб борасиз. Машина кўчада турибди. Ҳайдовчи сизлар ишни битиргач, олиб келиб қўяди. Фақат, опоқи, Севинч кўзимга кўринмасин кейин! Керак бўлса, ўзим топволаман.

— Хўп бўлади, болажоним, — Орзиниса кампир жонланиб, Севинчга яқин борди-да, елкасидан қучиб олди. — Қизимга гард юқтирмайман. Қачон ўзингиз чақирмагунингизча тайинлаганингиздай, кўзингизга кўринмайди. Фақат… Мен ғалча кампирни кечирасиз-у, боя ташқарида турганимда қандайдир сотқинлик ҳақида гапирдингиз. Ўлсам ўламанки, локигин, мана шу қизнинг тарафини оламан. У сотқинмас! Сиздай тоғасиниям сотадими, тойчоғим?..

— Бўпти, гапни кўпайтираверманг! Боринг, боринг!

Кампир Толибни дуо қила-қила Севинчни етаклаб ташқарига зипиллади.

 

* * *

 

Йўлда кетиб боришарди-ю, Севинчнинг бағрини алам тиконлари тирмалар, заҳридан жони оғриб-оғриб берарди. Ўзини худди жаллод етагидаги маҳкум ҳисоблаб, ҳали дунёга келмаган гўдакнинг сўнгги ғойибона йиғиси қулоқларини тешай берди.

«Ҳеч бўлмаса мана шу кампир раҳмимни еса бўлмасмиди? — ўйларди у. — Буям Толибнинг тешасини чопяпти. Қўрқади-да ўлгудай! Ҳаммаси ўзининг тинчини ўйлайди. Зўрнинг олдида яхши кўринишга интилади. Йўқ, мен қасдма қасдига шу болани олдирмайман. Мана кўради, атайин бир йўлини ўйлаб топаман-у, қочиб кетаман. Майли, кўчаларда хор бўлиб ўлсам ўлайки, шу ҳаромхўр Толибнинг гапини ерда қолдираман. Энди менга барибир. Уялмасдан менга зўрлик қилдими, қараб турсин ҳали…»

Севинч бора боргунча хаёлнинг турли кўчасига кириб чиқди. Қандай қилса, не йўл топса, врачлар курсисига ётмаслиги, бола омон қолиши хусусида бош қотирди. Ҳадеганда ақли ета қолмади. Қай кўчага бош суқмасин, тангадеккина ёруғлик кўринмасди. Севинч хуноби ортиб, дардини Орзиниса кампирга шипшитгиси келди.

«Аёл-ку, балки шу кампир бир йўлини топиб мени балодан қутқариб қолар?» деган хаёл уни оғиз жуфтлашга ундади. Яхшики, вақтида калласи ишлаб қолди. Беихтиёр олдинга тикилганча рулни бошқариб бораётган ҳайдовчига кўзи тушди. У Толибнинг одами экани ёдига тушиб, тилини тишлади…

Шу алфозда поликлиникага етиб келди. Орзиниса кампир биринчи бўлиб пастга тушди-да, Севинч қочиб кетмасин дедими, билагидан маҳкам ушлаб тушишига ёрдамлашган бўлди. Пастда ҳам билагини қўйиб юбормади. Бир оғиз сўз демай, поликлиника ичкарисига бошлаб кетди.

Севинч орқасига қарай-қарай кетиб борарди. Шу баҳонада ҳайдовчини кузатарди. Ичкарига кириб йўлакнинг ўнг тарафига бурилишгандан сўнг буткул безовталик исканжасига тушди. Поликлиникага одам сиғмайди. Врачлар, ҳамширалар, беморлар бир-бирларига йўл бермай ўзларини худди тўлқин каби уёқдан буёққа уришади. Хўш, нима қилади энди? Ҳозир кампир уни тўғри гинеколог ҳузурига бошлаб киради. Курсига ётқизишади-ю, ҳаммаси тугайди. Орзулари, режалари, ниятлари саробга айланади. Наҳотки, бирор йўли топилмаса? Шундай катта даргоҳда бекитиқча чиқиш жойи йўқмикан?..

Шу тобда Севинчнинг мияси бир фикр келди ва фикрининг тўғри-нотўғрилигига эътибор қилиб ўтирмай, таққа тўхтади.

— Ҳа-а, нима бўлди сенга, қизим? — сўради Орзиниса кампир ҳайрон бўлиб. — Нега тўхтаб қолдинг? Бирор еринг оғрияптими?

— Эна, ҳ-ҳожатга чиқиб келсам майлими? Ахир…

— Оббо, шуниси етмай турувди энди, — норозиланиб атрофга аланглади кампир. — Қай гўрдайкин ҳожатхонаси бу ернинг? Кел, биронтасидан сўрайлик-чи!

Орзиниса кампир сал нарига юриб, шошилганча кетиб бораётган оқ халатли қизни тўхтатди.

— Қизим, ҳожатхонаси борми бу ернинг? — сўради ҳийла овозини пасайтириб. — Гангиб қолдим дўхтирхонангда!

— Ҳов анави ёққа борсанглар, чап қўлда, хола!

Қиз кўрсатган томон одамлардан ҳийла холи эди. Севинчнинг қалбида номаълум умид учқунлади. Айниқса, ҳожатхона биринчи қаватдалигини кўриб унга жон кирди. Ҳа, агар кампирни ташқарида қолишга кўндира олса, бир иложини топарди. Башарти ҳожатхона деразаси йўлга тескари турса, нур устига аъло нур бўларди.

Бу нияти ҳарқалай амалга ошди. Орзиниса кампир унга қўшилиб ичкарига киришни лозим топмади. Тезроқ чиқишини тайинлади-ю, эшик олдида қолди. Севинч эса кира солиб деразаларни кўздан кечирди.

Худо йўлиини берса, ҳеч гапмаскан. Четроқдаги дераза қабати очиқ эди. Бир сакраса, поликлиника гулзорига тушаркан. Уёғи девор билан ўралибди. Деворни ёндаб борса, балки бошқа бир кўчага олиб чиқар…

Севинч айни лаҳзаларда тутаётган ишининг оқибатини ўйлаб ўтирадиган аҳволда эмасди. Кўзларига ҳомиласидан, тинчлигидан бўлак ҳеч нарса кўринмасди.

Ён-верида ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, таваккал дераза орқали пастга сакради ва деворни паналаб кетаверди. Девор охирига етгач, темир эшикчага рўбарў бўлди. Эшикча ёпиқлигига қарамай, панжара орасидан сирғалиб ўтиш имкони бор экан. У эҳтиёткорлик билан иккита панжара орасидан ўтди-да, деярли кимсасиз кўчага чиқиб олди.

Хўш, энди нима қилади? Қай томонга юради? Толибнинг таъқибидан қандай қочади? Жонини қай йўл билан асрайди?

Севинч боши гарангсиган кўйи дуч келган тарафга қараб юрди. Кун ҳам асрдан оғиб борарди. Шошилмаса, қоронғи кечада дар қолиши муқаррарлигини ҳис этгани сайин адо бўлай дерди. У юра-юра қатор кўп қаватли уйлар жамланмасигача етди. Шу ерда тўхтаб пича нафас ростлашни ихтиёр қилди. Тўхтади дегунча баттар юрагини ваҳима босди. Қўрқа-писа ортга ўгирилди. Хайрият, ҳеч ким қувиб келмаётган экан.

«Ҳозир Орзиниса кампир поликлиникани бошига кўтариб чопаётгандир, — ўйлади Севинч оғир хўрсиниб. — Ҳайдовчисиям машинасини ғизиллатиб шаҳар кезиши тайин. Агар шу тахлит тураверсам, бу ергаям етиб келади у яшшамагур. Яхшиси, кўздан панароқ жой топиб, беркинганим маъқул. Эрталабгача чидасам, худо бир йўл берар, ҳеч қурса Жийронбек акани қидириб топарман. Аҳмоқман-да ўзим ҳам, ўша одамни кутишим керак эди. Э, нима деб валдираяпман? Кутишга қўярмиди анавилар?!. Қуриб кетсин, шундай замондаям кўчада тиланчидан баттар аҳволда қолсаям бўларкан-а одам! Кирарга уйинг, еярга нонинг бўлмаса-я! Қандай хўрлик ўзи бу? Чўнтагимда бир даста пул бор. Лекин бу пулларни сарфлашга қўрқаман. Ҳаром бу пуллар! Бировнинг ҳақини сўрамасдан олволганман. Тўғри, Толибнинг ўзи қайта қўлимга тутқазиб қўйди. Бироқ бошқа мақсадда ишлатишимни талаб қилди. Мен бўлсам, буни хоҳламайман. Атайин, қасдма қасдига шу болани олдирмайман. Қийналиб ўлсам ўламанки, туғаман. Майли, шармандаликлардан пес бўлиб кетай, лекин қароримни ўзгартирмайман, гапимдан қайтмайман. Ҳали мени билмаскан Толиб. Худо хоҳласа, болани мана шу қўлларимда кўтариб катта қиламан. Зўр одам қилиб ўстираман. Гадойлик қилиб бўлсаям боқаман уни. Тўхта, нега энди қўрқишим керак? Оч-наҳор юргандан кўра, бекиниб-пусиб егулик топсам-чи? Қорним тўйса, қўним ҳам топилиб қолар. Мени кўриб ўтиришибдими? Ҳеч ким танимаса, бозорми, дўконми, ишқилиб, егулик сотиладиган жой бўлса бас. Ими-жимида оламан-у, ётарга жой излайман. Ҳеч ким кўрмайдигган, овозимни эшитмайдиган ер топаман. Ҳозир ҳаром-ҳалолни ўйлаб ўтирадигган пайтми?!.

Севинч шундай хаёллар билан уйларни оралаганча олдинга юрди. Ҳеч кимга эътибор бермади, ҳеч кимни эшитмади, ҳушёр бўлишга интилиб, дилгирликни қўлдан бермай кетаверди. Уйлар тугаган ердан сал нарироқда кичик бозорча бор экан. Ўша ердан ўзига керакли егуликларни харид қилди. Бозорчи аёл тутқазган қоғоз халтача тўла нарсаларни қўлига олди-да, яна олдинга босди.

Шу тобда орқадан машина келаётганини пайқаб илкис тўхтади-да, ортга ўгирилди.

Машина нотаниш эди. Аммо ҳайдовчиси кал бошини ойнадан чиқариб, нуқул қўл силтарди.

Севинч қўрқиб кетди. Бу машина айни Толибга қарашли эканига сира шубҳаси қолмади. Юраги қинидан чиққудек потирлаб, олдинга югура кетди.

Бахтга қарши узоққа бора олмади. Машина ўқдек учиб келиб йўлига кўндаланг бўлди.

— Синглим, нега бунча қўрқоқсиз? — сўради узун бўйли ҳайдовчи машинадан тушиб Севинчнинг олдини тўсаркан. — Ё мени ёмон одамга ўхшатдингизми? Наҳотки, шунақага ўхшасам?

— Сизга нима керак? — гапни калта қилишга ҳаракат қилиб жаҳл аралаш сўради Севинч қовоқ уйиб. — Кимсиз? Мен сизни танимайман.

— Э, ўзингизни босволинг! — ҳайдовчининг жаҳли қўзғадими, дўқ аралаш, овозини кўтариброқ танбеҳ берди. — Мени Жийронбек акам юборди.

Шундан кейингина Севинч иситмаси тушган бемордек енгил тортиб, бўшашди.

— Ўтиринг-э машинага! — унинг бўшашганини кўриб, ҳайдовчи кулимсиради. — Биламиз, ҳаммасидан хабаримиз бор. Ана, поликлиника ичкарисида ҳалиям тўполон бўлиб ётибди. Толиб акангиз ҳаммасини оёққа турғазганмиш.

— Уни… Қамашмадими? — ҳадик аралаш сўради Севинч машинага ўтираётиб. — Ахир…

— Қамашга улгурамиз, ҳозирча текширув ишлари кетяпти. Қочиб қаергаям борарди?

— Сиз… Алдамаяпсизми? — Севинч негадир ишонқирамаётгандек ҳайдовчига тикилиб сўради. — Тағин Толиб аканинг одами бўлманг!

Ҳайдовчи унга жавобан кулиб юборди.

— Нима, ҳужжат кўрсатайми? — дея киссасини ковлаб гувоҳномасини чиқарди-да, бир марта намойишкорона юқорига кўтариб, қайтадан жойига солди. — Жийронбек ака юборди мени, синглим, қўрқманг! Ҳозир сизни идорага олиб бораман, ўша ерда кутиб ўтирибди ака!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here