Халқ бирлиги коронавирусга қарши курашнинг асосидир

1

Шу кунларда  O‘zLiDeP фракцияси депутатлик  корпуси фаолияти якунларини умумлаштириш бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда  қабул қилинаётган чора тадбирлар аҳоли томонидан  қўллаб қувватланаяпти ва ижобий баҳоланаяпти. Бунда видеоселектор йиғилиши якунларини алоҳида қайд этиш мумкин. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича  мурожаат қилди.

Мазкур тадбирда  коронавирус инфекциясинингг тарқалишига йўл қўймаслик  ва унга чалинган беморларни даволашда барча куч ва воситаларни сафарбар қилишга йўналтирилган аҳолини  ижтимоий ва тиббий  муҳофаза қилишни  кучайтириш бўйича  аниқ ва қўшимча  чора тадбирлар белгилаб берилди. Масалан, Тошкент вилоятининг  Ўртачирчиқ туманида  карантинга жойлаштирилган  фуқароларга  самарали ва малакали  тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини  анча ошириш имконини берадиган   10 минг ўринлик  карантин зонаси қурилишининг якунланиши  ҳам мазкур ишларнинг нечоғлик кенг қамровлилигидан далолатдир. Шунингдек,  вилоятда  5 минг ўринли иккита юқумли касалликлар  шифохонаси ҳам барпо этилмоқда, унинг минг ўринга мўлжалланган биринчи блоки фойдаланишга топширилмоқда.

Бундан ташқари фуқароларимиз саломатлигини таъминлаш, касалликка чалинишини олдини олиш, айни кундаги муҳим амалий чора тадбирлар сифатида 300 минг дона экспресс-тестлар ва 500 та  сунъий  нафас олиш  аппаратлари харид қилинади,  вирус тарқалиш хавфи юқори бўлган аҳоли пунктларида ихчам лабораториялар  ташкиллаштирилади. Шифокорларга  амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг малакасини ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш, тиббий ниқоблар  ишлаб чиқариш кунлик ҳажмини 5 миллион донагача етказиш  бўйича  топшириқлар берилди.

Хорижий тажриба шуни кўрсатдики, айнан ана шундай ёндашув Жанубий Корея ва Сингапурга  вируснинг тарқалишини назоратга олиш имконини берди. Хусусан, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган баҳосига кўра,  Жанубий Корея ва Сингапур коронавируснинг тарқалишига қарши курашда  намуна бўлди. Ушбу мамлакатларда касаллик ўчоғи аниқланиши билан улар уни  чеклашди, тест синовларини ўтказиб, анъанавий эпидемиологик қоидалардан фойдаландилар. Шунингдек, Жанубий Корея жамиятда юксак  тартиб қоидаларнинг мавжудлиги, санитар-гигиеник қоидаларга амал қилиниши туфайли коронавирус тарқалмаслигининг уддасидан чиқа олди.

Бизнинг халқимиз ҳам давлатимизнинг  чора тадбирларига нисбатан юксак ижтимоий бирдамлигини  намойиш этди. Биз ҳам жойларда тиббиёт ва ҳарбий  олий ўқув юртлари талабаларидан  кўнггиллиларни  шакллантириш, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган оилалар ва чекка  жойларга озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник  ва дори воситаларини етказиб беришни ташкиллаштиришга доир чора тадбирларни  қўллаб-қувватлаймиз.

Партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг  иқтисодиёт тармоқларига   салбий таъсирини юмшатиш бўйича тегишли тадбирларни  белгилаймиз ва қабул қиламиз.

Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги фармони билан бу борада кўплаб имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилган. 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг  ишлатилмаган  объектлари бўйича мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган  ставкаси қўлланилмайди. 1 ноябрга қадар  коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналар банкрот деб эълон қилинмайди. Карантин даврида тадбиркорлик субъектларидан 3,6 мингдан юқори давлат мулки объектлари учун ижара ҳақи  олинмайди. Шу билан бирга  барча лойиҳалар бўйича инвестиция мажбуриятларини бажариш 6 ойга узайтирилди. Карантин даврида  тадбиркорларнинг  банк ҳисобларини тўхтатиб қўйиш ман этилди. Товарларни етказиб бериш ва  ташиш хизматларини лицензиялаш вақтинча  бекор  қилинди.

Коронавирус инфекциясининг тарқалишига  қарши курашиш ҳақида сўз борганда,  шуни қайд этамизки,   биз ҳар биримизнинг  шахсий ижтимоий  масъулиятимиз муҳимлиги тўғрисидаги партия позициясига қатъий амал қилиш тарафдоримиз. Санитария гигиеник меъёрларга амал қилиш ва ўзини изоляция қилиш  жаҳон пандемиясига қарши курашишнинг  муҳим  таркибий қисмидир.

Шу муносабат билан профилактика чора тадбирлари сифатида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда  Ўзбекистон  Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги  кодексига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги  қонун  қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда карантин ва  инсон учун  бошқа хавфли инфекциялар  пайдо бўлган ва тарқалган шароитда  тиббий хусусиятдаги  мажбурий  чораларни қўллашга оид  янги  моддалар   қўшилган.

Модда давлат  санитар назорати  органлари томонидан карантин ва  инсон учун бошқа хавфли инфекциялар  пайдо бўлган ва тарқалган шароитда  эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни  содир этган шахсга нисбатан  тегишли  тиббий асослар аниқланганда қўлланилади.

Бундай чора тадбирлар  қатор давлатларда ўз самарасини  кўрсатди. Масалан, Хитой вирус ҳужумига ниҳоятда тезкорлик билан жавоб қайтаришнинг муҳимлигини намойиш этди. Хусусан, ушбу касаллик вирусини юқтириб олган беморлар ва улар мулоқотда бўлган шахсларни  аниқлаш ва  алоҳидалаш орқали назорат остига олинди. Бу ХХР  аҳолисига вазиятнинг нечоғлик жиддий эканини  англаб етишига  ва бу борадаги  чора тадбирларни бажаришда  ҳукумат билан ҳамкорлик қилишига ёрдам берди.

Шунингдек, Италия ҳам  Европада 60 миллион нафар аҳолиси бўлган бутун мамлакатни  карантинга буюриш бўйича  қатъий чораларни қабул қилди. Бу ерда супермаркет ва дорихоналардан ташқари барча дўконлар ёпилди. Оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди, мактаб ва университетларда таълим  тўхтатилди. Кимки  кўчага чиқиш истагида бўлса,  бунга зарурати борлиги тўғрисидаги  ҳужжатни тақдим этиши  лозим.

Умуман олганда,  партиямиз  коронавирус инфекциясининг тарқалишига  қарши курашиш бўйича  ишларни амалга  оширган ҳолда, бу борадаги саъй ҳаракатларни қўллаб қувватлабгина қолмай, айни дамда  Ўзбекистон халқи бундан кейин ҳам  бир бутун бўлиши учун  ҳар бир фуқарога бу жараёнларда  ижтимоий  масъулиятни ҳис этиши кераклигини етказиш зарур деб ҳисоблайди. Зеро, бу  халқимиз саломатлиги ва Ватанимиз  фаровонлиги йўлидаги самарали  кураш пойдеворидир.

Актам ХАИТОВ,

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси, партиянинг

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги фракцияси раҳбари

loading...

1 ТА ФИКР

  1. хурматли Депутат Акмал Хаитов аравани курук олиб кочгандан кура уз хохишига кура мехнат таътилига чикарилган ходимлар ( албатта мажбурий) оилаларини кандай бокишсин. Тугри йигиб куйилган пуллар бордур. Лекин качонгача етиши мумкин. Агар уша бор булса. Бу пайитда давлат хокимият томонидан бизага ухшаганларга кандайдир ёрдам бериладими. Эр-хотин иккаламиз Давлат корхонасида ишламиз.
    Сизлардан илтимос халкни бошига мусибат тушганда аравани курук олиб кочманглар. Халк шундок хам Сизларни » вадаларингизга» 30 йилдан бери ишонади.

Comments are closed.