АҚШда коронавирусни безгакка қарши дорилар билан даволашга рухсат берилди

0

АҚШнинг Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари сифати бўйича санитария назорати бошқармаси (Food and Drug Administration — FDA) безгакка қарши гидроксихлорохин ва хлорохин препаратларидан коронавирусга чалинган беморларни даволашда фойдаланишга фавқулодда рухсат берди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Ушбу дори-дармонлар шифокорлар клиник синовлар мумкин бўлмаган ёки имконсиз бўлган ҳолатларда шароитга қараб, COVID-19 билан касалхонага ётқизилган ўспиринлар ва катта ёшли беморларни даволаш учун давлат стратегик захирасидан штатларга тарқатилади», — дейилади FDA хабарида.

АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги маълумотларига кўра, гидроксихлорохин ва хлорохин безгакка қарши препаратлар ҳисобланади.

«Ҳозирги кунда COVID-19’ни даволашнинг тасдиқланган усуллари йўқ бўлса ҳам ҳар иккала препарат лаборатория тадқиқотларида коронавирусларни, шу жумладан, COVID-19’ни даволашда самарали эканлигини кўрсатди», — деб айтилган вазирлик хабарида, шу билан бирга, ушбу даволаш усулларининг самарадорлигини илмий исботлаш учун клиник тадқиқотлар зарурлиги таъкидланган.

The Washington Post эса ушбу препаратлар етарли равишда синовдан ўтказилмаганини, мутахасcислар унинг кўплаб салбий таъсирларидан огоҳлантираётганини айтиб ўтган. Мутахасcисларнинг фикрича, юрак касаллиги бўлган беморлар, шунингдек, юрак уришига таъсир ўтказувчи антидепрессантларни қабул қиладиган одамларда ушбу препаратларни қабул қилиш ўлим билан якунланиши эҳтимоли бор.

Бундан ташқари, уларни узоқ вақт қабул қилиш ретинопатия — кўз тўр пардасида қон айланишининг бузилиши оқибатида кўриш қобилиятининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда бўлиб турибди. Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 164 минг кишидан, вафот этганлар сони эса 3,1 минг кишидан ошди.

Аввалроқ АҚШда COVID-19 коронавирусига қарши вакцина ишлаб чиқиш бўйича клиник синовлар бошлангани, вакцина Вашингтондаги Саломатлик миллий институти томонидан ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Британиядаги hVIVO тадқиқот гуруҳининг коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва шунга ўхшаш вирусни юқтириш дастурида иштирок этишга 20 мингдан ортиқ одам рози бўлган.

Манба: Daryo.uz

loading...