ХИЛВАТДАГИ ХИЁНАТ… (воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

 

Бу воқеани эшитганимга анча бўлган. Аммо ҳар гал ёдимга тушса, воқеа қаҳрамони Валерий кўз ўнгимда гавдаланади. Унга нисбатан қалбимда ачиниш ҳисси уйғонади…

 

* * *

 

Валерийнинг бошлиқдан омади чопди. Афтондил Георгиевич жуда қўли очиқ, яхши ходимларнинг қадрига етадиганлар хилидан экан. Фирмага жойлашганига икки-уч ой бўлмай туриб маошини ошириб қўйди. Бу-ку майли, кайфияти бўлмаган чоғларда, ё улфатчилик қилгиси келганда албатта Валерийни ҳузурига чорлайди, машинасига ўтқазиб ресторанга олиб боради. Бошлиққа нимаси ёққан билмайди, аммо икковлашиб қиттай-қиттай қилишади, гаплари ҳам қовушади. Гапнинг индаллоси, бунақа бошлиқни ҳозирги замонда кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди…

Мана, бугун ҳам ишни тугатай деб турганда, котибасидан айттириб юборибди. Ҳойнаҳой, янги ресторан топган бўлса керак…

Нима бўлганда ҳам бошлиқни узоқ кутдириб бўлмайди. Валерий котиба чиқиб кетди дегунча, қоғозларини йиғиб темир сандиққа жойлади-ю, кийиниб ташқарига чопди.

 

* * *

 

Афтондил Георгиевич кабинетида сигарет тутатган кўйи телевизор томоша қилаётган экан. Валерийни кўрди-ю, сигаретини кулдонга эзғилаб ўчириб, ўридан турди.

— Ишларни тугатдингми? — сўради у майин жилмайиш қилиб.

— Шунақа десаям бўлади, Афтондил Георгиевич! — елка қисиб жавоб қилди Валерий.

— Биласанми, менда бир ғоя туғилди. — деди бошлиқ айёрона кўз қисиб.

— Ғоялари муборак бўлғай!

— Жа опқочасан-да ўзингам! — кулиб юборди Афтондил Георгиевич. — Олдин сўрасанг-чи қанақа ғоялигини!

— Хўш, қандай ғоя экан? Иш юзасиданми?

— Ишни йиғиштириб тур! Намунча иш-иш деявермасанг?

— Узр, узр!.. — бош эгди Валерий.

— Мана бу бошқа гап. Энди эшит. Сен… Қачон квартира сотиб олгандинг-а?..

— Квартира?..

— Ҳа, ҳозир яшаб турган квартирангни қачон сотиб олгандинг?

— Бир йилча бўп қолди-ёв!..

— Қандай инсофсизсан-а, Валера, қандай инсофсизса-ан!.. — Тушунмадим… Сал очиқроқ гапиринг, Афтондил Георгиевич!

— Ҳа… Ювиб бермадинг-ку квартирангни!

— Э, шунақа демайсизми?.. — шу гапдан сўнг Валерийнинг сал чеҳраси очилди. — Гап йўқ… Ювиб берганим бўлсин!

— Қўрқма, харажатини ўзим кўтараман!.. Шунчаки… Ҳадеб ресторанга қатнайвермай, сеникидаям бир ўтирайлик дедим-да!

— Хўп бўлади! — қўлини кўксига қўйди Валерий.

— Хўш, кетдик унда! Йўл-йўлакай бозор-ўчарни қилволамиз-у, сеникига жўнаймиз.

— Бозор-ўчар шарт эмасди. — хижолатли оҳангда деди Валерий.

— Овозингни ўчир, оғайни! Бу нима деганинг?.. Биласан-ку, жаҳлим чиқса…

— Тушундим…

— Юр, тезроқ борайлик! Бозорчилар кетиб қолмасин тағин!

 

* * *

 

Вақт хуфтонга яқинлашганда, улар Валерийнинг шинамгина квартирасида ўтиришар, икковларининг ҳам кайфлари таранг эди. Аҳён-аҳёнда уй бекаси Тамаранинг дид билан тайёрлаган димламасидан тотиниб қўйишарди. Бир маҳал Афтондил Георгиевич уёқ-буёққа назар ташлаб олган бўлди-да, ер остидан Валерийга боқди. У кўзлари сузилганча ароқ тўла пиёлага тикилиб жимгина ўтирар, афтидан ёқимли мусиқа оҳангидан эриб борарди.

— Мен ҳозир! — дея ўрнидан турди бошлиқ. — Ўтириб тур шу ерда!..

Валерий уни ҳожатхонага йўл олди дея ўйладими, бош ирғаб қўйиш билан кифояланди.

Афтондил Георгиевич эса залга — Тамара ўтирган хонага кириб эшикни ичкаридан ёпди…

Шу кўйи орадан ўн беш дақиқача вақт ўтди. Кайфи бўлса-да, сукунат жонига теккан Валерий беихтиёр ўрнидан турди-да, бир муддат хонага аланг-жаланг боқиб турди ва кимларнингдир шивир-шивири қулоғига чалингандек туюлиб, зал томон юрди.

Йўқ, у ичкарига киришга шошилмади. Аксинча қулоғини эшик тирқишига босиб, товушлар кимларники эканини англашга уринди.

Бу Афтондил Георгиевич ва Тамаранинг товушлари эди.

— Хоҳлайсизми, Валерангизни ўзимга ўринбосар қилиб оламан? — дерди бошлиқ. — Фақат бир оғиз айтсангиз бас.

— Ҳо, мен-чи? — эркаланган оҳангда сўзланарди Тамара. — Ҳаммаси Валерагами?..

— Сиз, ахир менинг маликамсиз!

— Алдаяпсиз!

— Қасам ичаман! Сиз учун ҳар қандай ишни қилишга тайёрман.

— Бриллиант кўзли узук қачон бўлади?

— Эртагаёқ оёқларингиз остига келтириб ташлайман!..

— Аблаҳлар! — Валерий бу гапларни тоқат қилиб эшитгач, секин ортга қайтди-да, пиёлани тўлдириб ароқ қуйди. — Қўйнимда илон асраб юрган эканман-ку!.. Йўқ, йўқ… Индамаслигинг керак, Валера! Унингни чиқармайсан! Афтондил Георгиевичнинг кимлигини яхши биласан. Бунақа ишни топиш қийин… Ҳозирча… Ҳозирчалик индамай турасан…

Валерий шундай хаёллар билан ўзини овутиб, ароқни сипқорди ва бошлиқнинг қайтиб чиқишига худди ғирт маст одам каби курсига ўтириб бошини столга қўйди…

 

* * *

 

Валерий барибир тоқат қилиб тура олмади. Бошлиқ кетгач, хотинини сиқувга олди.

— Хўш, қачондан бери уминан дон олишасан? — Тамарани бурчакка қисиб суриштира кетди у. — Нега жимсан? Қўрқаяпсанми? Сен-а?

— Вой, кимдан қўрқаман? — сира тап тортмай саволга савол билан жавоб қайтарди Тамара. — Сенданми? Ким бўпсанки қўрқсам?..

— Нима? Нима дединг? Оббо қанжиқ-ей!

— Ўзинг қанжиқсан, билдингми?.. Эркак бўлса, Афтондилдақа бўлсин-да!.. Сендақалар-чи?.. Битта хотинни эплаб боқолмайди. Тағин рашк қилганингга бало борми?..

— Ҳой, шайтонга ҳай бер! — гарчи хотинининг кутилмаган гаплари вужуд-вужудига титроқ солиб, талваса исканжасида турган бўлса-да, Валера ўзини қўлга олишга уринарди. — Ахир… Биз сен билан ўн йилдан бери биргамиз. Балки… Ўша ифлоснинг ширин сўзларига, ёлғон ваъдаларига учиб қўйгандирсан…

— Э, бор-э! — қўл силтаб нари кетди Тамара. — Жонимга тегиб кетди бу ҳаёт, билдингми?.. Қачонгача сенинг сув юқмас қўлингга қараб яшайман?.. Бас, етар! Ажрашаман!

— Ўйлаб кўр, хотин! — деди Валера титраб. — Бир кун афсус чекиб қоласан!..

— Афсус чекиб бўпман! Чиқ хонадан!.. Мен ухлашим керак!..

Валера титраб-қақшаб чўнтагидан сигарет олиб тутатди-да, балконга йўл олди.

 

* * *

 

— Ие, нималар бўлаяпти ўзи? — ўйларди Валерий сигаретни чўзиб-чўзиб тортаркан. — Ким бўлдим энди?.. Афтондил… Демак, булар анчадан бери учрашиб юраркан-да!.. Ҳа-а, ўзим ҳам билгандим уйимни ўзи топиб келганидан!.. Гап буёқда экан-да!.. Йўқ, бунга чидаб бўлмайди. Хотинини бегонага қўшиб берган эркак эркакми?.. Тома нима деди? Ажрашаман дедими? Яхши. Ўзим ёрдам бераман. Ҳозироқ мушкулини осон қиламан.

Валерий ранги учганча ичкарига кирди ва қўлига ошпичоқни олиб зал томон юрди.

Бу маҳал Тамара диванга ястаниб олганча бамайлахотир телевизор томоша қиларди.

Эрининг тепасида пайдо бўлиши аёлга заррача таъсир қилмади. У ҳатто қимирлаб қўймади.

— Тур ўрнингдан! — бақирди Валерий диванни тепиб. — Ажрашмоқчимидинг?

Тамара секин бошини Валерий томон бурди. Кўрдики, қўлида пичоқ тутган ҳолда титраяпти.

Сапчиб ўрнидан қўзғалди-да, дераза қаршисига туриб олди.

— Ҳа, қўрқаяпсанми? — хириллади Валерий. — Менга хиёнат қилаётганингда қўрқмагандинг-ку, ифлос!..

— М-мен… Й-йўқ… — дея олди зўрға Тамара. — Ўл-лдирасизми?..

— Ўлдириш ҳам гапми? Сендақаларни чавақлаб ташласаям оз!.. Кечир, мен хиёнатни кечира олмайман!..

— Қанақа хиёна-ат?.. — жазава ичида қичқирди Тамара. — Ҳаммаси қуруқ гап-ку-у!..

— Шунақами?.. Қуруқ гапми?.. Ифлос!.. Кўзларимга қараб туриб ёлғон гапирасанми? Ахир… Мана шу қулоқларимминан эшитдим! Ўша ялтоқланишларингни эшиитгандан кўра қулоқларим узилиб тушса бўлмасмиди?..

Ўзининг сўнгги сўзларидан азбаройи ғазабга тўлиб-тошган Валерий бир ҳатлаб хотинининг тепасида ҳозир бўлди ва…

Бир неча марта Тамаранинг кўксига қўлидаги тиғни санчиб олди.

Аёл иҳрай-иҳрай, бир-икки эгилган кўйи айланиб ниҳоят гилам устига чалқанчасига қулади…

Валерий хотинини ўлдириб оғир жиноятга қўл урганини яхши англаб турарди. Бироқ қочиб кетишни хоҳламади. Ўзи «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилди ва ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари қўлига топширди.

Валерий суд ҳукмига кўра узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here