АЛАМЗАДА… (39-қисм)

0

 

 

* * *

 

Аёлнинг дардли нигоҳлари Севинчни ўйланишга, қайғуришга, ачинишга мажбур этарди. Ҳали ўзи танимаган, кўрмаган ногирон қиз ҳақида ўйларкан, юраги эзиларди. Қалбини ҳануз қўрқув, ҳадик ҳисси чулғаб турган бўлса-да, ўзини чалғитишга уринар, нима қилса, ногирон қизга нафи тегиши мумкинлиги ҳақида бош қотирарди.

«Худойим, гуноҳ ва савобнинг кўчасини ёнма-ён қилиб қўйганингдан айланай! — ўйларди у. — Мана, яқиндан бери қанча гуноҳларни бўйнимга илдим, даста-даста пулларни кўрганда, ўзимни тўхтата олмадим. Нима қилай? Кўксимни интиқом ўти ҳамон куйдиришдан тўхтамаяпти. Сен бўлсанг, ўчнинг бошқа кўчасига мени йўлладинг. Манави ёнимдаги аёлнинг ногирон қизига қандайдир ёрдамим тегса, кўнглини кўтарсам, уни қувонтирсам, кулдирсам, қайсидир гуноҳларимдан ўтарсан-а, худойим? Қайдам? Ҳаммаси ўзингга аён, осон. Мен… Йўқ, мен нима қилмайин, бундан буён сенга ширк келтирмаслигим тайин. Чунки менинг йўриғим буткул бошқа. Мана кўрасан, ғазабингни келтирмайман. Агар шундай бўлиб чиқса… Ғазабингга дучор бўлишимни биламан. Ўтинаман, мендан марҳаматларингни дариғ тутма! Биласан, кўриб турибсан, падарим ногирон эди. Тиригиям, ўлигиям ёлғиз ўзингга аён. Бандаларингни яратаётганингда, уларга қалбни ҳам ҳадя қилгансан. Хўш, шундай экан, менинг дадам қийналиб, хўрланиб, масхараланиб қолаверадими? Зўравон каллакесарлар тинчгина яшаб юраверадими? Агар жонини олган бўлсанг, барибир интиқом қиёматга қолганини билса, гўрида тик туради-ку! Мен ғофил бандангни кечир! Кўнглимга туккан ўша ўч аламини чиқармагунимча тинч яшай олмайман. Кейин… Жонимни олсангам, дўзахингга ташласангам майли. Кечир… Тавба қилдим, худойим, тавба қилдим!..

— Севинчхон, сиқилмаяпсизми? — унинг хаёлини бўлиб сўради аёл. — Негадир тундлашиб қолдингиз? Тинчликми?

— Йў-ўқ, тинчлик, — деди Севинч маъюс жилмайиб. — Ҳалиги… Қизингизни ўйлаб келаётгандим. Шўрлик, жуда қийналган экан-да!

— Вой, нимасини айтасиз? Сал қаттиқ гапириб ҳам бўлмайди. Дарров пиқиллаб йиғлашга тушади. Лекин-чи, қўли гул, ҳа! Шундай ажойиб кўйлаклар тикади, расмлар чизади, шеърлар ёзади. Ичи тўла ғиж-ғиж истеъдод, ўргилай!

— Ш-шунақами? Б-бир қўллаб… Ҳалигидай қийналмайдими?

— Нима қилсин? Ўрганган-да бир қўлда ишлашга! Яхшиям қўлтиқтаёқ деган нарса боракан. Бировга оғирини туширмай, қайга хоҳласа ўзи бориб келади. Фақат ёлғиз қолганда барибир ўксиркан. Аҳён-аҳёнда хонасига кириб қоламан-у, аламдан додлаб юборай дейман. Қизим бечора чизган расмларига тикили-иб юм-юм йиғлаётган бўлади. Уф-ф… Қийналиб кетдим! Боланг носоғ бўлса, шунақайкан! Нима қилай? Чидаб яшаяпман-да!

— Қайғурманг! Ҳали ҳаммаси яхши бўп кетади. Қизингиз шундай инсон бўлсинки, кўрганнинг кўзи куйсин!

— Айтганингиз келсин!

Шундан сўнг улар жимиб қолишди. Ҳар бири ўз хаёллари билан банд бўлди. Машина шаҳарнинг чеккароқ мавзесига боргач, ўнгдаги тор кўчалардан бирига бурилди-да, жигаррангга бўялган дарвоза рўпарасида тўхтади.

— Мана, етиб ҳам келдик, — дея шоша-пиша пастга тушишга тутинди аёл. — Юра қолинг, жоним!

Севинч машинадан тушди-да, аёлга эргашиб ҳовлига кирди. Ҳовлида зоғ учмасди. Аёл пилдираганча бориб хоналарга бир-бир мўралаган кўйи қизини чақира бошлади.

— Сарвино-оз! Ҳов Сарвиноз! Қайдасан, қизим? Тавба, кетаётганимда мана шу хонада ўтирувди. Ертўлага тушволибди шекилли.

— Ертўлага? Нега?

— Вой, ҳайрон бўлдингиз-а? — кулди аёл. — Ертўлани таъмирлатиб, ижодхона қилдириб берганман. Нимаймиш, хонимга хонада ўтириб ижод қилса, ҳамма халал берармиш. Илҳомини қочирармиш. Қани, юра қолинг!

Севинч аёлга эргашиб ертўлага тушди. Кираверишга темир эшик ўрнатилибди. Ичкарига кирилгач, яна бир эшикдан ўтиларкан. Негадир эшик ортидан Севинчнинг қулоғига эркаклар товуши чалингандек бўлди-ю, ҳушёр тортди. Аммо дарров ўзини қўлга олди. «Телевизорми, радиоми гапиряпти шекилли» деб хаёл қилди. Афсуски, иккинчи чарм қопланган эшикдан ўтишгач, ичкаридаги манзарани кўриб тош қотди. Юраги ҳилвираб, пешонасини муз тер босди. Пайт борида ташқарига ўзини урмоққа чоғланди. Бахтга қарши бунинг ҳам имкони йўқ эди. Орқасида уни олиб келган аёл турар, тўрдаги диванга ястаниб олган икки барваста эркакка мағрур боқарди.

Севинчни кўриб, эркаклар бараварига ўринларидан қўзғалишди. Улардан бири — икки юзи чандиқли, сочи ўсиқ эркак қўлидаги узун сопли пичоқда олма арчиганча Севинчга яқин келди.

— Ҳа-а, шуми бизнинг шўримизни қуритмоқчи бўлган? — сўради у аёлга юзланиб. — Адашмадингми ишқилиб, Хосият?

— Мени биласиз-ку! — керилиб бир қадам олдинга ташлади аёл. — Нишонни бехато ураман, ока!

— Баракалла! Нусрат, нима қиламиз буни энди? Опкелтиришга опкелтирдик. Буёғи-чи? Ўзинг бирор нима десанг-чи!

Ҳали диван қаршисидан узоқлашмаган иккинчи эркак столча устидаги сочиқни олиб елкасига ташлади-да, шеригига яқинлашди.

— Хосиятни мукофотлаймиз! — деди у эснаб. — Буни эса… Бу манжалақининг калласини оламиз!

 

* * *

 

Хаёллар, турли қарама-қарши туйғулар Севинчни бир неча лаҳзадаёқ афсуслар чангалига ирғитди. Зиндонни эслата бошлаган бу ертўладан тирик чиқа олмаслигига амин бўлди. Шундай онларда бандасининг миясида фақат армонга йўғрилган ўйларгина айланиши мумкин. Севинч ҳам жуда қисқа муддат ичида яқин ўтмишини ёдга олишга, қайта-қайта тавба қилишга улгурди. Вужуди қўрқув, ҳадик, ваҳмни енгиб, ажалга йўл бўшатди. У қаршисидаги турқи совуқ эркакнинг қўлида ялтираётган ўткир пичоққа дадил қарай олди. Ҳатто, паймонаси тўлиб, сўз қотишга-да ўзида куч топа билди.

— Нега қараб турибсан? — деди эркакка масхараомуз боқиб. — Қўлингга тиғ олиб кўрганмисан ўзи ҳеч? Тиззанг қалтирай бошладими? Санч ўша тиғингни, санч! Мен-чи, сендақанги ифлослар, манави аёлга ўхшаган иккиюзламачилар орасида яшашдан тўйдим. Ўлдиравер!

— Ие-е-е, — эркак Севинчнинг гапларидан энсаси қотиб шеригига юзланди. — Нусрат, буни тилиям боракан, қара!

— Олдин худди ўша заҳар тилини кесинг! — тайинлади унга Нусрат. — Қора қонига беланиб азобланса, йўқотган пулларимизнинг аламидан чиқардик.

Эркак бир муддат тараддудланди-да, аёлга сўз қотди.

— Тамбала эшикни, Хосият! Ҳозир кўрсатиб қўяман бу манжалақига!

— М-мен… Чиқиб тура қолай, акалар! — дея қўрқув аралаш ортга тисланди Хосият. — Илтимос, мен…

— Ўчир чакагингни! — бир ҳатлаб унинг тепасида ҳозир бўлди пичоқ тутган эркак. — Кемага тушганнинг жони бир. Нима, чиқволиб бизни сотмоқчимисан? Ўйиндан силлиққина чиқиб кетмоқчимисан?

— У-ундай деманг, ака, — деди титраб Хосият. — Мен… Ўликдан қўрқаман, холос! Қонни кўрсам… Ҳушимдан кетиб қолама-ан!..

— Ўлмайсан! Тамбала тез эшикни! Бўл дедим!

Хосият эркакнинг дағдағасидан қўрқа-писа қалт-қалт титраганча бориб эшикни ичкаридан тамбалади ва Нусрат ҳам қотиллик содир этишга шайлана бошлаганини кўриб, шартта терс ўгирилди-ю, икки кафти билан бошини чангаллаганча полга чўнқайиб ўтириб олди.

— Нусрат, тез кел, — шеригига буюрди эркак. — Бунинг қўл-оёғини бойла! Оғзига латтаям тиқиб қўй! Ортиқча овоз чиқариб хит қилмасин бизни!

Хосият эркакнинг шаштини кўриб адо бўлаёзганди. Умри мана шу зўравонлар орасида ўтган бўлса-да, ҳеч қачон одам ўлдириш жиноятларида иштирок қилмагани сабабли қалт-қалт титраб, шивирлаганча билган дуоларини ўқий бошлади.

Севинч эса қилт этмади. Икки эркак қўл-оёғини чандиб боғлаганда, оғзига бир парча латта тиқишганда ҳам сир бой бермади. Гўё шу йўл билан ўзининг ҳатто ўлимдан сесканмаслигини намойиш қилди.

Шу маҳал кутилмаган ҳодиса юз берди. Эшик ортидан кимларнингдир ғўнғир-ғўнғири қулоққа чалинди. Сўнгра эшикни тепа бошлашди.

— Очларинг эшикни! Йўқса бузиб кирамиз! Очларинг тез!

Икки эркак шошиб қолганди. Пичоқ тутгани даст қаддини кўтарди-да, Хосиятга шубҳа аралаш совуқ тикилди.

— Булар ким? — сўради шивирлаб ундан. — Гапир, қанжиқ, ким булар?

— М-мен билмасам, — дея олди зўрға Хосият титрашдан тийила олмай. — Б-билмайман…

— Ифло-ос! Қара лекин, агар сенга қарашли бўлишса, тамомсан!

Бу орада ташқаридагилар эшикни буза бошлашди. Ҳаш-паш дегунча тамбаланган эшик зарб билан очилиб ичкарига тўрт чоғли ҳарбий кийимли бўйдор йигитлар қўлларида қурол билан бостириб кирди. Эркак эса аллақачон Севинчнинг қўл-оёғини қайтадан ечиб, томоғидан бўғиб олганди.

— Яқинлашма! — хириллаб қичқирди у Севинчнинг томоғига қўлидаги пичоқни тираб. — Бир қадам ташласанг, сўйвораман!

— Ташла пичоқни, бадбахт! — Жийронбек ака йигитларнинг орқасида экан. Эҳтиёткорлик билан орага кирди-да, эркакка таҳдид аралаш буйруқ берди. — Барибир фойдаси йўқ. Таслим бўлларинг!

— Мен тупурган тупугимни қайтариб олмайман! Менга яқинлашма! Сўяман буни, сўяман!

Жийронбек ака кўрдики, эркак шаҳдидан қайтадиган эмас. Бир оғиз ортиқча сўз ёки қадам Севинчни хароб қилиши ҳеч гап эмас.

— Яхши, яхши, яхши, — деди у аскарларнинг эркакка ўқталган қуролларини қўли билан пастга тушираркан. — Келишамиз! Фақат… Қизни қўйиб юбор, оғайни! Шартингни айтгин-у, қўйиб юбор! Биз… Нима десанг, бажарамиз!

— Сенларга ишонмайман! — ҳайқирди эркак бир кўз билан сал нарида деворга суяниб олган Нусратга қараб олиб. — Қани гарантия, қани?

— Олдин айт-чи шартингни, — деди Жийронбек ака. — Нима хоҳлаётганингни билайлик!

— Ҳозироқ машина топларинг! Биз… Бу қизниям ўзимиз билан олиб кетамиз! Биронтанг орқадан тушсанг, тамом, аяб ўтирмайман!

— Хўп, шу холосми? — Жийронбек ака аскарларга бир-бир қараб қўйиб давом этди. — Машина кўчада турибди. Калитиям ўзида. Фақат бир гапни айтиб қўяй, агар шу қизга бир бало бўлса, сени ернинг тагидан бўлсаям топаман. Кейин нима бўлишингни ўзинг яхши биласан.

— Мен битта гапираман! Қизингни ярим йўлда оласан. Бизни қувмайсан. Сенам эшитиб ол, қувсанг, барибир бу қиз ўлади!

— Келишдик!

— Энди йўлни бўшатларинг! Ташқарига чиқиб, эллик метр нарига бориб турларинг! То биз жўнаб кетмагунча ўрнингдан жилмайсан! Қараларинг, биронтанг ортиқча ҳаракат қилсанг, қўлимда пичоқ турибди. Бир тортаман, ҳаммаси тугайди. Менга-чи, ўлиш чепуха, билдингми!?.

— Яхши, мужик, розимиз! Қани, йигитлар, орқа билан ташқарига битта-биттадан чиқинглар! Қуролларни пастга тушириб олинглар! Аҳмоқлик қилиш йўқ!

Аскарлар тайинланганидек, орқа ўгирган ҳолда ташқарига юрди. Эркак эса Севинчни қўйиб юбормай, томоғига пичоқни қаттиқроқ тираган кўйи Хосият ва Нусратни эргаштириб эҳтиёткорона остона ҳатлади.

Жийронбек ака бу тахлит операцияларни кўп марта бошидан кечирган. Қаерда қандай иш тутишни яхши билади. Шунинг учун сира шошилмади. Аскарларни бирма-бир кўчага олиб чиқди-да, эркакнинг талабини инобатга олиб эллик метр нарида тўхтади.

— Ана, машина, — дея қичқирди у йўлнинг икки четидан жой олган милиция ходимларига зимдан разм соларкан. — Шу «Волга» сенларники! Аммо айтиб қўяй, ярим йўлгача биз кузатиб борамиз. Агар қизни ташлаб кетмайдиган бўлсанг, биздан ўпкалама!

Эркак унга жавобан ҳеч нарса демади. Орқа ўриндиққа чўкиб, Севинчни бир неча маротаба силтаб-силтаб қўйди. Ҳойнаҳой, бу ҳаракати билан «ўйлаб кўрамиз» демоқчи бўлди. Олдиндан жой олган Нусрат калитни буради ва газни босди. Хосият бўлса, ҳали ўзига келмаган, аксинча, саросимага тушиб қолганди. У гоҳ ташқаридаги тумонот одамга, гоҳ милиционерларга боқар, ҳамон пичир-пичир қилишдан тинмасди.

— Жа умний иш қилдик-а, ака? — сўради Нусрат тезликни бир баҳя ошириб. — Қаранг, ип эшолмай қолишди ит эмганлар!

— Хосият, қалайсан энди? — Нусратнинг саволига эътибор қилмай, олдинда ўтирган аёлга сўз қотди эркак. — Ҳамтовоқларинг ён беришди.

— Улар менинг ҳамтовоғиммас! — беихтиёр бобиллаб берди Хосият. — Нега ишонмайсизлар? Жинни бўлибманми ўшалар билан ҳамтовоқ бўлиб?

— Айёрса-ан, — деди эркак. — Сира сир бой бергинг келмайди. Жон ширинда-а?

— Ака, буни қўйиб турайлик, — Нусрат тезликни сал пасайтириб, эркакнинг сўзини кесди. — Ҳали улгурамиз. Буёқда асосий нарса қолиб кетибди-ку! Ўйламабмиз-ку!

— Нимани ўйламабмиз?

— Самолёт сўрамабмиз. Бу эшак аравада қаергачаям етардик?!. Барибир ўққа тутишлари аниқ.

— Гапинг тўғри, — дея Севинчни қўйиб юбормай аста орқага бош буриб олди эркак. — Бошида хомкаллани ишлатмабмиз-да!.. Ие, ана, рацияси боракан-ку! Ў, ишлаб кетди. Чамаси, бояги нусха гапиряпти!

Ҳақиқатан, машинага ўрнатилган рациядан Жийронбек аканинг товуши эшитилди.

— Сенлар шартни бузяпсанлар, — деди Жийронбек ака. — Қизни ташлаб кетларинг! Яхшиликчасига огоҳлантиряпман.

— Ўчириб тур чакагингни, камандир! — Нусрат рацияни оғзига тўғрилаб қичқирди. — Бизда яна бир шарт бор. Айтиш эсдан чиққанакан.

— Энди ҳаддиларингдан ошяпсанлар! — унга жавобан бақирди Жийронбек ака. — Орқангга қара, қанча милиционер келяпти. Бир оғиз шипшитсам, итдай ўлиб кетасанлар!

— Айтдик-ку сенга, ўлимдан қўрқмаймиз биз! Умримиз турманинг карцерида ўтган! Бизни қўрқитмай қўяқол! Ундан кўра шартимизни эшит!

— Ифлослар!.. Айт, нима хоҳлайсанлар яна? Фақат тезроқ гапир!

— Бизга самолёт керак, — ҳиринглаб гап бошлади Нусрат. — Сибирга етволишимиз керак. У ерда бизни яқин ошналаримиз кутади. Топсанг топ, бўлмаса, қизингнинг ўлигиниям тополмайсан.

— Шунақами? Вой ярамаслар-эй! Бу йўлга ўтдиларингми энди? Яхши-и! У ҳолда аэропорт тарафга ҳайда машинани! Етгунларингча самолёт тайёр бўлади. Ўзим айтаман! Фаққат ашртни бузма! Бекорга ўлиб кетмаларинг! Қизни қўйиб юбор!

— Келишди-ик, камандир, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи! Оласан шу манжалақингни, оласан!

Нусрат эркак томон бош буриб ҳиринглаб қўйди-да, тезликни оширди.

— Энди ҳамма қулоқ солсин, — эркак жонланиб икки аёлга тайинлаган бўлди. — Самолётга тўполонсиз, қайсарликларсиз чиқасанлар. Биз билан иккалангам Сибирга кетасан. Ўша ёқда ҳал бўлади тақдиринг. Башарти окахонлар авф этишни маъқул кўришса, гап йўқ, қўйворамиз. Тўрт тарафинг қибла! Мабодо товуш чиқарсанг, пичоқни бир тортаман-у, асфаласофинга жўнатвораман. Қани, газни бос, Нусрат, бос!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...