Самарқанд шаҳрида автобус қатнови тақиқланмаган

0

Самарқанд шаҳрида аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб шу пайтгача 53 йўналишда 441 та автобус йўловчиларга хизмат қилиб келаётган эди.

Аммо коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин шароитида йўловчилар оқимининг кескин камайиши сабабли йўналишга чиқувчи автобуслар ҳам қисқартирилди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, 24 март ҳолатида Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти соҳасида фаолият кўрсатаётган 18 корхонадаги 441 та автобусдан 130 таси йўловчиларга хизмат қилмоқда. Бунинг натижасида йўналишларда белгиланган оралиқ интерваллар вақтинча узайтирилди.

Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимларининг кўрсатмалари бўйича барча автобуслар йўналишга чиқарилишидан олдин соат 4.00 дан бошлаб дезинфекция қилинмоқда. Шунингдек, Самарқанд шаҳри ва туманларда жойлашган автовокзаллар, автобошбекатлар ва автобусларнинг сўнгги бекатларида ҳар 4 соатда зарарсизлантириш профилактикаси олиб борилмоқда. Йўналишсиз таксиларда ҳам белгиланган тартибда ва вақтда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.

24 март кунидан эътиборан Самарқанд вилоятида вилоятлар, шаҳарлар ва туманлараро автобус ва микроавтобуслар қатнови чекланди.

UzA.uz

loading...