МЕНИНГ ШУНДАЙ МОМОМ БЎЛАРДИ…

0

 

 

 

* * *

 

 

Менинг шундай момом бўларди,

Мен сағирнинг бошин силарди.

Беихтиёр туртиниб тушсам,

Бир тирилиб, минг бор ўларди.

 

 

* * *

 

 

Момом менинг баҳорим эди,

Нафисгина наҳорим эди.

Момом суйган гулнинг ифори,

Энг суюкли ифорим эди.

 

 

* * *

 

 

Сағиргинам дер эди момом,

Оғиргинам дер эди момом.

Ўксинганим кўриб қолса-чи,

Бирам пушмон ер эди момом.

 

 

* * *

 

 

Менга она бўлиб берганди,

Хўрозқандлар олиб берганди.

Сағирликнинг саҳроларида,

Мени опичлаблар юрганди.

 

 

* * *

 

 

Менсизликка кўнолмас эди,

Мени қўлдан қўёлмас эди.

Бир талтайиб берсам, ё Раббий,

Ҳазилакам қувонмас эди.

 

 

* * *

 

 

Ҳали ҳануз момом қалбимда,

Куяр фақат менинг дардимда.

Ҳеч йўқ тушда талтаярдим-у,

Афсус катта бўлиб қолдим-да.

 

 

* * *

 

 

Сизга Оллоҳ раҳмати, момо,

Мен сағирнинг савлати, момо.

Наздимда ҳеч ўлмаяжаксиз,

Хаста жоним жаннати, момо.

 

 

* * *

 

 

Келинг, ойни олиб бераман,

Умримни тенг бўлиб бераман.

Ҳилвираган ҳасратлар ҳаққи,

Ўрнингизга ўлиб бераман…

 

 

Менинг шундай момом бўларди,

Мен сағирнинг бошин силарди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...