ИСТАМБУЛДА ҚЎЛБОЛА АРОҚДАН ЎЛИМ ТОПГАН ТУРКМАНИСТОНЛИКЛАР СОНИ 37 КИШИГА ЕТДИ…

0

 

Яқиндагина Туркиянинг Истамбул шаҳрида қўлбола ароқни коронавирусга қарши «дори» сифатида қабул қилиб ичганлардан 20 нафари вафот этгани ҳақида хабар тарқатилганди. Мана ҳозирга келиб айнан қўлбола ароқ ичиб ўлим топган туркманистонликлар сони 37 нафарга етганини маълум қилишди.

Шу йил 13 мартдан бери жами 61 нафар туркманистонлик фуқаро қўлбола ароқдан заҳарланиш туфайли оғир аҳволда Истамбулдаги касалхоналарга ётқизилган. Айни чоғда уларнинг 24 нафари жонлантириш бўлимларига жойлаштирилган. Кўпчилиги оғир комада. Врачлар уларнинг тузалиб кетишига ишонч йўқлигини айтишмоқда.

Туркия полицияси Истамбулда қўлбола ароқ ясаш билан шуғулланганликда гумон қилинганларнинг 11 нафарини қўлга олган. Улар орасида туркманлардан ташқари бир неча туркиялик эркаклар ҳам бор. Қўлбола ароқ идишларига Туркманистонда тайёрланадиган «Балиқчи» ароғининг этикеткалари ёпиштирилган. Бу ичкиликни метил спирти асосида тайёрлаб келишмоқда. Этикеткалар эса Туркиянинг ўзида тайёрланган.

Полиция офицерларидан бирининг гапига қараганда, Туркманистоннинг Анқарадаги элчихонаси мутасаддилари қўлбола ароқ туфайли ҳалок бўлган ҳамюртларининг жасадларини ватанга етказиш ёки Истамбулда дафн этишдан қатъиян бош тортишган. Айтишганки, уларга Туркманистон ҳукумати тарафидан бундай вазифа топширилмаган. Марҳумларни ё Туркияда ишлаётган қариндошлари дафн этишмоқда. Бундай имконияти йўқ жасадлар эса Туркия давлат хазинаси ҳисобидан дафн қилинмоқда. Туркманистонда яшайдиган қариндошлари ҳам Туркияга кела олишмайди. Чунки Туркманистонда халқаро қатновлар тақиқлаб қўйилган.

 

loading...