АЛАМЗАДА… (43-қисм. Охири)

0

 

 

* * *

 

— Нима?..

Севинч кутилмаган таклифни эшитди-ю, ялт этиб Жийронбек акага боқди.

Унинг нигоҳлари сония сайин ўткирлашиб борар, Севинчдан арзирли жавоб кутарди.

— Тушунмадим, — деди Севинч худди бу таклиф қаердандир ташқаридан жаранглаган каби атрофга аланглаб. — Нимадир дедингизми? Ё менга шундай туюлдими?

Жийронбек ака Севинчнинг ҳайрат аралаш аланглай бошлаганини кўриб шошиб қолди. Таклифини такрорлагиси келди, ниманидир исботлашга уриниб, даст ўрнидан турди. Бироқ негадир тили сўзга айланмай каловланиш билан кифояланди. Ҳаяжон орадаги сукунатни чўзилишга мажбур этди. Улар бир муддат ер чизганча тек қолишди. Шунга қарамай, айтилган бир оғиз сўз икки қалбни безовталантириб қўйганди. Юраклар потирлар, қандайдир янгилик, хуш лаҳза зоҳир бўлишини кутишарди.

— Очиғи, ҳеч қачон бунақанги ноқулай вазиятда қолмагандим, — ниҳоят жимликни бузиб сўз бошлади Жийронбек ака. — Ишонсангиз… Ичим дағ-дағ титраб кетяпти.

— Вой, нега? — соддаларча бақрайиб Жийронбек акага тикилди Севинч. — Нима бўлди?

— Билиб туриб билмасликка оласиз-а! Ахир… Ҳалиги… Нимайди?.. Саволим… Йўқ, таклифимга жавоб айтмадингиз-ку!

— Ишонинг, ҳеч нарсага тушунмадим, — деди Севинч киприкларини пирпиратиб. — Агар…

— Севинч, — беихтиёр дадиллашиб, бир қадам олдинга ташлади Жийронбек ака. — Нима десангиз денг, аммо мен шу кунгача фақат бир хаёл билан яшадим. Хаёл десам, нотўғри бўлар, орзу билан, орзу!

Севинч энди ҳаммасини англаб етганди. Жийронбек аканинг нигоҳларида ёввойи олов кўргандек эди. Ҳар бир сўзи самимий эканига шубҳаси қолмаганди. Кутилмаганда шумлиги тутдими, елка қисди. Шу ҳаракати кўнглидаги яширин туйғуларни ошкор қилиб қўйди. У билинар-билинмас энтикди. Лабларида титроқ туриб, қисқа-қисқа йўталиб олди.

— Мен… Сиздан буни кутмагандим, — шивирлади Севинч юзини терс буриб. — У-уялмайсизми?..

Жийронбек ака бу ҳолатини кўриб, янада сергакланди.

— Бунинг нимаси уят? — деди ўзи сезмаган ҳолда муштларини тугиб. — Ахир… Менам эркакман! Бир умр бахтимни изладим. Биринчи турмушимдан ўша бахтни тополмаган, оилада эркаклик ўрним бўлмай яшаган, хўрлик зўр келганда аламимни ишдан олган бўлсам, айбдорманми? Сизни кўрган кунимданоқ тинчимни йўқотган бўлсам, умид қилсам гуноҳми?

Бу самимий изҳор Севинчнинг кўнглидаги энг нозик торларни чертиб ўтганди.

Зўравонни севиб, кўнгил бериб, ардоқлаб, ишониб, ғойибона бўлса-да, суяниб ҳеч қачон илиқ муносабатлар, ўтли севги изҳорларни дилида тугиб кўрмагани сабабми, тўлқинланиб кетди. Сал қурса, йиғлаб юбораёзди. Базўр ўзини босиб, лаб тишлади.

Аслида бутун вужуди билан Жийронбек акага ҳайрихоҳ эди. Икки оғиз гапини эшитгандаёқ ўтмиши қанчалар аянчли кечганини тушунган, қалбидаги ўтмиш зардобларини чуқур ҳис эта бошлаганди. Жийронбек акадан ҳеч қачон ёмонлик кўрмаслигига қаттиқ ишонарди. Афсуски, буларнинг ўзи камлик қилишига ҳам ақли етарди. Дунёда ачиниш, тушунишдан бўлак андиша, ҳаё деган туйғулар борлиги, ўзи шу туйғуларга бегона эмаслигини биларди. Қолаверса, кўнглининг бир четида жажжигина орзу ҳам йўқ эмасди. Севинч айни шу эркак билан ораларида қайноқ муҳаббат пайдо бўлишини, севиш-севилиш ростакамига ёввойи кечишини хоҳларди. Шу баҳонада Толибни бутунлай унутишни, ўша даҳшатли хаёллардан жуда-жуда йироқ бўлишни истарди.

Севинч индамади. Оғзини шойи рўмоли чети билан ёпган кўйи ошхонага чиқиб кетди.

— Мен кутиб чарчамайман, — деди йўлакдан туриб Жийронбек ака. — Мени ёмон кўрманг, қарғаманг, ёлвораман! Ишонтириб айтаман, умримнинг охиригача сизни деб яшайман, сочингизнинг битта толаси тўкилишига йўл қўймайман! Номусингизни тиш-тирноғим билан ҳимоя қиламан, сизга суянаман, сиз билан фахрланаман, сизни ардоқлайман!..

Ташқари эшик ёпилди. Подъездда Жийронбек аканинг қадам товушлари тобора узоқлаша борди.

Шундан кейингина Севинч ортга қайтиб, эшикни ичкаридан қулфлади ва югурганча ётоққа кириб каравотга ўзини ташлади.

Ёстиққа бош қўйгани ҳамоно уни хаёллар ўз домига тортиб кетди. Меҳрга, эътибор ва муҳаббатга ташна юраги энтика-энтика, ўзи сезмаган, идрок этмаган ҳолда хаёлан орзулар водийсига ташриф буюрди. Бу водийда манзара кўзни қамаштиргулик даражада нафис эди. Қалбда фақат умид уйғотувчи боғдаги ранг-баранг гуллар сокин чайқалар, ифори кўнгилга фақат илиқлик, ҳаяжон ҳадя этарди. Бундай афсоналарга бой водийга қадам қўйиб ўрганмаган Севинчнинг қувончдан сакраб-сакраб ўйнагиси, минг азобда топилган бахтини ҳатто водийдаги сайроқи қушларгача кўз-кўз қилгиси келарди.

«Наҳотки, азалий армонларим ушаладиган бўлди? — ўйларди у. — Худойим, Жийронбек аканинг таклифи ғалати бўлди-ку! Сираям кутмагандим. Етти ухлаб тушимга кирмаган, ўлай агар. Энди нима қиламан? Бу одамни акамдай ҳурмат қилардим, ҳатто, ҳайиқардим. У бўлса, томдан тараша тушгандай севги изҳор қилиб ўтирса-я!.. Лекин, барибир бошқача бўларкан. Сесканавериб, қўрқавериб ўлай дедим-а! Қизиқ, турмуш қурсак қандай бўларкин-а? Бир уйда яшашни тасаввур ҳам қила олмаяпман. Тўхта, Жийронбек ака мендан анча катта-ку! Кўрганлар, билганлар, таниганлар нима дейди? Гап-сўз қилиб юборишмасмикан? Қўллари билан фақат мени кўрсатишмасмикан? «Ўла-а, эрсираб қолибди, шунинг учун ўзидан шунча катта одамга тегволди» дейишмасмикан? Э, нима бўпти? Ўзим ҳам фариштамидим? Ўтмишимни кўз олдимга келтирсам, ҳалиям ўзимдан ўзим нафратланиб кетаман. Йўл қўйган хатоларим… Йўқ, мен ноз қилишга, эр танлашга ҳақли эмасман. Бунинг ўрнига фахрланишим, кутилмаган бахтимдан айланиб-ўргилишим керак. Қишлоғимдагилар, қариндошлар кўришсин. Менам кўчада қолиб кетмаганимни, қувнаганларим, хандон отиб кулганларимни томоша қилишсин. Эссиз, дадамниям пешонасида йўғакан. Худди шу бугунги мамнун лаҳзаларимни кўролмай ўлиб кетди. Ногирон бўлиб қолгандан бери бир оғиз сўзини эшитолмай армонда қолавердим-а! У дунёда гапирармикан? Ўз оёқлари билан юрармикан? Жинниманми ўзи? Руҳлар учиб юради дейишарди-ку! Шунгаям ақлим етмади-я! Қайданам етсин? Унақанги нарсаларни тушуниш учун идрок керак. Мен-чи?.. Майли, чалғишни хоҳламайман. Жийронбек ака мард одам. Бунга шубҳам йўқ. Қандай аҳволга тушмайин, чидайман, кўникаман. Худойим, сенга сўз бераман, агар орзуларим ушалса, ҳеч қачон сенинг измингдан чиқмайман, ғазабингни келтирмайман! Ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам чин дилдан тавба қиламан. Кечиролсанг, ўтмиш хатоларимни кечиргин!..»

Орзулар водийсининг оҳанрабоси шу қадар кучли эканки, Севинч бу водийни хаёлан кеза-кеза, охири ухлаб қолди.

Тонг ҳам муродбахш кечди. Анча йиллардан бери ширин туш кўрмаганди. Севинч қайсидир шаҳарда яқин дугоналари билан бирга кўча кезар, эгнига оппоқ ҳарир либос кийиб олганмиш. Ҳамманинг кўзи фақат унда эмиш.

Ҳали юз-қўлини ювиб, газга чой қўйиб улгурмай, ташқари эшик тақиллади.

Сезди. Бу Жийронбек ака. Эшик олдига бориб «ҳозир» деди-ю, югурганча ётоққа кирди ва эгнига ўзи яхши кўрган кўйлагини кийди. Шоша-пиша сочларини тўғрилаган бўлди. Сўнгра кўзгуга яна бир карра қараб олиб, қўрқа-писа йўлакка чиқди. Бир муддат «очсамми-очмасамми» деган ўйда иккиланиб турди. Барибир очмаса бўлмаслигини билиб, оҳиста калитни буради. Ҳақиқатан, остонада Жийронбек ака қўлида чиройли гулдаста билан жилмайиб турарди.

— Бу сизга, — деди у гулдастани Севинчга узатаркан. — Илтимос, олинг!

— Й-йўқ, ололмайман, — дея ортга тисланди Севинч.

Шундай дейишга деди-ю, ўзини ёмон кўриб кетди. Ахир, ичида жон деб турарди. Бир-биридан ажойиб атиргулларни кўргандаёқ қувончдан тўкилиб бўлганди. Ҳеч қачон бировдан совғага гул олмагани учун аллақачон шодликларнинг еттинчи осмонида парвоз қила бошлаганди. Хайриятки, Жийронбек аканинг ўзи вазиятни юмшатди.

— Агар олмасангиз, ҳозироқ балконга чиқиб пастга ирғитаман!

Шундан кейингина Севинч ер чизган кўйи дув қизариб гулдастани олди ва Жийронбек акага йўл бўшатди.

— Хўш, ўйлаб кўрдингизми? — сўради Жийронбек ака залга киришгач, Севинчга ер остидан маъноли боқиб. — Ҳалиги… Таклифимни айтаман…

— Б-билмасам, — жавоб қилди Севинч тутилиб. — Унақа…

Жийронбек ака унинг чайнала бошлаганини ризолик аломатига йўйди. Бош қашиганча киссасидан бир парча оппоқ қоғоз чиқарди.

— Мабодо уялаётган бўлсангиз, ётоғингизга кириб ўқий қолинг, — деди у қоғозга ишора қилиб. — Нима десам экан?.. Сизга айтолмаганларимни шу қоғозга туширгандим. Мен… Кутаман…

Севинч қўлига қоғозни олиб итоат билан ётоққа ўтди-да, эшикни ичкаридан тамбалаб олди. Шу лаҳзаларда қалбидаги ҳаяжон юз чандон ортиб, кўзлари чақнарди.

«О, менинг муҳаббат осмонимдаги чақноқ юлдузим, севгилим, бахтимнинг олтин тахти! — деган жумлалар билан бошланганди мактуб. — Қўнғироқдек жарангдор ва ёқимли овозингизни илк бор яқиндан эшитганимдаёқ севиб қолишим муқаррарлигини ҳис этгандим. Товушингизда бир олам файз зоҳир эди. Кечадан бери баҳор насими каби беғубор нигоҳларингизни ўйларканман, сиз билан учраштиргани учун яратганга беадад шукр қилдим. Негаки, мен ҳам бу ёруғ оламни худди йўл топа олмай ҳалак бир сўқир каби дарбадар кезардим. Хаёлларим, тасаввурларим торайгандан торайиб борарди. Кечаётган ҳар куним қур-қур зиндон янглиғ қалбимни эзарди. Тутаётган ишларимнинг тўғри-нотўғрилигини англай олмай азобланардим. Кеча сизга таваккал дил изҳоримни тўкиб солгач, алламаҳалгача уйқум келмади. Тотли орзулар уммонига шўнғидим ва ҳаётимда илк бор шу уммон бағрида хотиржам уйқуга кетдим. Умидворингиз Жийронбек.»

Севинч мактубни ўқиб бўлгач, ўзи учун айни паллада жуда-жуда қимматли нарсага айланиб қолган қоғозни юзларига босди. Кўзлари намланди. Азбаройи қувонганидан қичқириб юбораёзди. Аммо дарров ўзини қўлга олиб, кўз ёшларини енгига артди-да, оҳиста ётоқдан чиқди.

— Хўш, ўқидингизми? — ҳовлиқиб сўради Жийронбек ака. — Х-хафа бўлмадингизми ишқилиб?

— Йўқ, — деди зўрға Севинч ер чизиб. — Хафа бўлмадим.

— Унда… Нима дейсиз, Севинч? Илтимос, мени кўп қийнаманг! Ҳозир… Ишонсангиз, қаршингизда турибман-у, юрагим ёрилиб кетай деяпти. Бир нарса денг!

Севинч бу сафар ҳам сукут сақлашдан нарига ўта олмади. Жавобини айтгиси келди. Айтиш учун бир неча марта чоғланди ҳам. Бироқ дилидагини тилига кўчира билмади. Овчининг таъқибидан ими-жимида халос бўлишга шайланган ҳуркак оҳу каби қимтинибгина ортга ўгирилди-ю, ошхона томонга юрди.

— Ҳа-а, тушундим. Демак, рози эмассиз! Мени севмайсиз! На илож? Зорим бор, зўрим йўқ! Майли, кета қоламан! Яхши-ёмон гаплар гапириб, кўнглингизга озор берган бўлсам, узр! Омон бўлинг!

— Йў-ўқ, тўхтанг! — Севинч Жийронбек аканинг кетишга чоғланганини кўриб жонҳолатда олдинга талпинди. Лекин шу заҳоти боши қайтадан эгилиб, лаблари титрай бошлади.

— Ахир… — дея тутила-тутила Севинчга яқинлашди Жийронбек ака. — Мен…

— Тушунинг, — деди Севинч боши баттар эгилиб. — Мен… Агар рози бўлсангиз, қоғозга ёзиб бераман. Тилим билан… Айтолмайман.

— Майли-и, — ҳовлиқиб жавоб қилди Жийронбек ака. — Розиман! Ёзиб бераверинг!

Шу гапдан кейин Севинч ҳаяжондан қоқилиб тушмаслик ниятида эҳтиёткорлик билан юриб ётоғига кирди. Тумбочка устида бир варақ қоғоз ва ручка ётарди. Қоғозга фақатгина «Розиман» деган жумлани битиб, дарҳол ортга қайтди ва Жийронбек акага тутқазди. Тутқазди-ю, унинг қаршисида туришга бети чидамай, балконга ўтиб кетди. Эшикка яқин бориб, тутқичга қўл чўзганди, Жийронбек аканинг ҳайқириғи тўхтатди.

— Раҳма-ат, Севинч! Ишонардим, кутгандим, билгандим! Илтимос, уялманг! Ахир, мен бегона эмасман!..

Шу сўзларни айтиб, Жийронбек ака Севинчга жуда яқин келди-да, икки елкасидан тутди.

Бу ҳолат икки жусса, қалбни яқинлаштириши шарт эди. Ўша лаҳзаларни Жийронбек аканинг ўзи тезлаштирди. У таваккал Севинчни ўзи томон қаратди-ю, маҳкам қучиб олди.

 

* * *

 

Ёввойи муҳаббатнинг ҳақиқатпараст онлари қайсар-у худбин бўлади. Улар эркак ва аёл орасидаги қалин пардани қандай бўлмасин кўтариб, фақат нозик, нафис, юпқа пардаларнигина ёпиқ қолдиришади. Бу пардалар ҳамиша эркак ҳамда аёлнинг ўзидан бўлак ҳеч ким билиши зарур бўлмаган сир-синоатларини беркитиб туради. Хуллас, Жийронбек ака-ю Севинчни бир-бирларидан айро этиб турган ўша қалин парда қайноқ бўсалар туфайли кўтарилди. Севинч орадан ярим соатча вақт ўтиб, Жийронбек аканинг хушомадлари, эркалашларига кўниккандай бўлди. Энди боягидек боши эгилиб кетавермади, юзлари дув қизармади, камон ёйи каби узун киприклари пирпирайвермади.

— Энди… Агар қарши бўлмасангиз, яна бир таклиф айтсам, — сўз бошлади Жийронбек ака қур-қур ўртада ҳукм сура бошлаган сукунат деворини бузиб. — Майлими?

— Майли, — деди Севинч ер остидан Жийронбек акага жилмайиш аралаш қараб қўйиб. — Айтаверинг!

— Қишлоғингизга борсак, тўйни ўша ерда ўтказсак. Ҳарқалай, ота-онангизнинг руҳи шод бўлармиди дейман-да! Қолаверса, қариндош-уруғ, ҳамқишлоқлар дегандай…

— Яхши бўларди! Уёқдагилар мен ҳақимда не гап-сўзларни қалаштириб юришгандир ҳойнаҳой. Ўзимнингам тилагим шундай.

— Унақанги гап-сўзларга эътибор берманг, Севинч! Мен бораканман, ҳеч ким сизни ёмонотлиқ қила олмайди.

— Биламан.

— Унда эртагаёқ жўнай қолайлик-а?

— Б-бозор-чи? Бозор нима бўлади?

— Бозордан хавотир олманг! Айтдим-ку, Жасурингиз ҳозир мулла минган эшакдай ювош тортиб қолган. Ўзингизам кўрдингиз. Оёқ-қўли чаққон. Қараб туради. Келганимиздан кейин яна кўрамиз. Ҳар ҳолда сиз бозор-ўчарни буёғига ўйламасангизам бўлади. Ўзимга қўйиб бераверинг!

— Сиз нима десангиз шу-да!

— Дарвоқе, ҳозироқ кийининг! Бир жойга бормасак бўлмайди!

— Вой, қаерга? Тинчликми?

— Дўконга, Севинч, дўконга! Ният қилгандим, сал бўлмаса эсимдан чиқай дебди. Қишлоққа худди маликалардай боришингиз керак.

— Ҳозир маликалардай эмасманми? — ҳазиллашган бўлди Севинч кулиб. — Яхшилаб қаранг!

— Ҳозирги туришингизгаям манаман деган малика ҳавас қилса арзийди. Локигин, тушунинг, мениям орзу-ҳавасларим бор. Шуларни рўёбга чиқарай дейман. Илтимос, борайлик дўконга! Бусиз сира иложи йўқ.

— Бўпти, қўймасакансиз-да! Ҳозир кийиниб чиқаман!

Севинч янги, наздидаги мустаҳкамдан-мустаҳкам бахт оташида ёниб, пилдираганча ётоғига йўл олди.

Куз Севинчнинг она қишлоғидаги дарахтлар япроқларини ҳам сарғайтириб, ариқ бўйларига ўзгача сокинлик улашибди. Ариқ суви камайибди. Севинч шилдирабгина оқаётган ариқ сувига машина ойнасидан маъюс боқаркан, алами келди. Қачонлардир отаси раҳматли мироблигида бу ариқ сувга тўлиб тошарди. Сув сероблигидан қўни-қўшнилар ҳеч қачон томорқа суғориш масаласида бир-бирлари билан жанжаллашишмасди. Чунки кўз очиб юмгунча бировининг томорқаси қонар, дарров кейинги қўшни сувни ўзи тарафга буриб олаверарди.

— Юринг, уйгача пиёда борамиз, — деди кутилмаганда Севинч Жийронбек акага юзланиб. — Фақат йўқ деманг! Кўряпсизми, қўшни қиз-жувонлар мўралай бошлашди. Кўриб бир кўзлари куйсин!

— Гап йўқ, — деди Жийронбек ака меҳр билан Севинчнинг сочларини силаб. — Манави кўйлагингизни, тилла тақинчоқларингизни, ҳуснингизни кўриб қўйишсин! Билол, тўхтат машинани! Сен орқамиздан секи-ин боравер! Биз пиёда кетамиз!

Бу манзара энди ростакамига кўзлларни қамаштиргулик даражада ажойиб эди. Тўртта серсавлат қора «Волга» уларнинг кетидан ғилдираб борар, ўзлари эса шошилмасдан қадам ташлашарди.

— Вой, анави келаётган ўзимизнинг Севинчми? — бир-бирларидан сўрашарди қиз-жувонлар машиналарга ҳавас билан боқиб.

— Ҳа, худди ўзи, — дерди бошқаси. — Ёнидаги эркак ким экан? Жа барваста одамакан.

— Қуриб кетсин, карқуноқдан булбул чиқибди-да! — норози қўл силтаб юзларини терс буриб қўйишарди кампирлар. — Отаси, энаси ким эди-ю, боласи ким бўларди? Уялмай бегона эркак билан етаклашиб келишини қаранглар!

— Ие, ундай деманг, қўшни! Балки эридир? Қаердан биласиз?

— Эри бўлса-чи, қишлоқда дабдабали тўй қилмайдими? Ана ундан кейин менга деса қучоқлашиб юрмайдими? Номусам қолмабди-да ҳозиргиларда! Қанд бормикан қишлоққа шу тахлит келиб? Юравермайдими ўша шаҳарида? Бети қурсин!

— Қаранглар! — бўй йигитлар қатор машиналарни кўрсатиб бир-бирларини туртишарди. — Менинг тоғамдаям худди шунақасидан бор. Зўр машина-да!

— Э, опқочма! Тоғанг бор йўғи дўкончи бўлса! Бунақа машиналар-чи, фақат каттаконларда бўлади! Каттаконларнинг бари шаҳарда яшайди, овсар!

— Раҳматли мироб яхши одамийди, — дейишарди оппоқ соқолларини тутамлаб қариялар. — Севинчхонни кўр, ажойиб қиз бўпти!

— Қурмағур мироб жа ичидан пишган экан-а? Уйини қара, аллакимлар келиб бошқатдан данғиллама ҳовли қуриб кетишди.

— Шаҳарда бекорга юрмаганакан-да! Ҳойнаҳой хазина топволиб, ҳеч ким билмайдиган ерга кўмиб кетган бўлса керак.

— Қанақа хазина? Эсингдан чиқдими? Қандайдир каллакесарни етаклаб келувди. Ўша ўғри, қароқчи ўртоқларидан улуш олиб бергандир. Хазина отлиққа йўғ-у, миробга йўл бўлсин!?.

— Ўша каллакесариям йўқ бўлиб кетди-я? Ё мироб иккаласини унданам зўрроғи чиқиб ҳалигидай…

— Секи-ин? Деворниям қулоғи бор. Ўзи-чи, қариб миянгиз суюлиб қопти. Қамалиб кетган деб эшитдим ўша зўравонни. Жа кўп одамни ўлдирворганакан-да ярамас!..

— Вой, эгнидаги кўйлагини қаранглар! — ўзаро шивир-шивир қиларди келинлар. — Ялтирашини-и! Танлаб-танлаб олибди-да Севинч!

— Ҳа, «парча»йкан матиряли. Бозорда жудаям қимматлашиб кетганмиш.

— Ўлсин, менам тўйдан олдин шу «парча»дан сарпога қўшишсин девдим, қайнонам хоҳламабди. «Келгандан кейин ўзи ишлаб олсин «парча» кийиш нияти бўлса» деганмиш, зиқна.

— Қайнонангизнинг ўзи кийволибди-ку! Куни кеча фалончининг тўйида кўрувдим. Ҳаммага кўз-кўз қилиб керилиб ўтирганакан.

— Кияди-да! Биз олай десак, дарров ўғлига чақади. Мингта бўлар-бўлмас гапни гапириб йўлдан уради.

— Қуриб кетсин шунақа қайноналар. Қачон ўзимиз қайнона бўларканмиз-а?

— Мен қайнона бўлсам, келинимга энг охирги модадаги матиряллардан сарпо қилиб бераман.

— Ҳа-а, кўрамиз!

— Вой, қаранглар, Севинчхон биз билан сўрашишга келяпти!..

Севинч барча қишлоқдошлари билан йиғлаб-йиғлаб кўришди. Сўнгра барчаларини эргаштирганча ота ҳовлисига йўл олди.

 

* * *

 

… Орадан тўққиз ой ўтди. Ёз жазиллаб, ўт-ўланни қуритиш ҳаракатида ёнарди. Шундай кунларнинг бирида Севинч ой-куни яқинлашганини ҳис этди. Олдинига оғриқлар ора-сирада пайдо бўлди. Кейин эса белини бир тутамлади-ю, қўйиб юбормади. Севинч аранг юриб бориб Жийронбек акага қўнғироқ қилди. Шу орада дод солишдан тийилди. Дард ҳам пасанда бўлган каби ҳийла енгиллашди. Аммо бир неча дақиқадан сўнг баттар кучая борди. Севинчни дод-вой исканжасида Жийронбек аканинг ўзи туғруқхонага олиб кетди.

— Мен… Бахтиёрман, хўжайин, — дерди ҳарсиллаб у. — Худо хоҳласа, ҳаммаси сиз хоҳлагандек бўлади. Сиз албатта ўғилли бўласиз.

— Сен ўзингни бўш қўй, — дея уни тинчлантиришга уринарди Жийронбек ака. — Ҳаммаси яхши бўлади! Фақат қўрқма! Мен дўхтирларга тайинлаб қўйганман! Сен саломат бўлсанг бас!

— Мени ҳалиям яхши кўрасизми?

— Жиннивой-ей, албатта яхши кўраман! Худо хоҳласа, фарзандимиз дунёга келса, сизларни кафтимда кўтариб яшайман, жоним!

— Ҳеч қачон ёмон кўриб қолмайсиз-а?

— Йўқ, ҳеч қачон!..

Жийронбек ака туғруқхона биноси ёнида бир соатга яқин ўтириб қолди. Ҳадеганда ҳамширалар хушхабар олиб чиқмас, шу сабабли у баттар хуноби ортиб, кетма-кет сигарет тутатарди.

Бир маҳал эшик очилиб, негадир бош врачнинг ўзи ташқарига чиқди ва тўғри Жийронбек ака томон юрди.

— Тинчликми, дўхтир? Севинч яхшими? Эсон-омон қутулволдими? — саволларни қаторасига ёғдириб ташлади Жийронбек ака. — Нега индамайсиз?

— Ока, кечирасиз-у, — бош эгиб сўз бошлади врач. — Аммо биз қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик.

— Т-тушунмадим! Бу нима деганингиз?

— Бола соғлом туғилди. Ўғил экан.

— Ўзи-чи ўзи?

Врач муштларини тугиб бир неча ўн сония тек турди-да, Жийронбек аканинг икки елкасидан тутди.

— Севинчхоннинг ўзини… Афсуски, сақлаб қололмадик. Кўп қон йўқотиб…

— Нима? Ўйлаб гапиряпсизми? Нимага-а?..

— Худо сабр берсин, ока! Биздан хафа бўлманг!..

— Йў-ўқ!!!

Жийронбек ака талваса аралаш врачни итариб юборди-да, туғруқхона ичкарисига чопди.

Бахтга қарши ғишт қолипдан кўчганди. Севинч ҳақиқатан оламдан ўтибди. Фақат Жийронбек акага икки оғиз жумла битилган мактуб қолдирибди.

«Дадаси, орзунгиз ушалди, сиз ўғилли бўлдингиз. Уни эҳтиёт қилинг! Мендан рози бўлинг!»

Жийронбек ака икки соат деганда Севинчнинг жасадини касалхонадан олиб чиқди.

Машинада кетиб борарди-ю, кўз ёшларини тия олмас, фақат хотинининг сўнгги мактубига тикиларди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...