НЬЮ-ЙОРКДА КОРОНАВИРУС ЮҚТИРГАНЛАР ҲАР 17 ДАҚИҚАДА ЎЛИМ ТОПМОҚДА ЭКАН…

0

 

Ҳозирги пайтга келиб Америка бўйича коронавирусга чалинганлар сони 100 минг нафардан ошиб кетди. «Daily Mail» агентлигининг хабарига кўра Нью-Йорк шаҳрида вирус юқтирганлар ҳар 17 дақиқада ўлим топаётган экан. «Тез ёрдам» чақириш суръати 40 фоизга ошди. Уларга кунига 6, 5 мингтагача қўнғироқ бўляпти. Алоқа линиялари азбаройи бандлигидан жуда кўп одамлар навбат кутишга мажбур бўлмоқда.

Ёнғин хавфсизлиги Департаменти вакиллари фуқароларга мурожаат этиб, фавқулодда вазият юзага келгандагина қўнғироқ қилишни, зудлик билан касалхонага олиб кетилмаса бўлмайдиганларга навбат беришни сўрашмоқда.

Нью-Йорк касалхоналаридан бирининг доктори Стив Кассапидис бу ҳолатни росмана дўзахга менгзади. Унинг айтишича, врачлар коронавирусга чалинганларни қабул қилиб улгурмаяпти.

— Беморларни касалхонага олиб келишади, — деди доктор Кассапидис. — Махсус тиббий ускуналарга улашади. Кейин улар ўлим топади. Мана шу айлана тинимсиз такрорланаверади, такрорланаверади…

Шаҳардаги хусусий клиника врачи Эмад Юссев Нью-Йоркдаги касалхоналар худди ҳарбий госпиталга айланиб қолганини айтиб ўтди.

— Кириш эшигидан то «Тез ёрдам» бўлимигача кислородли ниқоб кийган беморларга тўлиб кетган. Тиббиёт ходимлари махсус ҳимояланиш учун ниқоб ва халатлар, бошқа ускуналар танқислигидан шикоят қилиб чарчашмоқда. Шаҳар ва касалхоналар раҳбарларининг эса парвойи фалак…

«Daily Mail» хабарига қараганда, пайшанба ва жума кунлари Нью-Йоркнинг ўзида коронавирус юқтирганларнинг 85 нафари оламдан ўтибди. Ўлим топганларнинг умумий сони 450 нафарга етган. Америка бўйича вирус юқтирганлар ҳозир 104, 8 минг нафарни ташкил этган.

 

loading...