АЛАМЗАДА… (35-қисм)

0

 

 

* * *

 

Хайриятки, бахтига Жийронбек ака келиб қолди. Кабинетга кирди-ю, Севинчни кўриб, дарҳол ранги ўзгарди. Бош ирғаб саломлашган бўлди-да, терговчига яқин борди.

— Неъматилла, бу нимаси? — сўради у Севинчни кўрсатиб. — Бу қиз нега терговда ўтирибди?

— Сендан рухсат сўрашим керакмиди? — терговчи Толибнинг аламини ҳам Жийронбек акадан олгиси келдими, ўтирган ерида ўшқирди. — Шунақамидими, Жийрон?

— Ўзингизни босволинг, — деди Жийронбек ака овозини сал пасайтириб. — Бу қиз менга қарашли, шунинг учун айтдим. Хабарингиз бориди шекилли?..

— Оғайни, — терговчи шошилмай ўрнидан турди ва Жийронбек акага яқинлашди. — Бизнинг ишда-чи, сеники, меники бўлмайди. Ҳар бир шахс алоҳида текширилиши шарт. Ё ўқитишмаганми сени?

— Тўғри-ку-я, аммо бир оғиз айтиб қўйсангиз бўларди-ку! Севинч бизнинг ишда катта ёрдам бериб балога қолиши керакмас-да! Ҳар ҳолда…

— Жийрон, боргин, ўз ишингни қилгин! Ўзи нервим бузилиб турибди, боргин!

— Майли, бораман, лекин Севинчни олиб кетаман! У сўроқ беришга арзийдиган айб қилмаган.

— Ол, опкет! Қизинг бошингда қолсин!

Жийронбек ака терговчининг феълини яхши билгани сабабли тортишиб ўтиришни ўзига эп билмай, Севинчни эргаштирганча ташқарига чиқиб кетди.

 

* * *

 

Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Севинч ҳамон Жийронбек ака топиб берган квартирада яшар, бир балодан халос этгани учун Яратганга шукр қиларди. Фақат уни Толибнинг келгуси тақдири хавотирга соларди. Ёмон бўлса-да, кейинги кунларда унга ачина бошлаганди. Тезроқ қамоқдан чиқишини, тинч бўлишини худодан сўрарди. Шу туйғулар ҳомилани олдиришга ҳам йўл бермади. Севинч таваккал қилишни лозим топди. Кеч бўлса-да, Толиб никоҳига олгани, энди туғилажак боласи ҳароми деган тамға остида умр кечирмаслиги мумкинлигига қаттиқ ишонди.

Толиб қўлига зарда аралаш тутқазган пулга эса умуман қарагиси келмай қолди. Кўзи тушди дегунча, ўша кундаги машъум лаҳзалар хаёлида жонланиб, дилини хира торттираверди.

Шундай кунларнинг бирида кечга яқин квартира эшиги безовта тақиллади. Шундоқ ҳам тўкилиб ўтирган Севинч ногоҳоний товушни эшитиб, ўқдек учганча йўлакка чиқди. Бироқ эшикни очишга шошилмади. Ўйлади. Ким келганини тахминан аниқламоқчи бўлди. Чунки бу уйга келгандан бери бир марта мелисалар келиб эшик тақиллатишганди, холос. Наҳотки, тағин ўшалар келган бўлса? Ё Толибга бир бало бўлдимикан? Нима бўлиши мумкин? Айбини исботлашдими? Энди ўлимга маҳкум этишадими уни?..

Шу каби шайтоний хаёллар чангалида аста эшикка қулоғини босди. Орқа тарафда кимнингдир ҳарсиллаб нафас олишини эшитди.

— Кимсиз? — қўрқа-писа сўради Севинч вужуди титраб. — Ким у?

— Очинг, сингил, бу мен, Жийронбекман!

Таниш овозни эшитгачгина Севинч сал ўзига келиб бўшашганча зулфинни суғурди.

Жийронбек аканинг кайфияти бузуқ эди. Нуқул қўлларини мушт қилган кўйи асабий лаб тишларди.

— Тинчликми, сингил? — сўради у ичкарига киришни маъқул кўрмай, йўлакнинг ўзидаёқ таққа тўхтаб. — Анави терговчининг одамлари қайтиб келмадими кейин?

— Йў-ўқ, келишмади, — деди ер чизиб Севинч. — Тинчликми ўзи? Нима бўлди, амаки?

— Э, ишлар чатоқ, — Жийронбек ака оғир хўрсиниқ аралаш қўл силтаб жавоб қилди. — Толибнинг айбини исботлай олишмаяпти терговчилар. Ярамаснинг жа иши пишиққа ўхшайди.

— У… Озод бўладими энди? — Жийронбек акага умидвор боққанча ҳовлиқиб сўради Севинч. — Уни қўйиб юборишадими?

— Нима? Нега қўйиб юборишимиз керак? Ўзи зўрға тутдик-ку!.. Умуман, сизга нима иссиқ-совуғи бор бу нарсанинг? Ахир, сиз биз билан ишлаяпсиз-ку!

— Барибир… Бегуноҳ одамни қамоқда ушлаб туриш…

— Қўйсангиз-чи унақа гапларни! Сиз-чи, синглим, фақат бизга ёрдам бериш ҳақида ўйланг! Ё ачиняпсизми унга?

Севинч тағин қовун тушираёзганини илкис пайқаб тилини тишлади. Қаршисида жуда нуфузли ва хавфли идора ходими турганини қайта ҳис этиб, ранги оқарди. Лекин иложи борича ҳолатини Жийронбек акага сездириб қўймасликка ҳаракат қилиб, бош эгган ҳолда маъюс жилмайди.

— Кечиринг, амаки, — деди зўрға. — Бунисини… Ўйламабман.

— Мана бу бошқа гап, — деди Жийронбек ака Севинчга ер остидан синчиклаб разм соларкан. — Энди менинг гапимни эшитинг. Яна ёрдамингиз зарур бўп қолди.

— М-майли, — тутилиб сўз қотди Севинч. — Айтаверинг!

— Ҳозир айтганимдек, Толиб содир этган қотилликларнинг биронтасиниям исботлаш имкони бўлмаяпти. Топилган далиллар чала, бўш, улар айбини бўйнига қўйишга камлик қилади.

— Мен қандай ёрдам берай?

— Сизми?..

Жийронбек ака қўлтиғидаги жилдни очди-да, қандайдир қоғозларни титкилади. Нималарнидир ўқиди, ора-сирада бош қашиб ўзича мулоҳаза қилди.

— Ҳа-а, бўлди, — ниҳоят жилдни ёпиб қўлтиғига қистирди у. — Хуллас, биздаги маълумотларга қараганда, раҳматли отангиз Мелибой акаям Толибнинг қўлида ўлган экан. Шу ростми?

Севинч таниш исмни эшитгани ҳамоно бирдан хомуш тортди. Қалб тубига чўкаёзган алам ва андуҳлар қайта юқорилаб, кўзларида ёш ғилтиллади.

— Афсуски, шундай, — деди энтикиб. — Отажонимнинг ногирон бўлиб қолгани кам экан бизга.

— Нимаям қилардик? — Жийронбек ака Севинчнинг ҳолатини кўриб, ҳамдардлик билдиришга, кўнглини кўтаришга уринди. — Аслида-чи, сингил, ўлим ҳамманинг бошида бор. Локигин анави Толибга ўхшаган маразларни деб бегуноҳ одамлар бевақт ер тишлаб кетса, алам қилади. Қўйинг, хафа бўлманг, у дунёсини берсин!

— Айтганингиз келсин!

— Энди гап мундай, — мақсадга ўтди Жийронбек ака. — Сизам ёш боламассиз. Ўзингизни қўлга олинг! Бардам бўлинг!

— Топшириғингизни айтаверинг! — деди Севинч кўз ёшларини қўлидаги дастрўмолчага артиб. — Мен… Кўникиб қолдим. Чидайман. Бардошим етади.

— Баракалла, худди шундай кучли бўлиб юринг! Шундай яшангки, душманларингиз куйиб кетсин! Хў-ўш, хуллас, Севинч синглим, агар бир ишда кўмакчи бўлганингизда, Толибнинг айблари деярли исботланарди. Йўл қўйган жиноятларининг занжири топиларди. Мабодо шу ишимиз ўхшаб қолса, қолганлари ўзидан ўзи чиқиб келарди.

— Нима қилишим керак ўзи?

— Биласизми, биз отангизнинг қабрини очиб, баъзи нарсаларга ойдинлик киритмоқчимиз. Тушунинг, Толибнинг жиноятини бусиз бўйнига қўя олмаймиз. Иложи бўлмаяпти. Терговчиларимиз, мутахассисларимиз гўё боши берк кўчага кириб қолишди. Бу кўчадан фақат сиз олиб чиқасиз бизни.

— Отамнинг гўрини очасиз? — беихтиёр гезарди Севинч. — Ҳечам-да! Бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Ахир… Арвоҳлар чирқиллайди!..

— Сизни тушуниб турибман, — деди янада босиқлик билан Жийронбек ака. — Ҳеч қайси фарзанд бу ишга йўл бермайди. Аммо вазият жиддий. Ўзингиз кўриб турибсиз. Мана, масалан, ўша сиз етказган маълумот бўйичаям йигитларимиз иш олиб борган. Жиноятчиларни тутишган ҳам. Аммо Толиб бўйнига олмади. У жуда айёр. Қандай иш тутишни билади. Бўйнига олмаганига яраша, биронта ўша ярамасга тааллуқли из ҳам тополмадик. Қўлга тушганлар Толибни танимаймиз деб туриб олишган. Хўш, биз нима қилайлик? Кимга, нимага суянайлик? Тушунтира олдим деб ўйлайман, синглим.

— Барибир отамнинг қабрини очишларингга қаршиман, — деди қайсарлик билан Севинч. — Мен буни кўтара олмайман.

— Уф-ф! Қанақа тушунмаган одамсиз ўзи? Майли, батафсилроқ айтай, балки шунда тушунарсиз. Гапнинг индаллоси, айтишларича, Толиб мурдани эгнидаги кийим билан кўмган экан. Агар қабрни очсак, сизнинг ишингиз ўша отангиз ё отангизмаслигини аниқлаб беришдангина иборат бўлади. Қолган ишни экспертларнинг ўзи қилаверарди. Биз кийими қанақалигини билмаймиз-ку, ахир!..

— Мен… Қўрқаман, — деди нима баҳона топишни билмай Севинч. — Мурдани кўришга…

— Сиз анча нарида турасиз. Қабрга яқин бормайсиз, мурдани кўрмайсизам. Умуман, орадан анча вақт ўтиб қолган, мурда қолармиди, синглим?!. Кийимидан бир парча қолган бўлсаям, шундай қараб аниқлаб берсангиз бўлдийди. Олам гулистон. Хўш, нима қиласиз? Ёрдам берасизми? Сингил, бор умидимиз сиздан!

Севинчнинг хаёлари буткул чалкашиб кетганди. Шу тобда Жийронбек акага нима деб жавоб беришни билмасди. Рози бўлай деса, отасининг арвоҳини ўйларди. Болалигида бувиси раҳматлининг «Арвоҳ чирқираса, мурда гўрида тик туради», деган гаплари хаёлига келиб, юрагини ваҳм босарди. Рози бўлмасликка эса, барибир, Жийронбек йўл қўймаслиги тайинлигини ҳам биларди.

«Хўш, рози бўлмаганим билан нима ўзгарарди? — ўйларди ўзича. — Булар менга қулоқ солиб ўтирармиди? Кимсан Толибни олий жазога тортиш илинжида югуриб юришибди ҳаммаси. Қаршилик кўрсатсам, ўзимга ёмон бўлгани қолади. Кейин менгаям тинчлик беришмайди. Ковлаштиришади, йўқ ердан айб қидиришади. Бирор жиноятни бўйнимга қўйиб қамаворишданам тойишмайди. Умуман, рози бўлсам-чи? Балки дадажоним раҳматлининг кийимидан бир парчасинигина бўлсаям кўрсам, кийими ҳидини димоғимда туйсам, чигалларим ёзилармиди. Дадамни кўргандай енгил тортармидим…»

Шу хаёллар Севинчга далда бўлди.

— Мен розиман, — деди у хўрсиниқ аралаш. — Фақат бир илтимосим бор.

— Айтаверинг, — жонланиб кафтларини бир-бирига ишқалади Жийронбек ака. — Нима қилиб берайлик?

— Мен… Қабрга яқин бормайман. Қўрқаман.

— Шундоғам сизни ҳеч ким яқинлаштирмайди. Хотирингиз жам бўлсин! Ишингиз оддий. Махсус одамлар олдингизга қабрдан чиқариб олинган кийимларни олиб келишади. Отангизникими-йўқми, шуни аниқлаб берасиз, вассалом! Менам ёнингизда бўламан. Келишдикми?

— Келишдик.

— Жуда соз, унда эртага барвақт сизни олиб кетамиз. Тайёр бўлиб туринг!

— Хўп.

— Ҳозир… Бирор камчилик борми? Айтаверинг тортинмай.

— Йўқ, — гапни калта қилиб нари кетди Севинч. — Ҳамма нарсам етарли.

Жийронбек ака унга бир муддат жавдираб тикилган бўлди-да, ими-жимида квартирани тарк этди.

Эртаси куни тонг маҳали Севинчни шахсан Жийронбек аканинг ўзи машинасида қабристонга олиб борди. Умрида бундай вазиятга, манзарага дуч келиб кўрмаган экан. Қабристонни айланасига мелисалар ўраб олибди. Қабр тепасига тумонот одам йиғилибди. Уларнинг кўпчилиги башанг кийинган, бўйнига бўйинбоғлар тақиб олибди.

Гўрковлар бўлса керак, уч-тўрт чоғли барваста йигитлар қўлларида кетмон, белкураклар билан гўрни очишга киришибди.

Бу ҳолатга кўзи тушиб, Севинчнинг юраги орқага тортди. Ҳализамон отасининг жасадини ўз кўзлари билан кўришини тасаввур этиб, эти жунжикди. Тўғри, мироб қадрдони, падари, Севинч учун бу дунёда отасидан-да қимматлироқ инсон йўқ эди. Фақат болаликдан миясига муҳрланиб қоллган ёввойи қўрқув, мурда деб аталмиш совуқ сўз юрагини музлашга, титрашга мажбур этарди.

Орадан тахминан қирқ-қирқ беш дақиқача вақт ўтди. Гўрковлар ишини тугатиб, қабрдан жасадни тортиб олишди чоғи, бўйинбоғли эркаклар энгашиб олганча нималарнидир муҳокама қила бошлашди. Фотоускуна кўтарган уч чоғли йигит эса уларни айланиб тинмай суратга олаверди. Севинч барчасини машинадан аниқ-тиниқ кўриб турди.

Бир маҳал эркаклар ўринларидан туриб, тўрт тарафга тарқалишди. Жийронбек ака эса улар орасидан ажралиб чиқди-да, бошини қуйи солганча Севинч ўтирган машина томонга юрди.

Севинчнинг юраги така-пука эди. Аммо Жийронбек аканинг қўлида ҳеч вақо йўқлигини кўриб ҳайрон бўлди. Наҳотки, кийимлариям чириб кетган бўлса? Отаси раҳматлини кўролмайдими энди? Армонда қолиб кетаверадими?

— Синглим, сизга ёқимсиз хабарим бор, — деди Жийронбек ака ҳаяжонини ичга сиғдира олмай, машинадан пастга тушиб олган Севинчнинг ваҳимасини баттар ошириб. — Фақат тўполон кўтарманг, йиғи-сиғи қилманг, ўзингизни босволиб, жим эшитинг гапимни!

— Н-нима бўлди? — сўради Севинч титраб. — Тинчликми?

— Бу қабрдан аёл кишининг жасадини топдик. Негадир… Отангиз кўринмади.

— Нима? Қ-қанақасига? О-отам қаерда экан?

— Бизам шунга ҳайронмиз-да! На кийим, на жасад, на бир белги бор. Лаҳаддаги аёл тахминан ўн беш кунча бурун оламдан ўтган экан. Мен… Тушунмадим, сингил! Мелибой аканинг жасади қаерда бўлиши мумкин?..

Севинчнинг юраги ҳаприқди. Пешонасини муз тер босиб, ўзи билмаган ҳолда Жийронбек акага яқинлашди. Афтидан нимадир демоқчи бўлди. Индамади. Оғир-оғир нафас олиб, нафратга йўғрилган нигоҳларини тикканча пича туриб қолди. Сўнгра жонҳолатда қабр томон чопди.

— Отам тирик! Отам ўлмага-ан! Отамни топиб берингла-ар!!!

Севинчнинг вужудида нафрат, надомат, умид баравар жунбишга келганди. Юраги қувонч, ҳаяжон, аламдан ёрилай дерди. Толибга бўлган нафрати эса бўғзига қадар тиқилиб, бемалол нафас олишга қўймасди. Ўпкаси тўлиб келиб аччиқ кўз ёш тўкишга мажбур этарди. Қисқаси, шу тобда Севинчнинг телбадан фарқи қолмаганди. Кўзлари фақат қайта ковлаб очилган қабрни кўрарди. Тафаккури уни отаси ҳаётлигига тобора қаттиқроқ ишонтирар, нигоҳлари ўйноқлаб, қабристондан миробни қидирарди. Назарида отаси шу атрофга беркиниб олган-у, қулай фурсат келишини кутаётгандек эди.

— Отамни топиб берларинг! — ҳеч нарсани идрок этмай, ён-теваракдагиларнинг ҳай-ҳайлашига-да қулоқ тутмай, қичқириб олдинга талпинарди Севинч. — Нега ўлмаган одамга гўр ковлашади? Нега отажонимни мендан беркитишади? Қани падарим, қани?..

— Ҳай-ҳай-ҳай, ўзингизни босинг, тинчланинг! — Жийронбек ака Севинчни маҳкам қучиб ортга судради. — Уёққа бориш мумкинмас! Қўрқиб кетасиз, сингил! Тинчлансангиз-чи!

— Қўйворинг мени! — силтаниб, қайсарларча олдинга талпинди Севинч. — Нима ҳақингиз бор мени қайтаришга? Ҳаммасини билиб туриб, нега алдайсиз? Нега устимдан куласиз?

— Менам ҳеч нарсани билмасдим, ишонинг! — деди Жийронбек ака хириллаб. — Ўлай агар, оғзим ланг очилиб қолди. Бунақа манзарага ҳеч қачон дуч келмагандим.

— Вей, нима бўлди? Нега бу қиз бақир-чақир қиляпти? — бир маҳал қабр тарафдан бўйинбоғли, каттароқ косадек қорин қўйган захил юзли эркак югуриб келиб Жийронбек акага таҳдид қилди. — Опкет буни, опкет! Катта холасининг уйими бу ер?

— Нега опкетаркан? Ҳақларинг йўқ! — эркакка жавобан ҳайқирди Севинч. — Дадамни топиб берларинг!

— Ўчир чакагингни! — овозини пасайтириброқ дўқлади уни эркак. — Қилар ишни қилиб қўйиб энди ўзингни жинниликка соляпсанми? Аслида шу қабрни сен бош бўлиб ковлаттиргансан. Дадангни сен йўқ қилгансан! Қаерга гум қилганингни мана шу заҳар тилчаларинг билан айтиб берасан! Жийрон, обор буни менинг кабинетимга! Ўшатта гаплашамиз!

— Қўйвор мени, қўйвор! — эркакнинг буйруғини эшитиб, Севинч жонҳолатда силтанган кўйи Жийронбек аканинг қўлидан халос бўлишга тутинди. — Опкетишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

— Тс-с, сингил, жим! — Жийронбек ака ниҳоятда босиқлик билан Севинчнинг қулоғига шипшитган бўлди. — Аҳмоқлик қилма! Бу бош терговчимиз-а! Бебошлик қилганларни кечирмайди! Юр, юрақол, идорага борайлик!..

Cевинч учун бошқа йўл қолмаганди. Гарчи жазава исканжасида бўлса-да, бош терговчининг дўқларидан сўнг бироз ҳушёр тортган каби бўшашди. Талпинишлар, қичқиришлардан тийилиб, итоаткорона Жийронбек акага эргашди.

 

* * *

 

Бош терговчи илгаригиси каби асабий эмасди. Ўзини тетик ва хотиржам тутар, фақат кўз қарашлари ўта совуқ эди.

У қаршисида қовоқ уйганча тек ўтирган Севинчга ер остидан еб қўйгудек тикилди. Аммо савол беришга шошилмади. Қўлидаги сигарет кулини кулдонга тез-тез қоқиш асносида бир неча марта оғир хўрсиниб олди.

Севинч эса умуман қўрқмасди. Қўрқиш хаёлига ҳам келмасди. У фақат Мелибой мироб ҳақида қайғурарди. Ўйларди, мулоҳаза қиларди. Бироқ сира ўйлари охирига ета қолмасди. Ҳар жиҳатини қаричлаб кўрарди. Ўзича отаси қаердалиги, ўлик-тириклигини тахмин қиларди. Тахминлар ҳар гал уни боши берк кўчага олиб кириб қўяверарди.

Қисматининг бу қадар қоралиги юрак-бағрини ўртаб, ора-сирада жондан тўйган каби тушкунлик чангалига ўзини ташларди. Сал ўтмай қандайдир номаълум куч руҳини юқорига тортқилаб, ҳушига келтираверарди.

— Хўш, нимага шаллақилик қилиб дунёни бошингга кўтаряпсан? — кутилмаганда бошини кўтариб дўқ аралаш сўради бош терговчи. — Шунақа йўл тутсам, айбим ёпилади, қутулиб кетаман деб ўйловдингми?

— Б-бу нима деганингиз? — Севинч тутилиброқ сўз қотди. — Менга туҳмат қилманг!

— Туҳматмиш. «Радной» отангни ўлдиртириб, ўлигини худо билади, қаерларга гум қилдиргандирсан. Шу нарса туҳматми? Гапир!

— Менинг отам ўлмаган, — деди лаб тишлаб Севинч. — У киши тирик… Тирик.

— Тирик бўлса, қани? Йўқ-ку! Гўри жойида турибди. Ёдгорлик тошиям ўрнаттирибсан. Хўш, ўзи қаерга ғойиб бўлди? Вей, мен-чи, мана шу ташкилотда йигирма йилдан бери ишлайман. Сенга ўхшаган қўштирноқ ичидаги фаришталарнинг кўпини кўрганман. Ҳозир айбингни бўйнингга олсанг, ол, акс ҳолда қамаласан. Балки… Олий жазогаям тортиларсан. Буни суд ҳал қилади.

— Мен… Айбдор эмасман, — деди Севинч ер чизиб. — Ҳеч кимни… Ўлдирганим йўқ.

Шу гапни айтишга айтди-ю, ичидан зил кетди. Кўргилик, тақдирига хаёлан лаънатлар ўқиди. Бу зулмат чангалидан ҳеч қачон халос бўла олмаслигига кўзи етди. Совуқ ва файзсиз камера азоби қайтадан қалбини забт этгандек бўлиб, вужудига ваҳм ўрлади. Негадир хона шифтига, ойналари, деворларига умидвор боқди. Гўёки улар худонинг Севинч учун ажратилган иноятини бағрига беркитган-у, дардли боқиш қилса, тортиқ этадигандек туюлди. Афсуски, буларнинг барчаси сарогбдан бўлак нарса эмасди. Бош терговчи ҳали ғазабдан тушмаган, жавоб кутишда давом этарди.

Хайрият, худога айтгани бор экан, Жийронбек ака кириб қолди. Севинч унинг кўз қарашларида мамнунлик балқ этаётганини кўриб, бирдан енгил тортди. Ҳозир қандайдир ёқимли хабар айтишига, мана шу зиндон каби қўрқинчли кабинетдан олиб чиқиб кетишига ишонди.

«Эсон-омон шу ердан чиқсам, ҳаммасидан юз ўгираман, воз кечаман, дадажонимни қидириб топишга киришаман, ё ўлигини, ё тиригини топсам бас, ана ундан кейин тинчгина, ёмонлардан, кўнгилсизликлар, бахтсизлик, фалокатлардан холи яшайман.» дея ўйлашга-да улгурди.

Жийронбек ака бош терговчи билан қайта салом-алик қилгач, Севинч тарафга маъноли қараб қўйиб мақсадга ўтди.

— Жамолиддин ака, сизга зўр янгилигим бор, — деди у жилмайиб. — Хурсанд бўлишингиз аниқ бу гапни эшитиб.

— Қани, айт, — дея совуқ тиржайди бош терговчи. — Нима гап экан ўзи?

Жийронбек ака унга яқин бориб қулоғига алланималардир дея шивирлади. Гап охирига етгунча бош терговчининг юз тузилиши ўзгара борди. Чеҳраси ёришди. Жийронбек ака қаддини кўтариб, ортга тислангач, даст ўрнидан турди-да, Севинчга юзланди.

— Раҳмат, сингил, — деди беўхшов кулимсираб. — Сизни анча безовта қилиб қўйдик. Аслида бизга катта ёрдам берибсиз. Бунинг учун шахсан ўзим ташаккур изҳор қиламан. Жийронбек, тезда бу қизимизни уйига элтиб қўй, кўчада яхши бор, ёмон бор, сарсон бўлиб юрмасин!

— Хўп бўлади, — деди Жийронбек ака бош қашиб. — Қани, сингил, кетдик унда!

Севинч ҳеч нарсага тушунмади. Очиғи, тушунишни истамади. Бир хавфдан қутулганига шукр қилиб, Жийронбек акага эргашди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...