АЛАМЗАДА… (34-қисм)

0

 

 

* * *

 

Қўрқув худонинг ҳар қандай бандасини кийик каби ҳуркак қилиб қўяркан. Идорага етгунча Севинчнинг бўлари бўлаёзди. Кўзига ҳар бир иморат, одам, машина шубҳали кўринаверди. Аслида ишончли қўлларда эканини, ҳеч ким раҳна сололмаслигини ҳис этиб турди. Бироқ юраги барибир ғаш тортаверди.

Аксига олгандек, ўша паллада Толибни қўлга олишибди. Кимдир ҳайдовчига рация орқали хабар қилиб қолди. Шу нарса сабаб бўлиб етиб боришгандан кейин Жийронбек ака унга икки дақиқагина вақт ажратди. Шунда ҳам ҳеч нарса демади. Қўлига қайсидир квартиранинг калитини тутқазиб, ҳайдовчига элтиб қўйишини тайинлади-ю, югурганча чиқиб кетди.

Севинчнинг қалбини тушкунлик тумани қоплади. Толибнинг қўлга олиниши кўксини каламуш каби кемираверди.

— Баттол яқинда яна бир одамнинг бошига етибди, — деб қолди ҳайдовчи Севинчнинг ярасига туз сепиб. — Айтишларича, ўзи истироҳат қиладиган хонада бўғизлаганмиш. Қассоб бўп кет-э, ғаламис! Вей, одам ўлдиришам чумчуқ сўйишдай гапакан-да унақаларга!

Бу гап Севинчнинг миясига гўё гурзи каби урилди. Ҳатто, ўтирган ерида қалқиб кетди.

«Вой, ўлдим энди, — кўнглидан кечирди лаб тишлаб. — У сотиб қўйса-чи? Терговчилар сиқувга олса, мени кўрсатса нима қиламан? Ростакамига қамалиб кетаман-ку! Кейин нима бўлади? Афсус, пешонаси ярқирамаган, худо урган қиз эканман. Худо урмаса, бировнинг танасига тиғ санчармидим? Қайси юрак, хаёл билан шу ишни қилгандим ўзи?.. Билмайман, тушунмайман! Ўшанда қаттиқ қўрққаним эсимда…»

— Энди нима бўлади? — қўрқа-писа савол ташлади ҳайдовчига. — О-одам ўлдирган дедингизми?

— Ҳа, — жавоб қилди ҳайдовчи пинагини бузмай. — одам ўлдирган. Бе, у зўравоннинг елкасида унақа қотилликларнинг камида беш-олтитаси турибди, синглим. Ўғри, босқинчилигини-ку, айтмай қўя қолай.

— О-охиргиси ким экан? Айтибдими?

— Қайдам, мен терговида бўлмадим ҳали. Умуман, бизни киритишмайди унақа жойларга. Оддий ҳайдовчимиз-да! Хўжайинларни қаерга олиб бориш керак бўлса, чақиришади. Терговга эса… Э, худо асрасин! Чақирмагани яхши. Бало ўзларидан келиб, ўзларидан кетаверсин!

— Мени-чи? Мени чақиришармикан? Нима деб ўйлайсиз, амаки?

— Сизними?

Ҳайдовчи бир қўли билан бошини қашиб олди.

— Чақиришлари мумкин. Ҳар ҳолда Толибникида яшагансиз. Қолаверса, Жийронбек аканинг айтишига қараганда, уни тутишда ёрдамингиз текканмиш. Шуларни бир сўраб-суриштиришса керак-да!

— Илойим шундай бўлсин!

Севинч билдирмайгина ичига туфлаб олди-да, кўзларини юмди.

Ижара уй эгалардан холи экан. Шунга қарамай, Севинчни безовталиклар тарк этмади. Устига устак уйқуга кетибди-ю, тонгга яқин ёмон туш кўрибди. Тушида қўлларига кишан солиб, аллакимлар яйдоқ чўл томон судраб кетаётганмиш. Сўраса, «Сени қатл этамиз» дейишибди. Ҳатто уйқуда ҳам ўлимни қалбан ҳис этиб, бўлари бўлибди.

Тонг ёриша бошлаганда қора терга ботиб уйғонди. Ҳануз кўрган туши таъсиридан чиқа олмай, ўпкаси тўлиб келди. Қисматида турмага тушишдек даҳшатли кўргилик ҳам борлиги жуда-жуда алам қилди.

Шу тахлит ўтирганда, ташқари эшик тақиллади. Севинч сапчиб ўрнидан турди-да, йўлакка чиқиб ташқарига қулоқ солди. Аллакимларнинг ғўнғир-ғўнғири эшитилди. Бу Севинчнинг юрагидаги ғулғулани минг чандон ошириб юборди. Лекин… На илож? Таъқиб, жазолардан қочиб қутула олмайди. Толиб албатта сотиб қўйишини кечаёқ кўнгли сезган. Мана, адашмаса, мелисалар келибди чоғи. Ҳозир қўлларига кишан солишади-ю, олиб кетишади…

Севинч кўзларини чирт юмган ҳолда титраб-қақшаб эшик зулфинини суғурди.

Ҳақиқатан, ташқарида икки милиционер турарди.

— Севинч сизми? — сўради улардан бири совуққонлик билан.

— Ҳ-ҳа, мен, — дея олди зўрға Севинч жавдираб. — Нимайди?

— Биз билан юришингизга тўғри келади.

— Нега?

— Идорага боргандан кейин биласиз. Тез кийиниб чиқинг, шошиб турибмиз!

Севинч бир муддат довдираб қолди. Милиционерлардан сўрагиси, ҳақиқатни англагиси келаверди. Аммо ҳадеганда тили калимага кела қолмади. Сўрамасликка ҳам қайсар қалби кўнмаяпти. Шу ернинг ўзида олиб кетишларининг сабабини билишга ундаяпти. Хўш, қандай сўрасин? Уришиб ташлашса-чи?

«Уришишса ўлиб қолармидим? — ўзига ўзи хаёлан далда берди Севинч. — Тилимни суғуриб олишмас ҳар ҳолда. Сўрайман. Аниқламасам, тинчлана олмайман…»

— Менга сабабини айтмагунингизча ҳеч қаерга бормайман, — деди ниҳоят дадиллашиб. — Куч ишлатсангиз, Жийрон акани ёрдамга чақираман.

— Ким у Жийрон акангиз? — милиционерлар бараварига савол ташлашди. — Эрингизми?

— Оғзингизга қараб гапиринг! У киши хавфсизликда ишлайди.

— И-ие, шунақами? — иккала милиционер ҳам бу гапни эшитибоқ оғзини кафтлари билан ёпди. Ўнгда турган паканароғи оҳиста шивирлади.

— Синглим, тағин билмадим-у, адашмасам, Толиб деган жиноятчи масаласида чақиришган бўлишса керак сизни. Бошлиғимиз қаттиқ тайинлади. Дарҳол сизни хавфсизлик хизмати идорасига етказишимиз керак экан. Энди борасизми?

Севинч милиционернинг беўхшов кулимсираши ғашини келтирса-да, норозиланганини сир тута олмай, ўзича ғудраниб, кийимини алмаштириш илинжида ичкарига юрди.

— Ҳа, бораман! Бормасам қўярмидиларинг?!.

Хавфсизлик хизмати идорасидаги кабинетлардан бирида ўрта яшар, захил юзли, оқ-сариқдан келган эркак ўтирарди. Севинч кириб кўрсатилган курсига ўтиргач, у ўзини Неъматилла ака деб таништирди.

Севинч курсида ўтирарди-ю, нуқул безовталанар, қур-қур эшик тарафга кўз ташлаб, Жийронбек ака кириб келишини кутарди. Бироқ умидлари ҳадеганда ушалавермади. Жийронбек акадан дарак бўлмади.

— Хўш, синглим, ишлар қалай энди? — ўртадаги жимликни бузиб сўради Неъматилла ака қандайдир қоғозларга алламбалоларни ёзиб бўлгач, Севинчга еб қўйгудек тикилиб. — Тинч яшаб юрибсизми?

— Раҳмат, эл қатори яшаб турибмиз, — ийманибгина жавоб қилди Севинч.

— Эл қатори денг? Йўғ-э, бизга маълумот беришларича, сираям эл қатори яшамаётганмишсиз-ку!

— Тушунмадим. Тушунтириброқ гапиринг, ака!

— Ў, ҳали буйруқ беришгаям устаман денг? Сиз қаерда, кимнинг қабулида ўтирганингизни биласизми ўзи?

— Йўқ, билмайман, — деди Севинч қовоқ уйиб. — Лекин Жийронбек ака шу идорада ишлашини биламан.

Севинч бу гапи билан Неъматилла акани шаштидан тушириб қўйишга умид боғлаганди. Афсуски, тескариси бўлиб чиқди. Неъматилла ака Севинчнинг дангал жавобини эшитиб, ўрнидан туриб кетди.

— Вей, сингил, — деди у кўрсаткич бармоғини олдинга ўқталиб. — Жийронбек аканг бу идорада шунчаки изқувар холос. Мен бўлсам, терговчиман, терговчи. Сени нимага олиб келишганини биласанми ўзи?

— Мен қайдан биламан? — бўш келмай, атайин талмовсиради Севинч. — Уйимда ўтирган еримдан диконглатиб келишди одамларингиз. Жа устасизлар-ку бировнинг тинчини бузишга!

— Ие, ҳали тилим ҳам узун дегин? — Неъматилла ака кабинетни асабий айлана бошлади. Шу орада стол тортмасидан сигарет олиб тутатди. Афтидан, Севинчнинг кескин жавоби жаҳдини қўзғади. Аммо хизмат маданияти ёдига тушдими, сигарет тутатиш баҳонасида бироз ўзини босиб олди.

— Майли, тортишишни бас қилайлик, сингил, — деди ниҳоят сигарет қолдиғини кулдонга босиб ўчираркан, жойига қайтадан чўкиб. — Яхшиси, сен менинг саволимга тўғри, аниқ, қисқа, лўнда жавоб бер. Келишдикми?

Севинч бир сўз демай, елка қисиб қўя қолди.

Неъматилла ака эса пинагини бузмай, столга оппоқ қоғоз қўйди-да, қўлига ручкасини олиб, савол беришни бошлади.

— Толиб деган одамни танийсанми?

— Танийман, — деди Севинч терговчига олазарак боқиб. — Нимайди?

— Вей, сингил, жа ғалати экансан-ку-а? — Неъматилла ака жиғибийрон бўлиб, қўлидаги ручкани столга ташлаб юборди. — Қайси ўрмонда туғилгансан ўзи?

— Вой, нима қилдим? — ўзини баттар соддаликка солди Севинч. — Бирор ножўя гап айтдимми?

— Менга савол берма! — бор овозда қичқирди терговчи. Қичқирганда, чакка томирлари бўртиб, бошига қадар титраб кетди. Севинч бўлса, унинг ҳолатини кўргани ҳамоно энсаси қотган кўйи ер чизарди.

«Психроқми? — дерди хаёлан ўзига ўзи. — Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ бақиради, қичқиради, ручка отганига бало бормикан? Худди уйидаги сигири чала туғиб қўйган-у, аламини мендан оладигандек асабийлашади. Ўзингни босвол, гўрсўхта! Думингни босволмади-ку ҳеч ким!

— Хуллас, гап мундай, — терговчи қайтадан тинчланиб, ручкани қўлига олди-да, Севинчга юзланди. — Бу ер тергов хонаси. Саволни фақат мен бераман. Сен, сингил, жавоб беришингни бил. Локигин ўйлаб жавоб қил. Башарти ёлғон кўрсатма берсанг, жиноий жавобгарликка тортиласан-а!..

«Ўл-а, жинни, — Неъматилла аканинг қизиққонлиги Севинчнинг кулгисини қистатиб, хаёлан масхаралаган бўлди. — Ўзи ёнаркан, ўзи куяркан. Жинниям шунга ўхшагандир-да! Ҳе оғзингдан қонинг келсин!..

— Тушундингми, йўқми? Ҳўв, сингил, менинг кўзимга қара! Нега ўй суриб қолдинг? Мазанг йўқми?

Севинч дарров ҳушёр тортиб бошини кўтарди.

— Мана мундай бўпти, — давом этди терговчи. — Хўш, саволимга жавоб берасанми?

— Н-нимани сўровдингиз? — дея унга масхараомуз термилди Севинч. — Э-эсимдан чиқибди… Хаёл опкетибди-да, ака!

— Толиб деган нусхани танийсанми?

— Йўқ, танимайман, — бамайлахотир жавоб қилди Севинч. — Унақа одамни умримда кўрмаганман.

— Гапни айлантирма, аҳмоқ қиз! — қичқирди терговчи лаби учиб. — Ҳозиргина танийман дединг. Бирга ош-қатиқ бўлгансан-ку! Нега тан олмайсан?

— Оғзингизга қараб гапиринг! — ўзини гўлликка солди Севинч. — Мен бегона эркаклар билан ош-қатиқ бўлмайман. Унақа одамни умуман танимайман.

— Шунақами? — терговчи даст ўрнидан турди-да, ташқарига чиқиб кетди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қайтиб кириб жойига ўтирди. — Ҳозир кўрами-из, — деди бошини сарак-сарак қилиб. — Ҳозир Толибни олиб киришсин, кўрамиз!

Бу Севинч учун даҳшатли хабар эди. Умрида бундай идораларда сўроқ-савол бермаган, ҳозиргидек терговчилар қаршисида ўтириб кўрмаган қиз беихтиёр талвасага тушиб қолди. У Толиб юзма-юз бўлгач, албатта сотиб қўйишига ишонди. Кейин эса… Келгуси тақдирини тахминан тасаввур қилди… Ҳа, Толиб ҳақиқатни айтиши билан қуролланган аскарлар кабинетга югуриб киради-да, Севинчга ташланади. Негаки, бу Жийронбекнинг идораси. Демак, мелисахонадан ёмон ва қўрқинчлироқ.

«Қандай даҳшат, — ўйларди Севинч тиззалари дағ-дағ титраб. — Бу ярамаслар қандай гапиртиришни, ҳақиқатни аниқлашни биларкан. Танийман дея қолсам бўларкан. Шунда Толибга юзлаштирмасди. Афсус, аҳмоқлигим, шошқалоқ, калтафаҳмлигим ўзимга панд берадиган бўлди. Ўзи… Пешонадаги ёзуғдан қочиб қутулиб бўлмаслиги тайин экан-да! Йўқса, келиб-келиб шу нусханинг олдида қайсарлигим тутармиди?..»

Ҳа, соддалиги, кўча кўрмагани Севинчга ростдан ҳам панд берай деб турарди. У худди шу камчиликлари туфайли терговчининг айланма, айёрона усулларини идрок қила билмади. Ҳаётни яна тўғри чизиқдангина иборат деб билди. Бу дунё кўчаларида кескин бурилишлар талайлигини ўйлаб кўрмади. Шу баҳонада бўшашиш, хотиржам тортишга уринмади…

Орадан беш дақиқача вақт ўтиб, кабинет эшиги тақиллади.

— Олиб киринг! — ўтирган ерида овоз берди терговчи қўлидаги сигаретни кулдонга ташлаб.

Зум ўтмай, қўллари кишанланган Толиб конвой етагида кабинетга кирди.

Конвой Неъматилла аканинг ишораси билан Толибнинг қўлларини кишандан халос қилди.

— Сен чиқавер, — деди конвойга Неъматилла ака. — Керак бўлсанг, ўзим чақираман.

— Хўш, зўравон, бу қизни танияпсанми? — сўради терговчи конвой чиқиб кетгач, Толибга нафрат аралаш тикилиб. — Сендан сўраяпман!

— Танимайман, — деди Толиб афтини бужмайтириб. — Шунга чақирган бўлсангиз, жавобни олдингиз. Энди конвойингизни чақиринг, мени олиб кетсин! Ортиқча безовта қилишга ҳақингиз йўқ!

— Ие, ҳали сен бизга ҳақ-ҳуқуқ белгилаб бермоқчимисан? Сен-а? Вей, қилмишларинг учун камида отишга ҳукм қилишларини биласанми ўзи?

— Мени қўрқитманг, — юзини терс бурди Толиб. — У ёшдан ўтиб кетганман. Мен ҳаётда таваккал яшайдиган одамман. Ажал келса…

— Ўчир чакагингни! — бақириб берди терговчи. — Жа ақлли экансан, кўрдик! Ундан кўра, айт, Жийронбек Оқиловичдан нега бу қизни чақиртиришларини сўрадинг?

— Мен чақиртиришларини сўрамадим. Туҳмат қилманг! Бу қизни танимайман дедим-ку!

— Нима? Танимайсан? Ҳўв, гўрсўхта, уйингда яшашиданам тонасанми? Ё уйинг каптархонами? Дуч келган одам ётиб-туриб кетаверадими?

— Менга қаранг, камандир, келинг энди, ҳадеб майдалашавермайлик! Менам анойиларданмасман. Ўзимга яраша таниш-билишим, ошна-оғайним бор.

— Тупурдим ўша ошна-оғайниларингга! — терговчи ўрнидан туриб келиб Толибнинг тепасида тўхтади. — Ҳаммасини қамаб қўйганмиз аллақачон. Хўш, энди нима қиласан? Кимни ёрдамга чақирасан? Ифлос, неча кишининг бошига етганингни тағин эсингга солиб қўяйми? Гапир, эсингга солайми?

— Брат, исботлаш керак олдин! Қани исбот?

— Топамизам исботни! Сен-чи, «брат»лайверма ҳадеб! Тилингни суғурволаман!

— Тополмайсиз исботни! Чунки исботнинг ўзи йўқ.

— Мана исбот, мана! — титраб-қақшаб қичқирди терговчи Севинчни кўрсатиб. — Шу қизнинг ўзи ҳаммасини айтиб беради бизга!

— Нимани айтади? Мени танимаса, мен уни танимасам, нимани айтади-а? Айтадиган гап бўлса айтади-да!

— Йўқо-ол!!! — терговчи бу гал бошдан оёғига қадар қалтираб ташқарига юзланди. — Конво-ой!

— Лаббай, ака! — эшик очилиб конвой ҳозир бўлди.

— Олиб чиқинг манавини! Кўзимга кўринмай турсин!

Толиб чиқиб кетаётиб, терговчига худди масхаралагандек иршайганча тикилиб олди. Остона ҳатлашдан олдин эса Севинч томон бош буриб кулимсираганча кўз қисди. Шу биргина кўз қисиши Севинчнинг елкасини босиб турган оғирдан-оғир юкни итқитиб ташлагандек бўлди. У Толибга қалбан тан берди. Сотқин эмаслигига ишонди. Қалби қайғулардан холи қолиб, беихтиёр ўпкаси тўлди. Аммо ўзини қўлга ола билди. Терговчининг қаршисида паст кетишни хоҳламади. Йиғини ўзидан нари ҳайдаш илинжида лабини маҳкам тишлаб олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...