МИБ уйма-уй юриб: Аҳолининг тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслиги қарздорликларнинг кўпайишига сабаб бўлади

0

Жорий йилнинг 25 март куни ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоятининг Чиноз туман бўлими ходимлари карантин даврида хонадонма-хонадон юришга мажбур қилинаётганлиги  ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарда Бюронинг Тошкент вилоят бошқармаси Чиноз тумани бўлими инспекторлари карантинли вазият бўлишига қарамасдан, уйма-уй юришга мажбур бўлишаётганлиги баён қилинган.

Ушбу хабарлар бўйича ўтказилган текширувга кўра, ҳозирда Мажбурий ижро бюроси Чиноз тумани бўлимида жами 52 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, шундан 45 та штат бирлигида ходимлар ишлаб келаётгани маълум бўлди.

Бўлим томонидан карантин даврида 22 нафар ходим ўз аризаларига асосан, ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилган бўлиб, 13 нафар давлат инспектори эса ишлаб келишмоқда, ходимларнинг иш вақти соат 09:00 дан 18:00 га қадар давом этаётганлиги, давлат инспекторлари белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, хонадонларнинг ҳисоблагичларини кўрикдан ўтказиб, қарздорлиги аниқланган истеъмолчиларни эса бу ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

Бюронинг Чиноз туман бўлими давлат инспекторлари кунлик иш фаолиятини ташкил қилишда тегишли профилактик ва хавфсизлик чоралари кўрилиб, жамоат ва иш жойларида ниқоб (маска)ларда юриши йўлга қўйилган, асосийси, истеъмолчилар билан масофадан туриб мулоқот қилинмоқда.

Шунингдек, бўлим томонидан фуқароларга қулайлик яратиш, яьни ходимлар билан яқин мулоқотга чек қўйган ҳолда ҳисоб-китобни тўғри амалга ошириш учун ҳар ой табиий газ ва электр энергияси ҳисоблагич кўрсаткичларини фотосуратга олиб, ўзлари яшаб турган ҳудудидан Бюронинг Чиноз туман бўлимининг тегишли “Telegram” тармоғидаги каналига онлайн тарзда юборишлари ҳақида ҳам тушунтиришлар берилмоқда.

Бюронинг Чиноз туман бўлими ходимларининг алоҳида хизмат ўташ шароитларини инобатга олиб, уларга нисбатан тегишли ижтимоий муҳофаза чоралари, дам олиш, моддий аҳволини яхшилаш, меҳнат таътилини олиш ва тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси

loading...