ДЎЗАХ ДОМИДА ҚОЛГАН ҚИЗАЛОҚ…

0

 

Россиянинг Брянск вилоят марказидаги кўп қаватли уйлардан бирида фожиа юз берди. Кутилмаганда тўққиз ойлик қизалоқ Аня ғойиб бўлди. Қизалоқнинг ота-онаси Александр Калугин ва Светлана Шрапцовалар барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимларини оёққа турғазишди. Аняни бутун мамлакат бўйлаб қидира бошлашди…

 

Оила

 

Александр ҳамда Светланаларнинг шахсий ҳаётини яқиндан билганлар уларга айтарли ҳавас қилишмайди. Чунки Светлана эндигина 18 ёшни қаршилаган. Саша Калугин билан никоҳсиз умр кечиради. Сашанинг бошқа жойда ҳам оиласи, фарзандлари бор. Қолаверса, Света эридан шу қадар қўрқарканки, қўшнилар унинг ҳаётини тушовга солинган ит умрига менгзашаркан. Светанинг ота-онаси кўп бора қизига уқтиришга, Сашадан воз кечтиришга ҳаракат қилишган. Аммо ёввойи муҳаббатми, қўрқувми, Светланани бу йўлдан қайтишга қўймаган.

 

Маст-аласт эр

 

Ажойиб кунларнинг бирида бу оилада қизалоқ дунёга келди. Эр-хотин янги меҳмонни ўзгача шодлик билан қарши олган бўлишса, ажабмас. Бироқ орадан тўққиз ой ўтгач, Саша Калугин Москвадаги ишини тугатиб Брянскка қайтди. Хотини чақалоқнинг кийимларини янгилаган, дастурхон тузаган ҳолда уни кутиб олди. Шубҳасиз, бирга бўлди дегунча икковлашиб ичкилик ичишга одатланган эр-хотин шу куни ҳам ўзлари учун зиёфат уюштиришди. Кўп ичкилик ичилди. Эр-хотиннинг кайфи таранг бўлди. Александр кўп ичганда негадир асабий бўлиб қоларди. Ўша куни ҳам арзимаган баҳона билан Светланани калтаклай кетди. Шовқин-сурондан Аня уйғониб қолди…

Ахир, мурғак чақалоқнинг айби нимайди? Шовқинга тоқат қила олмаслигими? Ширин уйқуси бузилганими? Йўқ, Александр Калугин бу ҳақда ўйлаб кўрмади. Жаҳл устида каравотда биғиллаб йиғлаётган Анянинг юзи аралаш мушт туширди. Қизалоқ баттар йиғлай бошлади. Жоҳил ота яна бир неча марта унга зарбалар берди. Шундан кейингина Аня тинчлангандек бўлди-ю, Калугин ортга қайтиб кайф-сафони давом эттирди. Бу иши учун Светлана бирор қаршилик кўрсатмади. Кўрсатмасди ҳам. Чунки унинг ўзи Сашадан баттар маст эди.

 

Фожиа

 

Нимадир бўлди-ю, Светлана қизидан хабар олиш учун ётоққа мўралади. Не кўз билан кўрсинки, Анянинг ранги оқариб, лаблари кўкара бошлабди.

— Вой, Аня ўляпти! — қичқирди у залга чиқиб. — Қара, у ўляпти!

Александр ётоққа кириб, Анянинг тепасига борди-да, юрагига қулоқ тутди. Сўнгра юзларига шапатилаб-шапатилаб кўрди. Қизалоқ аранг нафас олар, ҳатто йиғлайдиган ҳоли қолмаганди.

— Дамингни чиқарма, — деди Саша хотинига. — Биров билмасин! Агар касалхонага олиб борсак, иккаламизниям қамаб юборишади.

— Энди нима қиламиз? — йиғламсираган кўйи эрига жавдираб боқди Света. — Ўлиб қолса-чи?

— Барибир ўлади, — деди хотиржамлик билан Саша. — Яхшиси, уни балконга чиқариб қўямиз. Балкон совуқ. Ўлсаям сасимайди. Биров билмайдиям!

— Кейин-чи? Кейин нима бўлади?

— Кейин нима бўларди? Ўрмонга олиб бориб кўмамиз, вассалом! Қор ёғади, излар босилади.

— Йў-ўқ, — деди Света титраб. — Боламни итлар ковлаб олиб ейишини, қурт-қумурсқалар чақиб ташлашини хоҳламайман.

— Унда нима қил дейсан?

— Яхшиси, ўлигини ёқиб юборамиз. Шунда тинч бўламан. Аням қийналмайди, азобланмайди.

— Яхши, кўндирдинг, — деди Саша бош қашиб. — Ёқсак ёқаверамиз-да!

 

«Спектакль»

 

Қизалоқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, вафот этди. Эрта тонгда Саша қўлига болта, қоғоз ва яна керакли асбобларни олган ҳолда Светани эргаштирганча ўрмонга йўл олди. Ўрмон қалин, ичкарироқ кирилса, тутун тарқалгани ҳам шаҳарга сезилмайди.

У қуриган дарахт шохларини тўплади-да, келишилганидек, Анянинг жасадини ёқиб юборди. Бу маҳал Света панароқда, қизининг куйиб кул бўлаётганини кўрмаслик гўёки боласининг ёнаётганини кўрмаслик учун беркиниб турди. Саша эса сира иккиланмай, қўрқмай, то олов ўчгунга қадар пиво ичди, сигарет тутатди, келгусида нималар қилиш хусусида бош қотирди.

Тахминан уч соатча вақт ўтиб, ҳаммаси тайёр бўлди. Энди хотиржам ортга қайтишса бўларди.

— Биз спектакль ўйлаб топишимиз керак, — деди Саша уйга қайтишгач, хотинига. — Шундай пухта йўл топайликки, ҳеч ким шубҳаланмасин. Мен бу вақтда Москвада юра тураман. Шуниси маъқулроқ.

— Хўш, нима қиламиз?..

Биргалашиб бош қотира бошлашди ва охири шундай хулосага келишди. Тонг маҳали Света Анянинг қуруқ аравачасини етаклаб дўконга боради. Дўкон эшиги олдида аравачани қолдиради-да, ўзи ичкарига кириб кетади. Шу тобда аёл кийимига ўранган Александр уни пойлаб турган бўлади. Кириб кетиши билан аста боради-да, гўё болани ўғирлаб кетгандек, аравачадаги қуруқ йўргакни олиб қочади. Света бироздан сўнг ташқарига чиқиб, кўрадики, қизи ўғирлаб кетилган. Жонҳолатда сочларини юлиб қичқира бошлайди, полицияга хабар беради.

Шундай бўлди ҳам. Спектакль режалаштирилганидек «саҳна»га қўйилди. «Томошабин»лар ҳайратдан ёқа ушлади, даҳшатга тушди, асосийси, бу ҳийлага ҳатто терговчилар, полициячилар ҳам чиппа-чин ишонди ва Аня бутун мамлакат бўйлаб қидирила бошланди.

 

Кўза қачон синади?

 

Тергов ташкилоти ходимлари бора-бора бир нарсадан шубҳалана бошлашди. Тўғри, Света афсус чекмоқда, қизининг ўлимидан қаттиқ қайғурмоқда, барчадан жиноятчини топишда кўмак сўрамоқда. Лекин Александр бу хунук хабарни эшитиб, негадир Москвадан қайтишга шошилмаяпти. Иши кўпайиб кетганини рўкач қиляпти. Бошқа ота бўлса, эшитибоқ ўқдек учиб келиши лозим эмасмиди?

Ана шу шубҳалар терговчиларни ҳушёрликка ундади. Ниҳоят гўё ишларни тугатиб Александр Москвадан қайтгач, унинг гирибонидан олишди. Шундагина Саша бўлиб ўтган ишларни очиқ айтишга мажбур бўлди. Жиноятини бўйнига олди. Тергов экспериментларида барча ҳаракатларини амалий кўрсатиб берди.

Тўғри-да, халқ орасида «Кўза кундамас, кунида синади» деган мақол бекорга айтилмаган.

 

Ҳукм

 

Бу даҳшатли қотилликдан хабар топган инсон борки, жазавага тушмай, ғазабланмай қолмаганди. Ҳатто, қўни-қўшнилар Александр ва Светани улар қўлига топширишларини, ўзлари йўқ қилиб юборишларини айтиб тўполон ҳам кўтаришди. Аммо қонун барчага баробар. Бу қонун жиноятчи ҳаётини ҳам ҳимоя этишга мўлжалланган. Терговчилар икки жиноятчини халқ қўлига топшириб қўйишмаслиги аниқ эди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, суд бўлди. Александр 19 йил, Светлана эса 4, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Улар-ку, бир кунмас бир кун жазо муддатини ўтаб озодликка чиқар, яшашда давом этар, аммо Аня-чи? Мурғак гўдак бошқалардек узоқ умр кўришга ҳақли эмасмиди?

«Россия-1» телеканалидан олинди

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

loading...