КАРАНТИН: нега фуқароларимиз кўникиб қолган одатларидан воз кеча олмаяпти?

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2020 йилнинг 11 март куни коронавирус – Covid-19 дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани, касаллик тез юқишини инобатга олган ҳолда “пандемия” деб эълон қилди. Бинобарин пандемия янги касалликнинг дунё бўйлаб тарқалишини англатади ҳамда у умумий характерга эга бўлиб, катта популяцияланган ҳолда бутун дунё аҳолисининг катта қисмига таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг 30 март ҳолатига кўра, дунёда вирус юқтирганлар 722 435 нафарга етди. Уларнинг 34 минг нафари вафот этган, 151 991 нафари касалликдан фориғ бўлган.

Ҳар куни дунёда ва мамлакатимизда коронавирус касаллигининг дунё бўйлаб тарқалиши ҳамда унинг олини олишга қаратилган кескин чоралар кўриб борилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда бу борада ўрнатилган чеклов ва кучайтирилган тартиб-қоидаларни негадир барча фуқароларимиз ҳам жиддий қабул қила олмаяпти ва ўзларининг ўтган муддатлар давомида кўникиб қолган одатларидан воз кеча олмаяптилар. Хўш, агар ушбу тақиқ ва чекловлар бузилса, нима бўлади?

Фуқароларнинг содир этган хатти-ҳаракати натижасида келиб чиққан ва келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларнинг оғирлигига қараб, қонунчиликда бундай қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Хусусан, агар шахснинг карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз юрганлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) биринчи қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима (1 млн. 115 минг сўм) солишга сабаб бўлади. Шу ерда инобатга олиш керакки, фуқароларнинг тиббиёт ниқобларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслиги ҳам мазкур нормага асосан жавобгарликни келтириб чиқаради.

Айтиш жоизки, одамларнинг потенциал йиғилиши ёки бўлиши мумкин бўлган ҳудуд ёки майдонлар жамоат жойлари деб тан олиниши мумкин. Бунда стационар савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари, кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, кўрик ва кўргазма заллари ҳамда оммавий дам олиш учун ёпиқ иншоотлар, клублар, дискотекалар, компьютер заллари, Интернет хизматлари кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёхуд бошқа кўнгилочар жойлар, музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар, маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездлар, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонлари, дарё кемалари, шаҳар, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобуслар, таксилар, йўналишли таксилар ҳамда шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари, ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бинолари, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, иш жойлари бўлган хоналар, кўп квартирали уйларнинг йўлаклари, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончалари, хиёбонлар, боғлар, кўчалар ва бошқа шу каби жойлар жамоат жойлари ҳисобланади.

Шунингдек, фуқаролар томонидан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидалар бузилса, бундай қилмиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (4 млн. 460 минг сўмдан 6 млн. 690 минг сўмгача), агарда бу каби қоидалар мансабдор шахслар томонидан бузилса, уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда (6 млн. 690 минг сўмдан 11 млн. 150 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Хусусан, шахс махсус комиссия белгилаб берган тартибдан ташқари шахсий транспорт воситасини бошқариши, фуқароларнинг зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари) уйидан ташқарига чиқиши, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланиши (бу тақиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди), республика ҳудудидаги кўнгилочар объектлар, шу жумладан ресторан, кафе, ошхона, чойхона, сингари тадбиркорлик субъектлари (уйга етказиб бериш хизмати бундан мустасно) мамлакатдаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунига қадар фаолиятини тўхтатмасдан давом эттириши ва бошқа шу каби тақиқлар жумласига киради.

Бундан ташқари, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик каби қилмишларнинг содир этилиш ҳам мазкур норма (МЖТК 54-м. 2-қ.) бўйича маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Бинобарин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 29-2-моддасига (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш) асосан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.

Агарда юқорида таъкидланган қилмишларнинг содир этилиши одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, бундай қилмиш Жиноят кодексининг 257-1-моддасининг (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) биринчи қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқариб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда
(11 млн. 150 минг сўмдан 22 млн. 300 минг сўмгача) жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлади.

Бунда оммавий касалланиш деганда, маълум бир ҳудуддаги кўп сонли кишиларнинг бир вақтнинг ўзида ёхуд оралиғи унча катта бўлмаган вақт орасида касалланиши тушунилади.

Одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфи пайдо бўлиши деганда эса, инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликларни бошқа шахсга ўтиши мумкин бўлган шароитни яратиш тушунилади. Бундай шароит коронавирус инфекцияси аниқланган шахсларнинг изоляцияга олинмаган ҳолда эркин ҳаракатланиши натижасида келиб чиқиши мумкин. Масалан, коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахснинг карантинга олинган жойдан (провизор госпитал ёки изолятордан) қочиши ёхуд уй карантинида сақланаётган шахснинг уйини тарк этиши билан боғлиқ қилмишлар Жиноят кодексининг 2571-моддаси биринчи қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради.

Карантин деганда, маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуи тушунилади.

Айтиш керакки, санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши кураш қоидалари аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, инсоннинг қулай яшаш муҳитига эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда у билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларини ва уларни амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлайди.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларининг ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларининг бузилиши одам ўлишига сабаб бўлган ҳолларда, айбдорнинг қилмиши Жиноят кодекси 257-1-моддасининг иккинчи қисми бўйича икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Худди шундай қилмишлар одамларнинг ўлишига сабаб бўлган тақдирда қилмиш ушбу модданинг учинчи қисми бўйича етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлади.

Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган карантин қоидалари қўлланилган шахслар бўлиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган “Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 3-боби талабларига кўра карантин коронавирус инфекцияси аниқланган шахсларга ҳамда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Мазкур вирус тарқалишини ижтимоий хавфи жуда ҳам юқори, чунки у биринчидан янги, ушбу тоифадаги вируслар оиласининг ўрганилмаган турига киради. Ҳар қандай янги вируснинг биз оқибатларини қандай тугаши ва бундан кейин ўзини қандай тутишини билмаймиз. Иммунитетимиз у билан ҳали таниш эмас, шунинг учун у организмга кўпроқ тажовузкор таъсир қилади ва кутилмаган турли асоратларни келтириб чиқаради.

Иккинчидан хавфли, чунки у тез тарқалади, ушбу вирус жуда юқумли ҳамда узоқ (14 кун) инкубатция даврига эга. Шунинг ҳисобига зарарланган одам узоқ вақт бошқа одамларга ушбу вирусни юқтириши мумкин, ҳар бир одамдан ўнлаб кишига вирус юқиши мумкин.

Учинчидан, бу вирус кекса ёшдагилар ва иммунитети паст бўлган ҳамда оғир сурункали касалликларга чалинган одамлар учун хавфли ҳисобланади.

Тўртинчидан, бундан келиб чиқадиган иқтисодий муаммолар юқори ҳисобланади. Касалликни юқтиришнинг бундай юқори даражаси қатъий карантин чораларини талаб қилади, бу эса ишлаб чиқариш ва бошқа ҳар қандай фаолиятни тўхтатишга олиб келади.

Бешинчидан, коронавирусдан ўлим даражаси ҳар куни ортиб бормоқда. Унутмаслигимиз керак, дунё бўйлаб карантин чоралари туфайли коронавирусдан ўлим даражаси камаймоқда.

Шу сабабли ҳурматли фуқаролар карантин қоидаларига риоя қилайлик.

Аброржон​ Отажонов, Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор

ЎзА

loading...