Facebook Бразилия президентининг карантинга амал қилмаслик ҳақидаги видеосини ўчириб ташлади

0

Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари коронавирус тарқалишига қарши чораларга кўр-кўрона амал қилмаётган Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг видеоларини дезинформация сабабли ўчириб ташлади. Бу ҳақда Folha de São Paulo нашри хабар бермоқда.

«РИА Новости»нинг ёзишича, якшанба куни президент Twitterга бир нечта видео жойлаштирган бўлиб, унда Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган ижтимоий масофаланиш қоидаларига намойишкорона риоя қилмаган. Бразилия пойтахти кўчаларида ўз тарафдорлари билан яқин туриб гаплашган ва иқтисодиётнинг қулашига йўл қўймаслик учун карантинга кетмасдан ишлашда давом этишга чақирган. Кейинчалик бу хабар Twitterдан ўчириб ташланган.

«Биз Facebook ва Instagramдан дезинформацияга йўл қўймайдиган жамиятимиз нормаларини бузадиган, одамларга ҳақиқий зарар етказиши мумкин бўлган контентни ўчириб ташладик», — дейилади Facebook хабарида.

Болсонару пандемия бошланганидан буён иқтисодиёт учун жиддий таҳдид, деб бир неча бор карантинга қарши чиққан. Унинг фикри штатлар ва шаҳарларда мустақил равишда қатъий карантин чораларини жорий этаётган бир қатор губернаторлар қарашларига зиддир. Мухолифот коронавирус билан боғлиқ вазиятни жиддий қабул қилишдан бош тортган президентнинг истеъфосини талаб қилган.

Daryo.uz

loading...