«Беморлар оғирлиги»ни айтиб, «розилик сўраш» маъносида йиғлаган аёл ким эди?

0

Ижтимоий тармоқларда ўзини тиббиёт ходими эканини айтган ва кийимлари ҳам шундай эканидан дарак берувчи аёлнинг мурожаати акс этган қисқа видео тарқалмоқда. Ўзини таништирмаган аёл “беморлар аҳволи оғирлиги”ни айтиб, яқинларига “розилик сўраш” маъносида йиғлаб гапирган.

“Ҳамманглар рози бўлинглар биздан, яхши ўтиринглар, кимнидир хафа қилиб қўйган бўлсам хафа бўлманглар. Яхши юринглар, дуо қилиб ўтиринглар. Касалларимиз яхши эмас, иссиғи чиқиб қалтираяпти, ҳамманглар яхши ўтиринглар”, дейди аёл.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вазиятдан келиб чиқиб, кўпчиликнинг хаёлига биринчи навбатда коронавирусга чалинган беморлар келиши табиийлигини, аммо аёлнинг либослари тиббий бўлса-да, махсус кийимлар эмас, яъни аксарият беморлар сақланаётган вирусология илмий текшириш институти ходимлариники билан бир хилмаслигини маълум қилди.

“25 март ҳолатига умумий беморлар сони 56 нафар, улардан 4 нафари оғир аҳволдалиги, аммо ўта оғир аҳволда эмас (тиббиётда оғир ва ўта оғир ҳолат кескин фарқ қилади). Шуни маълум қиламизки, видеодаги аёл вирусология илмий текшириш институти ходими эмас“, — дейди ССВ матбуот котиби.

Шунингдек, ҳозирда бу бўйича суриштирув олиб борилмоқда ва тўлиқ маълумот бўлиши билан хабар берилади. Дастлабки хулосалар бўйича ҳам, айнан бу аёл вирусология илмий текшириш институтида шифокор ёки ҳамшира бўлиб ишламаслиги маълум қилинди. Масалага институт раҳбарияти томонидан ҳам аниқлик киритилди. Аёлнинг ўзи ҳам қайси шифохонанинг қайси беморлари оғир аҳволда эканлигини аниқ айтмаган. Бу тиббиёт ходими қаерда ишлаши ҳақида суриштирувлар олиб борилмоқда.

“Энг муҳими, коронавирусга чалинган беморлар сони ва уларнинг аҳволи ҳақида мунтазам ахборот бериб келяпмиз ва эҳтиросларга берилган ҳолда аҳоли орасида саросима чиқаришга ҳожат ҳам йўқ, бунинг учун жавобгарлик ҳам белгиланган. Эслатиб ўтаман, бу ҳозирча дастлабки хулосалар ва аниқ ахборот, қўшимча янгилик бўлиши билан эълон қиламиз“, дейилади ССВ баёнотида.

Sof.uz

loading...