24 мартдан бошлаб мактабларда фақат директор ёки ўринбосари ва қоровул иш жойида бўлса етарли

0

24 мартдан бошлаб мактабларда фақат раҳбарларидан бири (директор ёки ўринбосари) ва қоровуллар иш жойида бўлса етарли. Аввал хабар берганимиздек, ишда қолаётган бошқа ўринбосарлар, психолог, ёшлар етакчиси ўз ишларини масофадан туриб бажаришга ўтадилар ёки ўз хоҳишларига кўра таътилга чиқадилар.

Уйда қолиш ва чекловларнинг муҳимлиги ҳақида

Президентимиз топшириқларига кўра Республика комиссияси томонидан Коронавируснинг тарқалишини камайтириш бўйича зудлик билан чоралар кўрилиши баъзи инсонларга жуда қатъий чорадек ёки ваҳимадек кўринаётгани ҳалигача кўпчилик бу масалани қандай муҳим эканлигига етарлича эътибор қаратмаётганини билдирмоқда.

Чет эллик олимлар томонидан шу график жуда кўп муҳокама этилмоқда, келинг, уни тушунишга ҳаракат қилайлик.

1-ҳолатда давлат томонидан зудлик билан қатъий чекловлар қўйилмаса, инфекция тез тарқалиб, кундалик касалланганлар сони соғлиқни сақлаш тизими имкониятларидан жуда кўп ортиб кетиши мумкинлиги кўрсатилган.

2-ҳолатда эса давлат томонидан зудлик билан қатъий чекловлар кўрилиши натижасида кундалик касалланганлар сони жуда тез ортмаслиги сабабли, кундалик касалланганлар сони соғлиқни сақлаш тизими имкониятларидан ошиб кетмаслиги кўрсатилган.

Иккала ҳолатда умумий касалланганлар сони бир хил бўлган тақдирда ҳам, биринчи ҳолатдагидан кўра иккинчи ҳолатда кўпроқ инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Баъзи иқтисодий ривожланган давлатлар биринчи ҳолатлар аниқланганда қатъий чораларни кўришга шошилишмади, кейин эса инфекция бирдан кўпайиб кетганда шундай ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга бўлишса-да, унинг имкониятлари етмай қолаётганини ҳам кўриб турибмиз.

Шунинг учун, ҳукуматимиз томонидан биринчи инфекция аниқлангандан бошлаб кўрилган ва тизимли кучайтириб борилаётган барча чекловларга риоя қилиш жуда муҳимдир.

 

Шерзод ШЕРМАТОВ,

Халқ таълими вазири

(facebookдаги саҳифасидан)

 

loading...