АЛАМЗАДА… (36-қисм)

0

 

 

* * *

 

Шу бугунги тун сокин кечди. Севинч анчадан бери бу қадар тинч ухламаганди. Фақат тонгга яқин туши булғанибди. Тушига отаси кирганмиш. Қишлоқдаги эски зовур бўйида икковлари ёнма-ён ўтиришганмиш. Бир пайт зовурдан йўғонлиги саттанг-а билакдек чипор илон судралиб чиқа бошлабди. Чиқармиш-у, нуқул вишиллаб, бошини сарак-сарак қилармиш. Отаси илонни кўрибди-ю, сапчиб ўрнидан турибди-да, ура қочибди.

— Югур, дуч келган тарафга беркин, — ҳайқирибди отаси йўл-йўлакай. — Еб қўяди бу илон! У одамхўр, одамхўр! Қоч! Қоч!

Севинч эса ҳатто ўрнидан қўзғалишга улгурмабди. Чипор илон судрала-судрала келибди-ю, бўйнига ўрала бошлабди. Севинч илоннинг совуқ ва бадбўй нафасини димоғида туйибди…

Шу тобда ҳид кўнглини айнитдими, сесканиб уйғонди. Не кўз билан кўрсинки, тепасида Толиб ўтирар, тинимсиз ҳарсилларди. Шундагина тушидаги бадбўй ҳид Толибдан келаётган тер иси эканини тушунди. Севинч ранги оқариб, қўрқа-писа қаддини кўтармоқчи бўлди. Лекин Толиб икки елкасидан ушлаб қолди.

— Турма, — пичирлади ҳануз ҳарсиллашдан тўхтамай. — Унингни чиқарма! Биров ҳитланмасин!

— Т-инчликми? — аранг савол бера олди Севинч тутилиб. — Сиз, ахир… Қамоқдайдингиз-ку! Бу ерга… Қандай кеп қолдингиз?

— Ишинг бўлмасин! Ҳаммасини тўғриладим. Ҳал қилдим. Ўзинг қалайсан? Тинчмисан?..

Бу орада Севинчнинг уйқуси очилиб, нималар бўлаётганини яхшироқ фаҳмлади. Қалбан Толибнинг тафтини, эркалаш илинжида куйиб-ёна бошлаганини чуқурроқ ҳис этиб, ундан совий борди. Отаси билан боғлиқ машъум воқеалар, қабр, қабрдаги бегона аёл ёдига тушди. Хотиралар Севинчни Толибдан жирканишга мажбур этди. Бироқ зўравоннинг нималарга қодирлигини ҳам унутмади. Эҳтиёткорлик билан сирғалиб ўзини ортга олди.

— Олдин қандай қамоқдан чиққанингизни айтинг, — деди ўзини худди даҳанаки аразлагандек кўрсатишга уриниб. — Шундай ёмон жойдан осонгина чиқариб юборишмагандир?

— Э, ҳадеб эжикилайвермасанг-чи, — норозиланиб афтини бужмайтирди Толиб. — Ўзим ўлай деб турибман. Ундан кўра, ўрнингдан туриб менга нонушта тайёрласанг бўлмайдими? Ўтиришингни қара тумшайиб!

Севинч ортиқча қаршилик қилиб ўтирмади. Пайт пойлашни маъқул кўриб, истар-истамас ўрнидан турди-да, ошхонага чиқиб, тухум қовурди, чой дамлади. Ҳаммасини столга қўйиб, аллақачон курсилардан бирига ястаниб ўтириб олган Толибнинг қаршисига омонатгина чўкди. Шу тахлит ўзи ёрилишини, бўлиб ўтган ишлардан воқиф этишини кута бошлади. Ниҳоят, Толиб қорни тўйди чоғи, бошини кўтариб, обдон керишди. Сўнгра Севинчга сирли боқди.

— Ҳа-а, жонидан, — дея ўша ўзига одат бўлиб қолган тўнг оҳангда сўради у. — Жонлари соғми ишқилиб? Окахонлари жончаларини суғуриб олишмадими?

— Шуни сўрагани келдингизми? — зарда аралаш юзини терс бурди Севинч. — Мен сиздан яхшиликчасига сўрадим. Ҳали асосийлари ҳақида гапирмадим-ку!

— Ў, тилчалари чиқиб қоптими? Тинчликми? Ким тилингни узайтириб қўйди? Анави окахонларингмасми?

— Оғзингизга қараб гапиринг! Менинг окахонларим йўқ. Ундан кўра, гапиринг, отам қаерда? Отажонимни қайга гум қилдингиз?

Бу гапни эшитиб ҳам Толибнинг бир туки сесканмади. Лаб бурган кўйи юзини терс буриб олди-да, хотиржам қўл силтаб қўйди.

— Индамайси-из, — киноя аралаш сўз қотди Севинч ўрнидан қўзғаларкан. — Чунки отам тириклигини биласиз. Аллақаерга беркитиб қўйгансиз уни. Лекин мақсадингиз нимайди? Нима ниятда бундай қилгандингиз?

— Бекорларни айтибсан, — Толиб ҳам даст ўрнидан турди. — Отанг ўлган. Ўзинг кўргансан!

— Ёлғон гапирманг! — йиғлаб юборди Севинч. — Шунча азоблаб келдингиз. Индамадим. Дардимни ичга ютдим. Сизга бор меҳримни бердим. Ҳаммасига кўз юмдим. Аммо энди бардошим тугади. Паноҳимдан айириб, яна кўзимга тик қарашларингизга тоқат қила олмайман.

— Менга қара, — Толиб елкасига костюмини илиб, гапни калта қилишга тутинди. — Бу ерга сен билан тортишиш учун келганим йўқ. Бир гапни айтиш учун бирровга кировдим. Хуллас, мени қамоқдан озод қилишди. Яхшиям ўша окахонлар боракан, нима қилса қилишдики, мени чиқаришди. Фақат… Бир шарт билан. Биласанми қандай шарт?

Севинч индамади. Пиқиллаб йиғлаганча дераза томонга тикилиб тураверди.

— Окахоннинг менда ўчи бориди. Ўчини олмай ўлиб кетишимни хоҳламабди. Ишонасанми, ҳукумат аскарининг ўқидан ўлгунча ўша душман шартига кўнишни маъқул билдим. У мени Сибир ўрмонларига сургун қилмоқчи. Ўша ерда очликдан ўлиб кетармишман, ҳи-ҳи-ҳи!.. Бироқ мен ўлмайман. Тегирмонга ташласаям тирик чиқаман. Шунинг учун шартига индамай кўндим-қўйдим. Қамоқдан чиқиб олсам бўлди-да! Мавқе, бойликни насиб бўлса, ўша ўрмонларда яшаб ҳам қайтара оламан… Қисқаси, ташқарида ўшанинг одамлари кутиб туришибди. Сен билан хайрлашишга кириб чиқай девдим. Яхши қол, Севинч! Боламни эҳтиёт қил! У туғилиши керак! Биз сен билан ҳали учрашамиз. Энг яхши кунларни бирга кечирамиз. Душманни чалғитай, қайтаман!..

— Отам қаердалигини айтмадингиз! — худди унинг сўзларини эшитмагандек, такрорлади Севинч. — Ҳақиқатни айтишга қўрқасизми?

Толиб миқ этмади. У Севинч бўйнига осилиб хайрлашиши, «кетманг» дея йиғлаб ялинишига умид боғлаганди. Ўрнидан жилмаганини кўрди-ю, истеҳзоли тиржайиш қилиб, ташқарига юрди ва остонага етганда, бош буриб шивирлади:

— Отанг ўлган! Уни кутма! Фалокат экан! Отангни машина уриб кетган!

— Ёлғон! Дадамнинг қабрида аёл жасади ётибдийкан! Нега тан олгангиз келмайди? Виждонингиз борми ўзи?

Толиб жавоб бермади. Бошини сарак-сарак қилган кўйи ташқарига чиқиб кетди.

 

* * *

 

Орадан бир соат ўтгачгина Севинч Толиб айтган сўнгги гапларни фаҳмлаб етди. Уни бир умр кўрмаслиги мумкинлигини ҳис этиб, ўзи сезмаган ҳолда балконга чопиб чиқди. Худди Толиб ҳамон уни кутиб турган-у, йўлдан қайтариб қолмоқчидек, кўча тарафга аланглади. Ташқарида эса ҳеч ким кўринмасди. Теваракда ўткинчи машиналарнинг шовқини ҳукмрон эди.

У яна икки қарама-қарши туйғу домида қолди. Бир кўнгли отаси ҳақида қайғурди, бир кўнгли Толибни йўқотганига куйди.

Ўзига қолса, ҳеч нарсани ўйлагиси келмади. Каравотга ўзини ташлаб, юзтубан ётаверишни хоҳлади. Аммо қайсар қалби, тафаккури бунга йўл бермасди. Мияси алам чангалида қисиларди. Жуссаси хаёлнинг боши берк кўчасидаги зулмат қаърида қолиб, бетиним азобланарди.

Овозининг борича ҳайқиргиси бор эди. Чоғланди дегунча томоғи қуруқшар, тили танглайига ёпишиб, кўксидан отилиб чиқишга шайланган садонинг йўлини тўсарди.

Ана шу тахлит Севинч уч кунни ўтказди. Уч кун давомида бўлари бўлди. Ўйлаган ўйлари, қалбини чирмаб олган нафрат вужудини куйдириб кул қилаёзди.

Учинчи кун тушга яқин квартирадаги телефон безовта жиринглай бошлади. Жийронбек ака келгусида ёрдами тегишига қаттиқ ишонганми, телефон ўрнаттириб берганди.

Севинч шошиб бориб гўшакни кўтарди. Ўйлаганидек, Жийронбек ака экан.

— Тузумисиз, сингил? — сўради у ҳорғин оҳангда. — Ҳеч ким безовта қилмаяптими?

— Йў-ўқ, яхши, — деди Севинч кимдир ҳол сўраганидан ҳийла кўнгли кўтарилиб. — Ўтирибман… Билмадим… Буёғи нима бўлишини…

— Толиб тулкининг отасийкан, сингил! Умидларимни пучга чиқарди. Жа таги бақувват акалари боракан. Нимаям қила олардим? Менам оддий хизматчиман-да! Бошлиқларнинг айтгани бўлди. Уни қўйиб юборишди… Майли, бўлар иш бўлди. Мен барибир сўзимда турибман. Сизни кўчага ҳайдаб чиқармоқчимасман. Аксинча битта яхши таклифим бор. Йўқ демасангиз, йўлингизни топиб кетардингиз. Ҳарқалай, бошингиздан иссиқ-совуқ кунлар ўтди дегандай. Бу туришда одам абгор бўлиб қолиши ҳеч гапмас.

— Энди менга барибир, — деди Севинч. — Отажонимни қидираман. Умрим қандай ўтишининг умуман қизиғи қолмади.

— Йўқ, янглишяпсиз, отангизни қидиришни бизга қўйиб беринг! Мен йигитларга ҳамма маълумотларни берганман. Улар ишни бошлашган. Ишонинг, отангиз албатта топилади. Агар ҳақиқатан ўлдириб юборилган бўлса, адолат барибир қарор топади. Қотил тутилади. Башарти қотил Толибнинг ўзи бўлиб чиқса, уни қайтариб турмага тиқишим тайин. Менинг бирдан бир ниятим ҳам шу! Хуллас, квартирадан чиқмай туринг, мен ҳозир етиб бораман. Ҳаммасини батафсил гаплашиб оламиз. Бўптими?

— Майли, — жавоб қилди Севинч бўшашиб. — Келаверинг!

Жийронбек аканинг бир оғиз гапи Севинчга далда бўлди. Кўнгли кўтарилди. Армонлар нари чекинди. Қалбида умид учқунлади. Вужудини беихтиёр келажак ҳақидаги ширин орзулар чулғади. Отаси тирик эканига янада қаттиқроқ ишона бошлади. Мелибой миробнинг маҳзун чеҳрасини кўз олдига келтириб, энтикди.

«Биз энди аввалгидек оғир ҳаёт кечирмаймиз, дада, — деди хаёлан отасига мурожаат этиб. — Яхши одамлар ҳам боракан дунёда. Жийронбек ака айтди-ку, сизни топишаркан. Қаерда бўлманг, барибир биз юз кўришамиз. Фақат… Ўтмишдаги аламлар аримаяпти-да, дада! Ётсам ҳам, турсам ҳам, кўз ўнгимда даҳшатли манзаралар айланаверади. Уйимизнинг гуриллаб ёнаётгани, сизнинг касалхонада ётиб йиғлаганларингизни хотирамдан ўчириб ташлай олмаяпман. Ўтиб кетар-а, дада? Ахир, энажонимнинг ўлганигаям кўниккандай бўлдик-ку! Бунисигаям кўникиб кетармиз, ахир?!»

Гоҳ йиғлаб, гоҳ юпаниб, ўз ёғида ўзи қоврилиб ўтирганда, Жийронбек ака кириб келди.

— Сингил, гапни чўзиб ўтирмаймиз, — деди у кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Ҳадеб сиқилавериш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Тўғри, сизни тушунаман, ёш бўла туриб, кў-ўп ишларни кўриб қўйдингиз. Ҳаёт экан-да! Хайриятки, бизга йўлиқдингиз. Қолаверса, соддадиллигингиз бизга жуда маъқул бўлди. Шундай экан, илгари ваъда берганимдай, ташлаб қўймайман. Хуллас, сизга бир таклифни айтиш учун келгандим аслида. Айтаверайми?

— Ҳ-ҳа, — деди Севинч хижолатдан дув қизариб. — Айтаверинг.

— Биламан, қўлингизда анча-мунча пул бор. Яхшиям сиз менга учрадингиз, агар бошқаси бўлса, пулларниям тортиб оларди. Ана энди ўша пулларни кўпайтириш пайти етди.

— Кўпайтириш? — ҳайрат аралаш Жийронбек акага боқди Севинч. — Қандай қилиб?

— Қандай бўларди? Айлантириш керак. Бунинг учун бирор кооператив очишингиз зарур бўлади. Европада худди шундай қилишади. Пул ҳеч қачон сандиқда моғор босиб ётмайди. Ҳаракатда бўлади. Эшитганмисиз?

— Й-йўқ, эшитмаганман.

— Албатта-да, сиз қаерданам эшитардингиз. Бу нарсага ишингиз тушиб кўрмаган бўлса…

— Кооператив деганингиз нимаси, амаки? Чайқовчиликми?

— Қизиқмисиз? — кулиб юборди Жийронбек ака. — Кўриб-билиб туриб сизни жиноятга етаклайманми? Мен-а? Қўйинг-э! Кооператив бу тадбиркорлик дегани. Масалан, бирор цех ёки ижара ташкилоти очиб, иш юритасиз. Бунинг учун давлат рўйхатидан ўтиб, махсус рухсатнома оласиз. Кўрибсизки, ишларингиз тез орада юришиб, даромад кўра бошлайсиз.

— Бу менинг қўлимдан келмаса-чи?

— Келади.

— Келмайди, амаки, келмайди. Мен… Қўрқаман.

— Оббо, — Жийронбек ака зарда аралаш ўрнидан туриб кетди. — Сира тушунмас экансиз-да! Нимадан қўрқасиз? Давлат сизни ҳимоя қилади. Ўғирлик қилмайсиз, ҳалол пул топасиз. Бунинг нимасидан қўрқасиз?

— Яхшиси, бозордан менга бирор жой қилдириб бера қолинг, — деди Севинч ер чизиб. — Худо хайрингизни берсин! Ишонинг, олиб-сотарлик қилмайман. Узоқ юртларга бориб мол опкеламан. Баҳонада ҳаво алмаштирардим, дунёни кўрардим. Ё… Бунинг иложи бўлмайдими?

— Эҳ, сингил-а, мен сизни ажойиб тадбиркорга айлантирмоқчийдим. Сиз бўлсангиз… Ахир, бозорда ҳаромдан пул топадиганлар тиқилиб ётибди. Ўшаларга қўшилмоқчимисиз?

— Қўшилмайман, бир ўзим ишлайман. Ажабмас, дадам тирик бўлса-ю, яна юз кўришсам, ишларим юришгани учун роса хурсанд бўларди. Яримта кўнгли кўтарилиб қоларди.

Мелибой миробнинг номини эшитиб, кўнгли юмшадими, Жийронбек ака бош қашиганча ўйланиб қолди. Чамаси, Севинчнинг бошига тушган савдолар унинг қалбини янада юмшатгандек бўлди.

— Бўпти, — дея қайтадан Севинчга юзланди у. — Шаштингиз қайтмасин. Бозор бўлса, бозор-да! Марказий бозор раҳбарлари билан салом-алигим бор. Ўшаларга айтамиз, яхши жойдан топиб беришади. Фақат сизга айтадиган бир гапим бор. Умуман… Гап десам ҳам нотўғри бўлар. Илтимосим бор. Вақти келади, ўша илтимосимни сизга айтаман. Йўқ демасангиз бас.

— Албатта, — мамнун жилмайди Севинч. — Агар қўлимдан келса, албатта яхшиликларингизни қайтараман.

— Унутмайсизми? Бир кун келиб ишларингиз юришса, бойиб кетсангиз, эсингиздан чиқариб юбормайсизми ўша илтимосимни?

— Худо асрасин! Ҳеч қачон!

— Унда эртага марказий бозорда учрашамиз. Айтганча, отангиз масаласида хотиржам бўлинг. Топилиши билан ўзим сизга хабар бераман. Хайр!

— Яхши боринг!

Жийронбек ака чиқиб кетгач, Севинч анча енгил тортди. Каравотга ёнбошлади-ю, яна отаси билан хаёлан тиллаша бошлади.

«Дада, тирикмисиз, ё оламдан ўтганмисиз, афсуски, билмайман. Кошки билсам. Қанийди, тирик бўлсангиз-у, ажойиб кунларнинг бирида кули-иб кириб келсангиз. Худодан сўрайвераман, тўхтамай, чарчамай, йиғлаб-йиғлаб сўрайвераман. То сизни менга қайтиб бермагунча сўрайман… Дада, Жийронбек ака менга ёрдам бермоқчи, сизни қидириб топмоқчи. Кейин-чи, Толибни Сибиргами, аллақаерларга олиб бориб ташлашармиш. Ўша ёқларда ўлиб кетармиш. Майли, мен бебошлик қилиб, ўша нусхага кўнгил бериб қўйдим. Қалбимга қулоқ солиб, ўзбошимчалик қилдим. Энди бўлса, бола орттириб олганимга нима дейсиз?.. Йўқ, дада, агар бу бола туғилса, сизам ёқламасдингиз, норози бўлардингиз. Олдираман уни. Гуноҳга ботсам биратўла бота қолай. Ундан кейин узоқ юртларга бориб мол опкеламан. Ҳалол дейишади-ку шу ишни! Мана кўрасиз, келганингизда қизингизни танимай қоласиз. Қизингиз бой бўлади, сиз кўрмаган энг яхши кунларни кўрсатади, дуонгизни олади, сизни парвариш қилади…»

Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Жийронбек ака ваъдасида туриб марказий бозордан харидоргир жой топтириб берди. Бу орада Севинч виждони азобланса-да, икки ўт орасида қолиб бўлса-да, ҳомиласини олдирди. Керакли муолажаларни олди. Оёққа тургач, хориж сафарига отланди.

Фақат дўхтирларнинг бир гапи юрагига қора доғ солиб қўйганди. У энди ҳеч қачон фарзандли бўлмаслиги мумкин экан.

 

* * *

 

Бу ҳолат, манзара, мулозамат Севинчнинг наздида тотли бир туш каби эди. Бозорнинг энг харидоргир жойида қад кўтарган узундан-узун пештахтага боқарди-ю, юрагидаги қайсидир томирчаси узилай дерди. Қувончданми, армонлар бирдан ҳақиқатга айлана бошлаганиданми, вужуди титрар, бахти бўғзига тиқилиб, ҳайқириққа айланиб, ташқарига ошиқарди.

Энди нима қилади? Мана, хорижга ҳам илк бор бориб қайтди. Жийронбек ака етагида қурилган ана шу ажойиб, кўзни қувонтирар даражадаги пештахта молга тўлди. Довдираб қолмасин деган чоғи, Жийронбек ака келишган бир қизни сотувчиликка ҳам тайинлабди. Ҳозир шу қизга яқин бориб бемалол кўрсатмалар бераверса бўладими? Бобиллаб берса-чи? Нега? Ахир, ўзининг сотувчиси-ку! Ана, атрофдаги бозорчилар ўз молини ўзи сотмоқда. Севинч эса улар каби эртадан кечга қадар бозорда турмайди. Қиш совуғида, ёз жазирамасида азобланмайди. Чунки сотувчиси бор.

— Опа, манави костюмларни кўп сўрашяпти, — деди сотувчи қиз Лайло Севинчнинг хаёлини бўлиб. — Опа-а, тинчликми?.. Мазангиз йўқми, опа?

— Н-нима? — Севинч сесканиб бош кўтарди-да, Лайлога юзланди. — Нимадир дедингизми?

— Манави костюмларни кўп сўрашяпти дейман. Бир соатнинг ичида тўрттасини сотвордим.

— Шунақами? Ҳ-ҳали кўп эди-ку!..

— Агар савдо бугунгидай бўлиб турса, икки ҳафтага етаров!

— Икки ҳафтага? Вой, кейин нима қиламиз?.. Ахир…

— Тағин чиқиб келсангиз бўларкан-да хорижга! Йўқса, тугаб қолади молларимиз.

— Хорижга?.. Бе, ҳадеб рухсатнома бераверишмаса керак? Ўзи куни кеча қайтган бўлсам…

— Опа, Жийронбек акага бир оғиз шипшитиб қўйсангиз бас. Тўғрилаб беради. Ўзи айтди-ку!..

— Ҳа-я, — деди Севинч иягини тутамлаб. — Тўғри айтасиз. Жийронбек акага тағин қўнғироқ қиларканман-да! Ўлсин, кўпроқ опкелсам бўларкан-а ўша савилдан!

— Бу гал шундай қиласиз. Сизам қаердан билибсиз?!.

— Бўпти, Лайло, мен бирров уйга бориб келай унда! Сиз… Тушлик қилволинг! Оч турманг бозорда!

— Хўп бўлади!

Севинч аста ортга бурилиб, кетишга чоғланди. Шу маҳал талатўп одамлар орасидан таниш башара қаршисида кўндаланг бўлди. Севинч уни кўрди-ю, ранги оқариб беихтиёр орқага тисланди. У Сарвар эди. Севинчнинг рўпарасида безрайганча совуқ тиржайиб турарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...